Сабоҳат Тўхтабоева: Отам ва қайнотамни хотиралаб («Ўтганлар ёди» туркумидан)
Отам Мамадали Маҳмудов ва қайнотам Худойберди Тўхтабоевларни хотиралаб
Инсон ўзи учун туғилмайди…
Мактабни битириш арафаси эди, дугоналарим билан биргаликда Олий ўқув юртига кириш орзусида юрардик. ТошДУга ўқишга кириш учун тайёргарлик кўрардим.
Адабиётга қизикишим юқори бўлгани сабабли ўсмир ёшимданоқ мақола ва ҳикоялар ёзиб турардим. Ёзганларим баъзан матбуотда эълон қилинса, хурсанд бўлиб кетардим. Раҳматли отам Мамадали Маҳмудов ёзувчи бўлгани учун уйимизда катта кутубхона бўлар эди. Китоблар менинг энг яқин сирдош дўстларимга айланиб қолганди. Отам уйимизга тез-тез янги-янги китоблардан олиб келар эди.
Бир куни жавондан қўлимга ёзувчи Худойберди Тўхтабоевнинг «Сариқ девни миниб» китоби тушиб қолди. Мен бу китобни ўқиганимда 7- синф ўқувчиси эдим. Ўша дамда бу китоб шунчалик қизиқ эди-ки, мен уни қайта-қайта ўқиб чиқсам-да, яна ўқигим келаверар эди.
Худойберди Тўхтабоев асарларига иштиёқим шунчалик ошиб кетардики, уларни топиб ўқимасам бўлмас эди. «Беш болалик йигитча», «Ширин қовунлар мамлакати», «Мунгли кўзлар», «Қасоскорнинг олтин боши» ва жуда кўп асарларини болалигимда севиб ўқиганман. Адабиётга қизиқишим балки отамнинг ёзувчилигиданми?!
Мактабдан сўнг, университетда ўқишни давом эттирдим. Талабалик йилларимда журналистика факултетида ўқиётган йигит билан танишдим. Буни қарангки, мени келажакдаги турмуш ўртоғим севимли ёзувчимиз Худойберди Тўхтабоевнинг ўғли бўлиб чиқди ва биз оила қурдик. Университетнинг ўзбек филология факультетини тамомлагач, анча йил ёзувчилар уюшмасида ишладим. У ерда ҳам ёзувчи ва шоирларнинг шеърхонлик давралари-ю, адабий кечаларида иштирок этардим.
Эсимда, рахматли қайнонам, яъни Санобар онажоним ва Худойберди отажоним, бир-бирлари билан жуда иноқ ва меҳрибон бўлишган. Баъзан қайнотам асарларидаги қахрамон болалар тилида, қайнонамга ўзлари ёзган асарларини шунчалик мазмунли ва ифодали қилиб ўқиб берар, қайнонам эса асарларни жон қулоғи билан, диққат билан тинглар, баъзан ҳаяжондан ўзларининг асарга бўлган муносабатлари билан ўртоқлашар, асардаги қайсидир бола қахрамоннинг тилидан сўзланаётган жумлаларга қўшимчалар киритгиси келиб қолар эди. Баъзан асар қаҳрамонлари тўғрисидаги бахслари узоқ чўзилиб кетар, четдан қараганда гўё асардаги қаҳрамонлар билан дардлашаётганга ўхшарди.
Қайнота отам ва қайнона онам биз келинларини ўз қизларидек жуда яхши кўрар эдилар. Қайнона онамнинг меҳрларини ва қайнота отамни дуоларини олганман. Қайнота отам ҳар бир гапларида «Умрингиз узоқ бўлсин она қизим», дер эдилар. Қайнона онам меҳмондўст ва дилкаш аёл эдилар. Уларнинг дарвозалари доим очиқ турарди. «Онажон дарвозани ёпиб қўйсак бўлмайдими», десак, «Йўқ болажоним, эшикдан фаришталар киради», — дер эдилар.
Онажоним жуда рахмдил инсон бўлганлар, ҳаттоки ҳашорат ва жонзотларга ҳам озор етказмаган, ахир буларнинг ҳаммаси жонли-ку, деб, рахмдиллилик қилардилар. Қайнотам ҳар сафар ишдан қайтганларида, уйга келгач, фарзандлари ва набиралари билан ўтириб суҳбатлашар, суҳбатдан сўнг, ўзларининг эски ва ранги чиқиб кетган чопон ва дўпписини кийиб, уйларининг тўғрисидаги боғларига чиқиб, иштиёқ билан ер чопар, экин-текинларга қарар, чанқаб турган меваларни меҳр билан суғорар, ишкомлардаги узумларни завқ билан хомток қилардилар.
Қийғос пишган гилос ва олчалардан идишларга тўлатиб, ҳаттоки, ерга тўкилган меваларни пуфлаб-пуфлаб яна идишларга жойлар, фарзанд ва невараларининг олдига мамнуният билан, «Мана болажонларим, ўзимизнинг боғд-а-н», деб сийлар эдилар. Бир куни мен қайнона онамдан, «Нима учун отам доим боққа чиққанларида, мана шу эски ва ранги кетган чопон ва дўппини киядилар», деб сўраганимда, «Э – эй қизим, бу боболаридан қолган ёдгорлик экан гўё-ки манашу чопон ва дўппиларидан боболарининг хидлари келиб турармиш, ўшанда отангизнинг ҳам ишлари унумли ва ёқимли бўлар эмиш», — деб кулиб жавоб берардилар.
Назаримда, улар учун инсонларнинг ҳамма хислатлари қадрли бўлган. Ёшлигимда Худойберди Тўхтабоев деганларида, жуда бадавлат кишини тасаввур қилган эдим. Кейинчалик билдимки, уларнинг оиласига келин бўлиб тушганимда, бу инсонлар ҳам ҳамма қатори оддий бир оила экан: Содда ва самимий…
Қайнота отам ва қайнона онамларнинг қалблари бадавлат экан. Айтишади-ку, инсонни биринчи навбатда қалби тоза ва маънавий дунёси бой бўлсин деб…
Халқимизда шундай мақол бор: «Бешикдан то қабргача илм изла». Худойберди Тўхтабоев ана шу илмни ва меҳнатни то қабр ёқасигача излади, тинимсиз меҳнат қилди. Бу хислатлар мен учун бегона эмас, чунки ўз отам Мамадали Махмудов ҳам тинимсиз меҳнат ва изланишда эдилар. Бошқалар каби — оёқларини узатиб олиб, мазза қилиб дам олиб ётганларини кўрмаганман, чунки дам олиш вақтларида ҳам, нима биландир андармон бўлардилар. Отам бизга доим ҳалоллик ҳақида гапирар, «Ҳалоллик кучда эмас, балки ҳақиқатда болаларим», деб уқтирар эдилар.
Мен кўп маротаба, отажон энди сиз ҳам бошқалардек, дам олинг, жуда чарчагансиз десам, «йўқ, болаларим, қабрга тушганимда оёқларимни чўзиб ётаман» — деб кулиб жавоб берар эдилар…
Бугун энди отам ҳам, қайнотам ҳам бу ёруғ дунёда йўқ. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам ўз истеъдоди ва ижоди билан ўзбек халқининг севимли фарзандига айланиб қолдилар…
Сабоҳат Тўхтабоева
Она тили ва адабиёт ўқитувчиси
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ