Исён улғайтирган шоир… Абдужалол Тайпатов — ЎзА
Исён улғайтирган шоир
Бугун – туғилган кун
Амир Худойберди деган шоирни таниганимга қирқ йилга яқинлашиб қолдиёв… Демак, бу инсонни яхши биламан, дейишга тўла асосим бор.
Амир йилдан-йилга инсон ва шоир сифатида ўсиб борди. Бугун бемалол айтишимиз мумкинки, у фаол ижод қилаётган энг яхши шоирларимиздан биридир.
Амир Худойберди 1961 йилнинг 13 мартида Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги Шилви (Шайх Шиблий) қишлоғида туғилган. 1978-1985 йилларда ТошДУ(ҳозирги ЎзМУ)нинг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган.
Шоирнинг илк китоби “Дунё ва мен” 1993 йилда “Ёзувчи” нашриётида чоп қилинган. Шундан сўнг “Жавобсиз савол”, “Эврилиш”, “Еттинчи малак”, “Ойдин лаҳзалар”, “Суҳо”, “Девоналармиз”, “Таҳаммул”, “Илоҳий садо”, «Ҳазрати ўзбек» номли китоблари нашр қилинган.
Амир Худойберди туман, вилоят газеталарида, Ёзувчилар уюшмасининг Қашқадарё вилоят бўлимида ишлади.Мактабда, университетда ёшларга сабоқ берди.Маълум бир муддат Қашқадарё вилояти Матбуот ва ахборот бошқармасида бирга ишладик.”Насаф” нашриётида биргалашиб китоблар чиқардик. 1995 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.
Мана, ўн йилдан ошибдики, у Тошкентда ноширчилик ишлари билан андармон. Ҳозир “Мусиқа” нашриётида бош муҳаррир лавозимида ишлаяпти.
Амирни дастлабки шеърларидан бошлаб кузатиб бораман.Таъбир жоиз бўлса, уни исёнкор шоир, дегим келади.Унинг шеърлари замиридаги исён адолатсизликка, ноҳақликка, нопокликка, умуман, инсон боласига ярашмайдиган ножўя ишларга бўлган нафратдан туғилган.Бу нафрат уни улғайтади, жамиятнинг камолоти учун хизмат қилади.
Шоирнинг “Девоналармиз” шеърини Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова қўшиқ қилиб куйлайди.Бу қўшиқни қайта-қайта эшитгингиз, маъносини чаққингиз келаверади.
Амирнинг бундай шеърлари кўп.У равон, халққа яқин тилда ёзади.Баъзи ўзини “замонавий” ҳисоблайдиган шоирлардек “крассворд” тузмайди ёки “топишмоқ” айтмайди.Унинг ашъорлари кўнгилга яқин, одамларга тез сингийди, тез тарқалади, оммалашади.
Амир Худойберди ўсган муҳит, оиласини ҳам яхши биламан.Унинг қизиқишу қарашлари, орзу-интилишлари менга бегона эмас.У шу юрт обод, шу халқ фаровон бўлсин, деб юрган куйинчак, фидойи, меҳнаткаш ижодкорларимиздан бири. У самимий, жонфидо дўст, кўнгли очиқ, камтарин инсон.
Мана шу жонкуяр, қалби тоза биродаримиз олтмишга кирибди. Навоий замонида бу катта ёш ҳисобланарди.Бизнинг асрда эса, айниқса, ижод кишиси учун балоғат, камолот давридир.
Амир Худойбердидан халқимизни хурсанд қиладиган янги-янги асарлар кутишга ҳаққимиз бор, деб ўйлайман.Чунки у ижодкор сифатида етилди, маҳорати, тажрибаси ошди. Айни мева берадиган ёшга тўлди.
Умрингиз узоқ бўлсин,Ўзи сизни паноҳида асрасин,барча орзу-ҳавасларингизга етиб юринг, азиз дўстим!
Абдужалол Тайпатов,
ЎзА