Исмат Хушев: Абдулла Орипов Америка тупроғида – Сафар таассуротлари (5-қисм)
Исмат Хушев:
Абдулла Орипов Америка тупроғида –
Сафар таассуротлари
(5-қисм)
1.
Абдулла Орипов Хьюстон (АҚШ)га — юрак хасталиклари бўйича дунёнинг энг ноёб клиникасига давлат раҳбари ва ҳукумат раиси тавсияси ҳамда ғамхўрлиги оқибатида келиб даволанаётганини муқаддам айтиб ўтдик.
Энди шу фикримизга бир оз аниқлик ва ойдинлик киритиб ўтиш керакка ўхшаяпти.
Абдулла Ориповни назоратга олган ва сиҳат саломатлигини жиддий текширувдан ўтказаётган Хьюстондаги клиника дунёдаги энг қимматбаҳо клиникалардан бири. Асосий даволанувчи мижоз (клиент) лари — Президентлар ва давлат раҳбарлари бўлган мазкур клиникада бир маротаба қон топшириш ва уни текшириш – 500 АҚШ доллари, беш- ўн дақиқалик врач маслаҳати – 1000 АҚШ доллари, бир марта тапонография қилиш – 3.500 – 5000 АҚШ доллари атрофида.
Бошқа нарх наволарни эса айтиб ўтирмаса ҳам бўлади.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ғамхўрлиги оқибатида ва унинг бевосита тавсияси билан Бош вазир Шавкат Мирзиёев Абдулла Орипов учун АҚШнинг Хьюстон шаҳридаги клиника ҳисобига маълум миқдорда пул маблағи ўтказган.
Биз бу маблағ миқдорини аниқ айтиш ҳуқуқига эга эмасмиз.
Бунга қўшимча равишда Абдулла Орипов ва унинг рафиқаси учун Тошкент-Истанбул – Вашингтон- Хьюстон йўналиши бўйича учадиган учоқдаги люкс (олий шароит) харажатларини ҳам ўзбек ҳукумати ўз зиммасига олган…
2.
Бир давлатнинг, бир Президентнинг истеъдодли ва ардоқли шоири тақдирига – соғлигига бўлган бу ғамхўрлик ва бу меҳр – таҳсин ва тасаннога минг бор лойиқ, албатта.
Лекин шундан кейин содир бўлган воқеалар бундан-да қизиқ ва ғаройиб тус олди.
Давлат раҳбари ва ҳукумат раиси ғамхўрлигидан боши осмонга етган содда ва “тартиб-интизомли” шоир узоқ АҚШ сафарига кетишдан олдин оддий “субъердинация”га амал қилиб, юқори мартабали ўзбек мулозимларидан бирига қўнғироқ қилади.
Қабулхона котибаси ким телефон қилаётганини билгач, “Хўжайин бандлар!” деб телефон гўшасини жойига қўйиб қўяди. Бундан ниҳоятда ҳайратланган шоир чексиз бир ҳасрат билан ўша тизимдаги ёш ва шоиртабиат йигитлардан бирига телефон қилади:
— Мен ҳозир Сиз билан гаплашаолмайман, вақтим йўқ… – деган жавоб олади улуғ ва бетакрор ўзбек шоири — адабиётга ҳали кириб келишга ҳам улгурмаган шоиртабиат ўспириндан…
3.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Давлат раҳбари ва ҳукумат раиси улуғ шоирга эътибор қилиб, соғлигини тиклаб олсин деб, оталарча ғамхўрлик қилишса. Бағрларини кенг очиб, дунёнинг энг нуфузли клиникасига бориб даволанишни маслаҳат беришса, тавсия қилишса.
Шу давлат ва шу ҳукуматнинг – ўша биринчи раҳбарлар қўл остида бўлган “Ўзи – хон, кўланкаси – майдон” мулозим шоир билан хайрлашиб, хатто унга оқ йўл тилашга ҳам ярамаса.
Унинг ва унга ўхшаганларнинг вазифаси аслида нима?
Биз бу саволларга жавоб беришдан олдин, Ислом Каримов билан Абдулла Орипов муносабатлари тарихига ҳам бир бор разм солиб ўтишни лозим кўрдик…
4.
— Ислом ака билан танишганимизга ҳам салкам қирқ йил бўлиб қолибди, ука, — деб хотирлайди Абдулла Орипов. — Мен Ислом акани биринчи маротаба Москвада — Ўзбекистон ваколатхонаси (постпредство) нинг дачасидаги расмий зиёфатда кўриб, танишган эдим.
— “Ўзбекистон – Ватаним маним” қасидаси билан “Биринчи муҳаббатим”ни Сиз ёзганмисиз? – деб сўраган эдилар ўшанда Ислом ака. – Ҳа, — деганимдан кейин қайтадан сўрашиб, қалинлашиб, дўст бўлиб қолдик. У киши мендан уч-тўрт ёш катта бўлиб, ўшанда Госпланда раис эдилар.
Сўнг кўп ўтмай Қашқадарё обкомининг биринчи секретари этиб тайинландилар.
Абдулла Ориповнинг шу сўзларини тинглаб, беихтиёр Ислом Каримов билан 1989 йилнинг май-июнь ойларида Москвада — СССР Халқ депутатларининг 1-съездида бўлиб ўтган суҳбат ёдимга тушди. Бу ҳақда “Подшо эркатойининг саргузаштлари” китобида батафсил ёзилган.
Ўшанда Ислом ака менга “Вузгородок”да қашқадарёлик студент ёшлар тўполони боис, МарказҚўмнинг Бюро йиғилишида Нишонов ва Анишчевлардан қаттиқ гап эшитганларини, сўнг ТошДУ Маданият саройига бориб, талабалар билан учрашув ўтказганларини, бу учрашувда Абдулла Орипов ҳам қатнашиб, у кишига анча ёрдам қилганларини ҳикоя қилиб берган эдилар.
— Ўшанда талаба ёшлар бизнинг мунозарамиздан рози бўлиб, саройни тарк этдилар. Ростини айтишим керак, ўшанда Абдулла Орипов менга катта ёрдам берган эди. Лекин зални тарк этган ёшлардан қолган ярим мошин тош ҳануз кўз ўнгимда турибди… – деган эдилар менга ўшанда Ислом Абдуғаниевич.
Абдулла Ориповнинг Президент ҳақидаги хотираларини тинглаб, Ислом аканинг шоир ҳақидаги ўша иқрорларини устозга айтдим.
— Ҳа, шундай воқеа бўлган эди. Леки бунда ҳам асосан Ислом аканинг жасорати ва ақл билан иш тутиши яхши натижа берди, — деб камтарлик қилдилар устоз.
Шу воқеадан сўнг кўп ўтмай, тақдир тақозоси билан, Ислом Каримов Ўзбекистоннинг янги биринчи раҳбари этиб тайинланади…
5.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповга ҳамиша айрича меҳр билан қаради. Унинг камёб истеъдоди ва ноёб ижодини ҳамиша юксак қадрлаб келди.
Бунинг оқибатида Абдулла Орипов Мустақиллик йилларида бир неча маротаба Олий Кенгаш депутати ва сенатор этиб сайланди. Ўзбекистон Қаҳрамони бўлди. Давлат Мадҳияси (Гимни) муаллифи бўлишдек олий ва муборак бахт ҳам айнан унга насиб этди.
Шу билан бирга у узоқ йиллар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси сифатида фаолият юритиб келди. Давлат ва жамоат арбоби ўлароқ республика ижтимоий – сиёсий ҳаётида фаол иштирок этди.
Нафсиламбирини айтганда, Ислом Каримов бу борада ҳақиқат ва диёнат тарафида туриб, адолат ва жасорат билан иш юритди. Чунки Абдулла Орипов давлат ва ҳукуматнинг бу имтиёз ва нишонларига, бу мансаб ва увонларига ҳар томонлама муносиб эди.
У худо берган истеъдод эгаси, бетакор тафаккур соҳиби бўлиш билан бирга Ўзбекистон ва унинг Президентига, Мустақилликка чин маънода содиқ ва фидойи инсон эди…
6.
Лекин кейинги йилларда, хусусан, Ёзувчилар уюшмаси раислигини тарк этганидан сўнг Абдулла Орипов ижоди ва шахси атрофида турли туман гап сўз ва иғвогарликлар авж олди.
Аслини олганда бу ҳам табиий эди, албатта. Бетакрор истеъдод соҳиблари – ноёб талант эгаларига ҳеч қачон осон бўлмаган. Тарихда мисоллар жуда кўп бунга.
Алишер Навоийга Ҳиротда – ҳам шоир, ҳам вазир бўлиш осон кечмаган эди. Буни улуғ шоирнинг ўта дардли ва ҳасратли мисраларидан ҳам яққол сезса бўлади.
Муқимий ҳам умр бўйи яккаланган ва камситилган. Айни пайтда унинг замондоши бўлган – лекин четдан — Марвдан келган Муҳий сингари хушомадгўйлар эса, сарой лаззатидан баҳра олиб давру даврон суриб, яшаганлар.
Шул боис Муқимий дард ва алам билан шеър битган:
Мулки Ҳинду Марвдан келсам топардим эътибор,
Шул эрур айбим, Муқимий, мардуми Фарғонаман…
Шу ўринда яна бир гап.
Қўқон халқи азалдан ўзига тўқ бек ва хонлар юрти бўлган. Олдин ҳам шундай эди, ҳозир ҳам шундай. Лекин ажабки ўша даврларда ёлғиз ва муштипар Муқимий учун бир коса гўжа берадиган одам топилмаган.
Ана шулардан таассуфланиб, куйиб кетган шўрлик Муқимийнинг бошқа бир замондоши ўша давр аъёнларига атаб қуйидаги лаънатини битган эди:
Эй Қўқон боёнлари — Сиздек нодонларга туф,
Талтайиб пойтунда сурган — давру давронларга туф…
Охир оқибат умр бўйи камситилган ва ҳақоратланган Муқимий қирқ ямоқли чопон билан, чексиз дарду армон билан бу ёруғ дунёни тарк этган.
Назаримда, бу тақдир маломатлари ҳануз бизнинг бўйнимизда тургандек. Шу маънодаки — Муқимий руҳи олдидаги қарздорлик ва бурчдорлик ҳисси — биз учун абадий мактаб ва аччиқ сабоқ бўлиши керак.
Муқимийнинг яна бир ноёб сатри эътиборга молик:
Бир куни бўлгай гулистон, гўристоним менинг
Айтишларича, у умрининг якунини сезиб, Қўқондаги Шайхон мозоридан ўзига қабр олиб қўймоқчи бўлган. Лекин унга жой беришмаган. Шунда у гўрков билан гаплашиб, ўзи учун бир лаҳатни ижарага олиб қўйган…
Фурқат ҳам Ёркентга бош олиб кетиб, муҳожирлик ва мусофирликнинг аччиқ нонини еб юришга маҳкум этилган.
Абдулла Қодирий ва Чўлпонлар отилган, осилган…
7.
Хўш, Мустақилликнинг дастлабки ўн беш – йигирма йилида давлат ва ҳукуматнинг ҳурмат ва эҳтироми, иззат ва икромига ҳақли равишда муносиб бўлган шоир нега вазифасидан кетганидан кейин таъқиб ва тазйиқлар гирдобида қолди?
Фарзандлари – ўғли ва келини ишдан ҳайдалди. Ўзи учун матбуот эшиклари ёпиб қўйилди.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Давлат мадҳияси муаллифи учун бу кўргилик ҳақорат эмасми?
Нега бундай бўлди? Бу ерда қандай сир бор, қолаверса, бунга ким ва қайси ёвуз кучлар сабабчи бўлиши мумкин?
Бу кучлар кимлигини Абдулла ака яхши билади, шекилли. Лекин уларнинг кимлигини бизга айтишни истамади…
8.
Сир эмаски, бугун одамлар Абдулла Орипов ҳақида Америка тупроғидан — денгиз ортидан келаётган ҳар қандай хабар ва муждани интизорлик билан кутишяпти.
Мен Хьюстон (АҚШ) га бориб бемор шоир билан учрашгандан бўён нашримизга келаётган сон саноқсиз хат хабар ва мактублар оқими — бунинг ёрқин далилидир.
Қолаверса, менинг “Абдулла Орипов Америка тупроғида” номли сафар таассуротларим эълон қилина бошлаганидан бўён сайтимизга кирувчилар сони ҳам кескин ошганини кузатиш мумкин.
Буларнинг ҳаммаси, бир сўз билан айтганда — Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов тақдири ва соғлигига ўзбек халқининг бефарқ эмаслигидан далолат беради…
9.
Ана шулардан келиб чиқиб, яна мавзуга қайтсак.
Хўш, улуғ ва бетакрор ўзбек шоири Абдулла Орипов вазифасидан олинганидан сўнг нега Муқимийдек яккалаб, камситилиб қўйилди.
Давлат раҳбарининг нигоҳи ва назаридан бир қадар узоқлашгани учун шундай бўлдими?
Ахир бу иллат — доимий равишда давом этиб келаётган қора ҳасаднинг яққол кўриниши эмасми?
Бундай шармандали ҳолатлар афсуски, бутун дунё тарихига ҳам хосдир.
Абдулла Ориповга Совет даврида ҳам осон бўлмаган. Бир пайтлар МарказҚўмга унинг устидан ва шеърларидан шикоят қилиб, иғво ёзган бир гуруҳ шўрлик ва тасодифий ҳамкасбларига атаб у қуйидаги ўлмас ва ҳаётий мисраларни ёзган эди:
Чўлтоқ ҳассасини ўқталиб ҳасад,
Илҳомнинг бошига туширди чунон:
— Сенга ким қўйибди парвозни, номард
Бизлар ер юзида юрсак саргардон…
10.
Совет даврида чўлтоқ ҳассаси билан истеъдодларга кун бермай келган нотавон каслар бугунги мустақиллик даврида ҳам ўз чўлтоқ қаламлари билан ўзбек адабиётига, ҳай-ҳай демаса, эгалик қилмоқчи бўладилар. Ўзларини адабиёт устуни деб фараз қиладилар.
Бунинг учун эса энг аввало, Абдулла Орипов сингари туғма истеъдодларни адабиёт тугул, ҳаётдан ҳам қувиб чиқармоқчи бўладилар.
Ажабо, улар ўзларининг кимлигини ва адабиётдаги ўз нархларининг асл баҳосини билармиканлар? Уларнинг улуғ шоирга бўлган муносабатларидаги мантиқсизликларига қараб ҳайрон қоласан киши.
Мана буни ҳақиқий томошо деса бўлади. Бугунги ўзбек адабиётидаги томошо! Аянчли томошо!
Эй, нодон, ўзинг кимсану, улуғ бир шоирга осиласан? Мантиқсизлик бундан ортиқ бўладими?
Шоир бошида тўпланган қора булутлар илдизини, баъзилар тўқиб чатигандек, давлат раҳбарининг сиёсий интригасидан эмас, балки ана шу ҳасад ва чўлтоқ қаламлар ташкил этаётган фитна ва хусуматлар манбаидан изласак адолатдан бўларди…
11.
Хўш, шундай ташвишли бир дамда биз — Орипов шеърияти мухлислари оддий томошабин бўлиб туришимиз инсофданми?
Бунинг учун ҳаммамиз бир ёқадан бош кўтариб, шоирнинг пок ва муқаддас номини, улуғ ва бетакрор ижодини дадил туриб ҳимоя қилишимиз керак эмасми?!
“Дунё ўзбеклари” эса ўз ўрнида Абдулла Орипов бошида айланаётган бу қора ҳасад қутқулари ва уларнинг фитначи раҳнамолари ҳақида давлат раҳбари хабар топиши учун қўлидан келадиган барча расмий ва норасмий ишларни қилишга бел боғлайди.
Ўзбек адабиёти жонкуярлари ҳам бир четда турмай, бундан ҳамиша огоҳ бўлишлари, Оллоҳ Таоллоҳ томонидан пешоналарига битган Абдулла Ориповдай ёруғ ва мунаввар юлдузларни авайлаб асрашлари лозим.
Улуғ даҳоларнинг тириклигида қадрига етиш кераклигини ўзбек халқи ҳам ниҳоят ўрганиши керак…
Суратда: «Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири Исмат Хушев улуғ ўзбек шоири Абдулла Орипов билан Хьюстон (АҚШ)да. 18-25 август, 2015 йил, Техас.
(Давоми бор)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГLeave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Абдулла Орипов: Умр йўллари Видео (5-қисм) Исмат Хушев Хьюстон (АҚШ)да
«Дунё ўзбеклари» учун махсус.