Михаил Горбачёв КПСС Марказий Қўмитасининг охирги бош котиби, шунингдек, СССРнинг биринчи ва ягона президенти эди.

BBC`нинг қайд этишича, Горбачёв «Совуқ урушни тугатиш учун ҳаммадан кўра кўпроқ ҳаракат қилган одам сифатида дунёда чуқур ҳурмат қозонган. Аммо собиқ Иттифоқда умрининг охиригача кўпчилик уни мамлакатнинг парчаланишида айблади».

Фонд сайтидаги таржимаи ҳолида 1978 йил ноябрь ойида Михаил Горбачев КПСС Марказий Қўмитаси котиби, 1985 йил март ойида эса КПСС Марказий Қўмитаси бош котиби этиб сайлангани айтилади.

«СССРда Горбачёвнинг ҳокимият тепасига келиши билан „қайта қуриш“ (1985−1991) деб номланган демократлаштириш жараёни бошланди. Қайта қуришнинг ҳаракатлантирувчи кучи шаффофлик эди. Иқтисодиётни ижтимоий йўналтирилган бозор асосига ўтказиш дастури ишлаб чиқилди. СССРда тоталитар тузум барҳам топди. 1990 йилда ҳокимият КПССдан совет тарихидаги муқобил равишда эркин демократик сайловларда сайланадиган ҳамда биринчи парламент бўлган СССР халқ депутатлари қурултойига ўтказилди. 1990 йил 15 мартда қурултой Горбачёвни СССР президенти этиб сайлади», — дейилади таржимаи ҳолда.

«1985−1991 йилларда Ғарб ва СССР ўртасидаги муносабатларда туб ўзгаришлар рўй берди — ҳарбий ва мафкуравий қарама-қаршиликдан мулоқот ҳамда шериклик муносабатларини шакллантиришга ўтилди. Горбачёв фаолияти Совуқ урушни тугатиш, ядровий қуролланиш пойгаси ва Германияни бирлаштиришда ҳал қилувчи рол ўйнади», — дея қайд этилади биографияда.

СССР парчаланганидан кейин 1991 йил 25 декабрда Михаил Горбачёв давлат раҳбари лавозимини тарк этди. 1996 йилда у Россияда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида ўз номзодини илгари сурди, аммо 1 фоиздан кам овоз олди.

«Мен сиёсатни илм-фан, одоб, ахлоқ, одамлар олдидаги масъулият билан уйғунлаштиришга интилдим. Мен учун бу принципиал масала эди. Ҳукмдорларнинг авж олган истакларига, уларнинг зулмларига чек қўйиш керак эди. Мен ҳамма нарсада муваффақиятга эришмадим, лекин бу ёндашув нотўғри бўлган деб ўйламайман. Бусиз сиёсат ўзининг беқиёс ролини бажара олади, деб кутиш қийин, айниқса, биз янги асрга қадам қўйган, кескин муаммоларга дуч келаётган бугунги кунда», — деб ёзганди.

Манба: Газета.Уз