Муҳаммад Исмоил: Мен деҳқон ўғлиман. Болалигим Мирзачўл далаларида кечган.
Мен деҳқон ўғлиман. Болалигим Мирзачўл далаларида кечган. Отам қовун-тарвуз экарди. 3-4 ёшимда пайкалларда югуриб юрар,чўл ҳавоси, тупроқ ҳиди палакларнинг тароватли бўйи димоғимни қитиқлаб, адоқсиз ҳузур бағишларди.
Ҳали мактаб ёшига етмай, кўпгина шаҳарларда бўлдм. Отам катта-катта Зил машиналарига қовун-тарвуз юклар, сотиш учун гоҳ Душанба, гоҳ Панжакент, гоҳ Чоржўй, гоҳ Томдига йўл оларди. Мен эса тижорат асносидаги бундай сайру-саёҳат учун ҳамиша шай эдим.
Бир сафар, тўртинчи ё бешинчи синф ёшида, ёзги таътил кунлари, Самарқанд бозорида узоқ қолиб кетдик. Шунда, онамга бир энлик телеграмма жўнатганим ёдимда:
“Онажон, биз яхши юрибмиз. Сизни соғиндим”. Балки менда шеър ёзиш туйғуси мана шу таассуротларга бой жараёнларда шакллангандир. Буни аниқ билмайман. Лекин ҳаммадан бекитиқча онамни соғиниб, йиғлаб олардим. Кейин-кейин эндигина эсимни таний бошлаганимда, оғир хасталикка чалиндим.
Дўхтирларнинг айтган гаплари бир лаҳза бўлсин, хаёлимдан нари кетмасди: ”Болани тузатиб бўлмайди, уч-тўрт йилдан кейин миясига қон қуйилиб ўлади”.
Мен, юраги жўшқин, эҳтиросли, доимо кулиб юрувчи, ҳузур-ҳаловатни, ҳаётни, яшашни, дунёни севувчи оташин бола эдим. Дўхтирларнинг ўша айтган гаплари, юрагимга машъала ёқиб қўйгандай бўлди. Одам ўзида йўқ нарса учун курашар экан. Мен энди яшаш учун, омон қолиш учун зимдан, руҳан кураша бошладим. Авваллари олам деганда оиламни тушунар эдим. Ака деганда акамни, сингил деганда синглимни тушунар эдим. Кейинчалик ҳаётимда отам сингари яхшилик қилган одамлар бўлди. Акам сингари менга акалик қилган, сингил сингари меҳрибонлар кўп бўлди. Мен оила деганда оламни тушуна бошладим.
Менга битта болада бўладиган ташвишлар эмас, ён атрофимдаги одамларнинг ҳам ташвиши ташвишимга айлана бошлади.
Сирдарё пахтазорларини тинимсиз яёв кезардим. Шоликорлар ҳаётидан мақолалар ёзар, туман ва вилоят газеталарига юборардим. Пахтакорлар, завод-фабрика ишчилари: ”Ҳой кимнинг боласисан?” деб сўрар, ифтихор билан отамнинг отини айтардим. Уларнинг олқишлари менинг бу ҳаётда яшаётганимни билдирар, ҳаёт учун, яшаш учун, бу ҳаётда борлигимни, ҳали ўлмаслигимни билдириш учун, тинимсиз интилардим.
Биринчи шеърларим устоз Ортиқбой Султонов кўмаги билан дастлаб туман газетасида чоп этилди, шу азиз инсон адабиёт ҳақидаги, журналистика соҳасидаги маслаҳатларини аямади. Агар бу одам бўлмаганда бошқа соҳага ўтиб кетишим ҳам мумкин эди. Чунки, у пайтлар оловдай ёниб турган, ўзимни ўтга ҳам, чўққа ҳам уришдан тоймайдиган, бир кун актёр бўлишни, эртасига эса дипломант бўлишни орзу қилиб қоладиган пайтларим эди.
Мана шу шиддат, мана шу жасорат билан Тошкент давлат университетининг Журналистика факультетига ўқишга келдим. Бу ерга ўқишга келиш, мен учун кўз кўриб, қулоқ эшитмаган фавқулодда ҳодиса эди. Чунки, саккизинчи синф шаҳодатномам фақат “уч” баҳолардан иборат бўлган бўлса, тўққизинчи-ўнинчи синфларнигина “4” ва “5” баҳолар билан тугатган, уларнинг орасида ора-сира “учлар” ҳам учраб турарди.
Худо, ҳамиша одамга сўраган нарсасини берар экан. Университет таълими дунёқарашимни бутунлай ўзгартириб юборди. Кўпинча айтиладики, ”диплом” бўлса бўлгани ёки сиртдан ўқиса ҳам бўлаверади-ку, деб. Бу мутлақо нотўғри фикр. Агар имкон бўлса, ўқиш керак. Ўқитувчиларнинг сабоқларини тинглаш керак, кутубхоналарда кеча-ю кундуз тайёрланиш керак.
Журналистика, менинг хаётимнинг асосий ўзанидир. Гарчи, бир қанча китобларим чиққан бўлса ҳам, асарларим асосида бир қанча видеофильмлар яратилган, шеърларимга куй басталаниб, 200 дан ошиқ қўшиқлар ижро этилган бўлса ҳам, мен ўзимни журналист ҳисоблайман. Журналистика, доимо одамлар билан бирга бўлишимга, ҳаётнинг қайноқ жабҳаларида, юртимиздаги ўзгаришларнинг иштирокчиси бўлиб, ўз кўзим билан кўришим учун имконият яратиб беради. Журналистиканинг шарофати билан адабий асарларимни ҳам ёздим. Журналистика туфайли, болаликдан саёҳатга ишқибозлигим уйқаш келиб, дунёнинг жуда кўп мамлакатларида бўлдим.
Лекин, ҳамма жойда, худди болаликда онамга ичикиб телеграмма юборганимдай, она юртим, Ўзбекистонни соғиниб юрдим. Аввал телеграмма юборган бўлсам, энди репортажлар, мақолалар юбордим. Ҳеч қачон, ҳеч бир жой менга она – Ўзбекистонимиздай азиз ва мукаррам бўлиб кўринмаган. Қайтанга, ўзга юртлар она Ватанимга бўлган муҳаббатни янада оширган.
Авваллари мендан ”Ҳой, кимнинг боласисан?” дея сўрашган бўлса, у ўлкаларда ”Ҳой, қайси юртнинг боласисан?” – дея сўрашади. Авваллари отамнинг отини айтардим, энди ”Ўзбекистон фарзандиман” дея фахрланаман. Отамнинг оти, юртнинг номи билан уйқашиб кетгани, қалбимда ифтихор туйғусини уйғотади.
Ҳар бир юртнинг ўз таровати, ўз буюклиги, ўзининг улуғворлиги бор. Тоғнинг буюклиги ташқаридан кўринади деганларидек, дунёни қанча кезиб, қанча нарса ўргансангиз, заҳматкаш халқимиз Ўзбекистонни гўзал мамлакатга айлантираётганлигининг гувоҳи бўласиз.
Мендан Озодлик ҳайкали ёнида ”Сизда аёлга эҳтиром сифатида мана шундай ҳайкал борми?” дея сўрашганида, Мен: — Бундан беш юз йил олдин, бизда Бибихонимга атаб муҳташам сарой қурилган ва у сарой бу ҳайкалдан кўра гўзалроқдир” – дея жавоб берганим ёдимда.
Голландияда, ”Ўзбекистон қаерда жойлашган?” дея сўраб қолишди. Мен: — Қуруқликда, ҳеч қандай хавф-хатар бўлмаган, осуда ва ям-яшил кенгликлар қўйнида” дея жавоб бердим. Улар индамай қолишди. Чунки, Голландия хавф-хатар, кеча-ю – кундуз тахдид солиб турувчи ботқоқлик устига қурилган, бутун мамлакат майдонининг ярми, денгиз сатҳидан пастда жойлашган, бу ўлкани 5 минг км.га чўзилган тўғонларгина ҳалокатдан асраб туради.
Мисрда, битта кўчат ўтқазиш учун, уч йил тагига тинимсиз равишда сув қуйиб туриш керак экан.
Ҳиндистонда, мендан “Сизларда ҳам биздай севишадими?” дея сўрашганида, бизда шундай севадиларки, ўз муҳаббатларига тимсол сифатида Бобир Мирзонинг аждодлари Тожмаҳалдай қасрларни қуриб бергани сингари, ҳар бир ўзбекнинг юрагида шу қасрдай муҳаббат бор!” – дея жавоб бердим.
Мен жоним борича, куч-қудратим борича, сўнгги нафасимгача мана шу юрт, мана шу Ватан, жонажон Ўзбекистон учун хизмат қиламан. Уни оддий бир фарзанд сифатида севаман. Оддий, журналист сифатида буюк ва узлуксиз юксалаётган тараққиётига ҳисса қўшишга жон-жаҳдим билан интиламан.
Худо илҳом берса, шу жафокаш элни, кўзим қорачиғидай азиз юртни қалбдан куйлаб, шеър ёзаман, замондошларимнинг турфа хил феъл-атворларига маҳлиё бўлиб, ҳикоялар ёзаман. Ўзбекистоннинг дарди, орзу-умидлари, интилишлари ҳаётимнинг ўзагидир. Мен хаётимни бутунлай унга бағишлаганман. Агар, болалигимдаги дўхтир айтган, уч-тўрт йиллик умрим бироз чўзилган экан, энди унинг ҳар бир дақиқасини шу Ватан равнақи учун сарфламасликка ҳаққим йўқ.
Ҳуррият шиддати гувлар долғали,
Тошқин ҳайқириқлар, чўзилар кўкка
Исёнлар гупуриб, қалбда ёнади
Худойим, мангулик шон бер ўзбекка!
————

«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан