"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Ўтли сатрлари элнинг қалбида… (Эркин Самандарга қутлов ўрнида)

Адабиёт, Бош мақола, Муҳаррир танлови | 08/04/2021 22:01-     11443 марта ўқилди

Хива, бу гумбаз, минора, нақш-у нуқра
шаҳри бу,
Токчада қолган китоблар одамийлик
шарҳи бу,
Паҳлавон Маҳмуд сўзин ёд олди
Машриқ, Мағриби,
Машриқ-у Мағрибда машҳур
ўлканинг фарзандиман.

Шеърни ўқир экансиз, она юртга меҳрингиз жўшиб, қалбингиз ғурурга тўлиб бораверади. Бу ғурур эса аждодларга муносиблик масъулиятини елкангизга ортиб қўяди. Шу шеърнинг ёзилганига роппа-роса 50 йил тўлибди.

«Бу асар кўпгина залворли шеърлар қатори ҳамон яшамоқда. Яшамоқда ҳам йилдан-йилга умрига-умр қўшилибгина эмас, кучига-куч, гўзаллигига-гўзаллик қўшилиб, ихлосмандларининг давраси янада кенгайиб, яшашни давом эттирмоқда. Ватан ҳақидаги яхши, жозибали шеърнинг дунёга келиш санаси бор, лекин кетиш санаси йўқ. Бундай асарлар ўз ўқувчилари билан уларнинг бағрида доимо яшаб қолади» деб ёзган эди академик Бахтиёр Назаров мазкур шеър ҳақида.

Хоразм тарихи ҳақида хўб ва кўп ёзган ижодкорлар бошида унинг муаллифи – Эркин Самандар исми тилга олинса, не ажаб. Шоир ижодида бундай гўзал асарлар кўп.
Адибнинг «Жавоҳир», «Аждодлар қиличи», «Башорат», «Жалолиддин Мангуберди», «Арабмуҳаммад Баҳодирхон» каби драмалари, «Паҳлавон Маҳмуд Пирёрвалий», «Суянч», «Минг отлилар диёри» сингари қисса ва бадиалари, «Дарёсини йўқотган қирғоқ», «Тангри қудуғи», «Қудуқ тубидан садолар» «Султон Жалолиддин», «Қуюн юзлари ёхуд Огаҳий» романларида тарихимизнинг ёрқин ва рангсиз саҳифалари акс этган. Йигирмадан зиёд шеърий тўпламлари, «Осмоннинг тош тулпори», «Олтин сандиқ», «Қўшиқ излаб», «Самарқандни ошиқлар қурган» каби достонлари мухлислар қалбидан жой олган. Шоирнинг юздан ортиқ шеърларига куй басталанган.

«Тақдир йиллар давомида менга иккилик этмайдиган, ҳар қандай шароитда ҳам мени ташлаб кетмайдиган содиқ дўстни – қаламни берди. Дарҳақиқат, ҳар қандай кунимда у мен билан бирга бўлди. Ҳозир ҳам мен билан. Шодумон дамларда қандай куйлаган бўлса, дилим озорланган пайтларда ундан ҳам кучлироқ куйлади, дод солди, йиғлади, йиғлатди. Мени олис тарих сари етаклаб, мозийнинг дард-у аламларига ошно этди, зарур вақтларда юрагим яраларига малҳам қўйди. Ундан ўтли-ўтли сатрлар, дардли саҳифалар, изтиробли, фожиа­­ли асарлар яратилди. Уларда буюк аждодларимизнинг мунаввар сиймолари бўй кўрсатди» дейди адиб «Қаён борсам, Самандарман…» китобининг хотимасида.

Эркин Самандар нафақат улкан адиб сифатида, балки салоҳиятли раҳбар, жамоат арбоби сифатида ҳам жамият ривожига муносиб ҳисса қўшган инсон. Узоқ йиллар «Хоразм ҳақиқати» газетасига бош муҳаррирлик қилди. Ўзбекистон Респуб­ликаси Бош вазирининг ўринбосари бўлиб ишлади. Кўплаб хайрли ишларга бош бўлди.

Бугун ижод мактаби сифатида ёш авлодга адабиёт сирларини кашф этишга кўмаклашаётган масканнинг тамал тошини Эркин Самандар қўйган десак муболаға эмас. «Хоразм ҳақиқати» газетасига бош муҳаррир пайтлари Қиёт қиш­лоғида бўлганида, Огаҳий ўз қўли билан эккан тут дарахти ҳақида гапириб беришади. Кексалардан бири Огаҳийни кўрганини айтади. Бу ерлар «Мироблар ўрами» бўлганини, улуғ шоир ҳам шу ерда яшаганини эшитган адиб Огаҳий эккан тут қаршисида узоқ ўйга толади. Қисқа фурсатда пахтазор боғга айлантирилиб, Огаҳий боғи ва уй-музейи барпо этилади. Бугун ҳам Огаҳий эккан тут мева бермоқда. Боғда кўплаб яхши инсонлар қатори Эркин Самандар эккан дарахтлар ҳам мева ва соялари билан ҳаёт бардавомлигига ҳисса қўшаётир.

Халқимизнинг суюкли фарзанди, шоир ва ёзувчи, драматург Эркин Самандар муборак ёшни қаршилади. Бугун ҳам ўз ижоди билан ўз мухлисларини мамнун қилаётган ижодкорни қутлуғ ёш билан қутлаб, асарлари асрлар оша суйиб ўқилишини тилаймиз.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»

Ishonch.uz

Ўхшаш мақолалар:

  1. Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир! (Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али диққатига)
  2. ШОИР ЭРКИН ВОҲИДОВ ХОТИРАСИГА («Ўтганлар ёди» туркумидан)
  3. 29 март — шоир ва драматург Тўра Мирзо туғилган кун. Муборакбод этамиз. (1-қисм)
  4. Фахриддин Тожимурод: Ҳалима опамиз… Ўзбекнинг Ҳалимаси.
  5. Абдулла Орипов ҳақидаги биз билмаган ҳақиқатлар…
  6. Жаҳон меҳробида пайдо Алишер… Шодмон қасида айт сен ҳам, эй қуёш!
  7. «Дунё ўзбеклари» — Миллат минбари (Исмат Хушев ижоди ва фаолиятига бир назар)
  8. «КЎНГЛИМДАГИ ПРЕЗИДЕНТ»ГА БИРИНЧИ БИТИК — Баҳром Ғойиб
  9. ЎзА: Адабиёт – инсон фаолиятининг ичкаридан олинган сувратларидир…
  10. Мирзопўлат Тошпўлатов: Ўлмас қояларнинг – ўлмас қояси
  11. Иброҳим Ғофуров — ЎзА: Абдулла Орипов сиймоси
  12. Ғаффор Ҳотамов: Орипов ҳодисаси — кузатишлар, қайдлар, талқинлар…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.