Инсон – ҳаётнинг ҳар бир лаҳзаси олдида жавобгар экан. Лаҳзалар бирин – кетин қаршингдан чиқаверар, ҳар бир лаҳзада муаммо, ҳар бир лаҳзада савол, ҳар лаҳзанинг ичи тўла сенинг келажагингни белгиловчи масалалар, ечилиши, ҳал қилиниши керак бўлган можаролар экан. Шу лаҳзалар парвозга учишингга ҳам, тубанликка қулашингга ҳам замин тайёрлар экан.
Афсуски, лаҳзаларнинг бу қадар қудратли эканлигини, кейин, ҳаётингни бир неча ўн йиларини босиб ўтганингдан кейин англар экансан. Шарқда, ҳаёт тажрибасига эга инсонларга бўйсунишга ундаш, уларга эҳтиром кўрсатиш, уларга қулоқ солиш одоб – аҳлоқ даражасига кўтарилгани бежиз эмас экан.
Бу гапларим ҳамма биладиган аён ҳақиқатлар бўлсада, то ўзинг бошингдан кечириб, бу сўзларнинг ҳақлигига иқрор бўлмагунингча, юрак – юрагингдан эътироф этиб, бу ҳикматни мағзини чақмагунингча, бу гаплар оддий, қулоқнинг бир четида такрор – такрор айтиладиган гапларнинг бири бўлиб қолаверар экан.
Шу маънода, мендан беш – олти кўйлакни олдин йиртган, ҳаёт муаммоларини ечишда одам ҳавас қиладиган даражада маҳоратга, доноликка эга инсон Абдусаид Кўчимов билан учрашувимиз, танишувимиз, қадрдонлашишимиз, дўстлашишимиз, нафақат қадрдонлик, дўстлик нима, балки ҳаётнинг ўзи нима деган мангу ҳақиқатларни англашимда шу одамнинг ақли – идроки, қалб – қўъри, ҳаётга муҳаббати кўп ёрдам берди.
Қачонлардир беқўним ва беқарор, ўзгарувчан ва ўз – ўзимни тушунмайдиган бола эдим. Тушунарсиз шеърлар ёзар, нимани исташимни ўзим билмас, орзуларим ноаниқ, бир пайтнинг ўзида бир қанча қарама – қарши мақсадларни кўзлаб турардим.
Кайфиятим, шу қутурган изғириндан ҳам ёмон эди. Узоқларга бош олиб кетишни истардим. Кетиш мен учун ҳеч қачон муаммо бўлмаганди. Болалигимдан Душанде, Чоржу, Томди, Қизилқия, Қараганда сингари ўнлаб шаҳарларни кўргандим. Кейинчалик, собиқ иттифоқ шаҳарларини кўриш учун ҳам, эрталаб поездга чиқардим-у, хайё – хуйт деб суриб юбораверардим. Тезюрар поездларнинг деярли ҳаммаси Ховосдан ўтарди. Лекин бу галги сафарим сал олисроққа ва бир қанча кўпроқ муддатга эди.
– Йўқ, кетманг – деди Абдусаид ака – Кетсангиз шоир сифатида тугайсиз. Мана кўрасиз, кетганлар бирортаси бирорта яхши шеър ёзолмайди. Бир йил ўтади, беш йил ўтади, ўн йил ўтади, мана шу Ватан деб юрганлар, Ватан ҳақида бир сатр ҳам яхши асар ёзолмайди. Улар худди уммондан ташқарига чиқиб қолган балиққа ўхшайди. Ҳаммаси ютоқиб – ютоқиб, оғзини каппа – каппа очиб, Ватанга зор бўлиб, шоир сифатида тугашади. Уммон нима? Уммон бу – халқ!
Биз шу уммон ичида, халқни ичида бўлганимиз учун бемалол ёзамиз, биз ҳар куни мана шу халқдан минглаб сўз эшитамиз, ўзбек тилининг ичида юрамиз, ҳар куни шу одамлардан меҳр кўрамиз, муносабат кўрамиз, муомала қиламиз, худди балиқ сув ичида юргандай, элимиз ичида юрамиз, Худо истеъдод берган бўлса, одамлар ичидаги ҳаётни зўр адабий гулдаста қиламиз.
Томиримиз мана шу тупроққа экилган, юрагимиз фақат шу ер ҳавосидагина гуллайди, орзуларимиз фақат шу Ватан осмонидагина эркин уча олади, ота – онасидан, ака – укасидан, ҳамшаҳарлари, миллатдошларидан, тилидан, урф – одатларидан узоқлашиб кетган одамни фақат ҳалокат кутади!
Аниқки, ўшанда Абдусаид ака айтган бу гапларни тан олмаганман. Шаҳдимдан қайтарган нарса, менга, бегона бир болага бу қадар жонкуярлик қилиши, қайта – қайта куйиб – пишиб гапириши, совуқ – изғириндан қалтираб, тишларимиз тақиллашига қарамай уч – тўрт соатлаб мен билан кўчада изғиб юриши бўлган. Абдусаид ака ақллилик қилганларидан эмас, гап ўргатгилари келганидан эмас, ёки устозлик қиламан деган иддао билан эмас, шунчаки меҳрибонлик, ғамхўрлик қилганлари, юраклари ачиб, ўз туғишган укасига мурувват кўрсатгандай, чин юракдан, куйиб ўртаниб гапирганлари, у кишининг самимий меҳрини ҳис қилганим учун кетишдан воз кечгандим.
Қолаверса, Абдусаид ака ёлғон нималигини билмайдиган, тўғрисўз, содда ва самимий инсон. Қишлоқда онам кўп ишлатадиган, адабий тилда ҳам, адабий қўланмада ҳам йўқ бўлган сўзларни бехосдан ишлатиб юраверар, талаффузи ҳам гоҳи – гоҳида бурунги замон одамларини эслатиб юборади. Мени ҳайратдан донг қолдиргани, бир куни юқорида бўлиб ўтган мажлисда, “бу менинг ўнг қўлим” деб мақталган (бундай мақтовга жуда камдан кам одам сазовор бўлган) одам, шов – шув бўлиб, донғи чиққан, кўкка кўтарилган, унча – мунчанинг юраги ёрилиб, ҳовлиқиб қолиши керак бўлган кунда, мажлисдан кейин, кечки овқат пайти, бу гап қандай айтилганини қайта – қайта сўраганман. Бошқа одам бўлса, сўрамасам ҳам, бу гапни қайта – қайта айтган, қўшиб чатиб роса мақтанган бўларди.
– Ҳа, энди у киши ҳиммат кўрсатдилар-да – деб гапни бошқа томонга бурдилар.
Абдусаид аканинг севимли мавзуси, ўт ўриб, тамакига сув қўйган, отасидан дакки эшитиб, калтак еган болалик пайтлари ҳақида гапириш эди. Суҳбатимизни қолгани шу мавзуларга кўчди:
– Қишлоғимизда бир мушук бор эди, қовун ер эди, ҳеч қовун еган мушукни кўрганмисиз. Ғаройиб мушук эди. Биласизми, сигир шохласа ёмон шохлайди, менимча шохида захар бўлади, қишлоғимизда бир болани уйланаётган куни сигир шохлаганди, қовурғаси синиб, уч ой деганда ўзига келди, буёғда янги тушган келин хафа. Уч ой ҳам ўтиб, бола тузалиб кетди-ю, бизда лақабни қумов дейди, Сурхондарё тарафларда ҳам шундай, болани қумови сигир бўлди, қолди. Ўн йил ўтса ҳам сигир, ўттиз йил ўтса ҳам. Бу қумови чатоқ бўларкан.
Бир сафар бир гала ўртоқлар, синфдошлар йиғилиб, қиттак – қиттак олганмиз, кетаман деб қолди. Қарасак, кимдир бўшатиб юборган экан, эшаги йўқ. Ўртоғимиз ўзи оёғда зўрға турибди, эшагимни олиб келинглар деб қўл силтайди. Шу ўртада пастроқ девор бор эди, кимдир, кўрпача тўшади-да, бояги болани етаклаб келиб, ўтирғизиб қўйди, мана эшагинг энди миниб кетавер деди. Бола ҳам деворга ўтирди-ю, ухлаб қолди. Шу – шу қумови эшак. Болалар қийқирган, кулган. Э, ажойиб замонлар эди-да…
Абдусаид акани қишлоқдошлари, синфдошлари билан дўстлиги, қадрдонлиги, борди – келдилари ҳавас қиладиган даражада юксак эди. Мана шу қишлоқдошлари у кишига ишониб уч марта Олий Кенгаш депутатлигига сайлаган эдилар. Улар Тошкентга келиб қолганларида учрашиб турар, айниқса Қуддусхон Асқаров деган синфдоши, юзинг – кўзинг демай қаттиқ ҳазиллашади.
Ва гоҳ – гоҳ бизга ҳам писанда қилиб қўяди: ─ Одам қуригандай, шуни ака қилиб юрибсизларми? Кечагина бир боғ ўтни эшакка ортолмай, мени орқамдан югуриб юрарди. Бурнини суви оққанини кўриб, ичим ачиганидан, химо қилиб юборардим. Энди бу ерга келиб, сенларга ака бўлиб қолдими, ундан кўра, кучук қувганда, қандай қилиб қутқариб қолганимни сўранглар, тили бўлса гапириб берсин, эсидан чиқмагандир деб – Абдусаид акани пачакилар, бизнинг аччиғимиз чиқарди.
Абдусаид ака эса яйраб куларди. Ҳолбуки ўша пайтда, Абдусаид ака етти мингта одам ишлайдиган, Ўзбекистондаги энг атоқли бир ташкилотнинг раҳбари эди. Агар ўша пайтда хушомад эшитаман деса, хушомад осмондан ёғиладиган беҳисоб ёмғирдай ёғилиши мумкин бўлган пайт эди. Абдусаид ака эса, алмисоқдан қолган аччиқ – тизиқ гапларни эшитиб, кўнглига олмас, аксинча роҳатланар, мен эса, у кишининг ўзи униб катта бўлган қишлоқни, унинг одамларини қанчалик яхши кўришини кўриб турардим.
Абдусаид ака мана шундай жиҳатлари билан ҳам бизга Ватанни севишни ўргатган эдилар. Раҳматли оталари Кўчим бобони кўп эслар, отам, қора меҳнатдан бўйин товламасликни ўргатган деб, якшанба кунлари, эски – туски кийимларини кийиб олиб, уйлари ёнидаги мактаб ҳовлисини эринмай чопиқ қиларди. Агар ўша пайтда мана шу қора терга тушиб ишлаётган одам, бағбон эмас, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Раиси деса, табиийки ҳеч ким ишонмаган бўларди.
Арафа куни эди. Эртасига Ҳайит. Хонанда Аваз Олимов эртага “Севиб қолдим” деган қўшиғим эфирда берилаётган экан, илтимос ўрнига бирор мумтоз ашуламни қўйинглар, бўлмаса отам уришади, деб келиб қолди. Эфир лентаси йиғилган, дастур тайёр эди. Муаммо раисгача чиқди. Шунда Абдусаид ака, бу бола отасини шу қадар ҳурмат қилар экан, сазаси ўлмасин, отасини ҳурмати учун дастурни ўзгартиринглар деб топшириқ бердилар.
Ўзим отасиз ўсганлигим учунми, отамнинг тирилиб келиб, иш буюришига бир умр зор ўтаётганим учунми, бу воқеа бир умр ёдимдан кўтарилмайдиган даражада таъсир қилган.
Абдусаид Кўчимов – телевиденияни улкан матбуот минбарига айлантирганди. Ва шунга яраша кенг миқёсда фикрлар, жамият олдида турган улкан вазифалар ечимини ҳал қилишда собитқадамлик билан борарди. Телевизорни ҳамма кўради ва ҳамма телевидения ҳақидаги фикрини айтади. Тўққиз йил давомида одамларнинг доимий диққат марказида бўлиш одамдан жуда катта ақл – идрок, ирода, меҳнат ва юксак истеъдод талаб қилади. Абдусаид ака бу чиғириқдан эсон – омон ўтиб олганининг бош сабаби менимча, ҳалоллиги, тўғрисўзлиги, юртбошимизга садоқат билан хизмат қилганлиги, миллатимизнинг асл фидойи фарзанди бўлганлиги, камтарлиги ва Ватанимиз учун сўнгги томчи қони қолгунча курашишга шай инсон эканидан бўлса керак.
Матбуотимиз ривожи учун тинмай меҳнат қилар, ва биз ходимларга жуда талабчан, қаттиққўл раҳбар эдилар. Биз иш юзасидан деярли ҳар куни кўришиб турсакда, унча – мунча гапни, ҳаддимиз сиғиб, ботиниб гапиролмасдик. Абдусаид ака ўзини катта олганидан эмас, кенг доирада, баланд савияда фикрлагани ва биздан шуни талаб қилгани учун эди. Биз майда – чуйда гапларни айтиб, саёз фикрлашимиз туфайли, юқорининг фикри билан бизнинг фикримиз бир жойдан чиқмай қолишидан чўчирдик. Қолаверса, Абдусаид аканинг шарофати билан ўша пайтда жуда кўп шоир – ёзувчилар телевиденияга ишга кирганди. Маълумки, шоир ёзувчилар кўнгил одами бўлишади, уларга меҳр – муҳаббат кўргизмасангиз, фақат амалдорлик билан уларнинг ҳеч бирини атрофингизда жамлайолмайсиз, меҳрини қозонолмайсиз.
Абдусаид ака самимий меҳр – муҳаббати билан уларни ўз атрофида ушлаб турар, муҳаббат алангасини ҳар бирининг юрагида ёқишга ҳаракат қилар, уларга раҳбар сифатида эмас, ҳамкасб сифатида, тенг ҳуқуққа, тенг имтиёзга эга қаламкаш ижодкор сифатида ёндашарди.
Саид Аҳмад ака билан ўрталарида бўлиб ўтган бир суҳбатни тез – тез ёдга олардилар: ─ Саид Аҳмад акани Самарқандга, сўнгра Ургутга олиб бордим, қаерга учрашувга борсак одамлар очиқ чеҳра билан, хуш кайфиятда кутиб оларди. Ҳавасим келиб: ─ Саид Аҳмад ака қаерга борсангиз одамлар сизни юрагини очиб кутиб олади-я, сабаби нима десам: ─ Мен ҳеч амалдор бўлмаганман-да, ─ дейдилар. Жавобни қаранг, масхаралаб айтилганга ўхшайди-ю, тагидаги ҳикматни қаранг. Биз ҳам амалдор бўлиб, бировни хафа қилиб қўймадикмикан, эртага биров олдимиздан тош кўтариб чиқмасмикан, амалдорликни ҳам жавобгарлиги, маъсулияти катта-да, Худо амалдорлик касалига чалишдан, кибру – ҳаводан, манманликдан сақласинда, бирдан – бир илтижойим шу. Кеча-ю кундуз тинмай, бурнимни ерга ишқалаб, бошимни кўтармай ишлайман, бировга нохақ қаттиқ гапириб қўймай, деярдилар.
Адабиётда ким нима ёзаётгани билан қизиқар, бирор кўзга кўринадиган, кўнгилга илинадиган асар пайдо бўлса, албатта ўқиб чиқар, адабиётга катта талаб билан ёндашарди. “Сиз ҳамон ўшасиз” китобим чиққанда, олдиларига олиб кирар эканман, жуда ҳаяжон босганди. Қабулхонада туриб дасхат ёзганман: “Ҳурматли Абдусаид ака! Ушбу китобимни тақдим этишга шайланар эканман, нақадар катта маъсулият билан эътибор беришингиздан журъатсиз ҳолатдаман. Худдики, элакни сувдан кўтариш пайти келгандай. Эркалигим, палапартишлигим, хафсаласизлигим яққол намоён бўлиб қолди.
Лекин, Худога минг қатла шукурки, ҳаётимда Сиздай одам билан ёнма-ён бўлдим, ҳар бир босган қадамимда Сизнинг ўгитларингиздан фойдаландим, яхшиликларингиздан баҳраманд бўлдим, сиз туфайли қанча бало – қазолардан омон қолим, Сиз туфайли бир йигит эришиши мумкин бўлган бахт – саодатга эришдим, қилган яхшиликларингиз олдида ўла – ўлгунча қарздорман.
Илоё, ҳамиша эл ардоғида, Яратганинг паноҳида, кўзимиз қароғида бўлинг!
Таъзим ва ташаккур билан Муаллиф.”
Абдусаид ака Одил Ёқубовни устоз деб эҳтиром кўрсатар, у кишини тез – тез йўқлаб турар, телевизорга тез – тез чиқиб туришга ундарди. Одил Ёқубовни замонамиз қаҳрамони сифатида кўришни истарди. Одил ака эса телевизорга чиқишга рўйхушлик беравермас, одамлар ёзувчини кўриниши орқали эмас, юрагида муҳаббат уйғотгани учун таниши керак, ёзувчининг ўрни эфир столида ялтоқлик қилиб, замонасозлик қилиб, маддоҳлик қилиб ўтиришида эмас, ёзувчининг ўрни қорамеҳнат билан кун кечираётган меҳнат аҳлининг орасида бўлиши керак, дерди. Шу гаплардан кейин камера кўтариб борган оператор-у, режиссёрларнинг ҳафсаласи пир бўлиб қайтар, қўлларида Абдусаид ака ёзиб берган варақа, тайёр матн ўқилмай қолиб кетар, Одил аканинг бу қайсарликларидан барчанинг хуноби ошар, боши қотарди. Бир ойлар ўтиб яна шу ҳол такрорланарди.
Абдусаид ака ана шундай жонкуяр ва вафодор шогирд эди.
Ҳали давом эттирсак жуда узоқ давом этадиган ва давомини келажак кунларга қолдирган ушбу мақоламизга якун ясар эканмиз Одил ака ва Абдусаид ака орасида бўлиб ўтган бир суҳбатдан бир шингил келтириб ўтмоқчиман. Жуда мароқли ва қизғин суҳбат ниҳоясига етиб, ўрнимиздан қўзғалгач, бизни кузатишга чиққан Одил ака дарвоза олдида туриб, Абдусаид акага зимдан разм солдида, бехосдан: ─ Абдусаид, сен ўзингни бунча паст урма – дедилар. Биз ҳайрон бўлиб тўхтадик. Ўша кунлар Абдусаид ака телерадиокомпания раислигидан кетиб, “Хабар” газетасида бош муҳаррир вазифасида эди. Одил ака шунга шаъма қилаётгандир деб: – Ҳа, нима қилди-гу, нима қилайлик – деди Абдусаид ака кулиб.
– Бу шапка кийиб опсан, қўй бу шапкани, шляпа кий, савлатлироқ кўрсатади!
– Э, у дарахтлар қирқилиб кетган, одамлар отдан тушса ҳам, эгардан тушмапти деб кулмасин – дедилар Абдусаид ака. Ҳаммамиз хохолашдик.
– Йўқ, сен барибир қаддингни тик тут. Юзинг ҳамманинг олдида ёруғ, шляпа кийсанг ҳам, кўкрагингни ғоз тутиб юрсанг ҳам ярашади – деди Одил ака.
Одил ака ўшанда тўғри айтган эди. Абдусаид ака! Сизнинг юзингиз адабиёт олдида ҳам, халқимиз олдида ҳам ёруғ! Ҳамиша кўкрак кериб юрсангиз ярашади. Ушбу шеърни шогирдингизнинг туҳфаси сифатида қабул қилинг!
АЗИЗ УСТОЗ
Асл ҳаёт доим биздан юксак экан,
Жаҳд айласанг устоз дарси тиргак экан.
Туғилмоғинг учун ота керак каби,
Яшамоғинг учун устоз керак экан.
Қаро йўлда ўтди қанча сафарларим,
Ўз-ўзимча юрсам яна адашардим.
Ҳаёт битта хато учун кечирмайди,
Сиз бор, ичилмади қанча заҳарларим.
Кунлар топдим гоҳ шодлиги, иззати бор,
Сизнинг меҳру муҳаббатнинг хизмати бор.
Тумор десам, минг бор яхши асрагувчи
Омад бўлиб қўллагувчи ҳикмати бор.
Куним битмай, қарзим узай, ёлворурман
Бош кўтармай таъзим, ҳамда ташаккурдан.
Тангрим, сақла энг аввало устозларни,
Ҳеч кимсани қўйма улар сочган нурдан.