"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Иброҳим Ғофуров — ЎзА: Абдулла Орипов сиймоси

Адабиёт, Бош мақола, Муҳаррир танлови | 21/03/2021 02:16-     11112 марта ўқилди

Абдулла Орипов сиймоси

 

Орамизда Абдулла Орипов йўқ. Мангу ҳаёт унинг йўқлигини билдирмайди: тириклар барча давраларда, Ўзбекистоннинг ҳар қарич тупроғида, қаерда майсалар унган бўлса, ҳатто тошлар, саҳролар, сарбаланд тоғлар, дарёлару жилғалар ҳаёт номини айтиб гуллаётган бўлса, ўша ерларда Абдулла Орипов эсланади, шеърлари айтилади, умри жовидони нақллари сўйланади, қалблардан унинг жарангос сўзлари тошади.

Тошқин ўзбек дарёси эди-да Абдулла Орипов. Ғалаёнли, туғёнли ўзбек денгизи эди-да Абдулла Орипов! Руҳ абадий, деб мана шунга айтадилар!

Ўтган ёз бўйи, куз чоғлари дўстим, биродарим, зукко адабиётчи Дониёр Бегимқулов тақдим қилиб келтирган Абдулла Орипов асарларининг саккизинчи жилдини мутолаа қилдим. Бу кўк муқовали китобга улуғ шоирнинг 2013-2016 йилларда дунё юзини кўрган — шеърлари жамланган. Афсуски, бу сарбаланд томни шоирнинг ўзи кўролмади.

Аммо сал аввалроқ, 2015 йилда «Ўзбекистон» нашриёти шоирнинг 2015 йилда битган шеърларини «Эверест ва уммон», деган ном остида туҳфа қилганди. Бу китобни ўқиб, Абдулла Орипов шеърияти тамомила янги чўққиларни эгаллаганини, шеъриятнинг дунё миқёсига мавзуларига кўра ҳам, уларнинг талқинига кўра ҳам чиққанини, янги бадиият чегараларига етиб боргани, қалб шу янги бадиият марафонларини эгаллаш учун тамомила ва охиригача — то сўнгги учқунигача ёнганини кўрган, ижодкор феномени қудрати қанчалар бўлишидан лол қолган, ларзага тушган эдик.

«Эверест ва уммон»ни Абдулланинг ўзи кўрди. Ўзи солган сарҳадлари уфқлар оша кетган масаррат боғига кирди. Бу китобида Абдулла Орипов дунёни чуқур тушунган ориф бир зот сингари киноя, истеҳзо, пичинг, ишора каби шеърият усулларидан одам ва дунёнинг шу замондаги фалсафасини яратди.

Балки, бу ҳажв дунёси жуда аччиқдир ва баъзан жуда ҳазм қилиш оғирдир, аммо шу осон бўлмаган оламнинг ҳар бир фикрловчи инсон бошидан кечириб турган фалсафасидир. Биз ҳали бу ўзига хос янги шеърият оламининг ички моҳияти ва йўналишига, маъно ва мақсадларига етарлича кириб боролган, шоир орзу қилганча унинг шеърлари сир-синоатлари билан ошно бўлолган, уни кашф қилолган эмасмиз. Буни рўй-рост тан олмоқ керак. Ўқиб ҳайратимизни ичимизга солиб кетаверганмиз, ҳар ҳолда.

Олам ишларининг барча-барча қирраларида зиддият, зиддият ва яна зиддият кўрди: кўрдигина эмас, туйди, хаста юрак билан эмас, ўртанган, изтиробларда куйган юрак билан туйди. Абдулланинг шоир юраги хасталикни асло тан олмади, хасталикка бўйин бермади, унинг зарбалари остида увол бўлиб, тирқираб кетмади.

Жуда кучли юрак эди Абдулланинг шоир юраги! Ҳаётининг охирги йилларида дунёнинг энг сарбаланд чўққиси Эверест — Жомолунгма ҳақида, дунёнинг энг ҳудудсиз баҳри муҳити Атлантика ҳақида шеърий сатрларда ўйга ботиши бежиз эмасди: ўзбек шоири буларни ўзи кўрди, ўзи беқиёс туйғулари билан ҳис қилди. Абдулланинг илк шеърлариёқ изтироблар ва зиддиятларга бегона эмасди. Булар инсонга туғилишданоқ, ҳатто она қурсоғиданоқ фикрловчи инсонга хос: улар табиат ва коинотдан инсонга ато этилмиш.

Мана, ҳозир «НАСА» фазо суратларидан одамзодга маълум бўлаётир: Юпитердан тортиб Марсгача ва Қуёш атрофидаги барча Ер-Заминдан тортиб сайёраларда ҳаёт қайнаб ётади: уларда бир зум бўлсин сукуту сукунат йўқ! Коинот тинимсиз яратилиш жараёни ва жараён қийноқларида!

Мана шу коинотдан келаётган қийноқларни адабиёт зиддияти ва изтироб шиддатларида ифодалайди, тасвирлайди. Адабий санъатларда бунга қадим замонлар, Ватвот замонларидан бери тазод, деб ном берилган.

Навоийнинг «Басе, иссиғ-совуғ кўрдим замонда, Басе, аччиғ-чучук топтим жаҳонда» тазодини кўриб, Навоийни олам рўпарасида замонни қандай билганини тасаввур қилиш мумкин. Чексиз олам зиддиятлари фақат ичкари-ташқари, яқин-йироқ каби минглаб сўзлардагина эмас, балки фикрлаш тарзида, айниқса, шоирона фикрлаш тарзида олам ҳақиқатларининг мўъжизаларини дунёга образлар воситасида келтиради.

Абдулланинг кейинги давр шеърларида зиддиятли фикрлаши ўзининг юксак ҳаётий чўққиларига кўтарилди. Шоир зиддиятли фикрлашнинг баъзан жуда гўзал меъёрлари, мутаносибликларини, уйғунликларини топди, баъзан меъёрлардан, мутаносибликлардан муболаға билан ошди.

Зиддиятли фикрлашнинг бир қудрати шундаки, у одамнинг эсида муҳрланиб қолади, одамга жуда кучли таъсир қилади ва унда ғалаён қўзғайди. Баъзан меъёр бузилганда, ўқувчи «Ий-е, бу ҳақиқат эмас-ку! Бу бошқача-ку! Бунга ишониш қийин!» — дейди.

Абдулланинг шоирона қудрати ифодаланган, 2015 йилда ёзилган «Янги аср манзараси», деган шеърига мурожаат этайлик:

Ҳамма бир-бирига боқар шукуҳсиз,

Теграсин кўрмайди, юмуқдир кўзи.

Улкан яйловдаги қалбсиз ва руҳсиз,

Тўдадан иборат гўё ер юзи…

Бу шоирни чулғаб олган оний бир ҳаяжон, оний бир туйғунинг ифодасими? Шеър ижодида, шеър яратилишида онийлик — оний кайфият — бир зумда шоир қалбини чулғаб олиб, унинг устидан ҳукмронлик қиладиган кайфиятнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс!

Шоир ер юзида эндиликда алам ва забунлик саси ҳукмрон бўлиб қолди ва ундан энди омонлик йўқ, деб хулоса чиқаради.

Айниқса, Шомда, Афғонда, Яманда юз бераётган даҳшатли хунрезликлар, вайронагарчиликларни кўриб, мушоҳада қилиб,

Черков қўнғироғин жаранги тинмас,

ҳар тонг минорадан таралар азон.

Уларнинг борлиги лекин билинмас,

Бепоён яйловда кезади инсон,

деган хулосага келади. Эҳтимол, бу фикрга баъзилар қўшилмаслиги мумкин. Лекин бепоён яйлов манзараси, ҳамма-ҳамманинг ялпи тарзда бир-бирига шукуҳсиз боқиши — булар охир замон манзараларими, ҳозирги замон одамлари шундай сезадиларми? Буларни ҳозирги замоннинг ҳақиқати, деб биладиларми?

Ёки бу шоирнинг фақат оний — биз индивидуал деймиз, — кайфияти ва ўша ондаги ўртанишлари, чексиз изтироблари натижасими? Атомлар, ракеталар, янгидан-янги ваҳшат қурол-яроғлари инсоният бошига солаётган мислсиз қутқуми? Гар бу ўша қутқу бўлса, шоир уни апокалипсис манзарасидай таъсирли ҳақиқати билан ифодалаб беролган.

Мирзо Улуғбекнинг тарих китобида юрт тарихига фожиалар бостириб кириб келаётганини улуғ олим ва улуғ шоир муаррих каби ифодалаб, «Ваҳм чумчуқлари чирқиллади», дейди. Абдулла Ориповнинг кейинги давр икки салмоқли китобда жамланган шеъриятининг мундарижаси ва мавзу йўналишларида мана шу изтиробли, ўта зиддиятли ҳол ҳоким эканини кузатиш мумкин…

Шоир яна ёзади: «Асрлар қаъридан келган бир сасдир: Умримда ҳеч қачон ҳақ бўлмаганман»…

Қаранг, улуғ шоир «ҳақ бўлган эмасман», деб бир ҳақиқатини ифодаламоқда ва ушбу ҳақиқатнинг тагида фаросатли ўқувчи шоирнинг инсоний кечинмаларида ҳақлигини англамоқда. Мана булар ҳаммаси том маънода шоирона фикрлаш тазодлари — умуминсониятга хос зиддиятлардир.

Абдулла Ориповнинг кейинги йиллар шеъриятига ер юзидаги инсониятни қаттиқ чирмаб олган, бениҳоя чуқур томир отиб бораётган зиддиятларнинг натижаси, ҳосиласи деб қарамоқ жоиз.

Шоир наздида ер юзи инсоф ва виждон тинимсиз, аммо секин фарёд чекаётган майдон — поёнсиз яйловга айлана бормоқда. Шундай шароитда ўзини гоҳо овози юракларни ўртаган танҳо қушга менгзайди ва ўз ҳаётига қиёс қилади:

«Ўша қушдек яшадим чўчиб,

Сизни хавфдан айладим огоҳ,

Кетолмадим кўкка ҳам учиб,

Тополмадим ерда ҳам паноҳ».

Бу каби дардли сўзлар, танқид учқунлари чарсиллаган фикрларни шоир 1991-йилдаги бир суҳбатида: «Мен учун энг муҳими, шеъриятим халқим учун яшаб қоладими, йўқми, гап шунда. Изтироб юрагимда эримас тош бўлиб қолди», деб айтган эди. У рўй-рост очиқдан-очиқ айтган, кўп ишоралар қилган ва очиқ гапларида ҳам, ишораларида ҳам улуғ шоирлик башоратлари мужассам эди. Хондамир «Макорим ул-ахлоқ» китобида «Ёзувчилик иши чексиз олижаноблик намунасидир», дейди.

Абдулла Ориповнинг ижоди, шеърияти мана шундай эзгулик ва олижанобликлар туғёнларидан бино бўлган эди. Халқимиз унинг безовта руҳини бу — ўлмас ижод руҳи, деб алқагай ва озодликка, огоҳликка чақирган руҳ, деб танигай!

Иброҳим ҒАФУРОВ,  

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби.

ЎзА

https://www.uza.uz/

 

 

Суратда: Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири  Абдулла Орипов (олдинда) ва таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ғофуров (орқада)  

 

«Дунё ўзбеклари» редакция архивидан олинган сурат…

Ўхшаш мақолалар:

  1. Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир! (Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али диққатига)
  2. ШОИР ЭРКИН ВОҲИДОВ ХОТИРАСИГА («Ўтганлар ёди» туркумидан)
  3. 29 март — шоир ва драматург Тўра Мирзо туғилган кун. Муборакбод этамиз. (1-қисм)
  4. Жаҳон меҳробида пайдо Алишер… Шодмон қасида айт сен ҳам, эй қуёш!
  5. «Дунё ўзбеклари» — Миллат минбари (Исмат Хушев ижоди ва фаолиятига бир назар)
  6. «КЎНГЛИМДАГИ ПРЕЗИДЕНТ»ГА БИРИНЧИ БИТИК — Баҳром Ғойиб
  7. ЎзА: Адабиёт – инсон фаолиятининг ичкаридан олинган сувратларидир…
  8. Норқобил Жалил: Омон Матжоннинг 31 йил бурун айтган башоратлари…
  9. Мирзопўлат Тошпўлатов: Ўлмас қояларнинг – ўлмас қояси
  10. Абдусаид Кўчимов: Адибнинг 20 йилдан кейинги илк китоби — Эврил Турон ёди…
  11. Cиёсатга қизиққан, ҳақ ва адолат талаб қилган ҳар қандай инсон жазоланади…
  12. Абулқосим Мамарасулов: Абдулла Орипов — даҳо! (Биринчи мақола)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.