Ғаффор Ҳотамов: «Ислом Каримов — тожик» деганлар диққатига
ПРЕЗИДЕНТ ИСЛОМ КАРИМОВ ТУҒИЛГАН КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН
ҒАФФОР ҲОТАМОВ
ИСЛОМ КАРИМОВ ТОЖИК ДЕГАНЛАР ДИҚҚАТИГА
Сиз “Ватан тарихи”ни[1] ўқиганмисиз? Унда анимизм (руҳга сиғиниш), тотимизм (аждодлар руҳига сиғиниш), магия (сеҳргарлик) дастлабки диний эътиқод сифатида талқин этилган.
Шу нарса, бу!
Кейингиси.
Уни ёзган бу сирни билади. Унинг кучини ва амал илмини ҳам…
Ва у ёш авлод онгига нимани сингдирмоқда?
Тайинланган жойда ўзини портлатиб юборувчи камикадзе шундай тайёрланади.
Энди ўзингиз айтинг, кишилик тарихи шундай бошланганми?
Бу мағзава қаёқдан оқиб келаётир?
Мақсад нима, ўзи?
Кеча Москванинг “Тв 3” телеканали Марказий Америка ўрмонлари ва унда яшаётган аборигенлар ҳақида кўрсатув берди.
Қаранг, ҳамон бор улар!
Қабила бошлиғи қоп-қора, қартайган ва кўримсиз, яна денг, юзини бўяб олган. У шир яланғоч, ҳатто, авратини ёпган эмас.
Бу – одам қадами етмаган тўқайларда ибтидоий жамоа ҳамон яшаб келади, деган тушунча беради.
Ҳолбуки, ибтидоий жамоа бўлмаган.
Тош даври ҳам.
Қулдорлик ҳам!..
Одамзод бу тарзда яшаган эмас!
Одам Ота билан Мома Ҳаво жаннат либосида ерга тушган.
Урчуқ, ип йигириш, мато тўқиш Мома Ҳаводан қолган.
Аборигенлар – ўша қавм ўз “таълимот”ига мослаб, сеҳр-жоду кучи билан ясаган чиқитдир! Тош даври, қулдорлик даври ҳақидаги тушунча ҳам. Ва бошқаси ҳам!..
Коммунизм деган сафсата каби, асли пуч нарса, бир ўйдирма, холос!
Кўраяпсизми, қанчаликка бориб етган, улар!
Гоҳо биров ўтказиб юборса, койинсам, Ислом Ҳамро мутойиба қилади: “Урушма-анг, акаси, бир йигит бўлсин, ҳали!..”
Шунга ўхшаб, кўрасиз ҳали, ўша аборигенлар бир йигит-қиз бўладики, ё тавба деб ёқа ушлайсиз! Малоҳати, ақл-заковати билан ҳаммани ҳайратга солади. Ва уларни шу кўйга солган жоду аҳли эса, шортикни ечиб ташлаб, юз-кўзини бўяйди ва сочига пат қистириб, қип-қизил аборигенга айланади!..
Қайтар дунё, бу!
Тақдир ажойиботлари, дегани шу, аслида.
Ҳақиқатнинг кўзига тик қараб, ҳар бир нарсани ўз номи билан аташ керак.
Ўйдирма таълимот, шунга мос илм ва тушунчадан халос бўлиш осон эмас. Шу иқлимда дунёни танидик, шу иқлимда яшадик. Аммо, воқеалар оқими қайта-қайта бир ҳикматни уқтирмоқда:
– Вақт етди!
Унинг иродасига сомеъ бўл!
Тоҳир Малик эса, Қиёмат қойим бўлганини кўра-била туриб, аравани қуруқ олиб қочади. Тинмай тўқиб-бичади, чизиб-чатади.
Нима эмиш, “Шайтанат” эмиш!
У юзи қора бўлса, масалчини унвон билан сийлайди: “халқ ёзувчиси!”
Хўш, нима дегани у – шайтанат?
Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?..
Қаранг, миллий тил иҳотаси учун сув билан ҳаво бўлган Атамақўм ўтиш даврида тугатиб юборилди.
Нега?
Ёқубовга хусумати учун шундай қилдими?
Йўқ, ўзбек тили билиқсиб ётсин, ғурбатдан боши чиқмасин учун!..
Навоийшунос Иброҳим Ҳаққул олдин форсча матн келтиради, кейин ўзбекча маъносини беради.
Бу билан нима демоқчи, у?
Султонмурод Олим хусуматини яшириб ўтирмайди, Навоий чиғатой тилида ёзган, деб ноғора қоқади. Ва яна нари борса, пирлари ва устодлари, султони ориён ва дедойи калон Абдураҳмон Жомийнинг бир мутаржими-да, деб қўяди.
“Ўрта Осиё аҳолиси ҳеч вақт ўз юртини, ўз тилини “чиғатой” деб атамаган, – деб ёзади Ҳерман Вамбери. – Бу ном Амударёнинг у томони – Эронда форслар томонидан қўлланилган. Бу ўлканинг аҳолиси ўз юртини Туркистон, ўз тилини туркий тил деб атаб келган”[2].
Нима, Вамбери билган ҳақиқатни форспараст Олим билмайдими?
Ким унинг дедойи калони?
Навоий қаёқда, у қаёқда!
Нусратилла Жумахўжа бўлса, “Оҳ, Сафавий, воҳ Сафавий!” – деб кўкрагига уриб йиғлайди, тимсоҳнинг кўз ёшини тўкиб, ҳаммани илондай аврайди ва Шайбонийхонни босқинчи-қонхўрга чиқаради, Сафавийни эса, кўкка кўтаради.
Яна қаерда?
Мактаб дарслигида!
“Шайбонийнома” таҳлилида.
Тасаввуфшунос “дониш” енг шимариб майдонга чиққан! Амалиёт! Бугун кимошдишунос у!
Ҳам шохига уради, ҳам туёғига.
“Қора бозор”ни қиздиради.
Тоза додини беради.
Мен Нажмиддин Комиловни[3] айтаяпман!
Югурдаклар юрт бўйлаб изғийди, “мурид” овлаб!
“Шартнома”ни хотини имзолайди!
Давр келди, сур бегим.
Нима кўп – депутат бўлсам, дахлсиз бўламан, мушугимни биров пишт демайди, деган крохобор кўп.
“Кимошди” савдоси.
“Кўк”идан, фақат “кўк”идан!
Бели синмаган бўлсин!
Кеп қолинг!
Тендер!
– Амир Темурнинг онаси қаерлик, биласизми? – дейди Султонмурод Олим.
– Биламан, бухоролик.
– Ўзимиздан, тожик! – дейди у.
– Ундай деманг, – дейман мен. – Шу гапни бошқа бировга айтсангиз, бир барлос унинг додига етмаса, Соҳибқирон қаёқда эди, дейди. Керакми шу, сизга?
У синиқади.
Аммо, у ёқда тожиклар[4] хуруж қилади, акнун, Самарқанду Бухорони бизлар қурганмиз, деб!
Кун бермайди!
Кўз очирмайди, сира!
Чукур-чукур, чукур-чукур! Чукур-чукур, чукур-чукур!
Еб ташлайди!
Нима эмиш, туркийлар кўчманчи эмиш! Олтойдан кеп қолган эмиш, мол боқиб, уларнинг ерига!
Аслида, бунинг зидди бўлган-ку, биродар?
Аммо, улар ташаббусни қўлдан бермайди, тўғри, бошида таёқ синган ҳўкиздай бир зум гарангсиб туради, сўнг яна байроқни олиб чопади “номаълум тепалик” сари!
Сувни лойқалатади!
Бир қутурди бу қавм, бир қутурди, у ёқ-бу ёғи йўқ!
Қани энди, Низомулмулк ҳаёт бўлса-ю, “Ахборот”дан сўнг бир чиқиш қилса:
– Нега оламга фитна соласан, эй ит?! – деб…
“Лирик чекиниш”
Ҳали айтдик, қурултойда улар Хуршиднинг номзодини бежиз илгари сургани йўқ, деб. Уюшма бўлинишига сабабчи бўлиб қолди, у. Ва бу, уларнинг ғаразига тугал мос келар эди. Фатна аҳли шу баҳона: “Каримов – тожик! Хуршид билан ҳаммаҳалла! Ўзиникини оп чиқаман деб шундай қилди!” – дея масалага тус берди ва сувни лойқалантирди. У вақт кимнинг аслида ким экани ҳали маълум эмас, Каримов яқинда иш бошлаган, шахси ҳақида юзаки тушунча бор эди, холос. Вазият эса, жуда нозик, қутқу ва шов-шув хаёлни очиб қочади. Бир гапни ўйлаб кўриб, ҳақиқатнинг илдизига етиб боришдан кўра ўша оқимга қўшилиб кетиш майли кучли эди. Айни шу даврда хоним-афандим Ҳалима Худойбердиеванинг елиб-югуриши билан Мирза Кенжагача девонга кўчиб ўтди. Ва буям ўша даъвонинг амалдаги ифодаси бўлди, гўё.
Бундан мақсад – ёзувчиларни Каримовга қарши қўйиш ва, айни вақтда, кўраяпсизми, у тожик, яна одам айиради, деб халқнинг кўнглини совутиш эди.
Биласиз, ўша вақт қўшни ўлка нотинч бўлиб, ваҳҳобий-тожиклар кўп қон тўккан, қутуриб золимлик қилган. ”То имрўз даҳҳо ҳазор мардуми бегуноҳ, тожикони Кўлоб, Хужанд, Ҳисор, Зарафшон, Ғозималик, Ёвон, ўзбекон, арабҳо, туркманҳо ва мардуми русзабон аз дасти онҳо кушта шуданд”.[5] Сиз билмайсиз-да, уларнинг ваҳшийлигини! Қатлу қирғин ҳад билган эмас! Ҳатто, Хўжандга келиб, пахта тераётган аёлларнинг сийнасини кесиб қопларга жойлаган, уларни қора қонига белаб, ўзлари бир мошин қопни Душанбега олиб кетган!
Ўша шўрлик жабрдийдалар ҳам “ўзбекон” бўлган!..
Ва бундай вазиятда бир одамни ёмон кўрсатиш унча қийин эмас!
Буям Бўжи, дейиш кифоя!
Қолаверса, ўзини тожик деб билган одамлар Самарқанду Бухорода ҳад билмай кетди. Ва буям шу билан изоҳланади.
Хуллас, тўқсон саккизинчи йилга келиб, “Каримов – тожик!” деган фасод жуда кучайди. Ивир-шивир ҳатто девонни чулғаб олди. Султонмурод Олим бизнинг гуруҳда етакчи ходим. Кўчада, майли, ҳатто иш юзасидан ҳам форс тилида муомала қилади. Ахийри: – Султонмурод, – дедим унга. – Бундай қилманг, уят бўлади! Бу идора – Ўзбекистоннинг юраги! Биров эшитса, нима дейди?
– Э-э, сиз билмайсиз, – деди у. – Акнун, Каттаям тожик! Владимир Норовга[6] айтипти, ўзбакчани ўрган, деб! Норов, шу тилни жиним суймайди, депти. “Мен ҳам ёмон кўраман, лекин, шу ерда ишлагандан сўнг, билиш керак! Начора, мана, ўрганаяпман”, депти у киши!
1998 йилнинг 14-16 сентябрида Ислом Абдуғаниевич Исроилга ташриф буюрди. Сафардан қайтгач, у киши шошилинч маънавиятга алоқадор ўн тўрт масъулни йиғди, 17 сентябр куни, соат 10 да.
Ҳамидулла Кароматов, Мурод Дўст, Хайриддин, Қуддус Аъзам, Шуҳрат Жабборов, Султонмурод Олим, ҳаммамиз кичик залга кириб, белгиланган жойга ўтирдик.
Ислом Абдуғаниевич бир оз ҳаяллаб келди. Ва жуда ҳорғин, асабий кўринар эди.
У киши жойига ўтиргач, ҳаммани бир-бир кўздан ўтказди, сўнг:
– Ораларингда бошқа миллат вакиллари борми? – деб сўради.
Ким давлат раҳбарига: – Бор! – деб айтади, бундай вазиятда! Авзойини кўриб турипмиз. Ҳамма бирдай: – Йўқ! – деди.
Аммо, у киши қаноат ҳосил қилмади. Ва:
– Ичингизда қозоқлар борми? – деб масалани кўндаланг қўйди.
– Йўқ!
– Қирғизлар-чи?
– Йўқ!
– Туркман?
– Йўқ!
– Тожиклар-чи?
Табиийки, биринчи бўлиб, Султонмурод: – Йўқ! – деди, сўнг унга Хайриддин, Мурод Дўст қўшилди…
Шундан сўнг Ислом Абдуғаниевич ҳар қандай форспарастнинг ҳушини учирадиган чиройли бир “лутф” қилди, кейин, тарихда тожик деган халқ, Тожикистон деган давлат бўлмаган, деб таъкидлади. Кўп гап айтди, тарихдан кўп мисол келтирди. Ҳатто, Сомоний ҳам тожик эмас, деди ва у хуросонлик, туркий қавм вакили эканини далиллар билан асослаб берди.
– Мана, мен уч кун Исроилда бўлдим, – деди у киши. – Бизга энг нуфузли “Шоҳ Довуд” қароргоҳини беришди. Деразадан шаҳарнинг бутун чиройи кўриниб туради. Аммо, бир кун ўтгач, дунёга сиғмай қолдим. Кеча кечқурун қайтиб келиб, ерга оёқ қўйгач, кўнглим жойига тушди. Ўзимиз униб-ўсган заминга жонимиз туташиб кетган. Агар, бу хислат фақат ўзбек халқига хос, десам, хато бўлмайди. Абдулла тўғри ёзган, ўзбекни чегарага олиб бориб, елкасидан итариб юборсанг ҳам, орқага йиқилади, деб! Биз учун Ватан жондай азиз! Киндик қони томган ердан жудо бўлиш – ўлим!
Нимага шуни очиб бермайсизлар?
“Мен нечун севаман, Ўзбекистонни?!” деб ёзиш, суҳбат қилиш, халқимизга хос бўлган, аммо, ҳеч бир миллатда учрамайдиган олижаноб фазилатларни, сабр-бардош, меҳр-оқибат, ҳиммат ва мурувват, орасталик ва бунёдкорликни тараннум этиш сизнинг вазифангиз-ку, деди Ислом Абдуғаниевич менга.[7] Қаранг, кишиларимиз эл назаридан қолмай деб яшайди, ҳайитларда бева-бечоранинг кўнглини олади, меҳмон отангдан улуғ деб топган-тутганини дастурхонга қўяди, тўй-ҳашамда бир тан-бир жон бўлади, марҳумни қўлма-қўл охирги манзилга кузатади. Ҳатто, йўлда учраган, танимаган-билмаган одам ҳам тобутни уч-тўрт қадам кўтарай, савоб бўлади, деб шошади.
Айтинг-чи, бундай фазилат яна қайси халқда бор?
Биз шу хислат билан бир бутун, яхлит бир оиламиз. Истибдод даврида тутдай тўкилишдан сақлаб қолган, шу!
Бу ҳақда ҳар қанча ёзса арзийди. Ўсиб келаётган ёш авлод билсин, шунга амал қилсин!
Юртим, мен сени бойликларинг учун севмайман, дейди Абдулла, хўш, нимага севасан деб сўрашса, ҳаммадан олдин мен таъзим қиламан она халқимга, дейди.
Бунинг маъноси, шу!
Шундан сўнг Ислом Абдуғаниевич асосий масалага, ўзини ҳаяжонга солган воқеага кўчди.
– Кеча келиб, телевизорни очсам, “Время” уч-тўрт ўзбек Москвага иш излаб келиб, оч қолгач, кечаси фалон кўчадаги супер маркетга ҳужум қилган, деб хабар бераётир. Мени ток ургандай бўлди. Шартта Путинга[8] телефон қилдим. “Иймоним комилки, бундай бўлмаган! Бўлиши ҳам мумкин эмас! Ўзбек йигитлари очдан ўлса ўлади, аммо, бундай пасткашлик қилмайди”, дедим. У: “Мен ҳозир масалага ойдинлик киритаман, натижасини айтаман, сизга”, деди. Владимир Владимирович кечаси соат учда телефон қилди. “Узр, Ислом Абдуғаниевич! Хатолик ўтипти, чиндан ҳам улар сизнинг йигитлар эмас, тожиклар экан! Эртага раддия беришади”, деди. Дунёни чалғитиб бўлгандан сўнг унинг раддияси кимга керак?
Тожикистон аҳли кўп қийинчилик кўрди, ҳозир ҳам оғир, уларга! Ва биз мушкул пайтда қўлимиздан келганча яхшилик қилиб келамиз, аммо, улар нуқул ташвиш туғдиради!..
Кимдир биров Ватан ё миллатнинг обрўйига тегса, уни камситса ёки зиён етказса, одам ўзини ҳақоратлангандек ҳис этиши зарур! Шундай ёниқ муносабат ўйғонса, биз бир миллат, бир халққа айланамиз!
Бунинг учун юрак ёнмоғи, одамлар фидойи бўлмоғи лозим!
Бу ҳаётнинг қадрига етиш керак!
Ислом Абдуғаниевич шундан келиб чиқиб, “Мен нечун севаман, Ўзбекистонни?!”, “Биз билган ва билмаган тарих” каби мавзулар айтди, халқаро шарҳловчилар тайёрлаш, журналистларни соҳага ихтисослаштириш ва уларни рағбатлантириш учун танловлар ташкил этиш бўйича аниқ кўрсатма берди.
Шундан сўнг Султонмурод ҳам ўзбек тилида сўзлашга ўтди.
Қаранг, Тошкентга келиб, Ашур Жўра “тожик-араб” масаласини кун тартибига қўймагунча, уруғ ё миллат суриштириш – нима, билган эмасман. Бизнинг қишлоқ қурама, уй ичимиз ҳам аралаш-қуралаш, келин-куёвнинг бири – араб, бири – эрони, бири – татар. Бари бирдай одам, ҳеч ким миллат айирмайди, Султонмуродга ўхшаб…
Буям ўшаларга теккан касал…
[1]Ш. Каримов, Р. Шамсутдинов. “Ватан тарихи”, Тошкент, “Ўқитувчи” нашриёти, 1997 йил, 20-бет.
[2]Хайрулла Исматуллаев. “Вамбери олимми, жасус?” “Фитна санъати”(тўплам), Тошкент, “Фан”, 1993 йил, 159-бет.
[3]Нажмиддин Комилов 1999-2000 йилларда Марказий сайлов комиссияси раиси бўлган.
[4]Бу ўринда Тожикистон аҳли ҳақида эмас, балки оқсуяклик даъвосида дунёни бузиб, тожиклар номидан иш кўрувчи бузуқилар ҳақида гап бораётир. Бундай тоифа ҳар бир миллат ва элат ичида бор. Биласиз, 1998 йил толиблар ҳам: “Жума намозини Бухоро билан Самарқандда ўқиймиз”, деб жар солган, бу ҳам шунинг ифодасидир. Бу тоифа яхлит ҳолда Яҳудия олий руҳонийси Иосиф Каяфа айтган миллатни ташкил этади. Унинг вакиллари қайси халқ ичида яшамасин, ўзаро тили бир, ҳаммаслак ва интилиши доимо бирдир.
[5]Сафарали Кенжаев. “Табаддулоти Тожикистон”, Тошкент, “Ўзбекистон”, 1995 йил, 238-бет.
[6]Норов Владимир Имамович – ўша вақт у Президентнинг давлат маслаҳатчиси бўлган.
[7]Бундай дейишига сабаб, мен маънавият гуруҳи раҳбари эдим. Шундан сўнг “Мен нечун севаман, Ўзбекистонни?!” деган суҳбат ва туркум кўрсатувлар қилдик, кейин уни Қуддус Аъзам изчил давом эттирди.
[8]Владимир Владимирович Путин – Россия Федерацияси Президенти.
Бор бўл ўзбегим, Каримовга эса раҳмат. Бу гаплари учун жойлари жаннатдан бўлсин.