Венера Қодирий шеърияти: СОҒИНЧ ОҲАНГЛАРИ (Хужанд — Санкт — Петербург)
Ассалому алайкум, Исмат ака.
Соғ — омон бӯлинг, доим.
Қаерда бӯлмайлик, Оллоҳим ӯзидан ӯзгага муҳтож этмасин ва тангримнинг паноҳида бӯлайлик, илоҳа.
Ижодингизга баркамоллик, аҳли оилангизга тинчлик-хотиржамлик ёр бӯлсин, илоҳа.
Ушбу шеърларимни «ДУНЁ ӮЗБЕКЛАРИ» мустақил интернет — газетангизга юборяпман.
Ҳурмат билан Венера.
Хужанд — Санкт — Петербург.
Венера Қодирий
СОҒИНЧ ОҲАНГЛАРИ
*
Бугун ҳаво ғалат… жуда ҳам ғалат,
Булутлар тӯлғонар ҳуда-беҳуда.
Кулча ёғдирсангчи, мени қийнамай,
Онамни соғиндим, онамни, жуда.
Биласан, ёмғиринг севарман, аммо
Юрагимда ӯтли соғинчлар бисёр.
Ёмғир суякларим тешиб ёғаркан,
Онамни соғиниб турибман ночор.
Ҳолим гадо янглик, гадоси бахтли,
Гадо ғамларининг садоси бахтли.
Очиқ қӯлларига ким ташлар танга,
Ӯтган ҳар кечига видоси бахтли.
Бугун ҳаво ғалат, ай, жуда ғалат,
Абрим, кӯз ёшларинг тӯкма беҳуда.
Қӯлчаларим чӯзай, кулча нон ташла,
Ахир соғинганман онамни жуда…
*
Ман — ёмғир юртида кӯчманчи жола,
Ман — ёмғир куйига рақс тушган жунун.
Ман — ошиқ кӯнглимга сиғмаган нола,
Қизғалдоқ қалбига томган томчи хун.
Ман — тун кезиб, тонгни сӯроқлаган Ишқ,
Ман — афсун йӯғрилган энг қадим қӯшиқ.
Ман — мағлуб бӯлмаган жонимга қасд жанг,
Олов — ла ӯйнашган ӯтпараст ошиқ.
Сиз ким?! Қуёшмисиз ё ёниб ботган,
Шафақда изларим соясин ёпган.
Жоним, билинг ахир бу олов- оташ
Маним юрагимда масканин топган.
Билмайсиз, бир куни Сизни-да ногоҳ
Далли ёмғиримга лошсиз кӯмишим.
Сӯнг жим дунёнгиздан буткул воз кечиб,
Шу буюк Ишқ ҳаққи жим турмассиз, жииим…
*
Айвонимда қалдирғочларнинг
Лой шувоқдан митти уйи бор.
Ҳар йил улар синчлик уйимга
Олиб келар баҳорий ифор.
Сомон ҳиди анқиган кулбам
Момом қӯшиқларин тӯқийди.
Бийронгина қалдирғочгинам
Тонгги ҳузур билан ӯқийди.
Молу мулким қолади сабил,
Нафс қаърига чӯкмасман асло.
Оллоҳимнинг берган ризқига
Мен ва яна қалдирғоч ризо.
Айвонимнинг пештоқларига
Чориғимни илганман гӯё.
Ахир бир кун бағрига босиб
Лой кӯрпамга айланар дунё…
*
Сайҳун бӯйига келинг,
Соғинганим чин, бегим.
Бизни қумсаб дарё ҳам
Сукунатни бузар жим.
Улуғлайлик тангримни,
Соғинч армуғон этди.
Олислаб кетган бахтга
Биз эмас, Соғинч етди.
Дарё бӯйига келинг,
Хаслар йӯлингиз тӯсмас.
Майсалар пойандоздир,
Энди тиконлар ӯсмас.
Келинг, Ишқни улуғлаб,
Сайҳунга дил ёрайлик.
Бӯйга етган хаёлнинг
Васли томон борайлик…
БАҲОРИЙ ИШҚНОМАЛАР
1.
Минг йиллик оғочларнинг
Дарз-дарз ёрилди сабри.
Зулматдан нур ажралиб,
Гул тутиб турар қабри.
Ай, баҳорни соғиндим.
Иши пардоз новдалар
Ғунчасида ёрилдим.
Ишқ югурган қонига
Кечикмасдан қорилдим.
Ай, баҳорни соғиндим.
Тушларимнинг бандини
Ечиб бердим қайғуга.
Яримта ойнинг бахти
Кетмас энди уйқуга.
Ай, баҳорни соғиндим.
Ёмғирларнинг тилида
Тилга кирди юрагим.
Шивирлаган байтидан
Энди сизни сӯрагум.
Ай, баҳорни соғиндим.
Кӯкда мен ҳилол бӯлдим,
Қизғалдоқда хол бӯлдим.
Гулларга сирин айтган
Боларига бол бӯлдим.
Ай, баҳорни соғиндим.
Шовуллаган даралар,
Абрларим арралар.
Жоламан, кӯнглингизни
Томчиларим поралар.
Ай, сизни ёр соғиндим.
Қамиш ичра тирилдим,
Най тилинда билиндим.
Ишқсиз тул киборларнинг
Томирида тирилдим.
Ай, баҳорни соғиндим.
Байтбарагим сайри — Ишқ,
Кӯкламойим файзи — Ишқ.
Жазо билмас майлим — Ишқ,
Қазо билмас сайлим — Ишқ.
Ай, баҳорни соғиндим.
Салом бердим, аликка
торингиз чертинг, бегим.
Келар бӯлдим. Йӯлларим
гардини артинг, бегим.
Ай, баҳорни соғиндим.
2.
Томчиларга айлансам,
Кафтингда тутармидинг.
Ё баҳорни соғиниб,
Айт, ростдан кутармидинг.
Дунё бӯлиб товлансам,
Кӯзингга сиғармидим.
Майдаланган юрагим
Йиғламай йиғармидинг.
Узилиб гул япроғим
Титраса йӯлагингда,
Гул қилиб тақармидинг
Осмону фалагингга.
Юрагингни суғириб
Қуёшни ёшлармидинг.
Ёки юр, кетдик, дея
Мен томон бошлармидинг…
Мен қуёшга йӯғрилсам
Ҳайрона қолармидинг.
Севсам қуёш тафтидай,
Оҳ, чидай олармидинг.
3.
Баҳорни кезар дилим,
Ишқ бӯйин сезар дилим,
Айтмасам бӯзлар дилим,
Мен сизни севиб қолдим.
Ухламай тонг оттириб,
Кӯзимга тун ботириб,
Кӯксимни кӯкка бериб,
Мен сизни севиб қолдим.
Оқиб келса номалар,
Қарсиллаган олмалар,
Деманг, бунча хом алар,
Мен сизни севиб қолдим.
Сиздан меҳр туймайин,
Сарпонгиз не, киймайин,
Оҳу зорим тиймайин,
Оҳ, сизни севиб қолдим.
Осмонингиз яқин йӯқ,
Исмингизда чақин йӯқ,
Изингизда таскин йӯқ,
На қилай, севиб қолдим.
Қай дилда шовқин-сурон
Бӯлмайин назми турон,
Куйдириб сизни чунон,
Не сирки севиб қолдим..
Кимсиз ӯзи, мулойим,
Хаёлимни ололим,
Шоир, дарвеш ё олим…
Билмайин ӯзим ҳолим,
Сизнида ҳеч кӯрмойин,
Бӯлдим қиёмат қоим,
Ваҳ, шундай севиб қолдим!..
Венера Қодирий,
[28.05.21 18:52]