Кўрнамак ёҳуд мунофиқ (Алишер Илҳомовнинг сиёсий портретига шарҳ)
Алишер Илхамовни олийгоҳда ўқитувчилик қилган йилларидан буён биламан. Унинг таржимайи ҳолини мендан яхшироқ биладиган одам бўлмаса керак. Алишер 1972 йилда ўрта мактабни битиргач, 1972-1974 йилларда санъатга бўлган қизиқиши боис Марказий тасвирий санъат институтида ишлади, 1974-1976 йилларда Совет армияси сафида ҳарбий хизматни ўтган эди. 1976-1981 йилларда ТошДУда «Фалсафа» мутахассислиги бўйича ўқиди. Сўнгра 1986 йилгача шу университетда аспирантурада ўқиб, 1986 йилда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди ва 1990 йилгача ТошДУда ўқитувчилик қилди.
Алишер Илхамов қисқа муддат, яъни 1990-1991 йилларда Ижтимоий-сиёсий муаммолар институтида меҳнат қилди.
Юқоридагиларни ўқиган киши беихтиёр зиёли, маърифатли олим ҳақида тасаввур қила бошлайди.
Бироқ …
Алишер 1991 йилда нодавлат ташкилот «Эксперт фикри» деб аталувчи Ижтимоий-сиёсий ва социолгик тадқиқотлар Марказини очди. Ўша пайтлар мустақилликнинг илк йиллари эди. Истиқлол шарофати билан аста-секин Ўзбекистон ва чет элликлар ўртасида ҳамкорликлар йўлга қўйила бошланди. Шу фонда Алишер ҳам ўз ташкилоти номидан улар билан ҳамкорликни йўлга қўяди.
Тўғри, ўша даврда маълум иқтисодий қийинчиликлар сабабли давлат ташкилотида ишлайдиганларнинг кўпчилиги хусусий секторга ўтиб кетади. Лекин, ҳақиқий ватанпарварларгина бюджет ташкилотларида ишни давом эттириб, шу Ватан равнақи учун ўз билим ва малакасини аямади. Етарли бўлмаган ойлик маош, иш ҳажмининг ниҳоятда кўплиги каби масалалар билан кадрларни олиб қолиш шундоқ ҳам инқироз ҳолатига тушиб қолган ҳар бир ташкилот олдида кўндаланг турган улкан муаммо эди.
Алишер Илъхамовни нодавлат ташкилоти очиб, молиявий даромади ортишини, оиласининг иқтисодий манфаатини ўйлаганини ҳам қайсидир маънода тушуниш мумкиндир.
Аммо, у фақат даромад топиш билангина чекланмади, унинг иштаҳаси очилгандан очилиб бораверди.
Алишер ўзи таъсис этган мазкур марказни 10 йилдан ортиқ вақт мобайнида бошқарди. У бу вақт оралиғида хорижий мамлакатларнинг ва халқаро нодавлат ташкилотларнинг грант маблағларини қандай ўзлаштириш ҳақида бош қотириб, мамлакитимздаги ижтимоий сиёсий вазият хусусида нохолис ва донорлар хоҳлайдиган мазмундаги маълумотларни тўплаш ва етказишга “бел боғлади”.
Бугунги кунда барча соғлом фикрловчи кишилар жуда яхши биладиган, барчага ўзининг бузғунчи ғояларни яширинча тарғиб этишни мақсад қилган “Сорос” жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига ижрочи директор лавозимига тайинланишга муваффақ бўлади 2001 йилда.
Ва бу лавозимга у жуда содиқ ишлади ва Ўзбекистон номини қоралаш учун қанча маълумот керак бўлса шунча тўплашни уддасидан чиққан собиқ дирекор ҳам Алишер Илхамов бўлади.
Афсуски, А.Илхамовнинг ғараз ва пасткашлиги бу билан чекланиб қолмаган. У “Сорос” жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига ижрочи директор лавозимида ишлаган даврида, донорларини буюртмасига асосан “Жазони ижро этиш муассасаларида ОИТС профилактикаси” номли лойиҳани амалга ошириш ниқоби остида маҳкумлар ва ЖИЭМ ходимлари ўртасида тартибсиз жинсий алоқага киришни тарғиб қилувчи порнографик адабиётларни тарқатиш билан шуғулланиб келган.
Ушбу ҳолат ҳамда унинг бошқа хатти-ҳаракатлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 129 (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш), 190 (Фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш) ва 205 (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
2004 йилда мазкур ваколатхонанинг жиноий қилмишлари фош бўлиб ёпилиб, А.Ильхамовга нисбатан жиноят иши қўзғатилганидан сўнг, у даставвал АҚШга қочиб кетади. У ердан Буюк Британияга бориб, ҳозирга қадар шу мамлакатда истиқомат қилиб келмоқда.
Шу ерда ўринли савол туғилади: хўш Алишернинг айби бўлмаса нега ўз ватанини Ўзбекистонни тарк этади? Нега адолат юзага чиқиши учун курашмади? Ўзининг кўп йиллик тажрибаси, ишбилармонлиги билан ўзининг ҳақлигини, айбсизлигини исботлашга ҳаракат қилмади? Ахир, бу борада унинг ҳуқуқий билимлари етарли, қолаверса, ўзимизникиларга ишонмаса, халқаро даражадаги адвокатлар ёрдамини олиши ҳам мумкин эдику. У ҳақ йўлида курашишдан кўра, қочиб кетишни лозим топди. Бунга сабаб нима?
Халқнинг пулларини чўнтагига уриб, чет элга бориб уларни сарфлаб, кайфу сафо қилиш мақсади билан қочиб кетганлар ҳам оз эмас. Шунинг учун Алишер тутган йўлни ҳам ёқлайдиганлар топилиши табиий.
Лекин Ангиляга борганидан кейин ҳам мана қарийб 20 йил давомида Ўзбекистоннинг номига тош отиш билан шуғулланиб, шунинг орқасидан тирикчилик қилиб бойлик орттириб келаётганлигини ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди.
Чунки, шу Ватан, шу юртда туғилиб, ўқиб, ишлаб, одам ва олим бўлиб етишиб Ўзбекистондан нима ёмонлик кўрди?
Ватанга хиёнат қилиш учун ёмонлик кўриш шарт эмас экан, шунчаки ҳакалак отган нафс бўлса етарли. Тарихан маълум бир ҳақиқат бор: ҳар замон, ҳар маконда ҳам хиёнат, айниқса, Она Ватанга хиёнат асло кечирилмайди. Аксинча, бу ишга қўл тутган инсоннинг бири икки бўлмоғи мушкул, саодатга етиши душвордир. Ватанга тили, сўзи, кучи ила хиёнат қилганлар, тош отган кимсаларнинг борар йўли Ватангадолик. Мен шундан қўрқаманки, Алишернинг ҳаёт йўлини кўриб, унга кўрнамак ёҳуд мунофиқ номи кўпроқ мос келишини ўйлаб қоласан киши…
Юқорида хиёнат ва ҳакалак отган нафс тушунчаларини бежиз ишлатмадим. Ҳали Алишернинг бу хусусдаги ишларига кейинги мақолаларда батафсил тўхталаман.
Агзамжон Сагдиев,
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ