Алишер Айматли ижодидан: ТОҲИРЖОН АКА…

Тоҳиржон ака
Тоҳиржон Ҳамроқуловни мен илгари танимасдим. Унинг республикада манаман деган фотомухбирлигини билардим, аммо рўбарў келмагандик. Мен котибиятга ишга ўтгач, у билан ҳамсуҳбат бўлдим. Шунча буюк гавда билан ичи тўла ёнғоқ экан. Ўнгга бурилсаям, чапга қарасаям шалдур-шулдир этади. Табиатида на шумликдан, на қувликдан дарак бор.
Тўғрисини гапиради-қўяди. Сизнинг қанақа ўйлашингиз билан иши йўқ. У таҳририятга бир келса, биз котибиятдагилар учун байрам бўларди. У тўрт-бешта вилоятдан суратлар олиб келарди. Ҳаммаси сара суратлар. Суратларни илми-амал қилиб турган котиблар учун унинг ташрифи чинакамига арча байрами эди.
У шунақа суратчи эди. Эркин Воҳидов айтганларидай, керак пардани босишни биларди. Бошқа расмчилар қатори Тоҳиржон ака ҳам чиройли қизларни яхши кўрарди. Уларни чиройли бўлгани учун эмас, газетани “очиши” учун яхши кўрарди. Бундай суратлар таҳририятларда тала-тала бўлиб кетарди.
Тоҳиржон аканинг қобилияти шунда эдики, ҳар қандай хунукроқ қизни ҳам гўзал қилиб расмга тушурарди ва укам, дунёда ёмон аёл бўлмайди, ёмон фотограф бўлади, дерди. Ва ўз саъй-ҳаракатлари билан буни исботларди. Чунки у тавсия қилган суратлардан “нушхўрд” чиқмасди.
Биз Тоҳиржон ака билан ўн йилдан кўпроқ ишладик. Аслида, унинг феъл-атворини билиш учун бу муддат кўплик қилади. Бир кўриб, суҳбатлашган одам бу инсонни яхши кўриб қолади. У ўта оддий, маданиятли, камтарин, устига устак бироз латифагўй ҳам. Фарғонача аскияни мимикалари билан қотиради. Бизнинг ҳаётимизда жуда кўп воқеалар кечган. Унинг ҳаммасини айтсак, бир китоб бўлади. Келинг, мен сизга бир воқеани гапириб бера қолай.
Дарвоқе, мен унинг водийдаги ҳурмат-эътиборини айтмабман. У водийдаги учта вилоят аҳлини жуда яхши билади. Аниқроғи, вилоятдагилар Тоҳиржон акани яхши танийди. Водийларни яёв кезганлардан. У бизнинг таҳририятда ишлаган пайтида номзодини халқ депутатлигига қўйди ва ҳокимни ютиб чиқди. Ҳатто ўша дамда хабар олмадинглар, деб Юсуф икковдан хафа ҳам бўлди. Юсуф билан менинг ўша пайтдаги яшашимиз – ит ётиш, мирза туриш эди. Буни Тоҳиржон аканинг ўзи ҳам биларди. Ҳар куни эрталабдан то кечгача – кечгача деганимиз баъзан эрталабгача ҳам давом этарди – ишлаш тинкамизни қуритиб ташларди. Лекин ишлашимиз керак эди, оилани тебратишимиз керак эди, фарзандларимизни ўқитишимиз керак эди. Кетмон чопиш қўлимиздан келмасди. Техник иш билан шуғулланардик. Иложи борича ёзмасликка – ёлғон гапирмасликка ҳаракат қилардик. Тоҳир ака тушурган суратлардан илҳом олиб, у-бу нарса ёзардик ҳам. Тоҳир ака ҳар доим чиройли қизларнинг – тикувчилар, соғувчилар, қурувчилар, …чиларнинг даста-даста суратларини олиб келар, Юсуф икков бу суратларга тикилиб, фантазия қилардик.
Хонадан чиқмай Тоҳир акага ҳавас қилардик. Бизда фақат унга ҳавас қилиш имконияти бор эди. Тоҳиржон аканинг салобати, обрў-эътибори ҳақида афсонага айланган гапларни эшитардик, холос. Эмишки, бир кун йўлда – бепоён саҳрода кетаётиб Тоҳир ака бошқарувидаги машина бензини тугаб қолади. Додингни эшитадиган одам йўқ. Машинада ўтирган меҳмонлар норози бўлишади, бензинга қараб юрсанг бўлмайдими, деб танбеҳ беришади. Қаҳрамонимиз шунда Алпомишга ўхшаб бир гувраниб, тепада учиб бораётган вертолётга қўл кўтаради. Вертолёт уларнинг бошида бир-икки айланиб, қўнади ва учувчи “Тоҳиржон ака, нима бўлди?” деб ёнига келади ва бензин тугаганини эшитиб, бир канистр бензин беради. Шунда машинадаги меҳмонлар бу туш эмасмикин, дея баданларини чимчилаб кўришади – чимчилаган жойи кўкариб чиқади.
Ана шунақа бизнинг қаҳрамонимиз – одамлар ёнидан ўтган таксини тўхтатолмаган бир пайтда, вертолётни ёрдамга чақиради. Ҳа, ўша пайтда Тоҳиржон аканинг гапи тошни кесарди, еру кўкнинг ҳукмрони эди. Қадамини қарсиллатиб босарди. Ҳар хил қаланғи-қасанғиларни босиб-янчиб ўтарди. Лекин шундай дамда ҳам ўзини йўқотиб қўймади, ҳаволаб кетмади, самимийлигича қолди.
Энди мен сизга ваъда қилган воқеа ҳақида. Бир куни Тоҳир ака ҳовлиқиб хонамга кирди. Мана бу суратларни танлаб олинг, деди у бир даста расмларни столга ташлаб. Менинг ҳозир сиз билан гаплашишга ҳам вақтим йўқ. Зудлик билан бир жойга кетишим керак. Суратларни танланг, ўн беш минутдан кейин қолганларини олиб кетаман.
Мен Тоҳир акани бир жойга расм олишга жўнатмоқчи эдим. У ҳашакалла боролмайман, деб туриб олди.
Шунда менинг ҳам қитмирлигим тутди. Яхши манзарани кўрса, унинг илҳоми келарди, ўзини тутиб туролмасди. У ваъда қилганидек, ўн беш минут ўтиб, хонамга кирди. Расмларни танлаб олиб бўлгандим. Шаънига яхши гаплар айтдим, мақтамадим, ростини айтдим. У ҳам гапларимнинг самимийлигини сезиб турарди.
– Тоҳир ака, дедим, – кеча биттасини жўнатсам, олган суратини қаранг. Унга битта сурат узатдим. Унда сочи товонига тушган бир қизнинг зинадан тепага чиқиб кетаётганлиги акс этганди. Тоҳир ака тикилиб қолди. Мен яна газ бердим.
– Шунақаям бўладими? Қизнинг сочини оламан, деб, юзини кўрсатмабди.
Нишоним мўлжалга тегди. Вақтим йўқ, деган одам бирдан бўшашди. Хонада у ёқ-бу ёққа юрди. Бўлди, ҳамма ишларимни эртага қолдираман, бораман, адресини айтинг, деди.
Расм – санъат асари эди. Айниқса, қизнинг сочлари Тоҳир аканинг ичини алғов-далғов қилиб юборди. Сочлар тим қаро, икки билаги ва оёқлари оп-поқ. Бир оёғи зинада, иккинчисини босайми-босмайми, деб турибди. Гўё орқадан кимдир келиб, қўлтиғидан ушлашини кутаётгандек. Сочлари товонларини ҳам ёпган. Белидаги қора чарм тасма таранг қилиб тортилганки, қизил кўйлак ва сиёҳранг нимчани баданга ёпиштирган-қўйган. Айниқса, нимчанинг икки қўлтиқ тагидаги қисмининг таранглиги қиз кўксидаги савилларнинг анча бўртиб қолганлигидан шаҳодат. Оёғида амрикон ковуш, зинага қўйган қадамидаги ковушда товус ҳам кўриниб турибди.
Тоҳир ака бошқа гапирмади. Суратга анча тикилиб қолди. Мен ҳозир унинг ижод оғушида эканига имоним комил эди. У қиз ҳақида ўйламасди. У ушбу офатижонни қайси шакл ва мазмунда абадиятга муҳрлаш ҳақида бош қотирарди. Яна адресни сўради. Бердим – Қибрай. Улуғбек! Ўҳҳў, анча узоқ экан. Кун кеч бўлмасдан борай, ҳадемай қуёш ҳам ботади.
Тоҳир ака ҳамма нарсани менинг хонамда қолдириб, зудлик билан чиқиб кетди. Маълум бўлишича, у такси тўхтатади ва тезроқ етиш мақсадида ҳаййу-ҳуйт деб, Улуғбек қўрғонига жўнайди. Биз айтган уй олдидаги паркда айланади, сочи узун қизни ахтаради, уни ҳар бир музқаймоқхонаю, ҳар бир емакхонадан излайди. Кун тобора кеч бўлиб бормоқда.
Шошилинчда сўрамабди, унинг эри, болалари бормикин? Аммо бир дўсти айтганидек, бундай қизнинг на сочини, на ўзини эплаб бўлади. Бундай қизнинг ошиғи кўп, ошуфтаҳоли кўп. Нега бўлмаса келди?! Яна ўзига тасалли бера бошлади: мен уни эплайман, деб келмадимку?! Мен яхши сурат олиш учун келдим. Кўнглим сезяпти. Расмни конкурсга қўяман. Республика конкурсида қатнашаётганлиги кўз ўнгига келди. Насиб қилса, Журналистлар саркори Хуршид Дўстмуҳаммаднинг қўлидан олади мукофотни! Одамлар кўриб қўйсин, бир туманда яшаб, дунёни забт этиш мумкинлигини!
Шу пайт скамейкада ўтирган кампир томонидан овоз келди:
– Тоҳир ўғлим сен эмасмисан?
– Ассалом алайкум, ҳа менман.
– Бир соатдан буён сени кутиб ўтирибман. Қанақа боласан ўзи? Сумкангни кўтариб у ёққа ўтасан-бу ёққа ўтасан гердайиб. Салом бермайсан. Уйларга қарайсан. Юрган йўлингдан атир сасийди, нима бало, костюмингни атир билан ювганмисан? Нафасларим қайтиб кетди атирингдан. Агар сочларимни тақимимга тушириб ёнингдан ўтганимда дарров гапирардинг. Кампирга қарагинг ҳам келмайди. Мен 100 ёшга кирганман, уч-тўрт кун олдин Мавжуда қизим билан суҳбатлашдим, мен ҳақимда ажойиб мақола ёзган. Шунга расмчи келади, деганди.
– Оббо, булар иккаласи мени боплаб туширибди, – ўйлади Тоҳир ака. – Энди бу воқеани чайнамаган одам қолмайди.
Тоҳир ака кампирдан тезроқ қутилиш мақсадида, аппаратини бир-икки бор “чақ-чақ” қилди ва жуфтакни ростлади.
– Мен яқинда Тоҳиржон аканинг бир тўйига бордим,– дейди Юсуфжон. – Эҳҳе, ўғли, қизлари, янга – ҳаммаси меҳмондўст, одамохун инсонлар экан. Унинг дўстларини айтмайсизми, ҳаммасининг суханидан бол томади. Йўл юриб, йўл юрсак ҳам мўл юриб, жуда катта таассуротлар билан Тошкентга қайтдик. Келсангиз, сизни ҳам бир марта олиб бораман.
– Менга илҳом берганингиз учун катта раҳмат,– дейди Тоҳир ака. –Сочи узун қизни, албатта, топаман ва расмга тушураман. У менинг шоҳ асарим бўлади! У менинг номимни – Тоҳиржон Ҳамрақулов номини дунёга танитади! Хуршид акадан мукофот пулини олсам, сизга, албатта, эрийман.
RS: дарвоқе, бу воқеа – Т.Ҳамроқулов ва Улуғбек қўрғони воқеаси таҳририятда анча вақт оғизма-оғиз айланиб юрди. Ҳатто кимдир газетанинг биринчи бетига кетаётган суратнинг тагига “Тоҳиржон Улуғбек олган сурат” деб имзо ҳам қўйибди.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ