Ўзбекистон Футбол Федерацияси FIFA «Fair Play» совринини қўлга киритди
![]() |
Ўзбекистон Футбол Федерацияси 2012 йил якунларига кўра FIFA «Fair Play» совринига лойиқ кўрилди.
7 январь куни Цюрих шаҳридаги Kongresshaus конгресслар уйида ФИФА турли номинациялар бўйича йилнинг энг яхшиларини тақдирлади. Эътиборлиси, Ўзбекистон Футбол Федерацияси 2012 йил якунларига кўра FIFA «Fair Play» совринини қўлга киритди. FIFA «Fair Play» совринига якуний номзодлар қаторидан Гватемала Футбол Федерацияси ҳамда Туркиянинг «Эскишехирспор» футбол клуби ўрин олган эди.
Эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Футбол Федерацияси 2012 йил якунларига кўра ОФК томонидан ҳам «Fair Play» соврини билан тақдирланган эди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистоннинг барча терма жамоалари ва футбол клублари ОФК байроғи остидаги халқаро мусобақаларда 2012 йилда энг кўп очко тўплади.
ЎФФ Президенти Мираброр Усмонов ФИФА вице-президенти Али Бин Ал-Ҳуссайн қўлидан нуфузли совринни қўлга олар экан, футбол ривожига қўшаётган ҳиссаси учун ФИФАга миннатдорчилик билдирди: «Ушбу соврин учун раҳмат. Футболга қўшаётган ҳиссангиз ва эътиборингиз учун миннатдорчилик билдираман. 2013 йил барча учун омадли келсин», — деди Мираброр Усмонов.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ