Ҳар кунинг Наврўз бўлсин Ўзбекистон байрам оғушида ЎзА хабар қилади
Наврўз байрами тантаналари мамлакатимизда “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Тадбирларда дўстлик, ўзаро ҳурмат, саховат ва мурувват туйғулари яққол намоён бўлмоқда.
Жумладан, Қашқадарё вилоятида ҳам Наврўз байрами ўзгача кайфиятда қарши олинди. Ушбу сана муносабати билан Қарши шаҳридаги амфитеатрда кенг жамоатчиликни жамлаган ҳолда Наврўз сайли ташкил этилди. Миллий таомлар, миллий урф-одатлар кўргазмалари бирачада катта таассурот қолдирди.
Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов вилоят аҳлини байрам билан қутлар экан ўтган вақт мобайнида вилоят ҳаётида юз берган ижобий ўзгаришларга тўхталиб ўтди.
— Қашқадарёликлар ҳам жорий йилги Наврўз байрамига ўзига хос тайёргарлик билан келишди. Барча соҳада сифат кўрсаткичини белгилаш, “ўсиш нуқталарини” аниқлаб, ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда, – деди вилоят раҳбари. – Ҳурматли Президентимизнинг жорий йил 24 февралдаги вилоятга ташрифлари, истиқболдаги лойиҳалар ҳақидаги мулоқотлар – воҳамиз аҳлининг кайфиятини кўтариб, меҳнат унумдорлигини оширишда муҳим аҳамиятят касб этмоқда. Наврўз шодиёналари арафасида ҳашарлар ташкил этилди. “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки”шиори остида маҳаллаларда 16 миллион тупдан ортиқ ниҳоллар экилди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 26 та қишлоқ ва 4 та маҳаллада 466 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Яккабоғ, Косон, Қарши туманларида янги турмушнинг намунаси бўлиб “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилмоқда. 2023 йил — “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да мактабгача ва мактаб таълими, профессионал таълим, олий ўқув юртларини ривожлантириш ва соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш – барча ишларимизнинг ўзаги бўлади.
Биргина 2022 йилнинг якуни билан вилоятда мурожаатлар сони 41 фоизга камайди. Ҳалқнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини яхшилаш, ижтимоий муаммоларни ечиш, хотин-қизлар ва ёшларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларни иш ўринлари ва уй-жой билан таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларда маҳалла институтининг роли ва нуфузи тобора ортмоқда.
Эл суйган таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури йиғилганларга хуш кайфият улашди.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА