Исмат ХУШЕВ: ЎЗБЕКИСТОНДА БУГУН ТАЪЗИЯНИНГ НАРХИ ҚАНЧА?
Исмат ХУШЕВ:
ЎЗБЕКИСТОНДА БУГУН ТАЪЗИЯНИНГ НАРХИ ҚАНЧА?
«Ўзбекистон президентига мактублар» туркумидан
СЎЗБОШИ ЎРНИДА
Ўзбекистонда яна бир чинор қулади.
Эллигинчи йилларда Ўзбекистон Комсомоли Марказий Комитети биринчи котиби, олтмишинчи йилларда Ўзбекистон пахта тайёрлаш саноати министри, Наманган обкомининг биринчи секретари, республика спорт қўмитаси раиси, Ўзбекистоннинг Москвадаги ваколатхонаси раҳбари – “Постпред” ва ниҳоят саксонинчи йиллар ўрталарида – Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми раиси бўлиб ишлаган Мирзаолим Иброҳим 90 ёши арафасида Тошкентда вафот этди.
Шундай улкан ва атоқли сиймо ҳаётдан кўз юмар экан, ҳар қачонгидек Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари лом мим дейишни лозим топмадилар. Бу ноинсоний сукунат яқин ўтмишда ҳаётдан видолашган буюк ўзбек давлат ва жамоат арбоблари Ёдгор Насриддинова, Нуриддин Муҳиддинов, Ориф Алимов, Раҳмонқул Қурбонов, Нормуҳаммад Худойбердиевларга нисбатан ҳам юз берган эди…
1.
Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!
Ёдгор Насриддинова, Нуриддин Муҳиддинов, Ориф Алимов, Раҳмонқул Қурбонов, Нормуҳаммад Худойбердиевлар вафот этганида Ўзбекистон ҳукумати томонидан матбуотда бир оғиз бўлса ҳам таъзия берилмагани бизни ҳануз ажиб ҳайрат ва ҳасратларга ошно этиб келади.
Майли, улар Сиз тамал тошини қурган ва яратган Ўзбекистон номли мустақил давлатдан анча олдин – Советлар даврида раҳбарлик қилган эдилар, шунинг учун ҳам бевафо бу янги давлат уларни эсламаса, эсламагандир деб ўзимизни овутиб ва совутиб юришимиз мумкин.
Ваҳоланки, шу мустақил Ватан ва шу янги давлат раҳбари сифатида Сиз уларнинг вафоти ҳақида бир оғиз бўлса-да — ўз сафдошларингиз ва ҳамкасбларингизни сўнгги йўлга кузатиш бобида ўз сўзингизни айтишингиз лозим эмасмиди?
Майли, уларнинг айби “эҳтимол совет давлатига хизмат қилганликдадир” деб ўзимизга таскин ва тасалли беришимиз мумкин. Ахир мустақил Ўзбекистоннинг юқори эшелонида бир иккита чувриндини ҳисобга олмаганда, совет давлатига хизмат қилмаган ким бор, ахир?…