Қаландар Абдураҳмонов: ОЛИЙ ТАЪЛИМ ТАРАҚҚИЁТИДА ЯНГИ ДАВР
Янги Ўзбекистонда барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган туб ўзгаришларга ҳаммамиз гувоҳ бўлиш билан бирга, бу жараёнда бевосита иштирок этиб ҳам келмоқдамиз.
Қайси соҳани олмайлик, ишга ёндашув, муносабат, талаб ва мезонлар ўзгармоқда. Энг муҳими, кенг кўламли ислоҳотлар натижасини одамлар амалда ҳис этаётир, кундалик турмушида
сезаётир. Ҳеч шубҳасиз, бунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан чуқур ўйланган ҳолда амалга оширилаётган стратегик йўл ҳал қилувчи роль ўйнамоқда.
Кўриниб турибдики, ушбу вазифаларнинг барчаси бугунги ҳаётимиз ва ислоҳотлар талабидан келиб чиққан ва улар олий таълим тизимида ўқув жараёни, илмий тадқиқот ишларини бозор тамойилларига, реал воқеликка, ланиш суръатларига яқинлаштиришга хизмат қилади.
Албатта, ўзгаришлар нафаси бошқа соҳалар қатори биз, профессор-ўқитувчилар фаолият кўрсатаётган олий
таълим тизимига ҳам кириб келмоқда. Лекин юртимиздаги шиддатли ўзгаришлар суръати билан солиштирганда, бу йўналишда қилинган ишлардан кўра, ҳали қилиниши керак бўлган ишлар салмоғи кўпроқ экани айни ҳақиқат.
Давлатимиз раҳбари раислигида шу йил 16 июнда олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирилган танқидий-таҳлилий мулоҳазалар, илгари сурилган янги ғоя ва ташаббуслар бу фикрни яна бир бор тасдиқлади.
Йиғилишда таъкидланганидек, кейинги 3 йилда мамлакатимизда олий таълим муассасалари сони 65 тадан 117 тага етди, қабул ўринлари 66 мингдан 181 мингга ошди. Олийгоҳларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди.Хорижий мамлакатлар билан қўшма таълим дастурлари доирасида 64 та янги касб бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди. Профессор-ўқитувчилар маоши ўртача 3,5 баробар кўпайтирилди. Табиийки, буларнинг барчаси қисқа муддатда амалга оширилган, илгари тасаввур ҳам
қилиб бўлмайдиган жуда катта ижобий ўзгаришлардир.
Айни пайтда йиғилишда тизимда сифат борасида туб ўзгаришлар сезилмаётгани, хусусан, таълим сифатини яхшилаш, ўқув ишларини бозор эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этиш эътибордан четда қолаётгани тўғри танқид қилинди. Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда тизимда олий маълумотли мутахассислар тайёрлашга ихтисослаштирилган 815 та йўналишдан 55 фоизи бозор талабларига жавоб бермаслиги — бу барчамизни ташвишга солиши, ўйлантириши керак бўлган ўта жиддий муаммодир.
Йиғилишда ана шундай камчиликларнинг туб сабаблари ва уларни бартараф этиш, олий таълим муассасала-
ри фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш йўллари аниқ-равшан кўрсатиб берилди. Жумладан, олийгоҳлар 2 мингга яқин фан бўйича дарсликлар билан таъминланмагани, ўқув дастурлари бундан 40 йил олдинги фан ва йўналишлар асосида тузилгани, тизимда коррупция ҳолатлари кўплиги афсус билан қайд этилди.
Айниқса, йиғилишда даватимиз раҳбари томонидан олий таълим тизимини ривожлантириш бўйича 4 та устувор йўналиш белгилаб берилгани ғоят муҳим аҳамиятга эга. Биринчи устувор йўналиш — олий таълим муассасалари бошқарув кенгашларининг ролини ошириш ва кафедралар ваколатини кенгайтириш.
Иккинчи устувор йўналиш — ўқув жараёнини бозор талабларига мослаштириб, ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаш ва талабанинг ўз устида ишлаши учун қулай муҳит яратиш.
Учинчи устувор йўналиш — олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш, илм-фан ва инно-
вацияни ривожлантириш.
Тўртинчи устувор йўналиш — профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қоғозбозликни камайтириш, соҳа-
ни рақамлаштириш орқали бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш.
Яшириб нима қилдик, шу пайтга қадар олий маълумотли кадрлар тайёрлашда
иқтисодиётнинг реал секторидаги мутахассисларга бўлган реал эҳтиёж,
меҳнат бозори талаблари кўп ҳам ҳисобга олинмас эди. Ҳаётда керак бўладиган,
меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладиган ҳақиқий профессионал мутахассислар
эмас, кўпинча номига диплом кўтариб юрадиган, амалда ўқиган соҳаси бўйича
ишни малакали ташкил этиш, долзарб муаммоларни ечишга билими, тажрибаси,
қурби етмайдиган нўноқ мутахассислар, халқимиз таъбири билан айтганда, “нон
емас”ларни тайёрлашга зўр берилди. Бундай “дипломли мутахассис”ларнинг жамият
учун фойдасидан кўра, зарари кўпроқ эди. Халқимиз “саводсиздан кўра, чаласавод
хавфлироқ”, деб бежиз айтмайди.
Кейинги пайтларда ўз касбининг чинакам устаси бўлган, халқаро меҳнат бозоридаги рақобатга дош бера
оладиган, инновацион фикрлайдиган, энг муҳими, сифат ва натижа учун ишлаб, иқтисодиётимиз, ижтимоий
ҳаётимизни юксалтиришга муносиб ҳисса қўшадиган кадрларга эҳтиёж жуда кучайиб бораётгани кузатил-
моқда. Чунки давлат ва жамият ривожланмоқда, энди унга шу тараққиёт даражасига мос кадрлар керак. Юр-
тимизда иш бошлаётган маҳаллий ва хорижий фирмалар, корхоналар, йирик компанияларга кутилмаганда
“қовун тушириб”, ишнинг пачавасини чиқарадиган, иш буюрганда, уни бажариш эмас, балки баҳона топиш
ҳақида ўйлайдиган дипломли “кадрлар” эмас, биринчи навбатда, ўз ишини пухта биладиган юксак малакали, ўз йўналиши бўйича янгилик кирита оладиган инновацион мутахассислар керак.
Шунинг учун Президентимиз олий таълим йўналишлари билан замонавий эҳтиёжлар ўртасида узилиш жуда катта эканини танқид қилиб, бугунги кунда хизмат кўрса тиш соҳасида 40 мингта, саноатда 38 мингта, қурилишда 12 мингта, қишлоқ хўжалигида 10 мингта, алоқа ва ахборот технологияларида 4 мингта олий маълумотли кадрлар талаб этиладиган бўш ўринлари борлиги, лекин битирувчилар сон жиҳатидан ҳам, малака бўйича ҳам бу талабни қондира олмаётганини афсус билан қайд этди.
Йиғилишда олий таълим тизимини ривожлантириш бўйича устувор йўналишларни самарали амалга оши-
риш учун олийгоҳларга ҳуқуқий эркинлик — академик ва ташкилий-бошқарув бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколати берилиши жуда катта аҳамиятга эга. Чунки мустақиллик масъулиятни оширади, сифат ва самара учун ишлашга мажбур этади.
Албатта, видеоселектор йиғилишида ўртага қўйилган масалалар, белгилаб берилган вазифалар кўп ва уларнинг ҳар бири ҳақида чуқур фикрлаб, шу асосда ўз
фаолиятимизни танқидий қайта кўриб чиқиб, амалий хулосалар чиқариб олиш ҳамда ишимизнинг маъно-мазмуни, сифати ва самарасини ошириш асосий бурчимиз ва вазифамиздир.
Таъкидлаш керакки, ушбу йиғилишда Президентимиз томонидан билдирилган барча фикрлар, илгари сурилган амалий ташаббуслар тизимда ишлаётган профессор-ўқитувчилар, илмий ходимларнинг айни кўнглидаги гаплар бўлди.
Йиллар давомида ана шундай янгилик ва ислоҳотларни орзу қилиб келар эдик. Ҳеч шубҳасиз, мазкур йиғилишдан сўнг олий таълим тизими тараққиётида янги тарихий давр бошланади. Ўзининг бутун онгли ҳаётини ёш авлод тарбиясига, турли соҳаларда жонажон Ўзбекистонимиз манфаатларини ҳимоя қилишга қодир, юксак малакали, замонавий кадрлар тайёрлашга бағишлаган барча ҳамкасбларимиз бугунги кунда олдимизда турган вазифалар кўлами ва аҳамиятини чин дилдан ҳис этиб, ўзларининг бор куч-ғайрати, билим ва тажрибасини уларни самарали амалга ошириш учун сафарбар этадилар, деб ишонамиз.
Қаландар АБДУРАҲМОНОВ
Академик
Манба: «Янги Ўзбекистон» газетасидан олинди
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ