«Дунё ўзбеклари» нашрига: Файзулла Хўжаев авлоди билан суҳбат
Темур Хўжа ўғли:
«Унга тааллуқли ким бўлмасин, бари қамалган»
Файзулла Хўжаев ўзбек давлатчилиги тарихида илк бор демократик давлат қурилишида иштирок этган ҳамда унга бошчилик қилган йирик сиёсий шахс ҳисобланади. Хўш, аслида у ким бўлган: қўзғолончими, жадидми, коммунистми, давлат раҳбарими?
Келинг, аввало, унинг жадидчилик ҳаракатлари ҳақида тўхталсак. Файзулла Хўжа исмли Бухоро амирлигининг кўзга кўринган савдогари, Россия ва Кавказга қоракўл терисини экспорт қилиб катта фойда кўрадиган Қосимхўжа хонадонидан чиққан йигит нимадан норози эди? Халқ тили билан айтганда, «ошиғи олчи» бўлган бой ўғлининг амирга қарши чиқишга ва уни манифестга ундашга нима мажбур қилган?
Файзулла Хўжаев номи кўп йиллар давомида ойдинлашмаган ва бу шахс ҳақида саволлар кўп эди. Масалан, у қатл этилгач, авлодларининг тақдири нима бўлган?
Шу саволларга жавоб олиш учун Файзулла Хўжаевнинг қариндоши, ҳозирда АҚШда истиқомат қиладиган Темур Хўжа ўғли билан суҳбатлашдик.
— Сир бўлмаса, Файзулла Хўжаевга қайси тарафдан қариндошсиз?
— Сизга тушунтириш учун гапни бир бошидан бошлайман. Бухорода асл бойлардан бўлган Каромутуллахўжа бойнинг Қосимхўжа ва Пўлатхўжа исмли ўғиллари бўлган. Қосимхўжанинг ўғли Убайдуллахўжа, унинг ўғли эса Файзуллахўжа. Пўлатхўжа эса менга бобо бўлади.
— Тушунарли, Файзулла Хўжаевнинг жадидлар сафига қўшилишига нима сабаб бўлганини биласизми?
— Файзулла Хўжаевнинг отаси уни ёшлигидан ўзига меросхўр қилиш орзусида бўлган, аммо бу ният асли камбағал деҳқон оиласидан чиққан унинг онасига ёқмаган. У Файзуллахўжани болалигидан оддий халққа қайишадиган қилиб тарбиялашга ҳаракат қилган. Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтиш керак, дадам Усмонхўжа Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар Қори, Абдурауф Фитрат сингари дастлабки жадидчи раҳбарлардан бўлган. Файзуллахўжа анча ёш пайтида дастлабки таълим-тарбиясини амакиси Усмонхўжа бошқарган жадид мактабида олган. Ёш Файзуллани амакиси Усмонхўжа жадидчилар сафига қўшган. Файзуллахўжанинг дадаси Қосимхўжа билан Усмонхўжанинг дадаси Пўлатхўжа Бухоронинг катта савдогарларидан эди. Лекин уларнинг фарзандлари Усмонхўжа ва Файзуллахўжа савдо ишлари билан шуғулланишмаган, улар ўз бойликларини жадидчилик фаолиятларига сарфлашган. Усмонхўжа 20 ёшида 1890 йилдаги Андижонда бўлган Дукчи эшон қўзғалонида қатнашган, Чор Россияси аскарлари томонидан асирга олинган, лекин отаси бухоролик катта савдогарлардан бўлгани учун жазоланмасдан Бухоро Амирлигига топширилган. Усмонхўжа барибир тинч юрмаган 1916 йил Чор Россиясига қорши Туркистон Умумий Қўзғолонида ҳам қатнашган, кейин 1918-1920 йилларда Бухоро Амирлигидаги қўзғалонларни уюштирганлардан бири бўлган. 1920 йилда тузилган Файзулла Хўжаев раис бўлган, Бухоро Халқ Шўролар Жумҳуриятида аввал Молия Нозири (яъни вазир) бўлган. Дастлабки иши, Бухоронинг ўз армиясини тузиш учун Тошкентда бўлган Усмонли Турк офицерларини Бухорога даъват қилиб, уларга Бухоро армиясини тузиш вазифасини тушунтириш бўлган. Бухородаги ёшларни олий таълим олишлари учун Истанбул, Москва, Берлинга юборган.
— Ҳозирги кунда мана шу хонадон вакиллари нималар билан банд?
— Усмонхўжанинг укаси Отахўжа (1880-1937) ҳам 1937 йил отиб, ўлдирилган. Отахўжанинг ўғли Иноятхўжанинг Сулаймонхўжа (Иноятов) исмли ўғли бўлган, у ҳозирда профессор, Бухоро давлат университети тарих кафедрасида фаолият юритади. Сулаймон Иноятов 1938 йили Бухорода туғилган, мен эса 1947 йили Истанбулда туғилдим. Усмонхўжа (1878-1968) Истанбулда 90 ёшида вафот этганда, мен 20 ёшда эдим. Сулаймон Иноятовнинг фарзандлари, жиянлари бор, унинг бир жияни профессор Амрилло Иноятов Бухоро тиббиёт университетининг ректори бўлган, ҳозирда эса у Ўзбекистон Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари бўлиб хизмат қилмоқда.
— Файзулла Хўжаев қатлидан кейин ҳукумат томонидан унинг оиласига ҳам тахдид бўлганми?
— Ҳа, у кишининг тўғридан-тўғри оиласига қилинган тазйиқлар ҳақида гапирадиган бўлсам, эркаг-у аёл унга тааллуқли ким бўлмасин, ҳамма қамалган. Онаси Райҳон Хўжаева 1938 йилда 54 ёшда бўлган ва 5 йилга қамоққа ҳукм қилинган. Шу йили Зангиотадаги шифохонада кўзлари кўрмай қолиб, ҳаётдан кўз юмган. Ўгай онаси Малика Хўжаева 52 ёшда бўлган, у ҳам 5 йилга ҳукм қилинган, жазо муддати кейинчалик яна узайтирилган. Хотини Фатина Михайловна 27 ёшда бўлган, 8 йилга ҳукм қилинган, қизи Вилоят 16 ёшда бўлган 5 йилга ҳукм қилинган, кейинчалик яна узайтирилган. Бундан ташқари, синглиси Робия, укасининг хотини, фарзандлари ҳам қатағоннинг аччиқ заҳрини тотишган. Гарчи, узоқроқ қариндош бўлсак-да, бу эпкин менинг оиламни ҳам четлаб ўтмаган. 1921 йил декабрь ойида дадам Шарқий Бухоро Мухтор вакили сифатида Душанбега борган ва у ердаги большевик рус ҳарбий горнизонини қуршаб олиб, Рус армиясига Бухоро чегарасидан ташқарига чиқиб кетишини талаб қилган. Аммо уруш бошланиб, у яраланган. Бу жангда Бухоро армияси мағлуб бўлиб, Усмонхўжа Афғонистонга ўтган ва ўша ердан Советларга қарши фаолият олиб боришни бошлаган. Совет ҳукумати Афғонистон ҳукуматига тазйиқ ўтказганда, Усмонхўжа Афғонистондан чиқиб, Истанбулга кетишга мажбур бўлган . Усмонхўжа Истанбулга борганидан уч ой ўтиб, Туркия Республикаси тузилган.
— Ўзингиз ҳозир нималар билан бандсиз?
— Ҳозирда АҚШ Мичиган университети халқаро алоқалар марказида Европа, Россия ва Евросиё йўналиши директор ўринбосари ҳисобланаман. Жеймс Меддисон коллежи профессори сифатида талабаларга халқаро алоқалар соҳасида маърузалар ўтаман.
— Вақт ажратган вақтингиз учун ташаккур!
Нозимабону Шербекова суҳбатлашди.
Эслатма:
– Тарихий маълумотлардан биламизки, Файзулла Хўжаев давлат раҳбари сифатида янги алифбони жорий қилиш, қишлоқ хўжалигини машиналаштиришда ташаббус кўрсатиш, экин-тикиш компаниясини ўтказиш сингари муҳим иқтисодий ва сиёсий ишларга бошчилик қилган. Файзулла Хўжаевнинг Ўзбекистонни иттифоқдаги ривожланган давлатга айлантириш саъй-ҳаракати, унинг халқ орасида йилдан-йилга ошиб бораётган обрўйи, мамлакатда зиёли қатламнинг ортиши совет ҳукуматини ташвишга солади. Файзулла Хўжаев ўзбек эканлигидан ғоятда фахрланарди, шу сабаб шўролар ундан коммунист «қўғирчоқ» ясаб бўлмаслигини тушуниб қолишгач, 1937 йилнинг 24 июнидаги навбатдан ташқари съездига очиқчасига киритилмайди ва лавозимидан озод этилгани ҳақида қарор эълон қилинади. Орадан кўп ўтмай 9 июлда қамоққа олиниб,1938 йилнинг 15 мартида отувга ҳукм қилинади. Қабри қаердалиги номаълум…
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ