Улуғбек Ҳамдам: БИЗДАН РОЗИ БЎЛИНГ, ОТА! (Эсседан парча)
УСТАРАНИНГ ТИҒИ
Сафарга отланиб жомадонни ҳозирларканман, ниманидир қидириб, унинг киссасига қўлимни солишимни биламан бир нима жиз этиб бармоғимга санчилди. Аҳ! Қон шарқираб оқди. Қарасам, устаранинг ўткир тиғига номсиз бармоғимни уриб олибман. Аттанг! Йўлга кетаётганда ҳам шундай бўладими!..
ЙЎЛ АЗОБИ – ГЎР АЗОБИ
Сафарнинг тўртинчи куни эди. Эрталаб беш бўлмасдан эшитдим мен отамнинг вафоти ҳақидаги совуқдан совуқ хабарни. Совуқ хабар ичимга бир чўғ бўлиб кирди. То Ўзбекистонга боргунга қадар шундай кечди. Ҳатто қишлоққа борганда ҳам чўғнинг тафти босилмади. Бу армон чўғи, йўқотиш чўғи эди.
Яхшиям ўғлим мени кутгани. Йўқса, рулга ўтирадиган ҳолим йўқ эди менинг. Эрталаб соат 4 ларда уйғониб олгандим. 5 да эса бу шумхабар келди. Шундан бери оёқдаман. Автобус, такси, 2 та самолёт, “ковид”нинг текширувлари, энг ёмони – отамнинг энди бу ёруғ дунёда йўқлиги ҳақидаги ўй жисму жонимни еб, обдан ҳолдан тойдирган эдики, машина бошқарадиган ҳолим мутлақо, ҳа-ҳа, мутлақо йўқ эди.
Орқа ўриндиққа ўтирдим. Ўғлим рулда, келиним ёнида – йўлга тушдик. Анчагача гаплашиб кетдик. Негадир совқата бошладим. “Печкани кўтар” дедим мен. Кўтарди. Уйқусизлик, иссиқ ва чарчоқ элтди чамаси, кўзим илинибди. Ярим соатми, ундан сал озроқ ё кўпроқми вақт ўтиб, кўзимни очдим. Қарасам, ташқарида қор, бўрон! “Қаердаман?.. Нима қиляпман?.. Қаерга кетяпман ўзи?.. Нега кетяпман?…” Бирданига тушуниб ололмадим. Секин-аста ҳушим қайта бошлади: сарсор солсам – машинада эканман, рулда – ўғлим, ёнида – келиним ва биз тоғ устида кетиб боряпмиз. Олдинда иккита қор курагич махсус машина секин ғилдираб, йўлни очиб – тозалаб кетяпти. Ортидан биз ва юзлаб бошқа машиналар!.. Ё алҳазар! Апрель бўлса, кўкламнинг иккинчи ойи, қорга бало борми!? Ёнбағирлардан елиб келган шамол кўзўнгимизда қорбўронни ҳосил қилади-да, машинанинг олд ва ён ойналарига келиб уради. Машина сирпанади… Жаҳаннамнинг ўзгинаси!..
Дарров хаёлим отамга, унинг жаноза маросими қандай ўтганига кетади. Наҳотки, кечаям шундай кечган бўлса ва отамни сўнгги манзилга мана шундай қор бўрони ичида элтишган бўлса!?..
Онамга сим қоқдим.
– Аъло! Бувижон! Бардаммисиз?.. Ҳа… Боряпмиз… тоғдамиз. Қор бор экан бу ерда. Мўлжалдагидан сал кечроқ етиб борамиз, шекилли.
– Майли, болам, майли…
– Қишлоқда ҳаво қандай?
– Яхши, қуёш чиқадиган бўлиб турибди.
– Кеча қанай бўлганди?
– Кеча қуёшли эди…
– Хайрият. Хўп, бувижон, кўришамиз.
– Хўп…
ЖИГАРНИНГ ДАРДИНИ ЮРАК СЕЗАДИ
Йўл узун эди, лекин гапнинг қисқа кесаман: амаллаб етиб бордик. “Машинани узоқроққа тўтат!” – дедим ўғлимга. – “Багажни оч! Тўну дўппини кийиб ол!” Мен шундоқ ҳам маросимбоб кийимда эдим.
Укаларим – Абдурашид, Абдумалик, Каримжон, Абдуманноб, Элёр тизилишиб биз томон, биз улар томон юрдик.
Уларни бирма-бир бағримга босар эканман, ўз-ўзидан кўнглим тўлиб кетди, кўзларимдан потраб аччиқ ёш қуйилди, юрагим юмшади. Уларда ҳам шу ҳолатни кузатдим. Кетма-кет беш укам билан бағирлашдим ва ҳар бирини кўксига кўксимни босганимда ич-ичимдан йиғи отилиб келди. Йўқ, мен роль ўйнашни билмайман. “Вой отам!”лаб бақирмайман, одамлар кўрсин, эшитсин дея ўзимни ҳар кўйга солмайман, билъакс, бутун борлиғимни феълим, табиатим ва тарбиям оқимига қўйиб бераман: йиғи келса, йиғлайман, келмаса йўқ. Ҳатто шундай маросимда жилмайиш, кулиш тўғри келиб қолса, уни ҳам қиламан. Агар шу ҳолим ҳам маълум бир роль бўлса, демак, бу менинг ролимдир. Хуллас, шунақа…
Кейин тоғаларим билан бағирлашдим. Яна ич-ичимни титроқ босиб, ўпкам тўлди, кўзларим ёшланди.
Кейин эса қўни-қўшнилар, маҳалла-гўй одамлари билан қучоқлашдим, уларнинг айримлари товуш чиқариб йиғлаб туришарди:
– Абдуваҳоб тоғамизни бериб қўйдик-ку, Улуғбек!..
Мен уларни маҳкам бағримга боссам ҳам негадир ич-ичимдан боятдан бери келиб турган йиғи тўхтаб қоларди. Қизиқ! Бир… икки… уч… Йўқ, йиғи йўқ!..
“Университетдан келишган, анчадан бери сени кутиб туришибди” дейишди ҳовлига кириб боришим билан чап томондаги айвонда ўтирган домлаларни кўрсатишиб. Мен айвонга бир қараб қўйдим-да, отам билан бувимнинг хоналарига йўналдим. Икки хонанинг ичи тўла аёллар.
– Бувим қани?
– Ичкарида…
Ичкарида – тўрида бувим ва холаларим ўтиришарди. Тўғри бувим томон юрдим. У мени кўриб ўрнидан қўзғалди. Кичик ва букик жуссасини маҳкам бағримга босгандим, ичимдан отилиб йиғи келди. Йўқ, бу йиғи эмас, юрагимни ёриб чиққан ўкирик эди. Аммо ўкирмадим яраланган шер мисоли. Онажонимни қучоқлаганча тебраниб туравердим, туравердим. Юрагим юрагини ҳис қилди. У ерда чексиз айрилиқ бор эди, ҳамда чўнг бир изтироб…
Аччиқ кўзёшларим оқиб оғзимга кирди. Тилим унинг таъмини туйди. Таъмини тилимда туйган кўйи хонадан чиқдим. Йўлда кўзимга кўринган холаларимга елкамни тутдим. Уларни бағримга босмаган бўлсам-да, юракларини ҳис қилдим. Юраклари қонли эди уларнинг ҳам…
Шундан сўнггина мени кутиб қолган ҳамкасбларим ҳузурига йўналдим. Улар билан кўришар эканман, тавба, яна менинг кўзларим қуриб қолди… Нега? Нима учун?.. Наҳотки, бу руҳнинг иши бўлса? “Ҳа, унинг иши!” деб ўйладим мен негадир ўйларимга чиппачин ишониб. Ахир, қайғунгни баҳам кўриб сенга елкадош бўлиб турган одам ҳар на қадар самимий бўлса-да, руҳ унинг юрагидаги изтиробнинг сеники каби чуқур эмаслигини, у ерда қон-қариндош-жигарингнинг юрагидагидек қон силқиб оқмаётганини сезиб туради. Жигарингни бағрингга босганингда эса, юрагинг онанг, уканг, тоғанг ёки холангнинг юрагидаги битмас жароҳат билан, қайғу-алам билан, оқаётган қоннинг саси билан ҳамоҳанглик топади ва ичингга титроқ тушади, йиғлайсан, ҳатто ўкирворасан…
Маросимнинг ўша – иккинчи куни шундай кечди.
Тун чўкди. Ҳамма ўз хонасида. Чопонни елкага илиб ташқарига – ҳовлига чиқдим. Кўкка боқдим: юлдузлар, Ойбек домла айтмоқчи, чаман чаман. Менинг ҳам Ойбек деган акам бор эди. Ойбек домлага ҳавас қилиб қўйишганди отини. Пахлавон Махмуддек жисмонан бақувват эди менинг Ойбек акам, у каби шоир ҳам эди. Фақат пахлавон Махмуддан фарқ қилиб, элга танилмади – ҳаётдан чалғиди ва ёш кетди. Акам билан биз еттита эдик – етти ўғил! Отамнинг етти ўғли бор эди. Отам энди тўнғич ўғлининг ёнига кетди. Ўзи раҳмат айлаган бўлсин уларни!
Тоққа қор тушгани ва эртасига ҳаво очилгани боис совуқ найзасини санчиб-санчиб олади. Ошхона томондан чиқиб келган қизим мени кўриб ёнимга ёндашдию юлдуз тўла осмонга боқди:
“Дада, котатам (катта ота, бобо) ни руҳи энди юлдузларга қараб учиб кетдими?”.
“Ҳар ҳолда, тупроқда қолиб кетмайди руҳ… Худойим чақирган томонга қараб учади у… Шундай деб ўйлайман мен” – дедим.
Қизим худди отамнинг – бобосининг руҳини қидиргандек юлдузли кўкка берилиб кўз солади.
– Юр, бувимнинг олдига, ташқари совуқ экан!..
“Баҳорга чиқиб жоним узилсин, ишқилиб. Жанозамга келган одамлар совуқдан, намгарчиликдан қийналиб қолишмасин. Бу йил об-ҳаво анча инжиқ келди” дейверарди, дейверарди отанг, дейди бувижоним – менинг онажоним.
“Ниятига етибди отам”.
“Ҳа, кечаси совуқроқ бўлса ҳам кундузи қуёш чарақлаб турибди. Илиқ. Одамлар қийналишмади”.
Шу чоғ нималар биландир куймаланиб келин кириб келди.
“Раҳмат сизга келин, укам Элёр билан отамга шунча вақт йўлдош бўлдинглар. Оғриб қолганда дори, бир пиёла иссиқ чой тутдинглар!” дедим мен.
Келин мендан бошқача гап кутган эканми, бирдан ҳўнграб йиғлаб юборди.
“Шундай беозор одам эди отам. Доим бизни, невараларини ўйларди… Энди билсам, ҳар лаҳза биз ҳақимизда хавотир олган экан, биз эса мунча гапиравераркин дердик. Қадрига етмапмиз”.
“Қадрига етмаслик ўзбекнинг қонида бор”, – ўйлайман мен. Лекин тилимга ўзга сўзлар чиқиб келади:
“Барибирам раҳмат сизга келин, соғ бўлинг!”
ҚАБРИСТОН
Тонг сахарда Абдурашид укамнинг овози келди.
– Турдиларингми, ака? – Эшикни очиб сасланди у.
– Ҳа.
– Ассалому алайкум!
– Ваалайкум ассалом!
Иккита машинада қабристон томон йўл олдик.
– Ке, рулга мен ўтирай! – Дедим ўғлимга. – Қабристон йўли тор, хавфли!
Кўз олдимга раҳматли Омон ака келади. У ўз тракторида шу тор йўлдан қабристон зиёратига бораркан, сирпаниб зовурнинг ичига тушгану ўлган. Унинг акаси қарсиллатиб от чоптириб ўтиб кетганди кўчамиздан. Кечагидек эсимда – отнинг рангигача, туёқларининг шаклигача…
Сира кутилмаганда йўлнинг кенг ва анча равонлигини кўрдим. Укаларимнинг айтишича, ёрдамчи имом Ҳоким ака қаттиқ туриб, йўлни кенгайтирган, ариқни икки-уч қулоч нарига олдирган, орадаги чуқурга эса юз машинадан кўпроқ шағал тўктирган, хуллас, йўлни тузатган. Аммо-лекин уни шундай ишлатгани учун айрим одамлар ёмон кўриб, орқасидан гапираркан.
“Ҳозир бизда ҳамма соҳада йўлларни мана шундай тузатадиган бошлиқлар керак, ҳамма соҳада! Майли, орқасидан гапирсин, лекин тор ва хавфли йўллар тузалсин, – хаёлимдан ўтади менинг. – Барака топсин ўша имом! Майли, вақт келиб унинг қаттиққўллиги жамиятга керак бўлмай қолар, ҳатто қаттиққўллик танқид қилинар, бироқ бугун у керак. Шу шарт биланки, қаттиққўллик муҳаққақ равишда энг фойдали натижаларга олиб борсин! Бундай қаттиққўл раҳбарнинг биттаси мулойимсупирги бўлиб демократ ролини ўйнаганча ҳаммаёқни расво қилаётган минглаб бошқа раҳбарлардан афзал. Қачон биз вазиятларни тўғри баҳолаймиз, натижаларга қараб туриб шахслару, воқеа-ҳодисалар ҳақини беришни ўрганамиз, қачон?..”
Қабристон… бу ерда менинг бобомлару момомлар ётибди. Акам Ойбек ётибди. Ўғлим Муҳаммад ётибди. Ҳа, яқинларимнинг катта бир қисми шу ерда…
Ота-ўғил, укалар – ҳаммамиз отам қабри теграсини ўраб олганча чўкка тушиб, тиловат қиламиз. Ниҳоят, юзларни силаб ўрнимиздан турамиз.
Тураркан, аланглаб, акаму ўғлим қабрлари томон қараб қўйдим. Укаларим машина томон юришди, мен яна тиз чўкиб Қуръон оятларидан ўқидим. Қарасам, ортимда ўғлим ва энг кенжа укам ўтирган экан. Биргалашиб биз ҳам машинага элтувчи йўлга тушиб олдик.
Ҳаммаёқ топ-тоза, саришта!
Илгари, – эслайман, – атроф чакалакзор бўлиб ётарди.
– Бу ҳам имомнинг ишими? – Сўрадим кенжа укамдан.
– Ҳа, ўшанинг, – деди укам.
– Отасига раҳмат! Қара, раҳбар ақлли бўлса, қанча хайрли ишларни ташкил қилиб юбориш мумкин. Ҳатто қабрлар гуллаб кетади, гуллаб!..
Ўғлим машинанинг орқа ўриндиғи томон йўналди.
– Ма, Умрбек! – Калитни узатдим унга. Бу йўлларга сени топшира оламан. Ўзинг ҳайда!..





-
Кӯзларим ёшга тӯлиб ӯқидим. Отангизнинг, олдинроқ кетган барча яқинларингизнинг жоӣлари жаннатда бӯлсин! Қанчалик танти-я, халқимиз. Эӣ, Худо ӯлмаӣ, демаӣди, одамлар қиӣналмаӣдиган паӣтда кетаӣ, деӣди.Мен жуда кичкина паӣтимда (ҳали мактабга чиқмаганман) бир қаҳратон қишда Равшан бобо деган қӯшнимиз вафот этгандилар. Шунда отам аӣтганди. Бечора сӯнгги нафасларида «Ер музлаб ётибди, одамлар қиӣналадида» деган экан. Ӯша боболарнинг ҳам жоӣлари жаннатларда бӯлсин.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан