Абдулла Ориповнинг умр йўлдоши Ҳанифа ая Мустафо қизи: Изтиробларим

Ҳанифа ая Мустафо қизи
Изтиробларим
Амриқода шунчалик аламингиз бормиди,
Бунинг исботи учун жонингиз нисормиди.
“Мен ўзга бир юртларда жон бермайман,” девдингиз,
Бу дунё қолиб нега у дунёни севдингиз.
Кўз ёшларим жоладай пойингизга тўкилди,
Ёлғизингиз Илҳомнинг қадди ёйдай букилди.
Мавлуданинг фарёди еру самони тутди,
“- Меҳмоним эди отам, шошиб қайларга кетди?»
Техаснинг осмонлари оппоқ эди қорайди,
—Ота бувам қани деб? –Мумтозингиз сўрайди.
Дафтарларда битмаган шеьрларингиз қолдияй,
Дийдорингизга тўймай қизларим дод солдияй.
Куёвингиз Аҳмадбек ўз бурчини оқлади,
Муборак жисмингизни фаришталар поклади.
Мунис сингилларингиз “Акажон” деб йиғлашди,
Шум ажалнинг дастидан бағирларин тиғлашди.
Меҳрибон акангизни дарди ўзи каммиди,
Аё, Қодир Эгамнинг “мукофоти” жаммиди.
Йигит ёшга етганда сиз куйлаган Ҳуррият,
Етим бўлиб қолди-ку, “Онажоним шеьрият”.
Шоирим дунёларга нега сиғмай қолдингиз,
Дўсти ёрлар қалбига ғам аламлар солдингиз.
Қалби кўр ғаламислар тинмайин чоҳ қазишди,
Уялмасдан нетмасдан, иқрорини ёзишди.
Адабиёт олами уларга кенг қолдими,
Яйраймиз деб бемалол, кўнгли таскин олдими.
Ҳануз мухлисларингиз янги шеьр кутишмоқда,
Йиғлаб-йиғлаб ахийри марсия битишмоқда.
Эркатой қаламингиз нечун эрта қайрилди,
Севган шогирдларингиз устозидан айрилди.
Билинг, Абдулла Ориф ўлмаган, ҳеч ўлмайди,
Порлоқ руҳи сира ҳам толиқишни билмайди.
Юзсиз ҳасадгўйларнинг тик боққанча юзига,
“Қўл билан тиклаб бўлмас ҳайкал қўйди” ўзига.
Ўзбекнинг Мадҳиясин қалбларга ёзиб кетди,
Адолатни ахтариб оловдек ёниб ўтди.
Авлодлар бир кун келиб қасидалар битажак,
Зурриёдларин шаьнида олисларга етажак.
Эзгуликни ҳеч қачон жаҳолат ўчиролмас,
Жаҳолат қилганларни Аллоҳ ҳам кечиролмас.
Ўзбекистон онажон, боланг келди кутиб ол,
Бағрингга бошин қўйиб ором олсин бемалол.
Жаннатлардан тангадай жой бергандир Худойим,
Чин дунёда уйингиз, нурга тўлсин Илойим.
Доим ўксик қалбларнинг тилагида яшайсиз,
Она Ўзбек халқининг юрагида яшайсиз!
15 январ 2017 йил
✍ Ҳанифа ая Мустафо қизи
Ўхшаш мақолалар:
- Ҳалима Худойбердиева: Юрагимда ётар бир йўлбарс…
- Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари: Танишув ёки магазинчи йигит (1)
- Ҳоҳ ишонинг, ҳоҳ ишонманг: Илонга айланган йигит ёрининг тўйига қаршилик қилди…
- Хосият Рустамова: Кел, кўзимнинг очиқлигида — Сенга тўйиб олайин осмон…
- Ҳалима Худойбердиева: Ой деб ўйлаганим ёй бўлиб чиқиб, У отган ўқлардан кўксим ярадор…
- Гулноза Абулқосим қизи: СУЮКЛИСИНИ КУТАЁТГАН ЙИГИТ (Ҳикоя)
- Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (32-33)
- Хосият Рустамова: Қўй, ўксима, ўтади итларнинг ҳам ҳуриши, Бошингни кўтар баланд узилиб кетар қарз ҳам…
- Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ… (4)
- Раҳимжон Раҳмат «Дунё ўзбеклари» учун Гулбаҳорни кашф этди…
- Ҳалима Худойбердиева: Бегим, Сизни Худойим расо қилиб яратган…
- Ўзбек шоирасининг китоби Лондонда нашр этилди…