Таниқли олим Маҳмудхўжа Нуритдинов ва “Маърифат чироқлари” радио эшиттириши
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг академиги Аҳмадали Асқаров
Таниқли олим Маҳмудхўжа Нуритдиновнинг “Маърифат чироқлари” радио эшиттиришидаги чиқишлари ҳақида.
Маҳмудхўжа Нуритдинов Тошкент шаҳрининг Юнус-Обод туманида 1949 йилнинг 20 март куни таваллуд топган етук файласуф, исломшунос олимдир.
Ёшлигидан хорижий тилларни, биринчи навбатда, араб ва форс тилларини чуқур мухтасар эгаллаган, эски туркий ва европа тилларидан инглиз ва рус тилларини яхши ўрганган, у тилларда эркин сўзлашади, ёзади, манбаъларни аслини ўқий олади.
У ўз асарларини таржимонсиз рус, инглиз, араб ва форс тилларига ўзи таржима қилади, араб ва форсийда ёзилган диний ва дунёвий фалсафий асарларни пухта ўрганиб, улар ҳақида қатор илмий асарлар ёзган билимдон илм-фан фидоийсидир.
1967 йилда Тошкент давлат университетига ўқишга кириб, уни имтиёзли диплом билан битиргач, қатор араб давлатларида турли лавозимларда меҳнат қилди, ўз ҳаёт йўлини топгунча турли вазифаларда ишлаб келди ва ниҳоят билим малакаси йўлида ижод қилишга аҳд қилиб, академик М.М.Ҳайруллаев раҳбарлигида Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида аспирантурада ўқийди. Устози маслаҳатига кўра Мовароуннаҳрнинг XVI-XVII асрлар фалсафа тарихини ўрганишга киришади. Чунки бу давр фалсафаси тарихи ҳеч ким томонидан ўрганилмаган эди. Европа шарқшунослари эса Шайбонийлар ҳукмронлик қилаётган бу давлатларда қандай илм-фан ва маданият ривожи ҳақида гап бўлиши мумкин, деган тасаввурда эдилар. Рус ва турк классик шарқшунослари эса, бу мавзуга ҳали қўл уришмаган эди.
Рус шарқшуносларининг асосий эътибори XIX асрнинг охирги чорагини ўрганишга қаратилган бўлиб, асосий сабаб биринчидан XVI-XVII асрларга тегишли манбаларининг барчаси араб ва форс тилидаги қўл ёзмалар шаклида бўлса, иккинчидан, бу қўл ёзмалар ичидан фалсафа тарихига оид асарларни, уларнинг муаллифларини топишдек мураккаб иш билан шуғулланиш керак эди.
Маҳмуджон Нуритдиновга қадар на ўзбек тилида, на рус ва Европа тилларида бу давр фалсафаси ва маданияти масаласида биронта мақола ҳам ёзилмаган эди. Бундай мураккаб ишга Маҳмуджон қўл уриб, илм-фанда, ислом цивилизацияси фалсафасининг икки асрлик тарихини яратишга муяссар бўлади, фалсафа тарихида янги даврни кашф этишга эришган етук олим сифатида фан оламида ўз ўрнини топади.
1987 йида унинг “Юсуф Қоробоғий ва Ўрта Осиёнинг XVI-XVII асрлардаги фалсафа тарихи” номли монографияси чоп этилди. Шу мавзу бўйича М.Нуритдиновнинг қатор мақолалари хорижда инглиз тилида чоп этилди. Докторлик диссертацияси тайёр бўлгач устози тавсияси билан яна араб дунёсига сафар қилди. Араб мамлакатларида унинг араб, форс, ингиз, немис ва бошқа хорижий тиларни яхши билиши унга ас қотди. Маҳмуджон хориж сафарларида ўз вазифасини аъло даражада бажариш билан бирга, илм билан шуғулланишни унутмади. Хорижий тилларда илмий мақолалар чоп эттиради.
Хориж сафарларидан 1992 йилда Ватанга қайтгач, 1994 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилади. 1995 йилда Шарқшунослик илмий тадқиқот институтида янги ташкил этилган “Исломшунослик ва ижтимоий фикр” бўлимида раҳбар, сўнг янги очилган “Халқаро ислом тадқиқотлари маркази”га мудир этиб тайинланади. Институтга эркин тадқиқотлар олиб бориш вазифаси юклатилади. Бу аснода газета ва журналларда исломшунослик масалаларига бағишланган долзарб масалалар кўтарилди, кўплаб илмий мақолалар ва рисолалар чоп этилди. 2022 йил октябрь ойида ана шу мақолалар “Танланган публицистика” номи билан чоп этилди. 1996 йилда унинг “Из истории общественно-философской мысли Средней Азии в XVI-XVII веках” номли китоби Неъматулла Иброҳимов сай-ҳаракати билан Тошкент шарқшунослик ўқув юрти ҳомийлигида рус тилида чоп этилади. Ўша 1996 йилнинг ўзидаёқ Россиянинг 12 та университетлари китоб жавонидан ўрин олади ва ўқув дастурларига киритилган. Франциянинг Сарбонна ва АҚШнинг Оксфорд университетларидан вакилларига 2-3 нусхадан совға қилади.
1999 йилда Тошкент ислом университети ташкил этилиши муносабати билан “Халқаро Ислом тадқиқоти маркази” йўқ қилиниб, давлат томонидан молиялаштириш тўхтатилди.
Исломий тадқиқотларни ривожлантиришга эътибор камайиб, 2000 йилда яна унга хорижга кетиб ишлашга тўғри келади. Маҳмудхўжа Нуритдинов хорижда илмий фаолиятини тинмай давом эттиради, ўша кезларда хорижда исломшунослик масалаларида 79 та илмий мақалалар чоп эттиради. Унинг “XVI-XVII асрлар Мовароуннаҳр фалсафаси” номли китоби муаллифнинг ўзи томонидан инглиз тилига таржима қилиниб, АҚШнинг “Амазон” компаниясига тегишли нашриётда 2021 йили нашрдан чиқди ва хорижий мамлакатларнинг кўпгина университетларида мавжуд. Ушбу китоб интернет сайтига қўйилган куннинг эртаси куниёқ дунё бўйлаб 123 минг китобхондан сотиб олишга заявка тушган. Чунки илм-фан оламида Мовароуннаҳрнинг ўша икки юз йиллик фалсафа тарихи, маданият тарихи, ижтимоий-сийсий тарихи таҳлил этилган бошқа биронта иш йўқ эди. Бу асарни инглиз ва рус тилида чоп этилган вариантларидан ташқари 2022 йилнинг январь ойида эса “XVI-XVII асрлар Мовароаннаҳр фалсафаси” асарининг қайта ишланган тўлдирилган нусхаси биринчи бор Ўзбекистонда ҳам кам тиражда чоп этилди. Аммо, уни ўзбек тилида нашр этилган нусҳаларига ҳозиргача Ўзбекистоннинг биронта Олий ўқув юртлари кутубхоналаридан китоб сўраб келмаганлиги кишини ҳайратга солади.
2011 йилда Ватанга қайтгач, Соғликни сақлаш вазирлиги қошидаги Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида “Ижтимоий-гуманитар фанлар” кафедрасида мудир, бир вақтни ўзида Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида катта илмий ходим вазифасида ишлаб келди.
Маҳмудхўжа Нуритдинов Қуръон ва хадислар устида кўп савобли ишларга қўл урган. 2015 йилда “Қуръони карим маъноларининг араб тилидан илмий изоҳли академик таржимаси”ни тайёрлаб, уни илмий, фалсафий ва тарихий нуқтаи назардан кейинги 100-150 йиллар давомида кашф этилган буюк илмий кашфиётлар материаллари билан изоҳлаган. Бу ниҳоятда қийин ва мураккаб иш. Бунинг учун унга жуда кўп илмий манбаъларни таржима қилишга, ўрганишга тўғри келади. Бу иш 2018 йилда ўзбек тилида Германияда чоп этилди. Тўлдирилган иккинчи нашри ҳам ўша GLOBE.EDIT нашриётида 2021 йилда нашрдан чиқади.
2018 йилда Ўзбекистонда ислом академияси ташкил этилиб, Маҳмудхўжа ушбу академиянинг “Қуръоншунослик ва ҳадисшунослик” кафедрасига мудир этиб тайинланади. Унинг қўлида ушбу йўналишлар бўйича қатор илмий ишланмалар тўпланиб қолган эди. Ана шу материаллар устида қўшимча изланишлар олиб бориб, бир йил ичида 4та йирик китоблар чоп эттиришга эришади. 2020 йилда салкам 4300 дан иборат мураккаб Қуръон сўз ва ибораларининг изоҳли луғати АҚШда чоп этилади.
Маҳмудхўжа Нуриддиновнинг ёзишича, XVI-XVII аср ислом фалсафасининг намояндалари Юсуф Қорабоғий, Иноятулло Бухорий, Ҳусайин Холхолий, Муҳаммад Шариф Бухорийлар биринчи навбатда илоҳиётшунос олим бўлишган, яъни ислом динини чуқур билишган. Ўзларидан бир неча асрлар аввал ўтган олимлар асарларини таҳлил қилишган, уларга шарҳлар ёзишган, у асарлар хошиясида ўз муносабатларини ёзиб қолдиришган. Хуллас, ўзларидан олдинги илмий меросни ниҳоятда чуқур ўрганишган.
Маҳмудхўжа Нуритдинов уларнинг фан оламидаги хизматларини ўрганар экан, XVI асрдан бошлаб Мавороуннаҳрдаги илмий фалсафий маданият тараққиёти икки йўналишда ривожланганлигини таъкидлайди. Унинг биринчиси Мавороуннаҳрнинг ўзида, иккинчиси Бобирийлар сай-ҳаракати билан Ҳиндистонда давом этади. Ўша кезларда Эронда шиа мазҳаби Сафавийлар давлати томонидан қаттиқ химоя қилиниши муносабати билан у ердаги суннийлар таъқиб остига олиниб, маданият арбобларининг бир қисми Мовароуннаҳрга, иккинчи қисми Ҳиндистонга, Бобирийлар ҳимоясига кетишга мажбур бўладилар. Бу икки марказ олимлари руҳан битта манбаъдан озуқа олишиб, Мавороуннаҳр ва Ҳиндистонда илм-фан ва маърифат бир-биридан ажралмас яхлитликда ривожланишини таъминлаганлар. Бу давр ислом фалсафасини ўрганиш фан тараққиёти учун муҳим йўналиш бўлиб кирган. Аммо, Европа фалсафасига муккасидан тушган ўзбек файласуфларимиз ўз она юрти фалсафасига, мустақил Ўзбекистоннинг икки юз йиллик ўтмиш миллий фалсафий ва тарихий тафаккурини ўрганишга қизиқмаётганликлари илм аҳлини ўйлантиради. Тўғри, бунинг учун файласуфларимиз орасида араб ва форс тилларидаги бирламчи қўлёзмаларни ўқий олиш малакасига мутахассислар бўлиши керак бўлади.
Қуръони карим куфий араб алифбоси ва араб тилида бизгача етиб келган. Маҳмудхўжа Нуритдиновнинг таъкидлашича, Қуръони карим аслиятини ўқий оладиган исломий диний мутахассислар бизда етарли даражада бор. Аммо, улар гуманитар йўналишда пухта тайёргарлик кўрмаганликлари учун бундай мураккаб энциклопедик таълимот устида иш олиб бориш анча оғир муаммо кўринади. Аслида Қуръон ботиний билимлар хазинаси, унинг оятларида бекиниб ётган илмий маънолар, кашф этилишини кутаётган мўъжизалар шунчалар кўпки, уларни ўрганиш қуръоншуносликни ривожлантиришни талаб этади. Лекин шуни ниҳоятда жиддийлик билан таъкидлаш лозимки, М.Нуритдиновдек йирик мутахассиснинг бой илмий салоҳиятидан фойдаланиш ўрнига, бу олимнинг ижодий йўли ўз юртида ханузгача берк.
Жаҳон илмий оламида Қуръон луғати, Қуръон энциклопедияси, Қуръон тафсирлари, Қуръон таржималари бор. Лекин Қуръон фалсафаси йўқ. Чунки Қурьон фалсафасини яратиш учун тадқиқотчи Қуръон ички психологиясини ўрганиши керак. Бугунги кунда бу жуда зарурий ва мураккаб муаммо. Чунки, ислом биринчи галда кенг маънодаги таълимот. Лекин уни асло ўзгача, яъни ибодат учун қўлланма сифатида қабул қилиш асло мумкин эмас. Қуръон, юқорида таъкидлаганимизча, энциклопедик миқёсга эга буюк беназир таълимот, ибодат масалалари эса бу таълимотнинг бир қисмидир. Қуръон оятларида яширинган ботиний сир-асрорларни ўрганиш, кашф этиш билан эса Муҳаммад алайхиссалоту вассаломнинг ворислари — олимларга юклатилган. Шундай олимлардан бири, шубҳасиз, М.Нуритдиновдир. Бундан илм эгаларини уларнинг ҳаётлик пайтларида қадрларига етиб, билимларидан фойдаланишни ўйлашимиз керак.
Иймон нима? Иймон Аллоҳни ягоналигини тан олиш, унинг иродасига, ҳоҳишига итоат қилишдир. Хўш, унинг иродаси нима? Аллоҳ кўрсатган йўлдан бориш. Унинг кўрсатган йўли қанақа? Ҳидоят йўли. Ҳидоят йўли нима? Аллоҳ буюрган амаллардан ташкил топган йўл. У қанақа амаллар? Солиҳ амаллар. Солиҳ амаллар нима? Инсоннинг кундалик ҳаётига фақат манфаат келтирадиган, бошқа инсонлар билан зиддият, низоларни келтириб чиқармайдиган, солиҳ амалара зид бўлмиш мункар амаллардир. Солиҳ амалларга тескари амаллар эса наҳий анил-мункар дейилади. Шайтон одамзодни доимо шу йўлга етаклайди. Иймонни тоза сақлашнинг биринчи йўли Аллоҳнинг ягоналиги, борликни яратгувчиси деб билишликдир, масжидга чиқиш, ибодат амалларини таҳоратда мунтазам бажаришдир. Аммо, таҳоратли масжидда намоз ўқиш билан иймонни тоза сақладим деб хотиржам бўлиш мумкинми? Йўқ. Бу билан иймон тоза бўлмайди. Иймон софлигининг биринчи талаби солиҳ амалларга зид ишлардан сақланиш, сабр-тоқат билан солиҳ амалларни бажаришни кундалик ҳаётингиз турмуш тарзига айлантириш, муҳсин бўлишингиз керак.
Муҳсин дегани нима? Фақатгина яхши солиҳ амални бажариб, ундан бошқасига қўл урмайдиган инсонларга айтилади. Буларнинг барчаси руҳиятни тозалаш дейилади. Бу ислом динига хос сифатлар белгисидир.
Исломда Руҳий ибтидо бор. Моддий ибтидо нима? Руҳий ибтидо нима? Руҳий ибтидо жаннатда нурдан яратилган фаришталардек яшаш. Исломда моддий ибтидо ҳам бор. Хўш, моддий ибтидо нима? Қоинотдаги борлик, шу жумладан Ер. Уларни бошқарувчи ким ўзи? Исломда Аллоҳ. Одамзод руҳи ҳам дастлаб жаннатда яшаган.
Аллоҳ моддий борликни яратганда у маконда яшайдирган турли хил маҳлуқаларни яратди, уларга жон ато этди. Аммо, одамзодга улардан фарқли ўлароқ ақл ҳам ато этди. Одамзодни моддий борликка синашга, унинг сир-синоатларини билишга, то қиёматгача ўрганишга туширди.
Юқорида ислом тор маънода ибодатдир, кенг маънода эса таълимот эканини эслатдик. Моддий борликнинг ботиний сир-синоатлари Қуръони карим оятларида яширинган. Уни ўрганишлик, билишлик жисми лойдан ясалган Инсонга юклатилди. Аллоҳ бандаларига моддий дунёда иймонини тоза сақлаш йўлидаги исломнинг беш рукунини бажариш билан бирга, Қуръони карим оятларида беркинган ботиний билимларни кашф этишни ҳам юклади. Шунинг учун исломни тор маънода тушинадиган бўлсак адашган бўламиз.
Қуръони каримда “сендан ҳаракат, мендан барокат” деган ҳаётий сўзлар бежиз ёзилмаган. Ёки онгли ва жисмоний меҳнат билан руҳий юксакликка эришган уламоларимиз “Қалбинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин” деган нақл билан яшамаганда эди, одамзод ибтидоий ҳолатдан ҳозирги ракеталар парвозига эришмаган бўлар эди.
Дин жамият аъзоларини бирлаштирувчи, тарбияловчи руҳий омил сифатида инсониятга хизмат қилади. Диннинг пойдеворида аҳлоқ бор. Ахлоқий тарбия динимиз асл мазмун ва моҳиятини ташкил қилади. Агар одамлар ўзидан олдинги одамлар қилган ҳатолардан келиб чиқиб, ўзини маънавий ҳаётини шакллантирганда эди, жамиятда бугунги кунда қўйилаётган хатолар бўлмас эди.
Афсуски, аҳлоқ тарбиясида ҳар бир инсон ўзини ўраб олган ижтимоий муҳитга бурканиб қолган. Ғарб дунёсидан кириб келаётган глобаллашув жараёнлари таъсирида, сунъий равишда уюштирилаётган урф-одатларга бўй- синиб, хато қилаётганини сезмайди. Энг ачинарлиси нафс балосига гирифтор бўлган, пул илоҳийлашиб кетган. Оқибатда аксарият катта-кичикда тарихий тафаккурни бўшлигидан улар ислом ахлоқига зид ҳаёт кечираётганини сезмай қолади. Бу масалада Ўзбекистон телеканаллари орқали кўрсатилаётган ислом аҳлоқига зид кўрсатувлар ўзбек халқининг аҳлоқий тарбиясига зарар келтирмоқда. Агар исломни том маънода, кенг маънода тушунилганда эди, аҳолининг барча қатлами бундай ҳатолардан йироқроқ бўлишга интилар эди.
Аслида аҳлоқ масаласи нисбий тушунча. Масалан, бизда мусулмон давлатларда ахлоқ деганда эшикдан кириб келган одамга ўрнидан туриб таъзим қилиб саломлашамиз. Америкаликларда суҳбатдошлар оёқларини рўборасидаги стол устига қўйиб ўтиришади. Африканинг баъзи бир қабилаларида ахлоқ деб тушунган нарса, бизда умуман ахлоқсизликдир. Ахлоқ ҳам маданиятнинг бир тури. Маданият жамиятда асрлар давомида урф-одатлардан таркиб топган кадриятдир. Умуминсоний қадриятлар ўзидан каттани ҳурмат қилиш, болалар тарбиясига эътибор бериш, ота-она билан гаплашганда “уф” демаслик, ҳаётда икки юзламачилик қилмаслик, ҳаётда ахлоқий ибратли бўлиш, эзгу амал, буларнинг барчаси ислом ахлоқининг туб мазмунини ташкил этади. Улар исломгача ҳам бошқа динларда, масалан зардуштийликда бўлган. Ислом қуруқ йўқликда, бўм-бўшликда пайдо бўлмаган. Бу тарихий ҳақиқатдир. Жамиятни жоҳил одам бошқарганда ҳам илм-фан мутлақо тўхтаб қолмайди. Инсоният бор экан илм-фан бор. Аммо, пайғамбаримиз айтганларидек, “олим хор бўлган жойда жамият боғи кўкармайди”. Исломда илмга катта эътибор берилган, илм инсон омили туфайли ривожланади, дейилган. Бугунги кунда ер шарида бирор глобал масала йўқки, у илмсиз ҳал этилса. Шу боис, бугунги кунда ислом жаҳон тараққиёти омилига айланган. Ислом омили халқаро сиёсатда, геосиёсатда, иқтисодиятда, фан ва маданият тараққиётида, банк тизимида, ахлоқий тарбияда, соғликни сақлаш тизимида, хуллос жамиятнинг барча жабҳаларига кириб борган. Буларнинг барчаси жамиятни маърифатли ислом йўлидан боришликни тақозо этади.
Исломни фақат дин деб тушунсак, Қуръони каримни эса фақат ибодат учун кўлланма деб тушунсак, у холда биз тузатиб бўлмайдиган жуда кўп хатоларга йўл қўйган бўламиз. Ислом фақат дин эмас, балки буюк таълимот, ижтимоий таълимот, тарихий таълимот, фалсафий таълимот, тиббий таълимот, ҳуқуқий таълимот, хуллос жамият ривожланишининг барча йўналишларини қамраб олган таълимот. Рўза тутиш,закот тўлаш, намоз ўқиш, масжидга чиқиш ва ҳаж зиёратига бориш эса ибодат масалаларидир. Лекин ислом фақат ибодатдан иборатгина эмаску. Қуръони каримнинг 603 бетдан иборат матнини барчаси ибодат эмаску. Қуръони карим оятлари ичида яширинган ботиний билимлар шунчалар кўпки, инсоният уларни охир замонгача ўрганади, кашф этади. Агар биз илмни диний ва дунёвийликка ажратсак жамият парчаланиб кетади. Шу боис М.Нуритдинов томонидаган амалга оширилган академик таржимани фурсатни бой бермасдан халқимиз қўлига етказишимиз керак ва зарур. Бугунги кунда олим томонидан юзага келтирилган шундай бебаҳо илмий манбаъни халқимиз мулкига айлантиришга шошилишимиз керак.
Сиёсатшуносларнинг мана шу ҳатоси туфайли жаҳон жамияти исломий ва насронийликка ажралиб, айниқса XXI аср улар ўртасидаги ғоявий ва иқтисодий кураш майдонига айланиб қолди. Исломнинг бугунги кундаги таълимот масаласидаги вазифаси жамиятдаги барча табақаларни бирлаштиришга қаратилган. Бунга жамиятнинг илғор фикрловчи кишиларидан иборат ижрочи ва ғоявий йўналиш берувчи гурух ташкил этиш керак. Мустақил Ўзбекистонимизнинг таълим тизимида: ўрта таълим мактабларида, олий ўқув юртларида, радио ва теле-кўрсатувларда, маҳаллий матбуотда, кенг жамоатчилик орасида мана шу йўналишда тарғибот-ташвиқот ишлари мунтазам равишда олиб борилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Шарқшунос, арабшунос, манбаъшунос, ўрта асрлар араб-мусулмон фалсафаси бўйича мутахассис, исломшунос олим, имом-хатиб, фалсафа фанлари доктори, профессор Маҳмудхўжа Нуритдиновнинг “Маърифат чироқлари” эшиттиришларида чиқишларини шарҳловчи олим, академик Аҳмадали Асқаров.
05.02.2023 йил.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ