Дадахон Ёқубов: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарлари диққатига
Афсус, афсус. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги логотипи тасвири билан Ўзбекистон Ахборот агенлигининг мақоласини ўқиб, бу мудҳиш воқеадан ҳабар топдим. Узоқдан узоқ фикр ёздим. Барча камчилик ва нуқсонларни очиб ташладим. Аммо эҳтиётсизлик оқибатида интернетдаги бу ёзмаларим ўчиб кетди. Вазирлик логотипи ниҳоятда мантиқсиз тайёрланган экан. Хумо қушининг орқасида қора учбурчак жойлаштирилган. Қора учбурчак шакли дунёда қайси, қандай гуруҳларнинг белгиси эканига бир назар ташлаб қўйсалар фойдадан ҳоли бўлмас эди. Тўғри, бу шакл биринчи навбатда фалокатнинг жиловсизлигидан ҳабар беради. Аммо бу идоранинг вазифаси фақат офат пайтида эмас, офатларнинг олдини олиш учун олдиндан олиб бориладиган илмий, амалий- тактик ишларда эканлигини эслатиб қўйишни лозим топдим.
Шундай замонда болаларни сувда, селда оқиб кетишига йўл қўйиш мумкин эмас эди. Бу фожианинг содир бўлиши нафақат оиланинг яшаш шароити, балки бошқа бир қатор жамиятдаги, шаҳарсозлик ва қурилиш соҳаларидаги ташкилий, тадбирий, тарбиявий, амалий, лойиҳавий, фалсафий, табиий, технологик сабабларда эканини тилга олиш мумкин. Энг аввало норасида болаларнинг ҳалок бўлгани бу ҳаммамизнинг оғир фожиамиз, қолаверса саводсизлигимиз, бемеҳлигимиз, қадриятларимизни унутганлигимиз, ўз ишимизга маъсулиятсизлигимиз оқибатидир.
Менинг ҳам болалигим шу ерларга яқин жойларда ўтган. Ҳозир ҳам шу масканларда қариндошларим яшашади. Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида Ёмонадирдан келган сел пайтида синглим билан бирга оқиб кетганмиз. Ўшанда онам раҳматли ушлаб қолган эдилар. Улар бизни хушёрликка ўргатган. Сув босганда тепаликка чиқиб кетишни, ёмғир ва момақалдироқ пайтида темир буюмларни ушламасликни, катталарга яқин юришни, овоз чиқаришни айтар эдилар. Шу тариқа бир тарафи адир, сел келувчи жилғалар, иккинчи томони Қорағунон ва Қорадарё шовуллаб оқиб турган масканда омон қолганмиз, униб ўсганмиз.
2021 йилнинг 6-7 май кунлари Ахборот агентлиги хабарига кўра: ”Фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этишга қаратилган қидирув-қутқарув ишлари давомида Хонабод шаҳар, «Тейит» МФЙ, Қорабоғиш кўчасида яшаган 2 нафар вояга етмаган фуқаронинг жасадлари ФВБ ёнғин-қутқарув бўлинмалари шахсий таркиби томонидан топилган”.
Оғир фалокат,энг аввало вафот этган болаларнинг ота оналарига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Қолаверса, ишни ўзбўларчиликка ташлаб қўйган мутассадилардан жавоб сўраймиз. Ундан ташқари таълим муассасаларига ҳаётни муҳофаза қилувчи фанларни ёки Фаолиятшунослик фанини киритишни сўраймиз. Ахир, кундан кунга ҳаёт кечириш оғирлашиб бормоқда. Экологик, технологик, биологик, космологик, геосиёсий ва бошқа офатларнинг ошиб бориши, Ер сайёрасида иқлимнинг ва ҳаётий қулайликларнинг ўзгариши уларни енга оладиган авлод тарбияланишини талаб этмоқда. Болалар ҳамма оғирликларни енгиб ўтишга, илмий асосда тайёр бўлишлари лозим. Хитой шу йўлдан кетди. Натижаси маълум. Ҳиндистон “ҳаёт ҳақидаги фани” туфайли ривожланган мамлакатлар қаторига чиқиб бормоқда. Финландия дизайн мамлакати сифатида ном қозонган ва энг ривожланган мамлакатлар сирасига киради.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги нафақат фалокатлардан аҳолини сақлаши, балки турли офатларнинг келиб чиқишини башорат қилиши, олдини олиши лозим. Илмий, ташкилий, тактик, фалсафий, аҳлоқий, технологик, лойиҳавий, кимёвий, экологик, физикавий, жисмоний таълим тарбияни ташкил этиши, ҳарбий ва жанговар тайёргарликка, соҳада сифатли билим ва кўникмага эга бўлган мутахассислар тайёрлаши лозим. Инсон ҳаётини муҳофаза этишга ҳизмат қиладиган, қулайлик туғдиралиган фан соҳаларини, илмий кашфиётлар, иҳтиролар, таълим дастурларини, фикрий лойиҳа таълимини, Фаолиятшуносликни, лойиҳалаш маданияти ва технологиялар бўйича тадқиқотларни, тажриба ва амалиётларни ўз фаолиятига тадбиқ этиши ҳамда қўллаб қувватлаши керак. Бадиий асарлар, санъат ва адабиёт, кино, телевидение ва театр асарларида “Ҳаётни муҳофаза қилиш” мавзусида кенг тарғибот олиб бориши ҳамда мамлакатимиз ривожланишига ҳисса қўшувчи қаҳрамонларнинг образлари гавдаланишида кўмаклашиши лозим. Аҳоли орасида ўзгалар ҳаётини сақлаб қолган одамлар мардлигини улуғлаши, тақдирлаши мақсадга мувофиқ бўлади. Тўғриси, интернет ижтимоий тармоқларида, ОАВда, бадиий асарларда, телевидение ва кинода кейинги пайтларда бундай одамлар ҳақида кам ёритилмоқда. Фақат, фақат ҳайрия тарқатишдан нарига ўтилмаяпти.
Бир мисол келтириб ўтсам, ўтган йили кино агентлигига «Баҳор ёмғирлари» фильми сценарийсини тақдим қилиб, ўтказа олмаган эдим. Ундаги воқеалар ҳаётдан олинган. Унинг қаҳрамонларига реал ҳаётда эҳтиёж катта эди. Оиланинг тўнғич ўғли Ботир ҳарбий, Анвар эса архитектор-дизайнер, қизлари тикувчи ва санъат шайдолари эди. Афсус, кино раҳбарлари ҳаётни ўз қаричи билан ўлчаб яшашади. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 15 та телеканалда, матбуотда жўяли тарғиботга эга мақола ва асарларини учратиш қийин. Ҳаёт хафсизлигининг барча жиҳатлари тарғибот қилиниши, илмий ташкил этилиши, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда замонавий, етук мутахассислар тайёрлаш ҳамда жамиятнинг барча жабҳаларида одамларнинг бу соҳадаги билим ва тажрибаларини ошириши зарурдир. Ўзида инсон фаолиятини лойиҳалаш билан боғлиқ назарий ва амалий билим ва кўникмаларни жамлаган Фаолиятшунослик фани таълим тарбиянинг барча босқичларига тадбиқ этилиши жуда заруратдир.
Шу ўринда идора ва ҳизматларнинг расмий белгилари — уларнинг юзи, уларнинг мақомини белгиловчи ҳужжат эканини ёдга солишни истар эдим.Уни ҳамма тушуниши, дарров идрок этиши ва улар амалга оширадиган вазифалар йиғиндиси сифатида қабул қилиниши лозим. Демак фаолиятшунослар, экспертлар ҳам бу масалани кўриб чиқишлари керак бўлади. Рассомчилик ва дизайн институти тайёрлаётган мутахассисларга жамиятда иш ниҳоятда кўп. Шу ўринда тушунарли бўлиши учун бир неча мисоллар келтираман. Жанубий Корея кино ижодкорлари намойиш қилган “Сарой жавоҳири” фильми бош қаҳрамони Тангем образи нафақат корейс ҳалқи малданияти ва қадриятини тарғиб этади, балки унда инсон ҳаёти ва фаолиятини лойиҳалаш билан боғлиқ жараёнлар дизайни жойлаштирилган. Таомларни тайёрлаш, уларнинг технологияси, ҳар бир ходимнинг ҳадди ҳаракатлари меъёри, касаллик тарқагандаги бурчлари, подшоҳ ва амалдорлар билан муносабати, ажинабийларнинг ўзигахослиги ва бошқалар. “Муҳташам юз йилдаги” сарой маликаларининг муносабатлари, ҳадди ҳаракатлари, ўзаро муносабатлар, илтифот кўрсатиш, ҳарбийлар, янчарлар ва бошқа мулозимлар ирарҳияси. Бу фильмлар Туркия ва Кореяга келадиган сайёҳлар сонини ошиб боришига олиб келди. Ҳаётдан оладиган бўлсак, ингилиз қироллиги қоровуллари алмашиниши, Ҳиндистон аскарларининг ер тепиниши, рус солдатлари ва офицерлари ўртасидаги поғона ва мансабларни мисол келтиришимиз, уларни турли тадбирларда телевидение орқали ёки маросим пайтида кўришнинг ўзи оламлар нигоҳини тортади.
Тўғри, ҳарбийларда қаторга сафланиш ҳам жанговор тайёргарликнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Аскарларнинг шаҳдам қадамлари қўшинларнинг қудратини, давлат қудратини акс эттиради. Тилим лол бўлса ҳам айтиб ўтаман. Куни кеча ўтказилган ҳарбий тадбирлар алоҳида тайёргарликни талаб қилади. Аммо тадбир ташкилотчилари ҳам, баъзи ҳарбий амалдорлар ҳам оддий ҳадди ҳаракатларни амалга оширишда ҳатоликка йўл қўйдилар. Миллионлаб одамларда кулги уйғотди, шубҳа уйғотди.
Фаолиятшунослик ҳам тарбия, ҳам таълим. Сирдарё вилояти хокими кечаги тадбирда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги қонунининг 7-моддасида белгиланган тартибда давлат мадҳиясига эҳтиром кўрсатди. Ҳарбий либосдаги раҳбарлар эса иккиланди. Уларнинг ҳарбий ва инсоний фаолият юзасидан билимсизлиги кўзга ташланди. Танқид қилмаймиз, фақат бу ҳодисада таълим тарбия, фикрий ва амалий лойиҳа таълимига зарурат кўриниб қолди. Лойиҳалаш маданияти таълимига бўлган эҳтиёж ҳар бир соҳада, кундалик турмушимизда сезилиб қолмоқда. Азамат Бегалиев интернет орқали масалани Қонуний тарзда ечимини таъминлабди. Бу лавҳани ҳамма эслаб қолди. Ҳарбийларимизнинг жанговар тайёргарлиги, бутун бир жамоанинг фаолиятига салбий баҳо берилишига экранда пайдо бўлган уқувсизлар сабабчи бўлишди. Сафдагилар ҳарбий либосда, прокуратура, ички ишлар, муодфаа ва фавқулотда вазиятлар вазирлигининг вилоят раҳбарлари эдилар. Майли, ҳарбий амалдорларнинг сафланиш тайёргарлиги ёдидан чиққан бўлиши мумкин. Аммо шу лавҳани эфирга узатиш, ташкил этиш билан боғлиқ ишларни бажарувчи маданият бўлимидагиларнинг ҳаёли жойида бўлиши, журналистика, режиссура, тасвирчиларнинг бепсандлиги ҳам кўринди. Аниқроғи фаолиятшунослик илимларидан беҳабарлиги кўзга ташланди.
Фаолиятшунослик, дизайн таълими фанидан дарс бериш ниятида Миллий Университет таркибида Фаолиятшунослик институтини ташкил этиш лойиҳасини тақдим этдим. Жавоб бўлмади. Журналистика ва коммуникациялар университетига бир неча марта ёзма мурожаат қилишимга қарамай Медиа шаклдаги журналистиканинг жараёнлар дизайнидан машғулотлар ўтказилиши масаласига эътибор беришмади. Санъат ва маданият институти, маданият вазирлигига қилган мурожаатларим ҳам эътиборсиз қолдирилди. Ҳарбий таълим ўқув масканларида бу масалага алоҳида эътибор қаратилиши лозим. Янги ташкил этилаётган Жамоат ҳавфсизлиги Университети таълим мутаҳассисликлари (йўналишлари) рўйҳатига Фаолиятшунослик ва жамоачилик билан ишлаш йўналиши киритилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳодимларига ҳурматимизни билдирган ҳолда мурожаат этсак, қонуний ва тўғри бўлади. Бу идоранинг логотипини ҳам ўзгартиришни илтимос қиламиз. Белгида ҳам » афсус, афсус …»дейишга ўрин қолмасин. Унда ҳаёт қудрати, назокати акс этиб туриши лозим. Унда одамлар ўртасидаги меҳр оқибат, ҳамдардлик ва мададкорлик акс этиши зарур. Ҳумо қуши эса фавқулодда юзага келадиган офатларни, яъни қора учбурчакни, елкасида кўтариб эмас, балки оёқлари билан босиб туриши мантиқан тўғри бўлади. Мамлакат байроғи эса баланд кўтарилиши мақсадга мувофиқдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Учинчи ренессанс сари даъват хукуматимизнинг келажакка қўяётган эзгулик тамал тошидир. Асосий мақсадимиз короновирус пандемиясидан кейинги олам тараққиётининг янги босқичига Мамлакатнимизни тайёрлашдан иборатдир. Ҳар бир инсон Ватан учун қадрлидир. Уни муҳофаза қилиш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, унинг камолатини ташкил этиш, фаровон ва ҳавфсиз ҳаётий қулайликлар билан таъминлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Дадахон Ёқубов,
Ўзбекистон санъат арбоби
ЎзА да эълон қилинган мақола:
Андижонга сел келди: 700 га яқин хонадон зарарланди, икки нафар гўдак оқиб кетиб ҳалок бўлди
2021 йилнинг 6-7 май кунлари Андижон, Наманган ва Сурхондарё вилоятларининг айрим ҳудудларида кучли ёмғир ёғиши натижасида сел тошқинлари кузатилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, табиий офат оқибатида Андижон вилояти «Қирғиз» канали орқали оқиб келган сел оқимлари Хонобод шаҳри ва Қўрғонтепа туманидаги кўчалар орқали 278 та турар-жойларнинг яшаш хонадонлари ва ҳовлисига кирган.
Фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этишга қаратилган қидирув-қутқарув ишлари давомида Хонабод шаҳар, «Тейит» МФЙ, Қорабоғиш кўчасида яшаган 2 нафар вояга етмаган фуқаронинг жасадлари ФВБ ёнғин-қутқарув бўлинмалари шахсий таркиби томонидан топилган.
Шунингдек, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой ва Чуст туманларида ёққан кучли ёмғир сабабли Поп тумани «Водий» МФЙ ҳудудида сел оқимлари кузатилиб, Поп тумани ҳудудидан ўтувчи 4П-125 «Наманган-Тошкент» автомобиль йўлининг 15-16 км.да йўл ёқасининг ювилиши, «Ангрен-Поп» электрлаштирилган темир йўлининг 103-106 км.да темир йўл тармоғининг тахминан 3 метр қисмида тупроқ массасининг ювилиши рўй берган.
Шу билан бирга, «Янгиобод» ва «Водий» МФЙдаги 25 та аҳоли томорқаларига ҳам ёмғир сувлари кирган. Айни пайтда автомобиль ва темир йўлларининг зарар кўрган қисмидаги авария-тиклаш ишлари давом эттирилмоқда.
Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятининг Шеробод ва Қумқўрғон туманларида ёққан кучли ёмғир оқибатида ҳосил бўлган сел оқимлари Шеробод туманидаги «Қорабоғ» ҚФЙ ва «Учёғоч», «Гулистон», «Ғўржак-2» МФЙдаги 16 та, Қумқўрғон тумани «Азларсой», «Боғаро» ва «Элобод» МФЙдаги 340 та аҳоли хонадонлари ва томорқасига кирган.
Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Миллий гвардия, Транспорт, Энергетика вазирликларининг куч ва воситаларини жалб қилган ҳолда табиий офат оқибатлари бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
ЎзА
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ