Ҳалима Худойбердиева: Юрагимда ётар бир йўлбарс…
Сен сўрама, мен ҳам айтмайин
Курагимни синганини қарс.
Шовқин солма, мен уйғотмайин,
Юрагимда ётар бир йўлбарс.
Баланд бир ўт ёнган ичимни,
Мен совитиб яшашим керак.
Ўз-ўзимга сарфлаб кучимни,
Мен овутиб яшашим керак.
Аёл ўтиб борар, шўх юриб,
Шамолларда соч ёйган аёл.
Ич-ичида йўлбарс ўкириб
Сиртдан майин жилмайган аёл!!!
Қамишдай эгилган ўзим. Тик тарз-мен ўзим,
Ўз-ўзимга ўқиб тургувчи — дарс-мен ўзим.
Ҳар довонда минг ўқ еган кўксим қонталаш,
Ўкириб йўл босаётган йўлбарс-мен ўзим.
Ҳалима Худойбердиева
Кечаги ёмғир
Ёғаверсин бугунги ёмғир
Кечаги ёмғирни унутманг.
Шаксиз, бордир бу кунлар ҳам сир
Кечаги шавқ, сирни унутманг.
У ёмғирга топинг бугун жой
Меҳри билан шаррос қуяди.
У ёққанда порлаб кетар ой
Ёмғир уни қаттиқ суяди.
Қаттиқ қуяр, ҳар бир уруғни
Етилтирмай кетмайди нари.
У билади ҳар йўл-йўриқни,
У тупроқни чин биродари.
Енг шимариб у тушса ишга
Ундиради бугунгиларни.
У чуқурроқ илдиз отишга
Кўндиради бугунгиларни.
Томчиларин бефарқ сочмасдан
Инжу. Терар кечаги ёмғир.
Киринг. Сизам киринг дарсига
Сабоқ берар кечаги ёмғир.
Билмаган дарахт
Ўз кучи, ўз бардошини билмаган дарахтман мен
Қоқилгандай
Битта жойдан жилмаган дарахтман мен.
Сершох, сербарг новдалари чақ-чақлатиб қушларни
Умри бўйи ўзи бир бор кулмаган дарахтман мен.
Ҳолбуки,
Шўх шамоллар-ла дайдиб кетсам бўларди,
Кўп ишқий қўшиқ билардим, айтиб кетсам бўларди,
Қайтиб кетсам бўларди-я, қайтиб кетсам бўларди,
Аммо, манглайига қайтмоқ
Битилмаган дарахтман мен.
Биров пичоқ билан кесди, сўрди шираларимни
Бошқа бири каллаклади, кўрди ичим, қаъримни.
Баргим пилла қурти еди, биров кийди заримни
Мен-чи,
Бировлардан бир барг юлмаган дарахтман мен.
Ўз кучи,
Ўз бардошини билмаган дарахтман мен.
Ўтга солиб руҳни, танни
Кераксиз сўз демаганни.
Кўз ёғингиз емаганни
Ҳам қош билинг, ҳам кўз билинг.
Ётсирамай бошин қўшса,
Ёвғонигга ошин қўшса,
Кўз ёшингга ёшин қўшса,
Ўзгаларни ҳам ўз билинг.
Букилганлар, ёйланганлар
Лек осмонга бойланганлар.
Кўнгли қушга айланганлар
Учар қушларни дўст билинг.
Агар вафо топмасангиз,
Кўкда бахтни ўпмасангиз,
Тупроқ сари қайтаверинг
Қорни, музларни дўст билинг.
Яхши. Бу дунёда нақ нақдли бўлсанг
Ёвқур арслондай шиддат, шаҳдли бўлсанг.
Аммо шу дунёнинг дарахти бўлсанг,
Ким бахтли бўпти-ки, Сен бахтли бўлсанг.
Бахт қуши қўнди
Деб яйрарлар бахт ёр.
Шунда учмоғига ҳам ишора бор.
Келиб қўнса қўнар, юрагинг ёрма
Учиб кетса кетар, ортидан борма.
Парво қилма гадо, ё тахтли бўлсанг
Ким бахтли бўпти- ки, Сен бахтли бўлсанг.
Буз ва уз қафасу, занжирчаларни
Нима етсин, ўзни тиклаб, шайларга.
Озодлик найларин кимлар чалади,
Ҳеч ким бас келолмас тоқ тўрғайларга.
Томчи кўз ёш тўкма, денгиздай тўлсанг,
Ким бахтли бўпти-ки, Сен бахтли бўлсанг.
Севганлар ёлғиздир, ёлғиз севилган
Озорда ошиқлар жонлари ҳали.
Бир севги менинг ҳам дилимни юлган
Чак-чак томиб турар қонлари ҳали.
Агар шу дарёнинг дарахти бўлсанг
Ким бахтли бўпти-ки, Сен бахтли бўлсанг.
Тишсиз одам фарёди…
Сиз кетдигиз.
Дийдорингиз соғинтирди.
Маъюс, ғам саҳроларида кечиб юрдим.
Айрилиқ – ўқ, юрагимни тешиб кирди
Сувми, қонми билмадим не ичиб юрдим.
Кетдингизми,
Энди сизам тушми Она,
Маҳшаргача энди хайру – хўшми Она?!
Узилдингиз,
Узилмади тилло занжир
Тилло занжирчангиз ўша қутичада.
Ҳар кўрганда юрагимга ботар ханжар
Ҳар кўрганда жизғанакман, ўт ичида.
Жон дегани
Шунчаям мўрт, бўшми Она,
Маҳшаргача энди хайру – хўшми Она?!
У борида кўнглим бургут, сор эди-ку,
Бугун оғир қордайми, тумандай юрай?
Биродарлар, кеча онам бор эди-ку…
Бугун У йўқ,
Бугун У йўқ, қандай юрай?!
Она ҳам бир учар кетар қушми Она.
Маҳшаргача энди хайру – хўшми Она?!
Хазон олди ўсар эмиш гуллар бўйи
Кетар олди қолдингиз сал берман қараб.
Оёқларингиз уқалаб тунлар бўйи
Оппоқ пахта сочларингиз ювиб-тараб
Ўрай десам…
Икки қўлим бўшми Она,
Маҳшаргача энди хайру – хўшми Она?!
Оҳ, дўстларим, бу дунёда қуши борлар
Қушингизни асранг!
Кўнгил додлари – бу!
Эй, дунёда тишламоққа тиши борлар,
Тишсиз қолган одамнинг
Фарёдлари бу!
Она, фарзанд оғзидаги тишми Она,
Маҳшаргача энди хайру – хўшми Она?!..
Сиз кетдингиз. Дийдорингиз соғинтирди…