Болалар тиббиёти кашшофи. Профессор Маматқул Азизов ҳаётига чизгилар
Бундан роппа-роса 70 йил аввал саратоннинг жазирамасида Самарқанд туман Қўшмачит қишлоғида туғилган болакай вақти келиб, вилоят тиббиёти ташкилотчиларидан бирига айланади деб ким ҳам ўйлабди дейсиз?
Маматқул туманидаги 21-ўрта мактабда ўқиди. Мактабни тугатиб, Самарқанд давлат тиббиёт институтининг педиатрия факультетида таҳсил олди ва 1975 йилда ўқишни битиргач, иш фаолиятини Самарқанд давлат тиббиёт институтининг 1-клиникасида ординаторликдан бошлади. Кейинчалик бўлим мудири, кафедра ассистенти вазифаларида ишлади.
Илмга чанқоқлик туфайли Маматқул Азизов аввал аспирантурада, кейинчалик докторантурада ўқиди ва изланишлари натижасиз қолмади. Ўша вақтдаги йирик илмий марказлардар бири бўлган Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) педиатрия медицина институтида 1985 йилда номзодлик ва 1992 йилда докторлик диссертацияларини ёқлади. Ёш олимнинг илмий ишлари болаларнинг оғир хасталикларини даволашга бағишланган эди. Маматқул Қурбонович бир умр, деярли ярим аср давомида болалар шифокори ҳамда фарзандларимиз соғлиғига масъул бўлганлар устози вазифасини чин дилдан, катта масъулиятни сезган ҳолда бажариб келмоқда.
Профессор М.Азизов 1994 йилдан бери Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг бош врачи, айни вақтда Самарқанд давлат тиббиёт университети болалар хирургияси кафедраси профессори лавозимларида фаолият юритмоқда. Олим болалар соғлиғини сақлаш тизимига кўпгина янги ва самарали йўланишлар киритган. Марказ бўлимларида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги технологиялари ҳамда далилларга асосланган тиббиёт натижаларининг жорий этилиши муносабати билан марказ кўрсаткичлари республикада энг ижобий деб тан олинган. Бундан ташқари, қаҳрамонимиз болалар хирурги ва олим сифатида гўдакларда нуқсонли ривожланишлар, хирургик гемотология ҳамда амбулатор хирургияни такомиллаштиришда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган.
М.К.Азизов раҳбарлигида Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази 1997 йилда тиббиёт аппаратуралари билан жиҳозлаш бўйича Япония ҳукумати грантини ютиб олди ва марказ 2 миллион АҚШ долларига тенг тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминланди.
Марказда консультатив поликлиника, болалар эндокринологияси ва гинекология, гастроэнтерология, нефрология, неврология, амбулатор жарроҳлик ва бошқа бўлимлар ташкил этилиши туфайли вилоят болалар аҳолисига кўрсатилаётган тиббий ёрдамнинг кўлами янада кенгайди. Шунингдек, марказда диагностика бўлими фаолияти йўлга қўйилган.
Охирги беш йилда янги жарроҳлик йўналишлари бўйича Марказда жами 41 турдаги мураккаб (замонавий) оператив ва консерватив даволаш усуллари амалиётга киритилди. Натижада вилоятимиз болаларининг пойтахтга ёки чет давлатларга даво истаб бориши 90 фоизга, айрим соҳаларда 100 фоизгача камайди. Шу билан бирга бошқа республикалардан ташриф буюрадиган беморлар сони ошди.
М.Азизов тиббиёт соҳасининг салоҳиятли, жонкуяр ташкилотчиси. Биз бу инсон мисолида бир кишининг чин дилдан интилиши, маҳорати бошқаларга, бутун жамиятга қанчалик фойда келтиришини кўриб турибмиз. Бошқасини қўя турайлик, фақат кардиохирургия, жумладан, болалар кардиохирургияси соҳасида вилоятда амалга оширган ишлари ҳар қанча таҳсинга лойиқдир.
Замона билан ҳамнафас ишлаб ўрганган профессор М.Азизов Президент Шавкат Мирзиёевнинг хорижда ишлаб юрган юқори малакали ўзбекистонлик мутахассисларни юртимизга қайтариш борасидаги кўрсатмасига амалий ишлари билан жавоб қайтарди.
2018 йилда Москвадаги А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир хирургияси илмий марказида фаолият юритган уч нафар юртдошимиз – тиббиёт фанлари номзоди Мақсуд Саидов, малакали шифокорлар Икром Маллаев, Мирзоҳид Темировларни Самарқандга таклиф эди. Санкт-Петербургдан ўз ишининг устаси Рустам Қўшназаров келиб улар сафига қўшилди. Ўша йилиёқ вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида болалар кардиохирургия бўлими ташкил этилди. Натижада юқори технологияли операциялар ўтказилиши туфайли жуда кўп оғир беморларга ёрдам кўрсатилди, жумладан, очиқ жарроҳлик амалиёти бажарилди.
Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида болалар кардиохирургия бўлимида Москвадаги А.Н.Бакулев номидаги илмий марказидан яна бошқа ватандошларимиз – шу соҳа буйича клиник ординатурани ўтаган ва икки йил давомида ишлаган (ангиохирурглар) Жаҳонгир Шеров ва Фаррух Жумаевлар доимий ишлаш учун таклиф қилинди. Бугунги кунда бу ерда юзлаб беморларда турли хил мураккаб турдаги ёпиқ, тўхтатилмаган юракда тиғсиз усулда операциялар амалга оширилди. Барча операциялар муваффақиятли чиқиб беморлар ўзларини яхши ҳис қилишмоқда.
– Устозимиз уч замон одами: кечаги тиббиётни чуқур билгани ҳолда, ундан хулоса чиқаради. Хулосаларини бугунги кун тиббиётини ривожига йўналтиради, – дейди шогирди Мақсуд Саидов. – Зукко олим сифатида эртанги кунни, соҳа қайси йўналишда ривожланишини англаган ҳолда, режа тузади ва уни амалга жорий этиш учун бор куч ва имкониятини сафарбар қилади. Домла эришган ютуғидан мағрурланиб, тўхтаб қолмайди, аксинча, доимо янги марралар, забт этилмаган чўққилар сари интилади.
Етук олим, моҳир ташкилотчи, билимдон мутахассис профессор М.Азизов хориж тажрибасини ўрганишдан, жаҳоннинг илғор тажрибасини тиббиётимизга жорий этишдан чарчамайди. Голландия, Германия, Туркия, Россия ва бошқа давлатларда ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуманларда иштирок этган олим 150 дан ортиқ илмий ишлар, жумладан, 12 та услубий қўлланма, 15 та рационализаторлик таклифи муаллифи ҳисобланади. Ҳозирги кунда профессор М.Азизов раҳбарлигида тўртта номзодлик ва битта докторлик диссертациялари тайёрланмоқда.
Шу кунларда ўзининг 70 ёшини қаршилаётган Маматқул Қурбонович Азизовни дўстлари, касбдошлари, шогирдлари чин юракдан қутлаб, бу қалбидарё, самимий инсон, шифокорлар муаллимига узоқ умр, мустаҳкам соғлик ва жўшқин фаолият тилайди.
Аъзам ЭШОНҚУЛОВ, тиббиёт фанлари номзоди,
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ, журналист.
“Зарафшон” газетаси, 2022 йил 9 июль, №79
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ