Исмат Хушев: Абдулла Орипов Америка тупроғида – Сафар таассуротлари (4-қисм)
Исмат Хушев: Абдулла Орипов Америка тупроғида – Сафар таассуротлари
(4-қисм)
“Озодлик” дегани – эгрилик эмас,
Қилган қилмишларинг тўғрилик эмас.
Ошинг ҳалол бўлса кўчада ичгин,
Мусулмоннинг иши — ўғрилик эмас.
(Абдулла Орипов)
1.
Абдулла Орипов билан учрашганда сўрайдиган гапларим ва саволларим, табиийки, жуда кўп эди.
Хусусан мени, энг аввало, у кишининг “Озодлик” радиосига берган шов-шувли интервьюси ниҳоятда қизиқтириб қўйган эди.
Бунинг эса ўзига хос сабаблари бор эди, албатта.
Гап шундаки, мен Абдулла Ориповни жуда яхши билган ва тушунган йигит сифатида шуни айтишим мумкинки, у киши ҳеч қачон – хориждаги ББС ва Озодлик радиостанцияларига шикоят қиладиган, дилидаги дарду маломатларини айтадиган одам эмас эди.
У нафақат ниҳоятда эҳтиёткор ва ҳушёр шоир, балки, айтиш мумкинки – узоқни кўра оладиган зукко сиёсатчи ҳам эди.
“Озодлик” радиосида Абдулла аканинг дастлабки интервьюсини эшитгандан сўнг, мен ниҳоятда хафа бўлдим.
Демак, Абдулла ака Ўзбекистонда ҳеч кимдан умид қилмай, ёрдам кутмай қолгани боис ҳам “Озодлик”ка мурожаат қилишга мажбур бўлибди-да деб ўйладим.
Ҳатто, Шуҳрат Бобожоновга хат ёзиб, унга миннатдорчилик ҳам билдирган эдим.
Лекин Хьюстонда Абдулла ака билан бир ҳафталик мулоқот ва дийдорлашув, юракдан дарлашув ва сирлашув давомида шуни англадимки, “Озодлик” бу борада нафақат Абдулла акага нисбатан, балки, Адолат ва Диёнатга нисбатан ҳам жуда катта хиёнат қилган экан…
2.
Кейинги пайтларда “Озодлик” радиосининг Ўзбекистон бўйлаб эфирда таралаётган жуда кўп эшиттиришларида бир ёқламалик, нохолислик ва адолатсизликлар бот-бот учраб турибди.
“Дунё ўзбеклари” нашри “Озодлик”нинг бу – ўзига хос айёрона журналистик усули ва кашфиётларини ҳеч қачон ёқламаган. Аксинча, уларни вақт бевақт холислик ва адолат билан таҳлил қилган танқидий мақолаларни чоп этиб келаётган эди.
Лекин шундай бўлса-да, мен бу радиода ишлайдиган жуда кўп журналистларни шахсан танирдим ва ҳурмат қилардим.
Адолат билан айтганда, “Озодлик” радиоси Ўзбекистонда бўлаётган жуда кўп адолатсизлик ва кўзбўямачиликларни, ноҳақлик ва лўттибозликларни очиқ ойдин танқид қилиб, эркин сўз ва ҳурфикрлик тамоилларига ситқидилдан хизмат қилаётган нашрлардан бири эди.
Мен оддий бир инсон сифатида ҳамиша “Озодлик”ка хайрихоҳ бўлиб келдим. Журналист сифатида эса — уни имкон қадар қўллаб қувватладим ва ҳимоя қилдим. Лекин Бош муҳаррир сифатида, демократик матбуот раҳбари ўлароқ, вақт бевақт “Озодлик”ка нисбатан танқидий мақола ва матнларни ҳам нашр этилишига изн бердим.
Буни мендан — профессионал журналистик касбим талаб қилар эди…
3.
Лекин мен бир умр меҳр қўйган ва муҳиб бўлган суюкли шоиримиз Абдулла Орипов “Озодлик” радиоси ҳақида тамомила бошқача фикрда экан, мен бугун унинг бу фикрини “Дунё ўзбеклари” ўқувчиларига етказишга – журналист сифатида маҳкумман ва муҳаррир сифатида – мажбурман.
Гап шундаки, Абдулла Орипов “Озодлик”даги дил розидан сўнг бутун дунё ўзбекларининг муҳокама мавзусига айланди. Ўзбекистон Қаҳрамони, Давлат Мадҳияси муаллифининг “Озодлик”даги бу чиқиши расмий Тошкент учун кутилмаган ва исталмаган бир ҳол эди, албатта.
Хўш, “Озодлик” радиоси улуғ ўзбек шоирига шу эшиттириши билан обрў олиб бердими, унинг муаммоси ва ё мушкулини осон қилдими?
Ахир матбуотнинг биринчи галдаги вазифаси – ахборот етказиш — одамларга яхшилик қилиш, уларнинг мушкулини осонлаштириш эмасми?
Адолат ва диёнат — мағлуб, ҳақорат ва хиёнат – ғолиб бўлган жамиятда одамлар чора топмай “Озодлик” ва ё “Би-Би-Си” мурожаат қилсалар бунинг нимаси ёмон?
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррирининг бу ўринли саволларига Абдулла Орипов мана шундай жавоб берди…
4.
“Номардга салом бердим, орқасидан тавон бердим” деган мақолни бугун ҳеч иккиланмай “Озодлик”ка нисбатан ишлатиш мумкин бўлиб қолди.
“Дўрмон”даги беғубор ва субҳидам кунларнинг бирида менга қўнғироқ бўлди. Ҳар қандай телефон қилган одам саломига алик олиш одатимиз ҳам ота боболаримиздан қолган удум, буни ўзинг яхши биласан, ука.
Ҳар ҳолда ўша куни ҳам шундай бўлди. Олисдан таралган телефон қўнғироғини кутмаган бўлсам-да, саломига алик олиб, қолдим балога. Озодликнинг чаққон мухбирлари (Ҳолбуки, мен ўшанда унинг “Озодлик”дан эканини етти ухлаб тушимда ҳам кўрмаган эдим) туйнукдан тумшуғини тиқиб олса бас. Қолган қисми ўз ўзидан калтакесакнинг думидек силлиқ кириб кетаверар экан.
Сизнинг кайфиятингиз биан ҳам, саломатлигингиз билан ҳам уларнинг иши йўқ. Аксинча, кайфиятингиз озроқ тушкунроқ бўлса, уларга худо беради. Кўкдаги қуёшни ҳам, осмондаги ойни ҳам бир зумда юзини беркитиб, Сизни бемалол зулмат томон етаклайди.
Хуллас, бизнинг ўша кунги суҳбатимиз ҳам ана шундай кайфият маҳсули бўлди десам, янглишмайман…
5.
Қолаверса, икки одамнинг орасида кечган ҳар қандай суҳбат ва мулоқот – дунёнинг барча бурчига, бутун ер юзига тарқаб кетавермаслиги керак.
Журналистик одоб ва этикани бир ёққа қўятурайлик.
Энг оддий инсоний муносбат нуқтаи назаридан қараганда ҳам — икки одамнинг ўртасидаги суҳбат — икки одамнинг ўртасидаги сир асрор ва кўнгил изҳори деб қаралиши керак.
Агар уни учинчи одамга етказиш керак бўлган тақдирда ҳам, бунинг учун энг камида – ўша суҳбатдошнинг розилиги ва хабардорлиги лозим.
Ахир икки одам учрашганда ёки сирлашганда нималарни айтмайди, нималарни қўмсамайди, нималар ҳақида хаёл сурмайди.
Буни элга достон қилиш — энг камида чақимчилик, кенг маънода эса – сотқинлик дейилади.
Афсуски, Озодликда бу одат тусига кирган экан…
6.
Шу гапларни айтаркан, Абдулла Орипов мендан мана шу тўртликни «Озодлик» ҳақидаги ёзилажак мақолага илова қилиб қўшиб қўйишимни илтимос қилдилар.
«Устоз амри — вожиб» деган бир гап бор.
Мен бугун улуғ ўзбек шоирининг аччиқ ва аламли дил сўзларини «Дунё ўзбеклари» ўқувчиларига етказарман, «Озодлик» радиосидаги ҳамкасбларимиз ўз шошма шошарликлари ва узоқни кўра билмасликлари оқибатида Абдулла Орипов ҳаётига қай даражада зиён ва заҳмат етказганларини яна бир бор уларга эслатиб қўйишни истадим…
«Озодлик»нинг бу «зиён ва заҳмати»га эса биз ҳали яна қайтамиз…
“Озодлик” дегани – эгрилик эмас,
Қилган қилмишларинг тўғрилик эмас.
Ошинг ҳалол бўлса кўчада ичгин,
Мусулмоннинг иши — ўғрилик эмас.
(Абдулла Орипов)
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири.
Абдулла Орипов: Умр йўллари Видео (4-қисм) Исмат Хушев Хьюстон (АҚШ)да