Норқобил Жалил қутлови: ТИРИК ТЕЛЕВИЗИОНЧИ (Рўзибой Қўлдошга табрик)
ТИРИК ТЕЛЕВИЗИОНЧИ
Бошқа таъриф излаб ўтирманг, бори шу, айрим замонасоз, буқаламун каззобларга ўхшаб ялтоқилик, маддоҳлик қилолмайди у, ёлғон-яшиқ тўқимайди. Шунинг учунам Рўзибойни эл-улус севади, ардоқлайди, уни ўз ини-ака-укасидек ардоқлайди. Ҳақиқий, тирик телевизиончи шу аслида.
Олтмиш ёш остонасига етяпти. Билганим, у ҳеч қачон бировни сотгани йўқ, ўзини сотишсаям ўша муттаҳамлар устидан кулиб юраверади…
Иймони бут, инсоф-диёнатли инсон, меҳрибон ота, садоқатли дўст, стадионларга сиғмайдиган қариндош-уруғу, тоға-жиянларга паноҳ бўлган оқибатли жигаргўша, ва ниҳоят, минг йилдан бери теле-радио тупроғини ялаб, лекин қадр-қиммат, инсоний рағбат, мардона муносабат кўрмай келаётган, савиясиз, бир пулга қиммат, иқтидорсиз, ўткинчи кимсалар устидан қаҳ-қаҳ отиб кулиб, яшаётган РЎЗИБОЙ ҚЎЛДОШЕВни Худойим сийлаб, ҳаёт унинг тақдир-аъмолига ўлмас битик- неъматларини ёзаётгани рост бўлсин, илоҳим!
Рўзибойнинг Оллоҳ раҳмат қилгур отаси, мард ва довюрак Пўлат бобонинг ва волидаи муҳтарамасининг дуолари, панд-насиҳатлари, қолаверса, танбеҳу койишларига амал қила-қила шундай табаррук ёшларга етиб келдик.
Қиёматлиғ дўстимга асрларни қаритишини тилайман!

Табриклаймиз ва қутлаймиз!
«Дунё ўзбеклари»дан: Биз ҳам олис Канададан туриб таниқли ўзбек тележурналистини бугунги таваллуд айёми билан табриклаймиз. Узоқ умр ва ижодий зафарлар тилаймиз…
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан