Рустам Очил шеърияти: ҚАШҚАДАРЁ ҚАСИДАСИ
Хайрли оқшом Исмат ака!
Қашқадарёлик мироб шоир Рустам Очил (суратда) “Қашқадарё қасидаси” деган ажойиб манзума яратибдилар.
Бунда сизга ҳам чиройли таъриф берибдилар.
Чунончи бир банди сизга бағишланган:
Олис Торонтада туриб дафъатан,
Ўю хаёлида жонажон Ватан.
Истар Ўзбекистон бўлсин боғ, чаман.
Исмат Хушдек жасур, тили бурросан,
Ҳақ сўзни айтолган Қашқадарёсан!
Ушбу қасиданинг тўлиқ матнини сизга юборяпман.
Суратда: Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев билан Қаршида…
РУСТАМ ОЧИЛ
ҚАШҚАДАРЁ ҚАСИДАСИ
Аждодлар дилида муборак оят,
Ҳар битта тошида минг бир ривоят,
Тарихнинг ўзидек кўхнадир ғоят,
Сен шундоқ бетимсол сўлим маъвосан,
Улғайган бешигим, Қашқадарёсан.
О,қанча дардларни яширган тупроқ,
На чора ер қаттиқ осмондир йироқ.
Чироқчи чўлида чақнаган чироқ,
Мен илк бор кўз очган ёруғ дунёсан,
ЭНГ қадим очунсан, Қашқадарёсан.
Кешсан,қадим Нақшаб замин нақшисан,
Ўланчи элимсан, Қодир бахшисан,
Барча эллардан ҳам ўзинг яхшисан,
Дўмбирам куйлаган дилбар навосан,
Алпларнинг ошёни, Қашқадарёсан.
Неча китобларни очдиму ёпдим,
Қатида кўз нурим йўқотиб топдим,
Саҳфаларни кўзга суртдиму ўпдим,
Руний битикдирсан,сўғдий имлосан,
Ўқилмаган китоб,Қашқадарёсан.
Тупроғинг топтади Қайҳисрав,Доро,
Босқинлардан бўлди толеинг қаро,
Бойлигинг талади ҳар келгинди,о,
Етим шарқ, манглайи шўр, Осиёсан,
Қалбимни парчаси, Қашқадарёсан.
Девқомат йигитлар сенда туғилган,
Қон кечиб тиғ ила мусулмон бўлган,
Минг бора туғилиб, минг бора ўлган,
Оловга сиғинган зардушт сиймосан,
Қуёши чўнг меҳр, Қашқадарёсан.
Искандар шохини синдирган ёвқур,
Эрларинг дилида иймон ва ғурур,
Ерқўрғон барига гувоҳлик берур,
Ботирлар тилидан учган нидосан,
Мардларнинг маскани, Қашқадарёсан.
Қутайба қиличи солганда қирон,
Куйди осмон, оқди Жайхун бўлиб қон,
Муқанна қўзғолди бамисли бўрон,
Жангоҳда эрк деган янгроқ садосан,
Ёвга бош эгмаган, Қашқадарёсан.
Саралаб кесилган не тилло бошлар,
Йиғлашни билсайди сағана тошлар,
Барига кўниккан чидам бардошлар,
Қон қақшаб эзилган бағри яғмосан,
Тарихнинг минг тилсим, Қашқадарёсан.
Чингизхон чўқмори бошингни ёрди,
Заминни юҳодек қонла суғорди,
Бу ваҳший тўдага айтчи ким борди,
Десалар мажруҳ тан, бағри сиёсан,
Ўлимга тик турган, Қашқадаёсан.
Неча асрларки бағрингда бир нур,
Бизнинг замонгача етиб таралур,
Бу нури ҳақ эрур,бу нури Темур,
Пирларнинг тилида эзгу дуосан,
Туроннинг юраги, Қашқадарёсан.
Мўғиллар бошига солди қиронни,
Тиғла бирлаштирди буюк Туронни,
Жангу жадалларда кутдим Ҳур онни,
Нечук бир тилсимсан, нечук ифшосан,
Соҳибқирон суйган Қашқадарёсан.
Даврлар бирма бир елиб ўтдилар,
О,қанча султонлар келиб кетдилар,
Афғонда бекларинг афғон ютдилар,
Саййид Олимхондан қолган даъвосан,
Тонгларни зор кутган Қашқадарёсан.
Разолат уруғин қай нодон эккан,
Беҳбудий қонини пиҳона тўккан,
Кўзин жалосида замонлар чўккан,
Ўз юртингда ўзинг хору гадосан,
Қувғинди зор оҳу, Қашқадарёсан.
Мир Қарший бобомнинг ўзи бир давлат,
Кўкгумбаз Қаршида тўкмоқда савлат,
Султон Мир Ҳайдарла Касби бадавлат,
Мирзо Бедилдирсан, Абулмаъносан,
Оқсарой армони, Қашқадарёсан.
Ўтган Абул Мўйин, Насафий зотлар,
О,улардан қолди ноёб бисотлар,
Фахр этса арзийди бугун авлодлар,
Зулматни ёритган субҳий зиёсан,
Азизлар диёри — Қашқадарёсан.
Меликон сўзлаган зарғалдоқ ақиқ,
Олис кечмишингдан боқади балқиб,
Феруза қурбақа оққанмиш қалқиб,
Буғдой юз,буғдой сўз, қоши қаросан,
Олтин қўл заргарим, Қашқадарёсан.
Зилол чашмаларинг шифобахш дори,
Бир жом сипқорганни қўмсар хумори,
Минг бир тилсимотдир Темурнинг ғори,
Тошни тирилтирган меҳригиёсан,
Тўрт иқлим мужассам, Қашқадарёсан.
Тарихинг варақлаб, баланд пастингни,
Англадим ҳақиқий буюк аслимни,
Замонлар ўлчолмас бўйи бастингни,
Меҳнатда қадрини топмай адосан,
Гоҳ қуриб гоҳ тошган Қашқадарёсан.
Ҳазрати Навоий ҳам тан берган ҳаттот,
Қаршида таваллуд топган УЛУҒ зот,
Мавлона Соимий қўлида давот,
Ҳануз лол қолдирар гўзал иншосан,
Ҳуснихатда якто Қашқадарёсан.
Чавандоз болғили яхши от чиқса,
Топтадик Ватандан яхши зот чиқса,
Юрт булғар орадан бир бедод чиқса,
Рўзимат отадай кўнгли Ҳумосан,
Армонли кўз ёшсан, Қашқадарёсан.
Белингни боғлаган кенглик чизиғи,
Оламнинг меҳвари-таянч қозиғи,
Мозийдан сас берар ўтмиш ёзиғи,
Ўрта Осиёда зеҳни зуккосан,
Жавобсиз саволим Қашқадарёсан.
Беш сирли нуқтадан биттаси ўзинг,
Осмони мусаффо бургутдир кўзинг,
Сўзидан қайтмовчи қайсарсан ўзинг,
Чўрткесар, танти эл мехри расосан,
Деҳлавийга бешик Қашқадарёсан.
Баҳорда ҳайқирган телба шўхликсан,
Ой каби сулувсан,кундай кўхликсан,
Абдуллахон қурган кўхна кўприкдан,
Мозийдан қалбимга оққан жилосан,
Жайхунга интилган Қашқадарёсан.
Бир ёнинг Самарқанд, бир ёнинг Сурхон,
Бир ёнинг Бухоро ва аҳли Турон,
Дўстлар даврасида каминг йўқ ҳеч он,
Тупроғи олтинга тенг, бебаҳосан,
Ўз қадрини билган Қашқадарёсан.
Тоҳиру Зуҳролар ҳоки бор тупроқ,
Бағрингда ишқ гули ёймишдир япроқ,
Мен сенга талпиндим кундан кун кўпроқ,
Достонда айланган Ёзи Зебосан,
Келинойдек сулув, Қашқадарёсан.
Еттидан биттаси Ҳазратсултоним,
Мени ҳам қўюрлар чиққанда жоним,
Қалбларга битилса кошкийди номим,
Руҳим қуши илҳақ олий самосан,
Топинган тупроғим Қашқадарёсан.
Ҳалқимга рисқу рўз лалми буғдойинг,
Чорвадор қоракўл, қозонда мойинг,
Шўртану Муборак ганжина жойинг,
Барча маъволардан ўзинг аълосан,
Осиё машъали Қашқадарёсан.
Чўлларга Жайхунни суви бурилди,
Гуллар унди қумлар четга сурилди,
Дунё ичра янги дунё қурилди,
Даштда ўсган гўзал гули раъносан,
Қумлари ҳам тилло Қашқадарёсан.
Янгидир чўлимда янги Нишоним,
Сен ила улуғдир шавкати шоним,
Сени таърифлайман токи бор жоним,
Чўл қувар мардона Чўли бобосан,
Довруғи достоним Қашқадарёсан.
Осмонга бўйлайди хирмонда донинг,
Туёқдан қаттиқдир чорва деб жонинг,
Хуржунда бутундир ҳамиша нонинг,
Широқ пода боқиб кезган саҳросан,
Даштидай феъли кенг, Қашқадарёсан.
Курашиб яшаркан зулмату зиё,
Ҳар битта гўшангни ўзи бир дунё,
Тоғларинг тизилган тасбеҳдай гўё,
УЧ дарё туташган оби равосан,
Зарафшон, Жайхуну, Қашқадарёсан.
Буйнимда бир маржон Таллимаржоним,
Нуристонда ёнгай нур бўлиб жоним,
Боғлари жаннатдир тенгсиз ризвоним,
Абдулло назмида нури Оллосан,
Даҳоларга даҳо, Қашқадарёсан.
Юксак тоғларингдан учар шалола,
Кўклам қирларингда очилгай лола,
Ҳисорак ҳаётбахш биллур пиёла,
Юртим осмонида балққан Зуҳросан,
Баҳорда ҳайқирган Қашқадарёсан.
Жуманиёз Жаббор моҳир ғазалхон,
Нарзий шеърларида уфурар райҳон,
Сувон Соқий битди мумтоз бир девон,
Самар Нурга зако берган закосан,
Тонгларни оппоқ, Ҳур Қашқадарёсан.
Исмоил Тўхтамиш, Муҳаммад Очил,
Али Ниёз эди жўмард оташ дил,
Назаринг қабрида минг анвойи гул,
Илдизин излаган Чори Ҳамросан,
Тарихларга сиғмас Қашқадарёсан.
Муҳаммад Раҳмону, Носир Муҳаммад,
Ҳар қарич ерингга қўйди муҳаббат,
Фоний умр кечар, ҳам бешафқат,
Шошийдай шоирлар Ичра пешвосан,
Илҳомим булоғи Қашқадарёсан.
Тожиддин Муроду, Ўлмас Саиджон,
Куйларин тинглаб завқ олар эди жон,
Жоббор Тош, Умрзоқ, Ойгул бир жаҳон,
Ўзинг гўзалликка муҳиб, шайдосан,
Санъатда довруғли Қашқадарёсан.
ЭРК дея не зотлар топдилар завол,
Қонли замонларга боқдинг гунгу лол,
Шукр толеингга келди истиқлол,
Токи дунё бордир умри бақосан,
Толеим иқболи — Қашқадарёсан.
Олис Торонтада туриб дафъатан,
Ўю ҳаёлида жонажон Ватан,
Истар Ўзбекистон бўлсин боғ чаман,
Исмат Хушдек жасур ТИЛИ бурросан,
Ҳақ сўзин айтолган Қашқадарёсан.
Амир Худойберди эврилган дунё,
Хол Мухаммад Ҳасан қалби бир дарё,
Шарофат қизларинг таратар зиё,
Поёну Ровшандек тарихнамосан,
«Қадимий қўшиқсан» — Қашқадарёсан.
Сулаймон Ҳайдаринг ғазалга ошиқ,
Ўроз Ҳайдарингни сонети қўшиқ,
Турди Ҳайдарларинг ёрига ошиқ,
Чанқовуз фарёди дардли нидосан,
Шоирлар маскани — Қашқадарёсан.
Ўта камтарину бирам беозор,
Дўстлар чун борини айлайди бозор,
Ҳатто мусичага бермайди озор,
Ўктам шеърларида нурли жилосан,
Болалар шоири Қашқадарёсан.
Момолар алласи жонингга ҳузур,
Қизларин жамоли оҳу каби Ҳур,
Ҳаёси, ибоси оламга машҳур,
Монанди беҳиштсан, қадди тўбосан,
Тангрим нури тушган Қашқадарёсан.
Ҳазрати Лангарингни ўзи бир олам,
Мироқингни қўмсар ҳар келган одам,
Дардманлар дардига топади малҳам,
Булбули гўёга доим ошносан,
Ҳузурбахш ҳавосан — Қашқадарёсан.
Оҳулар макони бўлган ҳу чўлим,
Боғлару пахтага айланди сўлим,
Қаерга узатсам етади қўлим,
Шеърий қасидамга мазмун-маъносан,
Онамсан, отамсан Қашқадарёсан.
Мақтамай бўлурми тандир гўштингни,
Албатта сийлайсан келган дўстингни,
Асло сездирмайсан каму кўстингни,
Меҳнатдан қабарган қўли яросан,
Довруғи достоним Қашқадарёсан.
Урфу одатларинг ўзи бир дунё,
Бағрида яширин ҳаётий маъно,
Адолат бор жойда йўламас риё,
Мундига сув ичган кулол намосан,
Ҳақ йўлин излаган Қашқадарёсан.
Барчасин илғашга ожиздир кўзим,
Таърифга лол қотур танглайда сўзим,
Шогирдлар босажак албатта изим,
Буюк Турониимда қадди расосан,
Мироблар мироби — Қашқадарёсан.
Юртим деб элим деб курашганлар хўб,
Қадрини топмаган ҳаттоки ўлиб,
Жонини беради қўрқмайин кулиб,
Яшаш чун курашган Бахтинисосан,
Жаннатий маконсан — Қашқадарёсан.
Узримни айтайин шеърим сўнгида,
Юксалиб боряпсан кўзим ўнгида,
Эзгулик уйғонди элим онгида,
Кексаларга суянч бўлган асосан,
Мангу новқиронсан — Қашқадарёсан.
Рустамман бир оддий сувчингман халос,
Сенинг ишқинг билан ёнганлигим рост,
Сен борсан меҳримга эзгулик қиёс,
Демагил ҳеч маҳал мендан айросан,
Муродим сен ўзинг — Қашқадарёсан.
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ