"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Исмат Хушев: Етмишинчи бекат… (Муҳаммаджон Обидовга табрик ўрнида)

Бош мақола, Муҳаррир минбари, Муҳокама учун мавзу | 15/04/2021 00:19-     11099 марта ўқилди

Исмат Хушев: Етмишинчи бекат…

(Устозга табрик ўрнида)

1.

Ўзбекистонда таниқли бир журналист бор.

Мақолалари матбуотда эълон қилинганда ҳамма юрак ютиб туради.

Интернет олами уни ҳукуматга маддоҳликда айблайди.

Расмий матбуот эса деярли мақтамайди. 

Қўл остида ишлайдиганлар ундан ҳайиқишади.

Рақиблари ҳамиша ҳасад қилишади.

Нопок ва тасодифий мулозимлар уни ёқтиришмайди.

Фақат оддий ва чорасиз кишиларгина уни яхши кўришади ва ҳурмат қилишади…

 

 

2.

Умр йўлларидаги яшаш ва тўхтаб нафас ростлаш бекатлари ҳам ажабтовур ва долғали бўлди.

Мустақиллик пойдеворини қуришда ўз қалами билан фаол иштирок этди. 

Мамлакат парламенти аъзоси сифатидаги жўшқин фаолияти ҳам довруқли ва айни пайтда доғули кечди…

Ўзбекистоннинг биринчи Президенти назарига тушгани боис — бошига кўп балолар ёғилди.

Урилиш, ноҳақ ҳибс ва яна ҳаётга қайтишдек оғир ва мураккаб умр йўлларини сабот ва матонат билан босиб ўтди…

Ҳаётнинг ана шу шафқатсиз ва синовли кунларида кўплар ундан юз ўгириб кетишди.

Фақат уни яхши билган, унга ишонган, оддий ва чорасиз кишиларгина ёнида қолишди…

 

 

3.

Шавкат Мирзиёев даврида у яна жўшқин сиёсий ҳаёт саҳнига қайтиб чиқди.

Аниқроғи адолатли давлат раҳбари яратган «Янги Ўзбекистон» унга яна ишонч билдирди.

Бугун нафақат водийда, балки бутун мамлакатда уни яхши билишади ва ҳурмат қилишади.

Чунки у бош бўлган ва асос солган турли туман тадбир ва анжуманлар асосан водийда бошланиб, сўнг мамлакат бўйлаб гап сўз бўлади.

У асос солган  «Чимён» медиафоруми бутун Ўзбекистонни ўз ичига қамраб олди. Бугун республикамизнинг барча вилоят ва районлари, шаҳар қа қишлоқларида унинг ўзига содиқ ва муносиб издошлари бор.

Буларнинг барчасига у содда ва покизалиги, ҳалол ва самимийлиги, энг муҳими  — жонкуяр ва халқпарварлиги, адолатпарварлиги боис эришди…

 

 

4.

Бу ажойиб инсон водийдаги каттакон ва аҳил оила бошлиғи.

Уч ўғил ва яккаю ягона қизлари бор. Бири биридан ширин ўнлаб набираларнинг суюкли бобожони.

Яқинда у кишининг Файсбукдаги саҳифасида бир расмга кўзим тушди.

Сурат остига қуйидаги шарҳ ёзилган эди:

«35 ёшимда рахматли дадамдан сўнг 4 та укам, 5 та синглимга бош бўлиб қолгандим. Хозир 34 та жияним, 13 та набира-жияним бор экан.

Хар йили уйимизда оилавий сумалак соламиз.

Бу йил ота-онамиз рухини шод этайлик деб ота ховлида (хозир у энг кичик укамга қолган) сумалак солдик.

Сингиллар сомса ёпдилар, қозонларда кўчаполвон ва паловхонтўра пиширишди.

Хамма сингил, жиянлар навбат билан дошқозонни кавладилар.

Эрталаб сумалак сайлига мархамат!

 

 

5.

Етмиш йил — номард ва бешафқат ҳаётнинг биз юқорида айтган баъзи «зигзаг»ларини ҳисобга олмаган, бу кишининг ҳам умри шундай кечди.

У киши ҳамиша элим деб, юртим деб яшади. 

Алал оқибат — етмиш йиллик умр бекатида нафас ростлаш учун бир-ров тўхтаб атрофига ва босиб ўтган йўлига назар солганида ажиб бир ҳақиқатни англаб етди:

Шу давр мобайнида унинг ёнида фақат ўзи бир умр садоқат билан хизмат қилган — эли ва юрти қолибди, холос.

Қолган барча ўткинчи нарсалар — мансаб, бойлик, шон шуҳрат ва у кишига қилинган ноҳақлик, кўролмаслик, ҳасад ва хусуматлардан асар ҳам қолмабди…

Ҳаммамизга ҳам мана шундай ибратли ва ҳикматли умр насиб этсин, илоҳим…

 

 

6.

Суюкли шоиримиз Абдулла Ориповнинг «Номаълум одам» номли бир шеъри бор:

 

У на шоир эди ва на машҳур зот.

Лекин дунё билан бир эди дарди.

У ҳам бошқалардек кечириб ҳаёт

Шошиб ишга бориб, секин қайтарди…

 

Назаримда бу ҳаётий сатрлар айнан бугунги қаҳрамонимизга атаб ёзилгандек.

Фақат бу киши —  номаълум инсон эмас. У кишини бугун бутун водийда, бутун Ўзбекистонда яхши билишади ва ҳурмат қилишади.

Бу кишининг амаллари ҳам жуда кўп:  — вилоят ҳокимининг собиқ матбуот хизмати раҳбари,  «Фарғона ҳақиқати — Ферганская правда» вилоят ҳокимлиги Қўшма таҳририяти Бош муҳаррири, вилоят журналистлар ижодий уюшмаси бошлиғи, бир нечта республика нашрларининг турли йилларда водийдаги махсус мухбири ва ҳокозолар.

Ва ниҳоят танишинг:  Муҳаммаджон Обидов!!!

Бу ерда ортиқча изоҳга ўрин бўлмаса керак…

 

7.

Етмиш йиллик умрнинг кумуш бекати муборак бўлсин, устоз.

Юзинчи — олтин бекатга ҳам эсон омон етиб бориш Сизга насиб этсин, илоҳим.

«Дунё ўзбеклари»нинг Йўлдош Эшбек сўзи билан айтадиган ўша шиори ҳануз ўша шиор:

 

Биз бахтиёр бўлгаймиз хўп.

Бизни зафар қучажак.

Бошимиздан чарх айланиб,

Қалдирғочлар уячажак!!!

 

Умрингиз узоқ бўлсин. Биз Сиз билан фахрланамиз!!!

 

Сизга ҳурмат ва эҳтиром билан:

 

Исмат Хушев,

«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири.

 

21 март, 2021 йил. Торонто шаҳри, Канада…

 

«Дунё ўзбеклари» учун махсус

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўхшаш мақолалар:

  1. Исмат Хушев: “Қора бозор”нинг қироли ким? Ёки Файзулла Муллажонов фаолиятига бир назар…
  2. Исмат ХУШЕВ: ЎЗБЕКИСТОНДА БУГУН ТАЪЗИЯНИНГ НАРХИ ҚАНЧА?
  3. Исмат Хушев «Озодлик»да: «Мирзиёевга қарши жуда катта кучлар турибди…»
  4. Исмат Хушев: Жаслиқ ҳақидаги бир таклиф борасида мулоҳаза…
  5. Исмат Хушев билан 20 минут Хайриддин Султонов ва «Олтин медал»ли хоинлар (1)
  6. Исмат Хушев билан юзма юз 4 январь 2020 йил Канада Бугуннинг биринчи дастури
  7. Исмат Хушев билан юзма юз 4 январь 2020 йил Канада Бугуннинг иккинчи дастури
  8. Исмат Хушев: Каримов зиндонларида ким қанча ётиб чиқди? Олтинчи мақола
  9. Исмат Хушев: “Юзма юз” (2 ) Расул Кушербоев Чинозга нега борди? 31.01.2020.
  10. Исмат Хушев: Наманганлик фирибгарнинг Варшавадаги васвасаси…
  11. Исмат Хушев: “Юзма юз” (2) Италиялик врач иқрори бизга сабоқ бўлсин 27.03.2020
  12. Исмат Хушев: Олмахон Ҳайитованинг бемавруд ўлими…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.