Абдулла Орипов Америка тупроғида (Сафар таассуротлари) 2-қисм
Исмат Хушев:
Абдулла Орипов Америка тупроғида
(Сафар таассуротлари)
2-қисм

Суратда: Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов «Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири Исмат Хушев билан АҚШнинг Хьюстон шаҳрида.
1.
Хуллас, кейинги бир ойда — улуғ ўзбек шоири Абдулла Орипов яшаб, шифо топаётган, шу билан бирга буюк ва бетакрор шеърлар битаётган афсонавий шаҳар — Хьюстондаман. Ажабки, мен Америка тупроғига ҳам Абдулла Ориповни хасталик чоғида кўргани келдим.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ. Бундан роппа роса 34 йил муқаддам, яъни 1981 йилнинг май-июнь ойларида СССР Ёзувчиларининг 7-съезди делегати Абдулла Ориповнинг Москвада биринчи маротаба инфаркт бўлганида ҳам ёнида эдим. Склифасофский номли дунёга машҳур касалхонада Абдулла ака ропа роса қирқ кун давомида шифокорларнинг жиддий назорати остида қолганига гувоҳ бўлганман. Ўшанда шоир роппа роса қирқ ёшда эди:
Қирқ ёш ҳам келди-ю, қўлимдан тутди,
Бормен на эртакда, на афсонада.
Қирқ ёшнинг қоқ ярим йўлларда ўтди,
Ярми эса ўтди касалхонада…
2.
Орадан йиллар ўтди. Мен Москва Давлат университетининг журналистика факультетини битириб, Ўзбекистонга қайтдим. Абдулла Ориповнинг тавсияси билан Шаҳрисабз горкомининг биринчи секретари Евгений Ефимович Березиков қўли остида ўзимнинг илк мулозимлик фаолиятимни бошладим.
Абдулла Орипов ҳам Ўзбекистонга қайтиб, Склифасофский касалхонасининг аччиқ сабоқларидан сўнг ўзига анча ҳушёр бўлиб қолди. Ўзини ва соғлигини қадрлайдиган бўлди. Москвалик шифокорлар унга энди бир умр асабийлашмай яшашни, ҳаяжонланмасликли маслаҳат беришган эди.
Хайр, эй беармон кезган қирларим,
Хайр, эй йироққа қочган сўқмоқлар.
Хайр, эй масканим – туққан ерларим,
Хайр, эй, саҳролар, хайр, эй тоғлар…
Ҳаяжон – бу ўлим, кулфатдир – қўшиқ.
Қилт этган шамолдан титрамас юрак.
Унга энди на дард, на қувонч, на ишқ,
Балким тўнғиб қолган бир ором керак…
Лекин Абдулла Орипов ўшандан кейин ҳам на ором ва на ҳаловат нелигин билмай ишлади, ижод қилди. Номард ва ғавғоли бу дунёнинг жуда кўп ва турфа хил қўшиқларини тинглашга мажбур бўлди. Ва табиийки, кўп таъсирланди, ҳаяжонланди…
3.
Ҳолбуки, Абдулла Орипов ўша саксонинчи йиллардаёқ Склифасофский касалхонаси реанимациясида туриб қуйидаги сатрларни битган эди:
Бир ҳовуч кул эмиш оташ қисмати,
Мен ҳам ёна ёна тиндим ногаҳон.
Энди тилларимда видо ҳасрати,
Энди кўзларимга тийрадир жаҳон.
Олам тин олади, тинурман мен ҳам,
Энди у сирларин сўйламас ортиқ.
Фақат деразамда бир қушча беғам,
Менга қўшиқларин этади тортиқ.
Йўқ, шоир одам ҳеч қачон ўлим билан келишаолмас экан. У ҳамиша курашувчан ва яшовчан бўларкан. Бундан 34 йил муқаддам Москванинг Склифасофский реанимациясида ҳаёт билан хайрлашиб: “Энди тилларимда видо ҳасрати” деб умидсиз сатрлар битган Абдулла Орипов барча ғанимларини доғда қолдириб, инфаркт ва ўлим хавфини енгиб, ҳаёт ва умр, адабиёт ва келажак ҳаққи ҳурмати ғалаба қилди.
Миллат ва адабиёт ҳаққи ҳурмати, Тангримга – Яратган Эгамга шукроналар бўлғайким, орадан 34 йил ўтиб, Абдулла Орипов Америка тупроғида – Хьюстонда ҳам ўлим ва айрилиқни яна доғда қолдирди.
Сенга шараф бўлсин, Яратган Эгам. Таъзим бўлсин сенга Художон – Тангрим!!!
4.
Хуллас, яна хаста шоирни кўргани сафарга чиқдим. Бу гал Москвага эмас, балки Америка тупроғига келдим.
Ростини айтсам, ҳали Абдулла Ориповга муҳиб ва мухлис бўлган олис талабалик йилларимда ҳам, ундан кейинги шонли ва суронли мулозимлик давримда ҳам бир кун келиб Абдулла Орипов билан Америка Қўшма Штатларида кўришаман деб сира ўйламаган эдим.
У кишини кўриш учун Америка тупроғига қадам ранжида қилиш – етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган, хаёлимга ҳам келмаган эди.
Лекин ҳаёт – барибир ҳаёт экан. Бугун мен, не тонгки, яна хаста шоирни кўргани келдим. Унинг ҳолидан хабар олгани бу гал Америка тупроғига – Хьюстонга қадам ранжида қилдим…
5.
Аэропортдан таксига ўтириб, тўғри меҳмонхонага келиб жойлашдим.
Америка ва Канада меҳмонхоналарига гап йўқ. Эшикдан ичкарига киришингиз биланоқ, қўлингиздаги сумкангизни олиб, самимий мулозамат кўрсатишади. Ҳужжатларингизни расмийлаштириб, қўлингизга калитни бериб, юкларингизни одоб билан хонангизга киритиб беришади.
Абдулла Орипов турган хонадонга телефон қилиб, яхши етиб келганимни айтиб, кечроқ кўришамиз деб хайрлашдим.
Хьюстонда ҳаво жуда иссиқ, айтиш мумкинки – Ўзбекистоннинг жазирамасидан сира қолишмасди. Хонада ҳаво музлатгич ишлаб тургани боис ҳаво салқин, айтиш мумкинки – оромижон бир ҳолат эди…
6.
Душга тушиб, кийимларни алмаштириб, хонамни кўздан кечира бошладим.
Стол, стул, холодильник, кондиционер, телевизор, кийим қўядиган шкаф, сейф, телефон. Ҳатто меҳмон кутадиган иккинчи хонада ҳам диван ва креслолар дид билан қўйилган, дереза пардалари ярим очиқ ҳолда хонага ажиб бир кўрк ва салобат бахш этиб турарди.
Менга хонанинг шинамлиги ёқди. Каттакон диван каравот оппоқ чойшаб, пахта гулли кўрпа ва ва пар ёстиқлар билан безалган. Қараган одамда ўша жойга тезроқ ётиб, ором олиш истаги уйғонади.
Биз одатда оилавий сафарга чиқишни ёқтирардик. Фарзандларим, айниса кенжатойим Камронбек ҳамиша меҳмонхонлардаги мана шундай кенг ва каттакон краватни, ундаги қатор териб қўйилган пар ёстиқларга кўмилиб ухлашни яхши кўрарди.
Оилам уйда ҳам айни шароитни яратиб қўйса ҳам, болаларим ҳар гал оилавий сафарга чиқишни орзу қилишар ва ҳар гал меҳмонхоналардаги шаҳзодалар учун мўлжалланган кенг ва каттакон каравот ва ундаги сон саноқсиз пар ёстиқларни мақташдан чарчашмасди…
7.
Хуллас, ярим кечадан бўён оёқда турганим таъсириданми, ё тонг саҳарлаб етти қават осмону фалакларда “Қайдасан, Хьюстон!” деб беармон парвоз қилганим учунми, билмадим, ҳар қалай очиққан ва толиққан эдим.
Меҳмонхонанинг биринчи қаватидаги ресторанга тушиб, тамадди қилиб чиқаётиб, беихтиёр меҳмонхона ортидаги кўкаламзор бағрида мавжланиб турган кўк кўк, зилол сувли бассенга кўзим тушди. Хурсанд бўлиб кетдим.
Жазирама Хьюстонда бассейни кўриб қолиш – ҳаёт завқи ва шавқи яна давом этишидан далолат эди, албатта.
Хонага кўтарилиб, чўмиладиган кийимларим билан сочиқни олиб, пастга тушдим. Топ тоза ва озода бассейнда ярим соат мазза қилиб чўмилдим.
Сўнг хонамга чиқиб, бир оз мизғиб олмоқчи бўлдим…
8.
Бир оз эмас, аламижон ухлаб қолибман.
Саёҳатнинг – меҳмонхоналарнинг шуниси яхшики, уй ва рўзғор ташвишларидан вақтинча озод ва холисан.
Ҳеч ким сенга у бу нарса олиб беринг деб илтимос қилмайди. Уйда у бу нарса қолмабди, нима пиширишга ҳам ҳайронман деб безовта қилиш йўқ.
Ўзингга — хон, ўзингга – бексан!
Одамнинг кўнгли тинч, кайфияти яхши бўлса – ширин ва хотиржам ухлайди.
Меҳмонхонанинг тинч ва сокин хонасида, оромижон пар ёстиқлар оғушида мен ҳам ширин уйқуга кетдим…
9.
Қанча ухлаганимни билмайман. Кутилмаган телефон қўнғироғидан уйғониб кетдим.
Телефонда аввал янгам ош дамлаётганларини айтдилар. Сўнг Мавлуда трубкани олиб куёви ўн минутдан кейин мени пастда кутажагини маълум қилди. Ювиниб, кийиниб, оила аъзоларим бериб юборган совға саломларни олиб, айтилган муддатда пастга тушаётсам, рўпарамдан узун бўйли, қадди қомати келишган, шошиб келаётган кўркам бир йигит чиқиб қолди.
Кўнглимдан беихтиёр: “Мавлуданинг куёви шу бўлса керак деган!” деган ўй ўтди. Адашмаган эканман. Куёв ҳам мени кўрган заҳоти: “Исмат ака, Сизмисиз? Сизни дарров танидим!” деб ширин бир табассум билан менга қучоқ очди.
Унинг бу такаллуф ва самимиятидан қувониб, мен ҳам унга қучоқ очдим. Аҳмаджон билан тезда тил топишиб кетдик. Чаққонлик билан қўлимдаги юкларни олиб, мени ҳурмат билан пастга турган машинаси томон бошларкан, унинг ўта маданиятли ва одобли, эҳтиромли йигитлигига ишонч ҳосил қилдим.
Умуман менда бир одат бор: Кўрган одамимни бир қарашдаёқ кимлигини аниқ айтолмасам ва билмасам ҳам, лекин қандай одамлигини дарҳол ажрим қилиб бера оламан. Энг аввало, Аҳмаджондаги самимият мени ўзига мафтун этди. Ундаги очиқкўнгиллик ва юксак маданият, нозик дид менинг диққатимни тортди.
Шунда беихтиёр юрагимда: “Абдулла Ориповдай эл суйган, довруқли ва афсонавий инсоннинг куёви энг камида ана шундай гўзал фазилатли – оқил ва барно йигит бўлиши керак!” деган ёруғ бир ўй, ширин бир ҳавас пайдо бўлди.
Абдулла акамнинг ва Ҳанифа янгамнинг орзулари ушалганидан, Мавлуда ўзига ҳар томонлама муносиб жуфти ҳалол топганидан юрагимда ажиб бир қониқиш ва қувонч туйдим.
Гап сўз билан бўлиб Аҳмаджонларнинг уйларига етганимизни ҳам сезмай қолдим.
Биз тушган қимматбаҳо енгил машина икки қаватли кўркам бино олдига келиб тўхтади.
Машинадан тушиб, совға саломларни олиб, эшик қўнғироғини боскарканмиз, ичкаридан янгамнинг: “Улар келишди!” деган мунис ва меҳрибон, таниш овози эшитилди…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
20 август, 2015 йил, Хьюстон (АҚШ)
(Давоми бор)

DUNYOUZBEKLARI.COM
Исмат Хушев: Абдулла Орипов Америка тупроғида – Сафар таассуротлари (2-қисм)
uzbekistan, news, tashkent, dunyo. uzbeklar, sayt, ismat, khushev, toshkent, ozbekiston, yangiliklar, adabiyot
Торонто — Даллас — Хьюстон — Торонто
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ