Исмат Хушев: Ўзбекистон буюк академикларни орзу қилади!
Исмат Хушев: Ўзбекистон буюк академикларни орзу қилади!
Президент академиклар билан учрашди
Уларнинг чорак асрлик орзу умидлари ушаладиган бўлди
Академик Иброҳимжон Искандаров – ўзбек олимларининг новатор вакили
Мирзиёевнинг олим ва зиёлилар билан учрашуви – муҳожиротдаги ўзбек журналисти нигоҳида
1.
Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёев амалга ошираётган яхши ва умидли ишлардан бири – олим ва зиёлиларга бўлган эътибор ва марҳамати, ғамхўрлик ва мурувватидир.
Бугун буни тан олмасак, миннатдор бўлмасак – уят бўлади.
Чунки, кеча бундай кунлар келиши олим ва зиёлиларининг тушига ҳам кирмаган эди…
2.
Мен Ислом Каримов тавсияси ва Шукрилла Мирсаидов қўллаб қувватлови билан “Ҳаёт ва Иқтисод” журналига Бош муҳаррир бўлганман.
Ватанимиз тарихида илк маротаба ўзбек тилида иқтисод нашрини чиқарган журналист сифатида қалбимда то ҳануз ажиб бир фахр ва ифтихор туяман.
Ана ўша шонли ва суронли дамларда Ўзбекистоннинг бир гуруҳ олим ва зиёлилари, олий ўқув юрти ректорлари, хусусан, академик Иброҳимжон Искандаров билан танишиш ва суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлганман.
У киши катта олим, академик, республика Фанлар Академияси мулозими бўлишларига қарамай, доим журнал таҳририятига келиб, Бош муҳаррир сифатида мен – ҳали ўттизга ҳам тўлмаган ёшгина йигитча бошқарган редколлегия йиғилишларида шахсан иштирок этардилар.
Суратда: “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (чапдан биринчи) илмий раҳбарлари – академиклар Саидаҳрор Ғуломов, Владимир Ким ва Қаландар Абдураҳмоновлар билан…
У киши билан бирга Тошкент халқ хўжалиги институти (нархоз) ректори, иқтисод фанлари доктори, академик Саидаҳрор Саидаҳмедович Ғуломов, Қишлоқ хўжалиги институти (сельхоз) ректори, профессор Эркин Турдиевич Шайхов, Г.В. Плеханов номидаги РИАнинг Тошкент шаҳри филиали ректори, академик Қаландар Ҳожиевич Абдураҳмонов ва бошқалар ҳам редакцияга тез-тез келиб, йиғилишларимизда иштирок этиб туришарди (Сурат берилади).
Ислом Каримов ва Шукрилла Мирсаидовлар бош бўлган Ўзбекистонда олим ва зиёлиларга бўлган давлат ва ҳукуматнинг ажиб бир меҳри ва мурувватидан юртимизнинг илм аҳли шод ва миннатдор эди…
3.
Кейин кўп ўтмай, Шукрилла Раҳматович Мирсаидов ҳукуматдан урилиб, давлат тепасида Ислом Каримовнинг ёлғиз ўзи ҳукмрон бўлиб қолди.
Ўзбекистон Президенти олим ва зиёлилардан, шоир ва ёзувчилардан секин аста узоқлаша бошлади. Аввал – номзодлик илмий ишларини ҳимоя қилиш ва ёқлаш жараёни, сўнг – сиёсатшунослик ва фалсафа каби бутун бир илм-фан йўналишлари таъқиқланди.
Қибрайдаги Ядро Физикаси каби қутлуғ ва муқаддас илм даргоҳларидан тортиб, Китоб, Ургут ва Майданакдаги само ва юлдузлар илмини ўрганувчи мунажжимлар халқаро Кенглик станциялари дохил, Ўзбекистон Фанлар академиясига қадар талон тарож қилинди. Она тилимизнинг бешиги бўлган зиз ва муборак Адабиёт илмий тадқиқот институтлари оёқ ости бўлди.
Ўзбекистондаги олим ва академиклар дунёсининг мисли кўрилмаган инқирози бошланди.
Алал оқибат, илм фан ва зиё, урфон ва ижод, маънавият ва маърифат вакиллари унутилган жамият ҳам секин аста таназзулга юз тута борди…
4.
Шу ўринда улуғ устоз ва олимларимизга нисбатан, қалбимда бир эътирозим, аламли бир луқмам ҳам борки, бугун шуни айтмасам бўлмас.
Улар мени маъзур тутсинлар, албатта, лекин инсоф билан айтганда, ўзбек олимларининг бугунги аччиқ ва аянчли тақдирида, маълум маънода, ўзлари ҳам айбдор.
Улар мустақилликнинг дастлабки куниданоқ, олимликнинг муборак байроғи ва муқаддас шарафини, узоқ ўйлаб ўтирмай, Президентнинг оёғи остига ташладилар. Улар Ислом Каримовни сўраб суриштирмай, бирданига академик қилиб сайлашди.
Улар Ўзбекистон Президентини академик қилиб, сафимизга қўшиб олсак, ўзимизга яхши ва “комфорт” бўлади деб ўйлашган, шекилли.
Лекин аслида бунинг тескариси бўлди…
5.
Албатта, бу борада олимларнинг ҳаммасини баб-баравар айблаш нотўғри, албатта.
Бу маломат ва надомат асосан уларнинг “илғор” ва “авангард” қисми бўлмиш – Ўзбекистон Фанлар Академияси раҳбарларига тааллуқли.
Олимларда – олимлик ғурури бўлиши керак. Улар Президентни Ўзбекистон академиклари сафига қабул қилиш асносида ўз навбатида унга нисбатан ҳақиқий олимга хос бўлмаган илтифот ва хушомадгўйлик, шакаргуфторлик ва тилёғмаликни бошлаб юбордилар.
Лекин шунга қарамай ўзбек олимлари учун бу “бағри кенглик” ва сертакаллуфлик оқибати жуда аянчли бўлди. Буни ўз даврида баралла айтадиган мард топилмади. Топилганда ҳам, нари борса, жаноб академикларнинг энг ҳақгўйлари ичидагина пичирлаб қўйиларди, холос…
6.
Янги Президентнинг олим ва академиклар билан учрашиб, уларга давлат ва ҳукумат эътиборини намоён қилгани менинг юрагимда Шавкат Мирзиёевга нисбатан алоҳида фахр ва ифтихор ҳиссини уйғотди.
Айни пайтда, ростини айтсам, ўзбек олимлари учун яхшигина сабоқ бўладиган бошқа бир ҳақиқатни ҳам кашф этгандай бўлдим.
Президентга академиклик унвонини тақдим этмасдан туриб ҳам – ҳурмат ва эътибор қозониш мумкин экан-ку деган яхши ва ёруғ, ойдин ва мунаввар бир туйғу эди бу…
7.
Бу дунёда биз билган ва билмаган ҳақиқатлар ҳам кўп экан.
Шулардан бири – ҳақиқий илм жафокаши ўз мавқеида туришни, олимлик ғурурини сақлашни ҳам билиши керак.
Мен шу ўринда юртимиз тарихида номи зарҳал ҳарфлар билан абадул абад ёзиб қўйилган таниқли ўзбек олимлари, машҳур академиклар, буюк Қори Ниёзий, Ҳабиб Абдуллаев, Теша Зоҳидов, Убай Орипов, Обид Содиқов, Хадича Сулаймонова, Иброҳим Мўминов, Яҳё Ғуломов, Адхам Юнусов, Отабек Эшонов, Саъди Сирожиддинов, Муса Тошмуҳамедов, Ёлқин Тўрақуловлар кўз олдимга келади. Уларнинг муборак номларини ҳурмат ва эфтихор билан тилга олгим келади.
Бугунги олим ва академикларимиз уларнинг инсоний хислат ва фазилатларини, ғурур ва ифтихорларини ўзлари учун буюк қадрият ва ўлмас меърос сифатида авайлаб асрашларини, юракларининг энг тубида ҳамиша муқаддас сақлашларини орзу қилардим.
Академик – Академик деган буюк номга ҳар томонлама муносиб бўлиши керак…
8.
Ўзбек халқининг таниқли фарзанди, бетакрор олим, ажойиб ва камтарин инсон, машҳур академик Иброҳимжон Искандаров ҳам бошқа зиёлиларимиз каби умрининг сўнгги йилларида давлат ва ҳукумат эътиборидан четда қолиб келди.
Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, тарих ҳеч қачон кечирмайдиган бу адолатсизлик ва диёнатсизликка барҳам берила бошланди.
Куни кеча янги Президентнинг илм фан вакиллари, олим ва академиклар билан учрашуви бунинг ёрқин мисолидир.
Ҳатто учрашув якунида уларнинг ҳар бирига минг АҚШ долларидан мукофот пулининг берилишини ҳам – давлат раҳбарининг уларга ва илм фанга қилинган ўша ноҳақлик ва адолатсизликлар учун қайсидир маънода узр сўраш ва гуноҳкорлик, бурчдорлик йўлидаги дастлабки меҳр ва мурувват ифодаси деб тушунмоқ керак.
Буни хориждаги баъзи ҳамкасб дўстларимизнинг қитмирлик ва худбинлик билан бошқача талқин ва ташбеҳлашлари мутлақо нотўғри ва ноҳақлик, бориб турган ноҳалолликдир…
9.
Майли, ортиқча ҳис ҳаяжонга берилмай, асосий мавзуга қайтсак.
Шавкат Мирзиёев билан бўлган ўша тарихий учрашувда академик Иброҳимжон Искандаров иштирок этди, биринчи қаторда ўтирди ва сўзга чиқди.
ЎзТВ намойиш қилган бу учрашув ва унда ўзим ёшлигимдан меҳр қўйган академик Иброҳимжон Искандаровнинг – давлат раҳбари олдида қувонч ва ҳаяжон билан сўзга чиққанини кўриб, олис Канадада туриб кўзимга ёш келди.
Бу – ўзбек олимларининг узоқ йиллар саробга айланган орзу умидлари учун тўкилган кўз ёшлар эмас эди.
Бу – не тонг ва ё не бахтки, саробга айланган ўша орзу умидларнинг янги Президент томонидан қайта тирилгани ва уларга яна ҳаёт бахш этилгани учун тўкилган қувонч ва шукроналик ёшлари эди…
10.
Улар бу дунёдан армон билан ўтиб кетганларида бу адолатсизлик ва диёнатсизликни ҳеч ким ва ҳеч қачон миллат юрагидан ювиб ташлай олмас эди.
Биз журналист ва ижодкорлар ҳам ўз вақтида дардимиз ва муаммаоларимизни айтиб, кўп йиғлаганмиз.
Лекин, минг афсуски, Каримов замонида бизни тинглайдиган, кўз ёшларимизни аритадиган одам бўлмади.
Шунинг учун ҳам журналист Исмат Хушев Бош муҳаррир бўлса-да, ўз юртини қўйиб, ўзга эллар сари юз буришга мажбур бўлди.
Бугун энди Ўзбекистонда халқни тинглайдиган одам бор.
“Дунё ўзбеклари” нашрига тошкентлик Холида исмли мухлисамиз ёзгани каби, Тангримга минг бора шукрлар бўлсинки, Ўзбекистон энди ишончли қўлларга ўтди.
Яратган Эгам сўнгги 25 йилда бизга илк бор раво кўрган бу бахт ва бу ишонч ҳеч қачон сўнмасин…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада
8 январь, 2017 йил, якшанба оқшоми…
Суратда: Таниқли академик Иброҳимжон Искандаров (чапдан иккинчи), Президент маъмурияти раҳбари Зелемхон Ҳайдаров (иккинчи қаторда – ўнгдан биринчи)) Шавкат Мирзиёев билан бўлган учрашувда…
Суратда: “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (ўртада) Тошкент қишлоқ хўжалиги институти ректори, академик Эркин Турдиевич Шайхов (чапда) ва Тошкент халқ хўжалиги институти ректори, академик Саидаҳрор Саидаҳмедович Ғуломовлар (ўнгда) билан. Тошкент шаҳри, 1994 йил.
https://www.youtube.com/watch?v=KUidMH6RCg8
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
11 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГLeave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Яшанг, аччиқ, лекин ҳақ гапларни ёзибсиз.
Совет академиклари шунча хўрласада Хрушчевни академикликка сайламай олимлик обрўсини сақлаб қолишганди.
Ўзбек академиклари И.Каримовнинг “Менинг давлатимда энг бадавлат одам олимлар бўлади. Академик бир ойлик маошига машина олиб минади” деб алдаганига чув тушиб шарманда бўлишди.
Ишонасизми, академикларга 13 минг сўм (2 доллардан сал кўпроқ) гонарар берарди Каримов, манашунга ўйинчоқ машина олиб минавер, деб.
Ўзбекистоннинг янги президенти жуда яхши бошлади. Биз ҳам худди Сиздек унга ишонган эдик. Мана шу мақолангизда ҳам Мирзиёевга ҳаддан зиёд ишонч мавжуд. Биз сизни яхши кўрамиз. Шунинг учун ҳам энди Исмат Хушевнинг халқ олдида юзи шувит бўлиб қолмаса деган хавотирдамиз. Мана, икала такасалтанг куёвларини ҳам ўйламай нетмай жуда катта мартабаларга ўтқазгани ҳақида ўқидик. Лекин бу хабарни Дунё ўзбеклари негадир бермади. Уялганингиздан бермагансиз деб ўйладик. Энди эса Ўзбекистонга бир ойлик визасиз келиб кетишни ҳам бекор қилди. Бу Мирзиёевнинг сайловолди ўйини эканини ҳушёр сиёсатчилар ўшанда айтишган эди. Сиз уларга ишонмадингиз. Кўкларга кўтариб мақтай бошладингиз. Мана оқибати…
Эсласангизлар Каримов ҳам фаолиятининг бошланишида шунга ўхшаш яхши ишлар қилган эди. Тарихчи олимлар, журналистлар, ҳатто ББС, Озодлик мухбирлари билан ҳам учрашган эди. Кейин нима бўлди … Ўла ўлгунча Исмат Ҳушевга ўхшаган журналистлардан мақтов эшитди. Бетга айтганнинг заҳри йўқ. Энди янги юртбошига ҳам Исмат Хушев тахминан 20- 25 йил маддоҳлик қилади шекилли.
Мақолани жуда боплаб ёзибсиз. Бу соҳани жуда яхши билар экансиз. Биздаги академикларга ўзлари яратган кашфиётни амалга ошириш учун давлат ёрдам бермайди. Натижада олимларимиз гадой сингари бўлиб қолишган. Ким бир сўм берса ўшанинг қўшиғини айтади. Олимлик ғурури бўлиши учун улар пулга зор бўлмасликлари керак.
Сизнинг холис мулохаза ва фикрларингиз учун катта рахмат Исмат ака!
Биз бугунги кунларда ўзимизнинг иродамизга қариш боролмаган холда,ўтган чорак аср умримизни афсус ва надоматлар бирла эслашга мажбур эмас,балким махкуммиз.
Кўхна тарихдан маълумки,илм ахлини қўллаб қувватлаган хукмдорлар мамлакат хаётида жуда улкан муваффақиятларга эришишган.
Ҳалқи фаровон,мамлакати тинч ва осойиш бўлган,юрт бойлигига бойлик қўшилган.
Ва албатта ана шундай хукмдорларни тарих токи бугунги кунларгача ажиб бир энтикиш билан ёд этади ва уларнинг замони юксалиш даври бўлиб тарихга кирган.
Президентимиз жуда тўғри иш қилдилар!!!
Гап ўша берилган минг доллар пулда эмас,аксинча илм дарахтига шундай ажойиб озиқ берилдики,биз унинг хосилини шу лахзадан эътиборан сезиб бошладик.
Яшаш билан яшашнинг фарқи бор,чорак асрда тирик қолган АКАДЕМИКЛАР яна яшайверишар эдилар,аммо хосилдан умид қилиш ахмоқлик эди.
ОЛИЙ ИЛМ АХЛИДАН,АКАДЕМИКДАН КЎРА САХНАДАГИ ЯЛЛАЧИНИНГ ЭЪЗОЗ ТОПГАН,ҚУТУРГАН ЗАМОНИНИ КЎРДИК!!!
Бу дегани атайлаб ҳалқни муте ва онгсиз холда ушлаб туриш учун қилинган қўпорувчилик харакатилари эди деб бахо бермасдан илож йўқдир!
“ҚУЛЛАРНИ КЎПАЙТИРАМАН ДЕСАНГ МУСИҚА ЯРАТ” НЕРОН ушбу гапни айтганига хам 21 асрдан ошди.
Мен айрим тўйларни интернетдан кўриб,улардаги хамюртларнинг қилиқларини кўриб роса куйинган эдим.
ДАХШАТ! Инсоннинг одамгарчиликдан чиқишига катта мухлаь шарт эмас экан.
Тўғри айтасиз Исмат ака! Холиданинг чин юракдан ёзган хати,айрим ёзувчиларнинг ёстиқдек келадиган китобидан кўра кучлироқ фикрга эга.
Чунки ундан эртанги кун учун бўлган буюк ишонч порлаб турибди.
Ана шу порлоқ нур сўнмасин.
Бир пайитлар биз Академик билан учрашиб қолиб бир оғиз сўзини эшитсак фахрланиб юрар эдик,дўстларимизга тинимсиз мақтанар эдик.
Шундай замонлар келди,ОТАРЧИ билан учрашиб қолганлар ёки тўйига чақирганлар гердаядиган замонларни кўрдик!
Бу миллат таназзулидан дарак эди!
Яратган эгамнинг ўзи бизни ана шу фалокатдан асраб қолиб,мамлакат тақдири ишончли қўлга ўтди.
Ташланаётган ишончли қадамлар бунга кафолат бера олади!!!
5 шарҳ
Ex ismataka talantizga qoyil
Барака топинг, нима ёзсангиз хам самимий ёзасиз, укиб булиб, нега тез тугаб колди деб уйлайди одам. Академикларнинг юрагида ётган дардни кузгаб, унга жуда тугри ташбех куйгансиз. Мен узим олимлар оиласиданман. Адам 61 ёшда вафот этдилар. Академик Зиёдуллаевнинг шогирди эдилар. Оиламиз билан укиб, сизга тасанно айтиб утирибмиз хозир. Афсус адамиз улиб кетдилар бу кунларни курмай. Каримовни академик килган ялтокилар улдиришди адамизни…
Ismat aka, batafsil maqolangiz uchun rahmat. Sizda ajib bir uslub bor. O’quvchini toliqtirmaysiz.
Qadamlar to’g’ri tashlanyapti, asosiysi haq yo’lda bardavom bo’lishlik. Agar nafaqat rahbariyat, endi halqimiz ham maddohlikni yig’ishtirib qo’yib, bu hayrli ishlarda hammamiz yelkadosh bo’lsak, hamma o’z sohasida sidqidildan ishlasa nasib etsa yana akademiklarimiz, ilm ahli ko’payadi.
Atrofiga amaldorlarni toplab olgandan kegin karimovni yolini davom ettirmasiga kafolat beraolasizmi ismat aka javobingizni kutaman.
Ҳадисда “Бировнинг олдида шу одамнинг ўзини мақташ макрухдир” деган ўгит бор. Шу асосда мен И.Хушевни “Дунё ўзбеклари”да мақтамасликка ҳаракат қиламан. Лекин айрим пайтлари иложи бўлмай қолади.
Сабаби шуки, мен бирон муҳаррир ўз газетаси(сайти)да ўзи танқидланган материални босганни кўрмаганман. Хушев бўлса нафақат ўзи танқидланган, ҳатто ўзи ҳақоратланган материалнида босаверади.
Ўрни келганида (шу баҳонада) ўзимнида мақтаб қўяй. Чорак асрлик тадқиқотларим асосида Ўзбекистон илмида “Фитоценозлар агрохимияси” йўналишига асос солганман. Бу ишларим Ўзбекистон Фанлар Академияси мукофотига сазавор бўлган.
Қиссадан ҳисса шуки, И.Хушев ҳам Ўзбекистон журналистикасида “Ўз-ўзини танқид” деган йўналишга асос солмадимикан?
1 шарҳ
Мақолани боплаб ёзибсиз. Лекин мева бермаган дарахтни кесиб ташлашади. Шунча олимларимиз бор экан аҳволимиз хароб. Йигитлар мардикор ва қизлар эса Дубайда. Олимларимиз яхши бўлса нега бизда янги ишлаб чиқариш заводлари қурилмаяпти ва иш жойлари яратилмаяпти. Демак олимларимиз ишламаяптими? Ёки давлат ҳоҳламаяптими янги завод қуришни? Бу саволларнинг жавобини топиш керак!