Фарҳод Бобоназаров: Мен дунёга ғамгин боқиб яшайман…
Мен ҳаёт аталган тошқин дарёда
Тошқин дарё эмас жўшқин дарёда
Жўшқин дарё эмас тўлқин дарёда
Тўлқинлар юзида қалқиб яшайман
Ҳаёт дарёсида оқиб яшайман …
Мен жасур бўлиб монанд исмимга
Эзгуликни жойлаб жону жисмимга
Ёвузлик қалқони бўлган кўксимга
Эзгулик нишонин тақиб яшайман
Эзгулик нурига балқиб яшайман
Осмонларда зоғу калхатлар учса
Юраклардан меҳру оқибат кўчса
Дунё залолатнинг заҳрини ичса
Мен дунёга ғамгин боқиб яшайман
Зулму залолатдан зориб яшайман
Инсон Ҳақ йўлидан адашмасин деб
Меҳрини арзонга алмашмасин деб
Карвонлар йўлидан адашмасин деб
Саҳроларда маёқ ёқиб яшайман
Оташ юрагимни ёқиб яшайман
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ