Дунё шоир Расул Ҳамзатов таваллудининг юз йиллик тўйига тайёргарлик кўрмоқда
Доғистон халқ шоири Расул Ҳамзатовни танимаган, асарларини севиб ўқимаган адабиёт мухлиси бўлмаса керак. Унинг тоғликларга хос қуйма ибораларга, янги ташбеҳларга ва фақат ўзлигига хос ажиб ифода усулига йўғрилган асарлари ҳар бир адабиёт мухлиси учун яшаш жойидан, миллати, дини, эътиқоди ва ёшидан қатъи назар севимлидир.
1923 йил 8 сентябрь куни Доғистоннинг Хунзах туманидаги етмиш хонадондан иборат тоғлар орасидаги кичкинагина Цада овулида туғилган Расул Ҳамзатов қандай қилиб дунё халқларининг севимли шоири бўлди? Бу саволга Расул оға авар халқининг буюк шоирларидан бири бўлган отаси Ҳамзат Цадаса каби ўз эътиқодига бир умр собит қолган ҳолда она тилини, миллатини, халқини, қадриятларини, Доғистонини севгани ва уларни асарларида осмон қадар улуғлагани, адабиётга садоқат билан хизмат қилгани учун дея жавоб берсак, унинг беназир ижодига эҳтиромимизни бир қадар изҳор этган бўламиз.
2003 йил 3 ноябрь куни Расул Ҳамзатов оламдан ўтди. Унинг асарлари эса адабиёт мухлислари қалбларида яшаяпти ва бундан кейин ҳам яшайверади. Бугун у куйлаган тоғлар, сув-уммонлар, қушлар, буғдой нонлар, у шарафлаган инсоният, оналар, она тили, Доғистон, Россия ва бошқа давлатлар шоирнинг муборак 100 йиллик тўйини нишонлашга ҳозирлик кўраяпти.
Доғистон – тоғлардан иборат ўлка. Расул оғанинг отаси унга Кавказ халқлари озодлиги йўлбошчиси Шомилнинг авлодларга васиятини кўрсатган: “Азиз тоғликларим! Яйдоқ тошлардан иборат шу тоғларни ва унинг табиатини севинг. Бобомерос еримиз бизга мўл-кўл ҳосил тутмайди, агар шундай бўлмаганда у ўзимизнинг ерга ўхшамасди. Унутманг, ўз ерисиз фақир тоғликлар озодликка эриша олмайди. Шу қутлуғ ер учун курашинг ва уни ҳимоя қилинг. Майли, қиличларингиз жаранги мени қабримда тинч уйқумдан уйғотсин!”
Шоир умр бўйи шу васиятга риоя қилди. Тоғларини, она тилини, халқини, тоғликлар қадриятларини, эркни куйлади, ҳур фикрни ёқлади. Бугун Расул Ҳамзатов ҳурматини бажо қилиш учун мағрур тоғлари ҳам бошини 100 йиллик таваллуд тўйида эгишга тайёрланаяпти.
Расул оға ҳаёт манбаи бўлган сувни, уммонларни шарафлаб ўлмас асарлар яратди. “Тоғдан қувур орқали қишлоғимизга сув олиб келинган кунни отам ўз ҳаётидаги энг қувончли кун деб биларди. Отам шу қувончли кунни яқинлаштириш учун ўзи ҳам чўкич олиб қувур учун ариқ қазиганди. Мен ўша сув келган кунни яхши эслайман. Сувни азиз деб билган отам ҳатто ариққа гул сочишни ҳам тақиқлаганди. Овулдагилар юз ёшли онахонга ҳурмат-эътибор кўрсатиб, уни биринчи бўлиб кўзасига сув тўлдириши учун қувур олдига етаклаб боришди. Онахон кўзасини сувга тўлдириб, биринчи бўлиб ичиб бериши учун отамга узатди. Орден-медаллар билан тақдирланган отам кўзани олар экан, умрида бундай катта мукофот олмаганини таъкидлади”, – дея ёзганди шоир.
Отам мен Доғистонда биринчи канал қазилган йили туғилганимни тез-тез такрорлаб турарди. Бу канал Сулак ва Маҳачқалъа ўртасида қазилган. Сув! Заминни яшилликка буркайди, борлиқ ташналигини қондиради. АБУТОЛИБ АЙТАРДИ: “Кимнинг денгизи бўлса, у яхши яшайди. Денгиздан чиройлироқ нарса тоғлардир, шукурки, улар ҳам бизда бор”. ОНАМ ҚЎШИБ ҚЎЯРДИ: “Буғдой ўраётган аёл атрофида сув жилдираб турганини эшитса, ҳеч қачон чарчамайди”.
Бугун Расул Ҳамзатов ҳурматини бажо қилиш учун у мадҳ этган сув мавжланиб, уммонлар тўлқинланиб бошини 100 йиллик таваллуд тўйида эгишга чоғланаяпти.
Доғистонликлар осмонга меҳр ва умид билан тикилишади. Улар учиб кетаётган қушларга меҳр кўзлари билан қарашади. Қушларнинг айримлари баландроқ, айримлари пастроқ учишади. Пастроқда: қалдирғочлар, чумчуқлар, зоғчалар, қарғалар, фақат битта қуш осмону фалакда. Бу – бургут! У юксак осмонда, кўздан узоқда. Лекин у қанча баландда бўлмасин уйдан чиққан одамнинг нигоҳи биринчи навбатда бургутга тушади. Лекин бургутни кўрганинг билан бургут бўлиб қолмайсан.
Аммо бургутга яхши. Чунки у бургут бўлиб дунёга келган. Энди у хоҳлаган тақдирда ҳам чағалайга, қарғага айлана олмайди. Ёзувчининг бургут бўлиши қийин, агар шу қушнинг довюраклиги ва улуғворлик фазилатлари билан туғилмаган бўлса.
Водиймизга тоғлар бешик ва тиргак,
Боғларни тўлдирар қушлар навоси.
Уларга парвона учмоқда юксак,
Шеърларда куйланган қушлар подшоси.
Японлар қушлар ичида турналарни яхши кўришади. Менга ҳам турналар ёқади.
Бугун ҳам туманлар сийрак тарафда,
Шом чоғи уларни кузатдим бир оз.
Қачондир ер узра юргандай сафда,
Турналар галаси этарди парвоз.
Бугун Расул Ҳамзатов ҳурматини бажо қилиш учун қушлар ҳам унинг 100 йиллик таваллуд тўйида авж пардада сайрашга наволарини созлаяпти.
Азиз неъмат – буғдой, нон! “Далангиздаги бошоқлар бўлиқ бўлсин!” – бу доғистонликларнинг энг эзгу тилаги. Ҳар йили бир хил ҳосил олиб бўлмайди. Бир йил буғдойдан шундай ҳосил кўтариладики, ташишга машина етишмайди, қўйишга омбор топилмайди. Кейинги уч йилда эса, далада майса кўкармайди.
Эй дўсти қадрдон, гапимга ишон,
Сиздек ниятларимиз эзгудир мудом.
Аввало, ризқимиз – нон бўлсин арзон,
Ва салмоқли бўлсин айтилган калом.
– Бободеҳқоним, – дея ёзганди шоир, – менинг ишим қайсидир жиҳатлари билан сенинг ишингга ҳам ўхшайди. Шунинг учун сен менга ҳар куни дам оладиган, ҳар куни байрам қиладиган бекорчиларга қарагандай қарама. Мен ҳам уйқусиз узун кечаларда сен ўз далангни ўйлагандай ўз экин майдонимни ўйлаб чиқаман. Сен экиш учун энг сара уруғларни танлайсан. Мен ҳам шеърим учун дунёдаги барча сўзлар орасидан энг маъқулларини излайман. Бундай сўзлар мингтадан битта бўлади. Мен ҳам ишга киришадиган, сўзлар майсадай унадиган ва мўл-кўл ҳосилни кўтарадиган дақиқаларни орзиқиб кутаман. Менда ҳам ишлов бериш ва чопиққа тушадиган вақт бор, чунки сенинг далангга ўхшаш менинг экин майдонимда ҳам ёввойи ўтлар ўсади. Ахир, керакли сўзлар орасидан ёввойи сўзларни ажратиш ва уларни олиб ташлаш осон эмас. Менинг ижод маҳсулимга ҳам бит, чигиртка, кемирувчиларга ўхшаш зараркунандалар хавф солади. Улар ижод маҳсулимни ғажиши, бутунлай йўққа чиқариши ёки одамлар кўрганда юз ўгирадиган даражага солиши мумкин. Бу кемирувчилар сенинг экинингга хавф солувчи сичқон ва юмронқозиқлардан жуда катта, уларга қарши курашиш ҳам қийин, эҳтимол, уларга қарши курашишнинг ўзи бефойда.
Бугун Расул Ҳамзатов ҳурматини бажо қилиш учун хирмондаги, омбордаги буғдойлар, тандирлардаги нонлар, бободеҳқонлар унинг 100 йиллик таваллуд тўйини интизорлик билан кутишаяпти.
Одам – ҳаётнинг биринчи шарти, бебаҳо неъмати ва буюк мўъжизаси! Ҳа, одам ва озодлик, одам ва орият, одам ва мардлик сўзлари битта тушунча. Одам – бу фақат атама эмас, бу унвон, унвон бўлганда ҳам жуда юксак унвон. Бу юксак унвонга муносиб бўлиш учун бир умр интилиш керак.
Абутолиб Ғафуров соатини тузатиш учун соатсоз устахонасига кирди. Уста бу вақтда хонада ўтирган йигитнинг соатини тузатаётганди.
– Ўтиринг, – деди соатсоз Абутолибга.
– Одам бор экан, бошқа сафар келарман, – дея қайрилмоқчи бўлди у.
– Сиз қайси одамни айтаяпсиз? – дея ажабланди уста.
– Мана бу йигитни.
– Агар у одам бўлганида киришингиз билан туриб сизга жой берарди. Бу такасалтангнинг соати орқада қолса ҳам Доғистоннинг бирор иши битмай қолмайди. Лекин Доғистон учун сизнинг соатингиз тўғри юриши керак.
Кейинчалик Абутолиб шундай деганди: «Менга Доғистон халқ шоири унвони берилганда ҳам соатсоз устахонасидагидай хурсанд бўлмаганман».
Бугун Расул Ҳамзатов ҳурматини бажо қилиш учун бутун инсоният унинг 100 йиллик таваллуд тўйига тўёналар тайёрлаяпти.
Дунёда азиз ва муаззам онага бағишланган беназир асарлар кўп, лекин Расул оғанинг “Оналарни асранг” достони, оналарга бағишланган бошқа асарларига бўйлашадиганлари кам. Шоир ёзади: “Она гуллаётган ва сўлаётган, туғилаётган ва ўлаётган, келаётган ва кетаётган оламнинг энг синчков гувоҳи. Она чақалоқни суйиб қўлларида кўтаради, алла айтиб беланчагини тебратади, қора кунда мангуликка кетаётган фарзандини бағрига босади. Одамлар яхши ва ёмон бўлади, қўшиқлар ҳам яхши ва ёмонга бўлинади. Ва лекин ҳамиша оналар гўзал, оналар айтган қўшиқлар гўзал. Мана нафосат, мана ҳақиқат, мана ҳурмат!
Худо ҳаққи, дўстим ёдда тут,
Аёллар кўп, Она ягона!
Агар беланчаклар узра аллалар айтилмаганда, эҳтимол, дунёда бошқа қўшиқлар яратилмасди. Одамларнинг умри мазмунсиз кечарди, уларнинг ҳаётида шеърий ҳис-туйғулар камроқ бўларди, дунёда камроқ қаҳрамонликлар кўрсатиларди. Онам бешигимни тебратиб айтган алла қулоғим тагида жарангламаган бирон кун, бирон дақиқа бўлмаган десам муболаға эмас. Бу алла менинг барча қўшиқларимни аллалаб улғайтирди.
“Оналарни асранг” достони – тавба-тазарру, муножот достони. Онамни хотирлаб бўзлар эканман, кўплаб оналарга, тўғрироғи барча оналарга хос фазилатларни қоғозга туширдим. Достонга билдирилган фикр-мулоҳазалардан билдимки, уларнинг қалбида оналарига нисбатан меҳр тўла, оналарига бўлган чексиз меҳрини айтишни исташади, ҳатто онасининг тинчлиги, хотиржамлиги учун жонини ҳам беришга тайёр, лекин ҳис-туйғуларини айта олишмайди.
Оналар – замин таянчи. Уларнинг меҳр-шафқати, ҳаётсеварлиги, холисона ёрдамга шошилиши одамзот наслини яратади, кўпайтиради ва мустаҳкамлайди.
Ҳаётда онаси борлар бахтиёр!
Тириксиз, онангиз қадрлаб яшанг.
Акаларим ҳаққи сўрайман зор-зор:
– Оналарни асранг, онангиз асранг!
Она кетса, қалбда битмас жароҳат,
Она кетса, қалбни эзади кадар.
Оналарни асранг – бу мангу даъват!
Онангни асрагин фарзандсан магар!..
Бугун Расул Ҳамзатов ҳурматини бажо қилиш учун “Оналарни асранг” достонини ўқиган оналар, фарзандлар унинг 100 йиллик таваллуд тўйи арафасида қўлларини очиб, шоирга дуоларини йўллашаяпти.
ОНА ТИЛИМ! Сен мендан розимисан, билмадим. Аммо мен сен билан фахрланаман. Булоқ суви ернинг зулмат қаъридан қуёшга, яшил майсазорларга интилган каби юрагимдаги сўзлар она тилимда ёруғ оламга чиқишга интилади. Лабларим пичирлайди. Лабларимнинг пичирлашини ўзимгина эшитаман, лекин у тор тоғ дарасида ўзига йўл излаётган дарё каби ташқарига отилади.
ОНА ТИЛИМ! Сени ҳамма тушунадиган қилиш мен учун оғир масала. Сенинг сўзларингда шундай оҳанглар борки, уларни аварлик бўлмаган кишининг талаффуз қилиши қийин. Аммо уларни ифода этаётганлар мазза қилишади.
Кимгадир ўзга тил дармон муқаррар,
Мен у тилда қўшиқ куйлашим гумон.
Эртан она тилим йўқолса агар,
Мен бугун тайёрман бўлишга қурбон.
Ҳа, у “Она тилим” шеъри ва она тилига бағишланган бошқа асарлари билан дунёдаги барча тилларни ҳимоя қилди. Шу боис бугун Расул Ҳамзатов ҳурматини бажо қилиш учун дунёдаги барча тилларда унинг 100 йиллик таваллуд тўйига тайёргарлик кўриш ҳақида гапирилаяпти.
У меҳр билан шундай ёзганди: Бола туғилаётганда ўзига Ватан танламайди – пешанасига ёзилган жойда дунёга келади. Мендан ҳам доғистонлик бўласанми, деб ҳеч ким сўрамаган. Агар ўзга ота-онадан, дунёнинг ўзга жойида туғилганимда, мен учун ўша жойдан қадрли жой бўлмас эди. Ҳа, мендан қаерда туғилгинг келаяпти, деб сўрашмаган. Аммо мендан ҳозир сўрашса, қандай жавоб берган бўлардим?
Олислардан қулоғимга пандур оҳанги эшитилди. Унинг оҳанги ҳам, айтилаётган қўшиқ сўзлари ҳам менинг қалбимга яқин.
Денгизни соғиниб интилар дарё,
Денгиз ҳам дарёни кутар доимо.
Ушласанг кафтингга сиғади юрак,
Гоҳ муштдай юракка тордир кенг фалак.
Бошқа мамлакатлар яхшидир аммо,
Мен учун Доғистон баридан аъло.
Доғистон – менинг муҳаббатим, менинг қасамим, менинг тавбам, менинг ибодатим! Доғистон – ҳаётимнинг мазмуни, барча шеърларимнинг бош мавзуси!
Доғистоним, сенга фидодир жоним,
Яшаяпман бутун борлигим атаб.
Барча олган орден, медаль, унвоним,
Тоғларинг кўксига қўяман қадаб.
Унинг Ватанига бўлган муҳаббати йиллар ўтган сайин ошса ошдики, асло камаймади. Вафотидан йигирма тўрт кун илгари шифохонага уни кўриш учун келган дўстларига ёзган васиятини ўқиб берди: “Доғистон тоғликлари! Ўзимизнинг унумсиз, шипшийдам қояларни севинглар ва уларни бебаҳо хазинадай асранглар”.
Бугун Расул Ҳамзатов ҳурматини бажо қилиш учун Доғистонда унинг 100 йиллик тўйини нишонлашга тайёргарлик авж паллага кириб бораяпти.
Биринчи онам – жонажон Доғистон! Мен шу заминда туғилдим, шу заминда она тилимдаги аллани эшитдим, кейин шу тилда сўзлашни ўргандим ва шу тил томир-томиримгача сингиб кетди. Шу заминда она тилимдаги қўшиқларга қулоқ тутдим ва ўзим ҳам биринчи бор она тилимда қўшиқ куйладим. Шу заминда биринчи бор сув ва нон таъмини туйдим.
Иккинчи онам – буюк Россия, менинг иккинчи онам – Москва. Улар мени тарбиялади, қанот бағишлади, катта йўлга олиб чиқди, чексиз уфқларни, дунёни кўрсатди. Москва ва Адабиёт институти менга шеъриятнинг кўз илғамас сирларини очди. Мен навбатма-навбат рус шоирлари – Блокка, Маяковскийга, Есенинга, Пастернакка, Цветаевага, Багрицкийга, авар Маҳмудга, немис Гейнега ихлос қўйдим. Лекин Пушкин, Лермонтов, Некрасовга бўлган ихлосим ҳеч қачон ўзгармади.
Юртимдир – Болтиқдан Сахалин қадар,
Шу юртга фидоман, билиб қўйинглар:
Қайда юртим учун жон бермай магар,
Доғистонга олиб келиб кўминглар.
Авар тили – сен менинг она тилимсан! Сен менинг бойлигимсан, қора кунимда ҳам коримга ярайдиган хазинамсан, барча дардларимнинг давосисан. Агар одам қўшиқчи юраги билан туғилса-ю, соқов бўлса, туғилмагани яхши эмасми? Менинг юрагим қўшиқлар билан лиммо-лим, шукурки, тилим-овозим бор. Бу овоз сенсан – авар тилим. Сен мени ёш бола сингари қўлимдан етаклаб дунёга олиб чиқдинг, мен одамларга ўз Ватаним, халқим ҳақида сўзладим. Сен мени етаклаб буюк рус тилига яқинлаштирдинг. У ҳам менинг она тилимдай бўлиб қолди, шу тил мени қўлимдан етаклаб дунё бўйлаб олиб юрди. Рус тилидан Арадер овулида мени эмизган онамдан қандай миннатдор бўлсам, шундай миннатдорман. Ва лекин жуда яхши биламан, мени туққан ўз онам бор.
Бугун Россияда Расул Ҳамзатов ҳурматини бажо қилиш учун унинг 100 йиллик таваллуд тўйига тайёргарлик қизғин кетаяпти. Россия Президентининг 2021 йил 1 июлдаги Қарорига кўра шоир таваллудининг 100 йиллиги мамлакатда кенг нишонланади. Асосий тантаналар Доғистон маркази Маҳачқалъада, Россия пойтахтидаги Кремль саройида бўлиши белгиланган.
Атоқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов Расул оғанинг дўсти эди. Шоир дўстига шеър ҳам бағишлаганди.
Тулпоринг учиргин алп чавандозим,
Бу тулпор ҳар қандай тўсиқдан ошар.
Ярми осиёлик машҳур қардошим,
Ярми европалик донгдор биродар.
Адабий дўстлик абадий дўстликдир. Бугун Қирғизистонда Расул Ҳамзатов ҳурматини бажо қилиш учун унинг 100 йиллик таваллуд тўйини муносиб нишонлаш тадбирлари режаси маромига етказилаяпти.
Шуни қувонч билан таъкидлаймиз, бугун Мўғулистон, Беларусь, Озарбойжон ва бошқа давлатларда ҳам Расул Ҳамзатов таваллудининг 100 йиллигини кенг кўламда нишонлашга тайёргарлик кўрилаяпти. Айниқса бу тантаналар ислом давлатларида кўтаринки руҳда ўтиши кутиляпти. Чунки саудиялик адабиётшунослар Расул Ҳамзатовнинг машҳур “Менинг Доғистоним” китоби ҳақида шундай фикр билдиришганди: “Бундай беназир асарни фақат мусулмон адибгина ёзиши мумкин”. Дарҳақиқат, Расул оға нафақат “Менинг Доғистоним” асарида, балки бошқа асарларида ҳам Қуръони Карим оятлари ва Ҳадиси шарифдаги ҳикматлардан унумли фойдаланган.
Сўз янграган яралмай олам,
Шундай дерлар келтириб иймон.
У қандай сўз: тавбами, қасам?
У қандай сўз: ўтинчми, фармон?
Емирилиб бормоқда олам,
Демак, бир сўз керак бегумон.
Унда бўлсин тавба ва қасам,
Унда бўлсин ўтинч ва фармон!
Юртимизнинг таниқли адиблари – Шароф Рашидов, Зулфия, Шукрулло, Абдулла Орипов Расул Ҳамзатовнинг қадрдон дўстлари эди. Шу боис Расул оға юртимизга мамнуният билан келарди ва албатта ҳар гал халқимизга чексиз ҳурматини изҳор қиларди: “Ўзбек халқига ҳавасим келади. Сизлар буюк шоир Алишер Навоийнинг ворисларисиз, улуғ миллатнинг фарзандларисиз, катта тилнинг эгаларисиз. Бу билан фахрланишингиз, халқингиз, тилингиз камолига хизмат қилишдан чарчамаслигингиз керак”.
1968 йили Ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 525 йиллиги тантаналари муносабати билан Тошкентга келган шоирнинг ундан интервью олмоқчи бўлган журналист ўртасидаги суҳбатни ҳануз зиёлиларимиз тез-тез ҳайрат билан тилга олишади.
“Тошкент” ресторанида ижодкор дўстлари билан кечки тановулни бошлаган Расул оға олдига журналист ҳовлиқиб келиб дейди:
– Ассалому алайкум, Расул Ҳамзатович! Агар сиз менга ҳозир Навоий ҳақида интервью бермасангиз ва бу интервью эртага газетамизда чиқмаса, бош муҳаррир мени ишдан ҳайдайди.
Расул оға вазмин ундан сўрайди:
– Айт-чи биродар, мусулмонмисан?
– Алҳамдулилло, мусулмонман.
– Алҳамдулилло, мен ҳам мусулмонман. Ўзинг айт, мусулмон киши таҳорат олмасдан намоз ўқиши мумкинми?
– Йўқ.
– Мен ҳозиргина муқаддас китобимиз тақиқлаган мана бу савилдан ҳўплаб қўйдим, таҳоратим бузилди. Ул зотнинг номини таҳорат олмасдан тилга ололмайман, эрталаб кел, таҳорат олиб сени кутиб тураман. Ўшанда интервью оласан.
Бу сўзларни ХХ асрнинг буюк шоири дея эътироф этилган Расул Ҳамзатов айтаяпти! Зар қадрини заргар, шоир қадрини шоир билади, дея бежиз айтилмаган. Ҳа, шеърият султони бўлган Ҳазрат Алишер Навоийни эъзозлашни нафақат биз, балки жумлайи жаҳон Расул Ҳамзатовдан ўрганиши керак. Афсуски, ўша мустабид тузум даврида бу суҳбатни, яъни ибратли интервьюни ёзиб бўлмасди. Орадан қирқ йил ўтиб бу суҳбат тафсилотини ўша воқеага гувоҳ бўлган севимли адибимиз Ўткир Ҳошимов ўз эсдаликларида ёзди.
Чирчиқ шаҳрида 1972 йил 8 май куни “Турналар” қўшиғига қўйилган ёдгорлик очилганини эшитган Расул оға мисоли қанот боғлаб Ўзбекистонга учиб келди ва биринчи навбатда ёдгорликни зиёрат қилишга ошиқди. (Умуман олганда, Расул оға Ўзбекистонга келганда, албатта, “Турналар” ёдгорлиги зиёратига борарди). Шоир ёдгорликни кўргач, ҳайратланиб ҳамроҳларига баралла: “Қўшиққа маданиятли ва санъатсевар халқгина ҳайкал қўяди. Ўзбек халқи ана шундай маданиятли ва санъатсевар халқ”, дейди. Расул оға бу сўзларини нуфузли давраларда ва катта анжуманларда ҳам кўп бор ҳаяжон билан такрорлайди. Шоир сўзларидан бошқа халқлар ибрат олишиб, ўзларида “Турналар” қўшиғига ёдгорлик ўрнатиш ишларини бошлаб юборишди. Шу тариқа дунёнинг 180 дан ортиқ манзилида “Турналар” қўшиғига ёдгорлик бунёд қилинди ва бундай хайрли иш давом этмоқда.
Қарийб олтмиш йилдан буён Расул оға асарларининг она тилимиздаги таржималари, адабиётимиз, халқимиз ҳақидаги ҳароратли фикрлари газета-журналларимизда, телекўрсатув ва радиоэшиттиришларда мунтазам равишда берилмоқда. Унинг она тилимизда “Юксак юлдузлар”, “Бир хонадон фарзандлари”, “Ишқ олдида ҳамма тенг”, “Менинг Доғистоним”, “Оналарни асранг”, “Умр карвони”, “Мен юз қизга шайдоман”, “Шеърлар”, “Аёллар кўп, Она ягона”, “Менинг қалбим тоғларда”, “Оқ турналар”, “Буюк туйғу” номли китоблари чиққан(китоблари рўйхатининг ўзи ҳар бир ёзувчининг ҳавасини уйғотади), шунингдек, асарлари кўплаб тўпламларимизга, дарсликларимизга киритилган. Айниқса, машҳур “Менинг Доғистоним” китоби 2008–2019 йиллар оралиғида олти марта катта ададларда чоп этилди. Бу китобнинг еттинчи нашри чиқиш арафасида. “Тоғлик қиз” драмаси Жиззах театрида саҳналаштирилган, шеърларини Ботир Зокиров, Шерали Жўраев каби севимли хонандаларимиз қўшиқ қилиб куйлашган. Шу боис юртимизда Расул оғанинг асарлари кириб бормаган бирор хонадон йўқ десак, муболаға қилмаймиз.
Ардоқли шоирнинг 75 йиллик таваллуд тўйи муносабати билан Доғистонга борган севимли шоиримиз Абдулла Орипов уни Ўзбекистонга таклиф қилади. “Мен ўзбек дўстларимнинг хотирасида соғлом, тетик Расул сифатида қолишни истайман”, – дейди у бир оз мунгли ва лекин ўктам овозда. Ҳа, Расул Ҳамзатов ўзбек китобхонлари хотирасида соғлом, тетик қиёфада қолди ва юртимизда унинг ўктам овози ҳамиша янграйверади.
Шу йил жаҳондаги маданиятли ва санъатсевар халқлар Расул Ҳамзатов таваллудининг 100 йиллигини кенг нишонлайди. Ишончим комил, Расул оға эътироф этган маданиятли ва санъатсевар ўзбек халқи бу тантаналарнинг олд қаторида бўлади.
Асрор МЎМИН,
шоир ва таржимон,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист
(“Маърифат” газетасининг 2023 йил 15 февралдаги сонидан олинди)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ