Хусан Эрматов: Бир киройи устозим… (Абдусаид Кўчимов ҳақида сўз)
Журналистикада «композиция» деган ибора бор. Масалан, муаллиф ёзаётган мақоласининг энг керакли ва муҳим жойини мақоланинг бошига ёки ўртасига мухтасар бир гап билан ифодалаб, кейин шу фикрни асослаш, изоҳлашга ўтади. Бу энди ўқувчини ўзига эргаштириш, фикрни унинг миясига жойлаб, кейин унинг моҳияти билан таништиришга ўхшаб кетади. Бу бизга муаллимларимиз ўргатган назария.
Аммо ҳамиша ҳам муҳим «жой»ини бир сўз ё бир гап билан айтиб бўлмас экан-да… Мана, мен бугун Абдусаид ака ҳақида бир сўз айтишга чоғланиб турибман. Чоғланиб турибман-у, ўша таянч нуқтани бир жумлага жамлаб бўлмаяпти.
Одамнинг ҳаётдаги аъмоли, қамров доираси кенг бўлгач, қай бир жиҳати муҳимлигини ажратиб олиш ҳам осонмас экан-да…
* * *
Абдусаид ака билан у киши Ўзбекистон телерадиокомпанияси раиси лавозимида ишлай бошлаган пайтлари яқиндан танишганмиз. Илк сафар рўбарў келганимизда мен Вазирлар Маҳкамасининг эксперти, умумий бўлимда масъул ходимликдан телевидениега «қочиб» кетиш илинжида юрган кезларим эди. У кишининг ҳузурига яна бир устозимиз сабаб бўлиб бориб қолдим.
… Раис қабулхонаси шанба куни бўлгани боис, сокин, фақат ёрдамчи ҳозир-у нозир эди. У билан сал илгари танишганмиз. У ёқ-бу ёқдан суҳбатлашиб турсак, Абдусаид ака кириб келдилар. Тўғрисини айтсам, у киши ҳақидаги тасаввурим бутунлай бошқача эди. Мен жамиятдаги залворли идоранинг раҳбари келганида ер ҳам сал қолса қимирлаб кетгудай бўлса керакдир, деб «ўтир-ўтир», деганигаям ўтириб-ўтиролмай хижолат чекиб тургандим. Одмигина, йўғ-е, «гина»сига бало борми, жудаям одми кийинган, юзида табассум ва ўта мулойимлик билан боқувчи бу инсонни бир кўришда ҳеч ким телерадиокомпаниянинг каттакони, Ўзбекистондаги мана-ман деган идоранинг раҳбари демасди.
Мен анча енгил тортдим. Ўзим бировга ёлғон мулозамат қилишни хушламайдиган, қилсам ҳам ёлғонлиги ярқ этиб кўриниб турадиган одам бутунлай янги бир бошлиқ олдида ўзимни қандай қилиб тутсам тўғри бўлишини ўйлаб турувдим-да… Йўқ, ҳаммаси силлиққина кечди.
Ҳа, дарвоқе, Абдусаид ака кайфияти ўзига хос бўлган лаҳзаларда бир хиргойи қилиб қўяр эканлар. Шуниси эсимда қолган…
Кабинети ҳам жуда камтарона экан. Ўринларидан туриб, сал қолса эшиккача юриб келиб кўришишлари мени янада дадиллаштирди. Ахир, кимсан Вазирлар Маҳкамасида ишлайдиган одамман-ку, деб ҳаволанган бўлсам ҳам ажабмас ўшанда.
…Хуллас, ишни бошладим.
Аввал бўлим бошлиғи, кейин бош муҳаррир, кейин Жиззах вилояти телерадиосига раҳбар бўлдим. Муҳими, телевидениеда пишдим. Ҳаётниям кўрдим, одамларни танигандек бўлдим. Абдусаид ака гарчи ўта илтифотли, дипломат киши бўлиб кўрингани билан аслида мен билган шахслар орасида энг мураккабларидан бири эди. (Бу ҳақида бироз кейин). Шу оддийгина кўринган, камтарин раҳбар кўп ўтмай телевидениени бутунлай жамиятнинг кўзгусига айлантира олди. Бир нарса аниқки, телевидение жамоавий ижод, унда, олайлик, битта операторнинг маҳорати ҳам кўрсатувни очиб юбориши ва аксинча, унинг малакасизлиги бутун жамоа меҳнатини бир пулга айлантириши мумкин. Шу маънода, кўпинча чиройли бошловчиларга маҳлиё бўламиз-у, аслида тасвирчининг, муҳаррирнинг, режиссёрнинг катта меҳнатини «кўрмай-сезмай» юрамиз. Ўша йиллари ҳеч муболағасиз, компанияда янги очилган кўплаб лойиҳалар, кўрсатув ва эшиттиришларнинг БОШ РЕЖИССЁРИ ва сценарий муаллифи Абдусаид аканинг ўзи бўларди.
Мен у кишининг, ҳатто, вилоятдаги мухбирларга ҳам шахсан топшириқ берганларига кўп гувоҳ бўлганман. Тасаввур қиляпсизми? Рости гап, раиснинг ўринбосарига берган топшириғи, йўл-йўлакай то ижрочига боргунича тўкилиб-тўкилиб ярмиям қолмайди. Топшириқлар ҳам ҳар бир кишига индивидуал бўларди. Назаримда, Абдусаид ака шу топшириқ берадиган одамининг дунёқараши, савияси, билими ва нимага қодир, қодирмаслигини аввал ўрганиб олардилар чоғи. Яна денг, ҳижжалаб бериладиган топшириқларни айтинг, «Сиз интервью олаётган одам асли деҳқонми, ўша деҳқонга ўхшасин, ерни ҳидлай оладиган одам эканини кўрсата олмасангиз, уни деҳқон деб таништирманг, барака топкур, деҳқон деҳқонча кийимда бўлсин, унга галстук тақдириб, пўрим кийинтирманг», дерди у киши.
1998 йилнинг баҳор ойлари эди… Халқаро шарҳларга талаб кучайиб турган пайт эканми, «Оламда нима гап?»нинг ўрнини босадиган бир кўрсатув қилиш керак бўлди. Инглиз тилини яхши биладиган бир йигитни ишга олиб, унга «Харита» деган янги кўрсатув очдик. Аста-секин кўрсатув кундузгидан кечки дастурга қараб «юра бошлади», яъни унга қизиқиш пайдо бўла борди. Бир куни махсус топшириқ асосида тайёрланган бир кўрсатувга кадр ортидан матнни шошилинч бўлгани боис, ўша йигитга ўқиттирганмиз. Шу денг, раисдан балога қолдик-ку! Айниқса, бошловчига эътироз даҳшат бўлди. Қизиғи, раис бошловчининг кимлигини билмагандек гапирди, ўта жиддий танқид қилиб ташлади. Зудлик билан кўрсатув бошқатдан монтаж қилинадиган бўлди. Биз раис кабинетидан чиқиб кетаётганимизда Абдусаид ака, менга қарата, «Ҳусан ака, сизда бир «Харита» деган кўрсатув бор, шуни тайёрлайдиган йигит шу кишими» деб, бояги йигитга имлади. «Ҳа», дедим. «Шу укамизга ўхшаган кадрларни кўпайтириш керак», деб қўйди. Вақти келиб, Абдусаид ака бу гапларни ўша, аслида меҳнат қилиб, яна гап эшитишига тўғри келиб қолган айбсиз «айбдор»нинг кўнглини жойига қўйиш, гина қолдирмаслик учун айтганини англадим, албатта. Яъни, барча аччиқ гаплар беғараз ва самимий бўлган демоқчиман.
Абдусаид ака йирик мафкурачи. Давлат раҳбари мажлисларда соатлаб маъруза қилгани билан унинг аслида нималар демоқчи эканини англашдек оғир вазифа ҳам бор эди телевидение раҳбарида. Чунки мажлисларнинг кўпчилигида айтилган гапнинг орқасида яна унданам маънодорроқ ва муҳимроқ гап бўларди. Уни англаш, тушуниш эса анчайин мураккаб масала эди. Кейин уни бевосита оммага етказишга келсак, бу энди оғирдан оғир иш.
Иккинчи, яна бир ундан-да мураккаброқ иш, шундан иборат эдики, телевидение баъзида қуролга айланиб қолиш хавфи билан ишлар эди. Ўша пайтларда «Ахборот»даги битта танқидий чиқиш ҳар қандай вазирнинг тақдирига нуқта қўйиб қўйиши ҳеч гап эмас эди. Бунга мисоллар жуда кўп. Шу хавфнинг олдини олиш, фаолиятни кимларнингдир қуролига айланиб қолишидан сақлашдек ўта мураккаб вазифа Абдусаид аканинг зиммасида эди. Биз баъзида Абдусаид аканинг ёрдамчиси ва айни вақтда бош маслаҳатчиси бўлиб келган дўстим билан бўлиб ўтган воқеаларни таҳлил қилиб, охирига етолмасдан қолардик.
Бир сафар давлат раҳбари Вазирлар Маҳкамасининг йиллик ҳисобот мажлисида телерадиокомпания раисини турғизиб «Абдусаид менинг ўнг қўлим, мен унга ишонаман», дея мақтаб юборди.
Бизнинг хурсандчилигимизнинг чеки йўқ эди. Лекин раис ўша мажлисдан ўта ҳорғин ва ғамгин ҳолда қайтди. Нега? Бу аслида нимани англатар эди? Бу мақтов Абдусаид акани жуда ҳушёр торттиргани эсимизда. Бундан буён телевидениеда чиқадиган ҳар қандай танқиднинг эгалари пайдо бўла бошлади. Бир қарасанг, бу маслаҳатчи, бир қарасанг яна бошқаси…
Мен таҳририятда «Қабул вақти» деган янги лойиҳа бошладим. Унда мутасадди вазирлик ва идораларнинг оддий фуқаролар саволларига жавоблари акс этиши лозим эди. Эндилар ўйлаб қарасам, буям «халқ қабулхонаси» деган замонавий атамаларнинг ўша даврга хос бир варианти бўлган экан. Ана шу кўрсатувнинг бир сонини ветеринария соҳасига бағишлаганмиз. Таҳририят мухбири Бекмурод Турсоатов (Аллоҳ раҳмат қилсин) адолатсизликка ўта бетоқат йигит эди, пойтахтдаги бозорларни айланиб, бир гала муаммони кўтариб келди. Кейин иккита ишламай қолган вакцина фабрикаси ҳақида ҳам лавҳа тайёрланди. Бизга интервью ваъда қилган республика ветеринария бош бошқармаси бошлиғи, афтидан масаланинг жиддийлигини тушунди чоғи, келишилган куни бирданига ғойиб бўлди-қолди. Унинг ўринбосари ҳар қандай саволга жавоб беришга тайёрлигини айтгач, у билан интервью ёздик.
Энг қизиғи шунда эдики, собиқ иттифоқни бир қатор вакциналар билан таъминлаб келган республика бўла туриб, ўша йиллари барча вакциналарни четдан харид қилар эканмиз. Унга кетадиган маблағлар эса ўн миллионлаб АҚШ долларини ташкил қиларкан. Буёғи қандоқ бўлди? Савол туғилади: агар шу маблағларни ўша илгариги жўшқин фаолиятда бўлган заводлар ишини тиклашга сарфланса, бу ўзини оқламасмиди? Қанча иш ўрни, экспортга маҳсулот, тақчилликнинг бартараф этилиши ва энг муҳими, харажатларнинг тежалиши… Тўғри эмасми?
Суҳбатда раис ўринбосари «карта»ни очиб юборди. Кетаётган пулнинг ўндан бири ҳам етади, деди у. Шунда бир қатор вакциналар билан нафақат ўзимизни тўлиқ таъминлашимиз, балки четга экспорт ҳам қила олишимиз мумкин…
Суҳбатнинг мана шу нуқтаси бизни ўта ҳушёр торттирди.
Тўғриси, бу жуда хавфли ахборот эди.
Аниқроғи, мен бунинг шунақа даҳшатли ахборот эканини сал кейинроқ билдим.
Кўрсатув тайёр бўлгач, унга ветеринария бошқармаси раҳбарлари эмас, кимсан Вазирлар Маҳкамасининг ўша пайтдаги қишлоқ хўжалиги учун масъул бўлган бўлими раҳбари шахсан қизиқиш билдиргани ғалати бўлди. Бу нимани англатар эди? Жиддий савол!
У кўрсатувни кўриб бўлгач, мен кутган эдимки…
Йўқ, хомтама бўлибман, кутганимдек бўлмади, ҳукуматнинг энг масъулиятли бўлинмаси раҳбари телевидениенинг «Сиёсат» таҳририяти бош муҳарририга шундай таклиф берди: Мен бир соат муддатда бу раҳбарнинг ишдан бўшагани, Сиз кимни айтсангиз, ўша одамнинг шу жойга тайинлангани тўғрисида буйруқни олиб келаман. Шу билан масалани ёпамизми?
Тўғриси, у бу гапларни менга айтар экан, унинг қўллари қалтирар эди. У гапини тугатгач, бу қалтираш менинг қўлларимга кўчди.
Ажабо… Мана, мен ҳам қандай «қудрат эгаси»га айланиб кетдим гўё…
Асло! У рад жавобини олгач, бу ишнинг нархи қанча бўлишини ҳам сўрашдан тортинмади. Нима билан якунланди, дейсизми? Кўрсатув эфирга узатилмади. Уни тўхтатиб қоладиган куч топилди. Ўшанда мен Абдусаид акадек «қудратли куч» бўлиш қанча оғир юк эканини ҳис қилгандек бўлганман. Бунинг турган битгани даҳшат эди. Агар телевидение ҳақиқатни ва адолатни кўрсатиши лозим бўлса, унда телевидение раҳбари юқори элитанинг биринчи душманига айланиши аниқ эди. Аниқроғи, аксинча. Мана шунча юк бир одамга қанчалик оғирлик қилишини ўйланг.
Бу бир мисол, холос.
Бир қарашда «сўз эркинлиги» деган иборани баралла айтамиз-у, унинг юки анчайин залворли эканини аниқ-тиниқ тасаввур қилавермаймиз. Ўша эркинликнинг аслида фақат тилдагина борлиги, уям кўп эсланавермайдиган даврларнинг бугунги эркинликдан кескин фарқини кўряпмизми? Яқинда бир анжуманда Ўзбекистондаги сўз эркинлигининг барқарорлиги мавзусида бир хориждаги ватандош укамиз роса «ақлли» гапларни айтиб, бизларни «ўқитди». Лекин аслида, «сўз эркинлиги»га энг кам эга бўлган ҳамкасбимиз унинг ўзи эди. Буни ҳаммамиз яхши билиб турардик. Шу маънода, журналистиканинг кичкинагина ютуғиям аслида катта меҳнат, кимнингдир кўкрагини қалқон қилиши, энг муҳими, ўша Абдусаид аканинг душмани бўлган элитага қарши тура оладиган жасорат, куч ва матонат билан боғлиқ.
Шу маънода, бугун Президент Мирзиёев бошлаган сўз эркинлиги сиёсатининг замирида жуда кўп гап бор. Ўша кўп гапларнинг аксариятидан бугун етмиш баҳорни қарши олаётган камтарин, беғараз инсон, садоқатли ака, меҳрибон устоз, чин ва самимий дўст бўлиб яшаш аъмолига айланиб кетган Абдусаид аканинг хабари кўпроқ.
Йиллар ўтиб, қанча сувлар тинди ҳам. Аканинг кайфияти, ўша хиргойи қилиб юрадиган ашуласи эса ҳамон ўзгарган эмас. Ака яшашни жуда жойига қўядиган, ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасидан ҳикмат излаб ва топиб яшайдиган одам.
Ростини айтсам, Абдусаид аканинг туғилганлик тўғрисида шаҳодат берувчи «метрка»сига янглиш сана муҳрлаб қўйилмаганмикан, деб ҳам ўйлаб қоламан. Чунки Ака ҳали бир йигитнинг қувватидай қувватга эга, сўзи ва қалами қиличга дам беради, қалбида эса шу азиз Она Ватанига чўнг муҳаббат балқиб турибди.
Бир киройи устозинг бўлса, шундай бўлсин!.. Бу кўплаб, балки минглаб шогирдлар қатори менинг ҳам устоз-шогирдликдан бахтим кулгани…
Ҳусан ЭРМАТОВ