Алишер Айматли ижодидан: ТОЖИДДИН РАЗЗОҚ
Бу инсон ҳақида ёзиш менга нақадар оғир. Унинг ҳаёти ҳеч бир рамкага сиғмас эди. У “Халқ сўзи” газетасининг Сурхондарё вилояти бўйича махсус мухбири эди. Деярли аксария т собкорлар таҳририят томонидан чақирилсагина (Баъзан олти ойда, баъзан бир йилда) Тошкентга келарди.
Тожиддин ака таҳририятда ҳар ойда бир марта пайдо бўлар, негадир узоқ муддат Сурхондарёга ҳам сиғмасди. Тошкентда тўрт-бешта улфати бўларди. Кечқурун ўшалар билан кетарди. Шулардан биттаси шоир Йўлдош Эшбек эди. Йўлдош Эшбекни яхши кўрарди, курсдоши эди, унинг шеърларидан иқтибос келтиришни севарди.
Уни “Халқ сўзи”нинг биринчи бош муҳаррири Аҳмаджон Мухторов ишга қабул қилган. Бошқа ҳеч нарсани ҳисобга олмаганда ҳам, биргина Тожиддин Раззоқдай мухбирни топиб, ишга қабул қилгани учун Аҳмаджон Мухторовга ҳайкал ўрнатса арзийди. Ва бир куни ўша кунлар келишига мен ишонаман.
Аҳмаджон ака унинг мақолаларини ўқиб, боладай қувонарди. Ва ҳаммамизга уни ўрнак қилиб кўрсатарди. Бу эса Вилоят газеталарида ёзганларини ўтказолмай юрган Тожиддин Раззоқ учун катта мукофот эди. У семизгина, бақувват йигит эди. Бу мақтовлардан кейин яна семирарди.
Ўшанда, Аҳмаджон аканинг тутуми ва марҳаматидан ҳаммамизнинг оёғимиздаги тушов ечилиб кетди. Ҳаммамиз бошқа жамиятга, бошқа бир мамлакатга тушиб қолгандек эдик. Биз ҳам ҳаминқадар яхши нарсалар ёза бошладик. Тожиддин Раззоқ эса ўрдак каби эркин суза бошлади. Унинг ёзганлари котибият папкасини тўлдириб ташлади.
У жудаям эркин ёзарди. Тафаккур доираси кенг, илмли, катта тажрибага эга журналист эди. Хўжалик ишлаб чиқаришини яхши тушунарди. Услуби ҳам ҳеч кимникига ўхшамас, ёзганларини мириқиб – гоҳ кулиб, гоҳ ачиниб ўқиш мумкин эди. Эсимда, унинг “Халқ сўзи” газетасида юз берган иш ташлаш низолари ҳақида ёзган қиссасини Жалолиддин, Исматилла ва мен раҳматли Азим Суюннинг хонасида қўлма-қўл ўқиб чиққанмиз.
Ўшанда таҳририят икки гуруҳга бўлинган, Тожиддин Раззоқ ҳар иккала гуруҳнинг орасида гап териб юрарди. Уни ҳамма жойда кўриш мумкин эди, ташқарида Ойбекка ўхшаб лозинг кўтарганларнинг ичида ҳам, ичкаридаги маслаҳатлашувларда ҳам, ҳовлида ўтказиладиган митингбозликда ҳам, иккинчи гуруҳнинг қаҳқаҳаларида ҳам ҳозиру нозир эди. Ҳатто гуруҳларда уни катталарнинг агенти деган иштибоҳлар ҳам пайдо бўлди. Унинг эса ҳеч нарса билан иши йўқ, одамларни зимдан кузатар, кулса кулар, қарсак чалса қарсак чалар эди. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, унинг қиссасини ўқидик.
Эсимда қолганлари – Мукаррама опанинг беш дақиқада уч марта сўзга чиққанларию, Абдунаби Бойқўзиевнинг залда қўлларини чўнтакка солиб, Маяковскийга ўхшаб юрганлари ва бошқа баъзи бир элементар нарсалар эди. Агар у қисса қўлимга тушса, яна қайта-қайта ўқишга рози эдим. Афсуски…
Ҳа, энди уни ўқиб бўлмайди. Тожиддин Раззоқнинг бу оламни тарк этганлиги учунмас, унинг китоб ва қўлёзмалари ёндирилиб юборилгани учун! Ҳарқалай, менга шундай информация келган. Бу Тожиддин Раззоқ кўзи очиқлигида содир бўлган.
Бундан ўн йиллар бурун мен бир юмуш билан Йўлдош Эшбекникига бордим. Ўшанда паст-баланддан анча гаплашдик. Йўлдош ака художўй одам. Ҳалиям тинимсиз ижод қилар экан. Мелисалар менинг уйимга ҳам келиб, китоблар излашиб, анча овора қилишди, деганди шоир менга ўшанда. Шундан кейин мен матбуотга нега шеърларингизни бермаяпсиз, деган саволни беришдан тийилдим. Суҳбатимиз Тожиддин Раззоқ ҳақида ҳам бўлди. У жаҳон адабиётини жуда яхши билади, деганди Йўлдош ака. Бизга жаҳон адабиётидан профессор Озод Шарафиддинов дарс берарди. У инсон жаҳон адабиётидан жуда кучли мутахассис. Тожиддин бир-икки бор савол бериб, Озод акани ҳам қийнаб қўйган жойлари бўлган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Олимжон Усанов Тожиддин ака билан тенгқур. Иккаласи ҳам Сурхондарёдан.
– Тожиддин билан ижодий сафарга чиқсам, маза қиламан, – дейди у. – У ёнимда бўлса, индамай ўтираман. У шундай қизиқ саволлар берадики, қаршисидаги одам ҳам худди суҳбатлашгандай бемалол гапиради. Мен кўп бора ана шундай суҳбатлардан ажойиб мақолалар ёзганман.
Мана чорак асрдан ошдики, унинг номини журналистика оламига муҳрлаган мақолалари ҳали ҳам кўпчиликнинг ёдида. Масалан, мен унинг “Намозшомда чиққан ойлар ботмагай”, “Ассалом алайкум, дорнинг оғочи”, “Сузишни билмайдиган ўрдак” номли мақолаларини қайта-қайта ўқиганман. Нафақат мен, бошқалар ҳам эрталаб газетадан Тожиддин Раззоқнинг мақолаларини изларди. Бор бўлса, биринчи навбатда шуларни ўқирдик. Ундан ўрганардик.
Мен сизга унинг бир ахбороти ҳақида гапирмоқчиман. Бор-йўғи бир ахборотча. Ё учта, ё тўртта гапдан иборат. Адашмасам, сарлавҳаси “Беморларга қулайлик” эди. Қайси тумандан эканлиги ҳам эсимда йўқ. Матнни эслолмайману аммо изоҳи қуйидагича эди: “…туман маказий касалхонаси раҳбарлари беморларга қулайлик яратишди. Касалхонанинг бир бурчагидан дўкон очишди. Энди беморлар ароқ ва сигарета сотиб олиш учун узоққа бориб юришмайди”.
Муштдеккина ахборот Нагасаки ва Хиросимага тушган атом бомбасиданда қаттиқроқ портлади ва жабрдийдалар кўп бўлди. Ҳокимиятдан тортиб, вазирликкача оёққа турган, казо-казолар ишдан олинган.
Ана шундай қудратга эга эди “Халқ сўзи” аввал!
Ана шундай қудратга эга эди бизнинг Тожиддин Раззоқ!
У сўзларни кўзбойлоғичнинг тошидай отиб ўйнатарди.
Уни аниқ билмадим, Жўрабоев даврида ишдан кетдими ёки Усмонов даврида? Ва нима учун ишдан кетганини ҳам эслай олмайман. Катталарнинг ўйинига аралашмаганман. Билмадим, кейин у қаерда ишлади, бунисини ҳам билмайман. Фақат Тошкентга келса, Исмат Худоёровнинг уйида қўноқ бўлганлигини эшитардим.
Шу пайт “Халқ сўзи”нинг Навоий вилояти бўйича мухбири Маҳмуд Мардиев эсимга тушди. Жуда ҳам бир ҳокисор, талантли журналист эди. Жўрабоев шундай йигитнинг ҳам қадрига етмади. Бу алоҳида мавзу. Аммо бир куни Тожиддин Раззоқ иккаласи бизникида меҳмон бўлди. Иккаласи бир-бири билан яхши келишарди, феъл-атвори ҳам ўхшаб кетарди. Роса гурунг қилдик. Ҳар ўн-ўн беш минутда Маҳмуджон бир гапни такрорлайди: Тожиддин Раззоқ журналист эмас. Тожиддин ака мириқиб кулади. Унинг кулишини кўриб, Маҳмуд портлаб кулади. Тўрдаги кулса, пойгоҳдаги жилмаярмиш, деганларидек, мен ҳам уларга қўшиламан. Кейин билсам, бу гапнинг давоми бор экан, Тожиддин ака уни биларкан. Бу гап асли бундай экан: “Тожиддин Раззоқ журналист эмас, у катта ёзувчи!”
Шу куни Маҳмуджон тонг пайти чиқиб кетди. Автобусгача кузатиб қўйдим. Тожиддин Раззоқ кечроқ турди. Бир нарсани излайди, тополмайди, кейин билсам пайпоғини излаётган экан. Ана, дедим. Бу меники эмас, оёғимнинг ярмига ҳам сиғмади, деди. Кейин билдикки, қоронғида Маҳмуд алмаштириб кийиб кетган экан. Энди хотинидан роса гап эшитадиган бўлди Маҳмуджон, деди Тожиддин ака кулиб, бу чулкини қаердан олдинг деб.
Шу воқеаларни эслар эканман, бу дунёнинг бир тутамлиги ёдга тушади. Иккаласи ҳам забардаст йигитлар эди. Ажойиб журналистлар эди. Илойим, нарги дунёси обод бўлсин!
Ана шундай журналист “Халқ сўзи”да қадр топмади. Жамоада қанчалаб журналистлар унвонлар олишди, орден ва медаллар билан тақдирланишди. Ҳамма – бош муҳаррирдан тортиб мусаҳҳиҳгача унинг энг зўр журналист эканлигини биларди, аммо ҳар доим рўйхатларга сиғмасди.
Аммо у шунга ҳам рози эди. У узоқ муддат ишсиз юрди, ҳеч бир нашр уни ишга олишга шошилмасди. Чунки у “Халқ сўзи”дан ҳайдалган эди. Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур…

Оллоҳ раҳматига олсин.
Жойлари жаннатдан бўлсин…
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан