Ўзбекистон. Украина ва Дунё: Энди Путин ва Россиядан қўрқиш керакми?

Сурат тагсўзи,Путин, Россия ҳозир Украина ва Ғарбга ўзининг ядровий пўписасини кучайтирган. Путин сўнгги чиқишларидан бирида бунинг шунчаки «ҳазил» эмаслиги билан ҳам расман ва ошкора огоҳлантирган
Путин яна нима қилади? Охиригача борадими? Ҳар қандай таваккалга тайёрми? Украина воқеаларининг сўнгги ривожи ҳозир дунё бўйлаб кўпчиликда худди шу каби саволларни пайдо қилган. Энди буёғи нима бўлади? Ўзбекистондан муносабат.
Путин бир неча куннинг ўзида қисман сафарбарлик ортидан, зиддиятли референдумлар орқали Украинанинг баҳсли ҳудудларини ҳам Россияга қўшиб олди.
Бу ерларга қилинган ҳар қандай ҳужумни ўзларига қилинган ҳужум сифатида кўришларини баён қилди.
Мазкур ҳудудларни ўзининг ядровий тизими остига киритди.
Аксарият таҳлилчиларнинг бирдек эътирофларича, расмий Москва, Кремль бу билан урушнинг янада авж олишига аниқ ишора қилди.
НАТО ҳам бунинг Украина уруши қисқа тарихчасидаги энг жиддий эскалация эканини айтиб чиқди.
Россия эса, яна устма-уст ядровий қуроли билан пўписа қилди.
Бунинг шунчаки қуруқ гап эмаслиги билан ҳам огоҳлантирди.
Украинанинг муваффақиятли қарши ҳужумлари манзарасида сўнгги кунларда бутун Украина бўйлаб зарба беришга ҳам ўтди.
Ўзининг бу яқин ойларда кузатилмаган бунга ўхшаш кенг миқёсли ҳужумларининг яна давом этиши, бу ҳали бошланиши экани билан ҳам расман ва очиқча огоҳлантирди.
Буларнинг барчаси нима дегани?
Украина уруши энди шу даражада кучаядими? Сулҳ имконияти буткул йўққа чиқдими ва чиқадими? Уруш энди қандай якун топади?
Би-би-си Ўзбек хизмати худди ана шундай саволлар билан Ўзбекистондан таҳлилчи Камолиддин Раббимовга мурожаат қилди:

СУРАТ МАНБАСИ,.
Жавоб: Менинг назаримда, уруш бошланганига, яъни Россия тили билан айтганида, махсус ҳарбий амалиёт бошланганига етти ойдан ошаётган бўлса, Россия мисли кўрилмаган, мураккаб бир, яъни ўта зиддиятли аҳволда қолди. Сабаби — бир неча кун ичида сиёсий режимни эгаллаш ва ўзи истаган шахсларга алмаштириш лойиҳаси тўлиқ амалга ошмади, тўлиғича қулади. Кейинги ойларда, айниқса, кейинги икки ойда ўша босиб олинган ҳудудлардаги ташаббус бугун тўлақонли Украина тарафида. Украина ҳарбий машинаси ўзининг анча профессионаллашган эканлигини кўрсатаяпти. У коллектив Ғарбдан энг охирги технологияларни қўлга киритаётганлиги маълум бўлаяпти. Йилнинг бошида қабул қилинган ленд-лизе тизими, мана, энди 1 октябрдан бошлаб тўлақонли кучга кирди. Ва мана шу фонда кунма-кун Россия босиб олинган ҳудудларни йўқотиб бораяпти.
Савол: Украина ерларининг аннексияга оид битимлар имзоланиши биланоқ Путин Украинани зудлик билан ҳарбий ҳаракатларга чек қўйиш ва музокаралар столига қайтишга чақирди. Зеленский ҳали бундан олдин аннексия ҳар қандай сулҳ эҳтимолини йўққа чиқаришини айтган. Путиннинг бу даъвати ортидан эса, қилса ҳам, фақат янги президент билан мулоқот қилишини айтди. НАТОга тезкор кириш учун ариза топширишларини баён қилди. Бу сулҳ эҳтимоли буткул йўққа чиққанини англатади ёки ҳали ҳам қандайдир асос борми? Бўлса, у нима?
Камолиддин Раббимов: Биласизми, менинг назаримда, аслида ҳали аннексия бўлмасидан олдин ҳам томонлар бир-бирига ўзаро қабул қила олмайдиган шартларни қўйган эди. Аннексиядан кейин, албатта, Украина ҳеч бир шароитда бу музокараларга боролмайди. Чунки музокаралар столига ўтириш истагининг борлиги Путин қўяётган ўша шартларга қисман бўлса-да ёки яширинча, норасмий бир шаклда бўлса-да розилигини англатади. Ва бу Путиннинг иштаҳасини янада кучайтириши мумкин бўлади. Бугун ташаббус Украина тарафида. Демак, шундай бўлар экан, Украинада Путин билан музокаралар олиб бориш учун ички эҳтиёж ҳам юқори эмас. Чунки коллектив Ғарбдан бўлаётган ҳарбий ёрдам ниҳоятда кучли. Бугун Украина ташаббусни қўлига олиб, босқичма-босқич аҳоли пунктлари ва ҳудудларини қайтариб олаяпти. Ва кўпроқ музокараларга бўлган эҳтиёж Путинда. Лекин Путин ҳам ўзининг ортга чекинолмаслигини ҳуқуқий даражада расмийлаштирди. Чунки аннексия қилиб, Россия қонунчилиги даражасида тан олди ўша ҳудудларни бизники, деб. Энди у ҳам, агарки, музокаралар столига ўтирадиган бўлса, Украинанинг шарти бу ҳудудларни қайтариб бериш бўлади. Буни Путин қайтариб бера олмайди. Демак, ягона йўл бу масала фақатгина ҳарбий йўл, уруш билан ҳал бўлади, холос. Ҳар икки томон ҳам охиригача боради. Лекин тактик ядро ёки стратегик ядро қуролини ишлатиш таҳдиди Кариб инқирози, ўша 1962 йилнинг сентябрь-октябрь ойларидан бери биринчи марта юқори даражага кўтарилди кейинги 60 йилда, реал даражада.
Савол: Энди, худди шундай бир манзарада ана шу ядровий пўписа, таҳдид аниқ амалга ошади, деб хулоса чиқариш қанчалик тўғри бўлади?
Камолиддин Раббимов: Йўқ, бундай деб ҳеч ким хулоса бера олмайди. Чунки бу кўпроқ Путиннинг онгида кечаётган психологик кураш. Россиянинг яшовчанлигини таъминлашнинг биринчи шарти бугун Путин режимининг йиқилиши ва Путиннинг ҳокимиятдан кетиши бўлиб қолди. Путин Россия давлатчилиги, ўзининг сиёсий тизими ва стратегик хавфсизлиги учун мана шундай бир оғир вазиятни шакллантирди. Орқага чекинадиган йўл қолмади. Агар бу курашда ўч олиш Путини ғалаба қозонса, яъни ядро қуролини ташлаш керак, деган ғояга келинса ҳам, буни амалга ошириш қанчалик мумкин бўларкин…Чунки унинг атрофидаги коллектив Путин бунга қанчалик рози бўлади? Чунки Путиндан ташқари у ерда генераллар бор, хавфсизлик тизимидаги шахслар бор. Улар қанчалик рози бўларкин, деган масала бор. Чунки уларда ўзининг ҳаётини сақлаб қолиш учун тўлиқ асослар мавжуд. Чунки Путин ҳокимиятдан кетгани билан, улар сиёсатчилар, Ғарбдаги ҳар қандай лидерлар билан келиша оладиган шахслар. Демак, уларда манёвр қилиш имконияти бор, аслида. Бу — иккинчи масала. Учинчи масала — Путин билан коллектив Путин ягона — ядро бомбасини ташлаш қарорига келганда ҳам, бу техник жиҳатдан қанчалик имконли, яъни, биз Ғарбнинг ҳам имкониятларини билмаймиз. Чунки ҳали ҳаётда бирор марта ядровий уруш бўлмаган. Ўша Нагасаки ва Хиросима мисоли бу — ядровий уруш эмас. Урушда ядро қуролига, ядро салоҳиятига эга иккита томон урушади. Уларнинг бир-бирига бериши мумкин бўлган зарбалари, зарарлари ва келаётган ядро қуролини йўқ қилиш имкониятлари ҳали ҳаётда синаб кўрилмаган. Фақат компьютерда синалган, холос. Лекин компьютер билан ҳаёт жудаям жиддий ва катта фарқ қилади. Ва бу занжирли тизим сифатида давом этадими-йўқми, деган бир қанча ўта муҳим саволлар бор. Уларга бугун ҳеч ким жавоб бера олмайди.

Савол: Украина томони аннексия масаласини Гаагадаги Халқаро судга олиб чиққанлиги ва суддан бу ишни имкон қадар тезликда кўриб чиқишини сўраганини маълум қилди. Бу аннексия қилинган ҳудудлар тақдири ва умуман Украина урушининг дипломатик якунида бирор бир таъсирга эга бўлиши мумкинми?
Камолиддин Раббимов: Йўқ, ҳеч қандай таъсирга эга бўлмайди. Чунки шу пайтгача ҳам Гаага трибунали, яъни БМТнинг уруш жиноятлари бўйича трибунали бир қанча жараёнлар, процедураларни бошлаган. Россияни таклиф қилган. Россия эса, ҳаттоки, бу йиғилишларга боришни ҳам ўзига лозим кўрмади. Яъни, Путин сиёсий тизими бугун ўта маргиналлашган ва дунё ҳамжамиятининг фикрини тўлиқ инкор қилаётган, дунё учун қўрқув манбаига айланган давлат бўлиб улгурди. Путин даврида бу Путин сиёсий тизими учун ҳеч қанақанги аҳамиятга эга бўлмайди. Лекин ҳуқуқий тизим учун, дунёнинг келажаги, истиқболи ҳамда дунёдаги урушга мойил бўлган автократиялар учун бу катта аҳамиятга эга. Улар вазиятни кузатиб турибди. Ҳозирги кунда Путин сиёсий тизими бу қарорларни тўлиқ инкор этади. Путиндан кейинги Россия учун, албатта, бу аҳамиятли. Ҳуқуқий инструментлар албатта бор.
Савол: Яъни, хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳозир ҳеч ким Украина урушининг тақдири қандай якун топишини билмайди, буёғи нима бўлишини билмайди?
Камолиддин Раббимов: Йўқ, аслида Украина урушининг тақдири кўриниб қолди. Сабаби — ташаббусни ҳозир Украина қўлига олган. Агар конвенционал (одатий — таҳр.) уруш давом этаверадиган бўлса, Россия сафарбарлик эълон қилганида ҳам, бор кучи билан профессионал ҳарбийларини ташлаганида ҳам босқичма-босқич Украина енгаяпти. Агар уруш яна беш-олти ой давом этадиган бўлса, Украина барча ҳудудларини қайтариб олади ва ҳаттоки Қримни ҳам қайтариб олиши мумкин. (PS: Фақат Қрим масаласида ҳали коллектив Ғарбда қарор қабул қилинмаган бўлиши мумкин). Агарки, Россия томони тактик ядро қуролини ишлатмаса. Россиянинг бошқа имкониятлари қолмаяпти. Демак, Россия олдида, Путин олдида мисли кўрилмаган бир оғир дилемма турибди. Биз бу ҳақда юқорида айтиб ўтдик.
Москвадаги Би-би-си муҳаррири ҳам, «агар сиз ҳам Путинга ўхшаб бир давлатни 22 йил бошқариб, танқидчиларингиз овозини ўчириб, мухолифатни яксон этган бўлсангиз, ўзингизни доим ғолиб ҳис қилиб қоласиз. Бундан ўзгасини эътироф этиш эса, енгилмас эмаслигингиз ҳақидаги нохуш ҳақиқатни тан олишингизни англатади, дейди Путиннинг энди нима қилиши ва бошида қандай хаёллар бор экани саволини таҳлил қиларкан.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
Манба: Би-Би-Си