Муяссар Иброҳим ижоди: Ҳадя қилинмаган гулларнинг ёди…
Муяссар ИБРОҲИМ
ҲАДЯ ҚИЛИНМАГАН ГУЛЛАРНИНГ ЁДИ…

***
Зим зиё кўйлакда куйлаб чиқар тун,
Дарахтлар руҳини уйғотар доди.
Тонггача хонамда изғийди беун,
Ҳадя қилинмаган гулларнинг ёди.
Исминг ҳув фалакда юрибди учиб,
Камонсиз отилган ўқдай бенишон.
Абр найсонланди ҳажрингни ичиб,
Kўнгилнинг толеи мушарраф бу он.
Сутнинг юзидаги адашган хасдай
Умримни умрингдан ташлайди сузиб.
Аммо, миллион йилки кимни чақирсанг,
Исмим лабларингдан чиқади сизиб.
***
Tонггача тош бўлдим.
Oнa…
Toш…
Oрзулар — сочлари оппоқ ғам.
Қаҳратон ўстиргган гул каби,
Бедилман — унутган дийдам нам.
Мен тош бўлдим.
Oнa.
Сўзсиз — тош…
Сўроғи кўксига қадалган.
Aрмони тупроққа ёнбошлаб
Тушлари тоғларга қамалган.
Axир мен тош бўлдим.
Oнa.
Тoш…
O, бардошим қандай товушда?
Соғинч йўлга чиқади. Сендай —
Toвонлари йиртиқ ковушда.
***
Кунлар осилади бўйнимга,
Дардлар —
Турфа рангда кияман.
Яшаб юрибману ичингда,
Кўзларим кўзингдан тияман.
Қаршингда бош эгсам малолми?
Наҳотки,
шу тахлит тураман анча?
Кўриб берақолгин қарздафтарингдан
Ҳали тўланмаган қарзларим қанча?
Айт,
қайси кунимни қайтарай?
Азобим азобинг кўнглин чоғларми?
Сўнгги сониянгни ишлатиб қўйсам —
Тушун,
Умрим эмас, қарзим тугайди…
***
Қайдан келар бу занг қадам товуши
Нега тун зим зиё,
Нега осмон жим?
Тилин ютиб қўйиб қарайди дунё
Ойни кўтарганча чопаётган ким?
Бахтиёр —
Ҳаллослаб,
Югуриб,
Шошиб —
Самонинг кўксига ботган пошнаси.
Бўйнида юлдузлар шода ва шода,
Таъқиб этаётир ишқ даричаси.
Шамғалат қилганча зулмат кўзини,
Адашиб юрибди ой
Ва сўқир ҳис.
Билмадим, билмадим дайдир теграмда —
Исми Садоқат деб аталмаган қиз…
Ўзини ишқ қурган дорларга осар —
Гуноҳсиз,
узилган жони титрайди.
О, кўзлари очиқ тупроқда ётар
Бевақт бўғизланган ҳислар тўзони…
***
Дарахтлар баргини тўкади шошиб,
Мезонни урҳо-ур ҳайдаяпти қиш.
Қушларни олисга кузатяпман-у
Худойим, бошимда қилт этмас ташвиш.
Хазонли боғларда тентийман узоқ,
Ёлвораман — қалбни қоқади нидо.
Кўнглимни англашга кучим етмайди —
Ўзимни ўзимга тушунтир, Худо!
Қандай кўргилик бу —
титрайди аксим?
Кўзингга қарамай термиламан жим.
Ниҳоят ёнингда турибман, мана,
Бўрон қўзғалади, соғинганим ким?!
***
Далли қисматга ҳеч бўйлай олмадим,
Интизор кутсанг ҳам, кутилмасанг ҳам.
Сабо этагимнинг ранги-да ғижим…
Бахтнинг йўлларига чиқар тушар ғам.
Азизим, ранжиблар қарама бундай…
Кўзинг кўзимдаги энг оҳиста дўл.
Тақдир қараб турсин, майли, қуралай —
Юрагингга бир кун олажакман йўл!..
***
Ниҳоят унутдим исмимни,
Бас, уйқуга кетинг, эй тушлар.
Кўзгу кўрмай қўйди аксимни —
Ёқасига туфлайди қушлар…
Тоғлар бир қўзғалди ўрнидан,
Кимнинг йиғисига тушдим рақс.
Тўхтамоқчи бўлдиму бирдан —
Эҳ, ҳаёт-ла бойлаганман баҳс.
Дунёнинг иши деб баъзида,
Югурдим, тўхтадим, ўгрилдим.
Қарсак чал, олқишла, қийқир, кул —
Майна бўлсин кўнгил дафтарим.
Нари турсин кўнгилчан қушлар,
Исбот топсин бешафқат ҳусн.
Мана мен қаршингда жилмайиб —
Юрагимни қиляпман дафн…
***
Тунлар тўлиб борар титроқларимга
Аммо изтироблар сурилмас нари.
Юрагим қон ютар, етиб бошига,
Тонг бор, бироқ ҳали оппоқ дафтарим.
Адашдинг. Кўзимда чўкка тушмас ғам
Ҳатто, қилмаяпман араз ҳам гина.
Бахтнинг қўлларига қўлинг бериб ҳам
Бахтли бўлолмадинг жимгина.
Кемириб ўтирар кўнглимни недир
Бошсиз ва охирсиз ёнишларимни.
Ахир мен тонг қадар йиғлаяпман-ку,
Уволи урмасми кўз ёшларимни.
К Ў Н Г Л И М Г А
Уфқ – осмоннинг кўзлари қизил,
Ё қуёш чарчаган ҳар кун ботишдан.
Ёлвориб чўкдим тиз оёқларингга,
Тўхтата олмадим кетишдан.
Сен кетаверасан боқмайсан ортга,
Ғуруринг бунча тўқ, кўнглинг бунча тўқ.
Бу йўллар қаерга олиб боради,
Менинг бекатим йўқ,
“Бахт” жуда совуқ.
Кетяпсан яшашдан ахтариб маъни,
Ҳаётнинг дил етмас манзили сари.
Ўтинчим ҳеч қачон изсиз кетмагин,
Урушдан қайтмаган аскар сингари.
Ш А М О Л
Балки, ниманидир топгани ростдир,
Доимо ўзини қувлайди шамол.
Ғурур қўл силтади, бўшалди номус,
Оқшом сочин ёйиб йиғлайди бир ҳис.
Намозшом, кузакда увлайди шамол,
Юракка боради дарди, ноласи.
Силкиниб йиғлайди, тилиб кўксини,
Эгилиб турибди қайғу толаси.
***
Сония —
деворга михланган азоб,
Тунлар —
тилсиз қолган аҳд паймонимми?!
Беҳол юрагимни суяб, елкалаб —
Суғуриб оляпман вақтнинг жонини…
Қўрқувдан ранглари оқарар тонгнинг,
Кўнгил қонаб турса,
Қисмат бурса лаб.
Кейин-чи…
Наздингда ишқим ҳалолми?
Умрим ўтиб кетса сендан йўл тилаб…
Қоп-қора манглайдан бир дам жилолмай,
Қара,
Тушларимда турибман карахт.
Тинмай алаҳсираб йўл юриб чиқар
Тириклай оёғи кўмилган дарахт…
Муаллиф:
Муяссар ИБРОҲИМ
Маьлумот: 1994 йилда Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида туғилган.
Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факултетида таҳсил олган.

Муяссар шеърларида дардни, қайғуни жуда ёруғ ифодалайди. Уларда ичкин бир нафосат, яширин ярқироқлик бор. Бугун жазава руҳидаги шеърларга кўниккан ўзбек адабий менталитети қошида Муяссарнинг ҳисларга майингина тегиниб ўтгувчи шеърлари ийманибгина турган бўлиши мумкин. Бироқ ШОИР Фахриёр айтганидек «Шоир шеър ёзиш учун ўқувчининг қошу қовоғига қараб ўтирмайди, кўнглидагини ёзади». Ноаюханнослик, дардларни пардалаб кўрсатиш, мукаммал ички ибо Муяясар шеърларининг фазилати деб ўйлайман.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан