"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Дилфуза Комил: Илгари ҳаддини биларди инсон, Илгари жойини биларди итлар…

Адабиёт, Муҳокама учун мавзу, Хотин-қизлар олами | 03/06/2021 13:31-     16431 марта ўқилди

Дилфуза КОМИЛ  
Илгари одамлар улуғвор эди,
Ватанлик қиларди ўлкалар, юртлар.
Ҳар кас олинмасди уйнинг тўрига,
Илгари ҳаддини биларди итлар.
Илгари олимнинг амали тақво,
Авом ҳам ҳаромдан этарди ҳазар.
Илгари аёлнинг безаги ҳаё,
Эркак – эркак эди,
Назарлар – назар…
Бугун юрагимни кўксимга босиб
Дунёга қарайман —
Дунё шарафсиз.
Ватанлик қилолмас ўлкалар, юртлар,
Бугун ҳақ десангиз хорсиз, харобсиз…
Бугун ҳар сўзини «илмий» асослаб
Олимлар ваъз ўқир шаҳвониятдан,
Бугун тизгинини итга тутқазиб
Аёл таскин олар ҳайвониятдан…
Кечаги арслондай ота, бобонинг
Насли қўйдай ювош, қуёндай қўрқоқ,
Ботирман дегани – ёвга мулозим,
Бирлашдим дегани – тариқдай тарқоқ…
Илгари бошларга чиқмасди шайтон,
Одам учун эди ўлкалар, юртлар.
Илгари ҳаддини биларди инсон,
Илгари жойини биларди итлар…
*
Кезинасан ўгай дунёда
Гоҳи шодон, гоҳида маҳзун.
Қўли баланд ҳою-ҳаваснинг –
Орзуларинг умрингдан узун.
Осийларга қўллар бергайсан,
Йўлсизларга йўллар бергайсан,
Ҳар нокасни қўллайвергайсан
Сени яхши десинлар учун.
Асрорларинг ошкор бўлгайлар,
Бунёдларинг абгор бўлгайлар,
Сендан охир безор бўлгайлар –
Меҳрларинг ҳаддан ошган кун.
Дил берганинг сўз бермагайдир,
Жон берганинг туз бермагайдир,
Йўқ, мўъжиза юз бермагайдир —
Тегирмонга айланар очун…
Ёмон қулсан – ёмонга бординг,
Ёв-ла омон-омонга бординг,
Дўст излаб тўрт томонга бординг,
Истамадинг Роббингни нечун?!
Юз йил яша – тўйдим демассан,
Бахт таъмини туйдим демассан,
Билмассан, биродар, билмассан
Дунё асли бор-йўғи бир кун –
Кун фа якун,
Кун фа якун
Кун…
*
Қўлим ханжар каби ботар юракка,
Ҳар оним энг сўнгги дамдай кўринди.
Лек тирилолмадим…
Тирилмоқ учун
Қанча ўлсам, шунча камдай кўринди.
Кўкдан ёғаётир бедаво ҳасрат,
Кўксимга яширдим сўнгги чўғларни.
Шундоқ кўз ўнгимда хорлади дунё
Жасадин орқалаб юрган руҳларни.
Дарддан йўл сўрадим,
Хатардан сўрдим…
Топмаган ўзимга келмоқда раҳмим.
Ҳар олган нафасда бир ўлиб кўрдим,
Тирилмоқ шунчалар қийинми,
Раббим?!
Дунё тобут каби борар лопиллаб
О, улгурсам эди,
Улгурсам эди
Ҳузурингда тирилмоқдан олдинроқ
Кўнглим не аҳволда…
Бир кўрсам эди…
МУҲЛАТ ТУГАБ БОРАР…
Муҳлат тугаб борар,
Битар сармоя –
Дунё юрагини қоплар ваҳима,
Ҳушидан айрилиб, қулар юлдузлар,
Уммонлар тубидан тошар таҳлика.
Тоғ тутиб қололмас олов ёшларин –
Дўзахни эслатиб отилар вулқон.
Заминда – истиғфор,
Кўкда – истиғфор,
Тупроқ тилдан қолар,
Тошлар паришон…
Ҳақ мажлисин излар гирён малаклар:
-Борми авф тилаган,
Ҳақ деган ғариб?!
…Бир-биридан ўзган зиёфатларда
Одамлар ўтирар катта гапириб…
Муҳлат тугаб борар…
***
Олға босар шиддатли ҳаёт,
Югурасан…
Ҳаво етмайди,
Биров сенга узатмайди қўл –
Ортиқ одамийлик кетмайди.
Яланғочлик – энг севимли урф,
Ҳаё кўзга тикондай ботар.
Даюслар – кун қаҳрамонлари –
Хонимлари муҳаббат сотар.
Ой келинчак – ой-куни яқин,
Ниятларнинг фаҳмига етмас:
«Болам машҳур қўшиқчи бўлсин»…
Ортиқ ҳеч ким мардларни кутмас.
Атроф тўла вақт жасадлари,
Селга оқар бебаҳо дамлар –
Гул умрини лойларга қориб
Иморатлар қурар одамлар:
Иймон чирик,
Ибодат қазо,
Кўшклар гулчин,
Кўнгил серҳавас.
Мақсад ўша –
Душманлар ёниб,
Қўшнилари куйиб ўлса бас!..
Ортиқ булбул сайрамас бўлди –
Ичга ютди, кесди сасини
Одамлар ҳам эшитсин дея
Азроилнинг қаҳқаҳасини…
Сурат чизар шиддатла ҳаёт,
Чизгиларда:
Дил хушлар дамлар,
Ва Дажжолнинг ноғорасига
Ўйнаётган ғофил одамлар.
МАҲЗУН АСОТИР
Ҳақ амрини рад этди Қобил –
Ер юзида шайтоний исён!
-Қоч,
Жонингни олиб қоч, Ҳобил,
Бандаликдан чиқди бу инсон.
Ортиқ сенга қондош эмасдир,
Боқ, Иблисга қуллуқ қилди у!
…Чекинмади,
Мард қолди Ҳобил –
Яратганга қуллик қилди у.
«Одам ўғлин ўлдирмоқ – гуноҳ!
Аллоҳ амрин бузмасман», — деди.
Осийликни танлади Қобил –
Қардошининг бошини еди…
Узоқ кечди бу алаҳсираш:
Исён,
Гуноҳ,
Фитнаю ғавғо…
Қонга ботган ака-укалар…
Гўр қазишни ўргатган қарға…
Хайрсизлик битмади, Ота!
Тугамади маҳзун асотир –
Қиёматга кетяпмиз
Ҳамон
Ҳобиллардан олиб хавотир.
May be a closeup of 1 person and headscarf
Хакимжон Эрматов
Робия Камол сайтидан
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан

Ўхшаш мақолалар:

  1. Ҳоҳ ишонинг, ҳоҳ ишонманг: Илонга айланган йигит ёрининг тўйига қаршилик қилди…
  2. Баҳром Рўзимуҳаммад: Хосият юмронқозиқ эмас, бахт қуши…
  3. Холниса Раҳмонқулова: Башоратчининг бошидан кечирганлари 2-китоб (3)
  4. Озод Шарофиддинов аёлларга меҳрибон бўлса бордир шунга шунча гап сўзлар…
  5. Мамадали МАҲМУДОВ: АФСОНА ВА ҲАҚИҚАТ (ЭССЕ) 5-БЎЛИМ
  6. Оқибат деворлари (Ҳалима Худойбердиева ва Набижон Боқий суҳбати)
  7. Исмат Хушев: Икки умр ораси (Одил Ёқубов ёди)
  8. Сиз севган адиблар: Тоғай Мурод — От кишнаган оқшом (қисса)
  9. Сиз севган адиблар — Шодмон Отабек. Аравакаш (ҳикоя)
  10. Аҳли Расул Муҳаммад: ХУШБЎЙ ШАМОЛ (Санобар Меҳмон шеърияти ҳақида)
  11. Ўзбек шоирасининг китоби Лондонда нашр этилди…
  12. Абдулла ОРИПОВ: АЁЛ («Онажоним — шеърият» туркумидан)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.