"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Ҳалима Аҳмад: Ёдимга тушади, Тўкилиб майин, Соғинч боғидаги ўрик гуллари…

Адабиёт, Муҳаррир танлови, Хотин-қизлар олами | 06/06/2021 10:56-     16491 марта ўқилди

 Ҳалима Аҳмад
***
Айни куз авжида сени соғиндим,
Устимдан хазонлар кулган чоғида.
Нима қолди экан,
Нимадир қолди,
Ўриклар гуллаган соғинч боғида?
Тонгнинг тиззасига қўйиб бошимни,
Умрим ўтказибман мен ожиз банда.
Жон берган майсадай сескандим ногоҳ,
Кўзингни ёмғирлар айтиб берганда.
Мендан аразлаган қуёш ҳам, ой ҳам,
Кунларим сочилиб ётар бетартиб.
Ҳаёт гирдобига тушаман ҳар кун,
Гарчи мен ёдингга тушмайман қайтиб.
Чорлаб турганида илоҳий сафар,
Негадир, мен сенга жуда ичикдим.
Чиқолмай кун ва тун қўрғонларидан,
Балки хато қилдим,
Балки кечикдим.
Айни куз авжида сени соғиндим,
Юрак кулин титар мезон еллари.
Ёдимга тушади,
Тўкилиб майин,
Соғинч боғидаги ўрик гуллари…
***
Нечун кўзларимни боғлагансан тун,
Нега шивирлайсан, ишқ андуҳидан.
Мен қайта тирилмоқ истайман ахир,
Юлдузлар сузганда осмон руҳида.
Қадим харобалар остида қолган,
Жом янглиғ жимликка тўлгандим бадар.
Мени олиб кетди қушлар чуғури–
Куйлашни ўргатмоқ учун бир саҳар.
Мавж уриб юксаклик изтиробида–
Саҳро кўзгусида бўлдим намоён.
Куйласам қушману, йиғласам одам,
Кимлигим билмайман ўшандан буён.
Менинг қароргоҳим эмасмиди тонг,
Саломга келганда ҳар гиёҳ, ҳар хас.
Шабнам инжуларин териб мен учун,
Шаббода кўксимга урганда нафас.
Сендан озод қилдим, кўзларимни тун,
Паришон чайқалган ойнинг нурида.
Ҳайратзор кўнглимни эркалаб дейман:
Юлдузлар сузмоқда осмон руҳида.
***
Бошингни юракнинг қибласига қўй,
Райҳон нафасига чайиб вужудинг.
Пок бўлсин,
Пок бўлсин, нурлар каби пок,
Пайғамбар тушидек яшил сужудинг.
Булоқларнинг шаффоф хаёлини ол,
Қайғуни кулдиргин,
Бахтни йиғлатмай.
Кўзингни кенгликка садақа қилгин,
Дўсту душманингга…
Ҳеч кимга айтмай.
Гўдак ҳиди келган майсага бориб,
Мовий саболарнинг ишқин кийдиргин.
Ташна дарахтларнинг тасаввурини
Само орзулари ила тўйдиргин…
Ошиқ бўл, мусаффо борлиқ қўйнида
Кўксингга нурларнинг шавқи ботганда.
Айниқса, муаззин-тонгнинг қушлари
Худонинг “кўнглини” ўқиётганда…
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан

Ўхшаш мақолалар:

  1. Ҳалима Худойбердиева: Юрагимда ётар бир йўлбарс…
  2. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари: Танишув ёки магазинчи йигит (1)
  3. Ҳоҳ ишонинг, ҳоҳ ишонманг: Илонга айланган йигит ёрининг тўйига қаршилик қилди…
  4. Хосият Рустамова: Кел, кўзимнинг очиқлигида — Сенга тўйиб олайин осмон…
  5. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (19-20)
  6. Гулноза Абулқосим қизи: СУЮКЛИСИНИ КУТАЁТГАН ЙИГИТ (Ҳикоя)
  7. Хосият Рустамова: Қўй, ўксима, ўтади итларнинг ҳам ҳуриши, Бошингни кўтар баланд узилиб кетар қарз ҳам…
  8. Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ… (4)
  9. Ўзбек шоирасининг китоби Лондонда нашр этилди…
  10. Малоҳат Мирзаева: Бегим, энди сизни мен беун, сокин севаман…
  11. Ҳалима Худойбердиева шеъри: Сен барибир муқаддассан, Муқаддас аёл!
  12. Абдулла Ориповнинг умр йўлдоши Ҳанифа ая Мустафо қизи: Изтиробларим
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.