"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга бир гуруҳ ёзувчилардан мактуб

Бош мақола, Демократия сабоқлари, Муҳаррир танлови | 03/03/2021 21:57-     11408 марта ўқилди

Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.М. Мирзиёевга

нусхаси:
Тошкент шаҳар ҳокими
Ж.А. Артикходжаевга

А Р И З А

Муҳтарам Шавкат Миромонович,

Аввало, ҳукуматимиз томонидан ижодкорлар, хусусан, шоир-ёзувчиларга яратилган имкониятлар ва ғамхўрликдан миннатдормиз. Тинч ва фаровон юртда ижод завқи билан яшаётганимиздан мамнунмиз.

Айниқса, Сизнинг ташаббус ва ғамхўрлигингиз билан Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Қозиробод кўчасида қурилган уй-жойлардан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари учун “Ипотека банк” Шайхонтоҳур филиали томонидан узоқ муддатли кредит асосида ажратилгани бизни янада қувонтириб, ижод қилиш иштиёқини кучайтирди.

Бироқ Сизнинг топшириғингиз билан ажратилган уйлар қўл учида, ниҳоятда сифатсиз бир шаклда яшаш шароитига келтирилди. Бунинг устига пойтахтнинг марказида бўлган уйларимизда ҳали ҳамон газ уланмаган. Қишни минг азобда, совуқда ўтказдик. Айрим ижодкорлар совуқлиги, газ йўқлиги боис, ўз вақтида кўчиб ҳам келолмаяпти. Кунлар исишини кутмоқда. Қолаверса, бир неча ойдан буён ҳамон уйлар кадастр қилиб яшовчилар номига расмийлаштирилмади. Банк билан мулоқотга чиқишларимиз, сўраб-суриштиришларимиз бесамар кетди. Ана унда, ана бунда бўлади деган важ-карсонлар билан чўзиб келинди. Дастлабки, уйлар битказилган даврда ҳар биримиз банкка чақирилиб, банк билан шартнома туздик. Ҳар ким ажратилган уйига қараб, уйларнинг бошланғич тўловини тўлади.

Энди эса, ҳар бир хонадон эгасига қўнғироқ қилишиб, банкка қайта чақиришяптики, мақсаду муддао Сизнинг топшириғингиз ва ғамхўрлигингизга рахна солиш билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Қонунларига зиддир.

Бир гуруҳ ижодкорларнинг устидан кулишни, ўз ноғорасига ўйнатишни мақсад қилган “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК МЧЖ Банкка 2021 йилнинг 15 мартига қадар уй нархлари оширилганини ва уй олганлар ушбу тўловни кўрсатилган муддатда тўлаб қўйишимиз кераклигини айтяпти.

Бунинг сабаби “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК МЧЖ томонидан тушунтириб, “Расмийлаштирилмаган уйлар учун биз банкка ҳар ой фоиз тўлаймиз, кейин ўша пулни уй нархига қўшворамиз” дейишган. Қандай қилиб ахир? Бу ноҳақлик эмасми? Чунки, биз уй олганлар бошланғич тўловни ўз вақтида тўлаб қўйганмиз ва банк ҳозирга қадар бизга уйларни расмийлаштириб беришни чўзиб келмоқда. Шу қаторда БАНК дастлабки тўлаган пулларимиздан фойдаланиб турибди-ку! Боз устига уйларни расмийлаштириб беришмагани учун биз уй эгалари айбдор эмасмиз-ку! Буни банк ташкил этиши керак эмасми?

Муҳтарам Президент,

Ўтган йилда бағрикенг ва соддадил халқимиз ҳам бутун дунёга келган офат “Коронавирус” балосидан катта матонат ва жасорат билан ўтди. Ҳукуматимиз ҳар бир фуқарога меҳр ва саховат кўрсатди. Оғир пандемия даври барча ҳамюртларимиз ва ташкилотларимизни бир қур оғир синовларга дуч қилди. Эндигина ўзимизни ўнглай бошлаган бир пайтда ҳар бир шоир-ёзувчига уйларнинг бошланғич тўловига қўшимча равишда ўртача 10 миллиондан тўлов тўлаш, эгилган дарахтни атайлаб синдириш билан баробардир.

Аммо уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш борасидаги вазифалар бўйича бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Сизнинг “Энг катта масала – бу уй-жойларнинг нархини адолатли шакллантириш. Бугунги нарх-наводан одамларимиз рози эмас. Шунинг учун, вилоят ва туман ҳокимлари бир квадрат метр уй нархини 4 миллион сўмдан оширмаслик учун барча зарур чораларни кўриши керак” дея таъкидлаганингиз халқимиз манфаатини кўзлаб амалга оширилаётган одилона сиёсатнинг яққол исботидир ва бу кўп қаторида биз ижодкорларни ҳам беҳад севинтирди ҳамда кўнглимизда умид уйғотди.

Муҳтарам Юртбошимиз,

Сиздан ушбу масалага ойдинлик киритилишини, уйларнинг нархи кўтарилмаслигида ва банк билан тузилган биринчи шартнома тўланган бошланғич тўловлар ўзгармаслигида, уйларни ўз номимизга расмийлаштириб берилишида, газ таъминоти ҳам йўлга қўйилишида ёрдам беришингизни сўраймиз.

Чексиз ҳурмат ва умид билан, бир гуруҳ

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари

 

(Муаллифларнинг исми фамилияси таҳрирятга маълум)

Суратда: Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ёзувчи ва шоирлар учун қурилиши мўлжалланган турар жой бинолари макети олдида…

 

«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан

 

Ўхшаш мақолалар:

  1. Озодлик»даги ноозод, аламзада ва тарафкаш журналистлар ҳақида…
  2. Эврил Турон: ЎЛИМ ТЎРИ (Еттинчи мақола — якуни)
  3. Давлат маслаҳатчисининг кирдикорлари ЎзТВ раисиникидан камми? (2-мақола)
  4. Генерал Абдусалом Азизов — Ички Ишлар вазирлигига энг муносиб номзод!
  5. Бахтиёр Шоҳназаров: ЎзМТРКМ ни ислоҳ қилиш ҳақида мулоҳазалар (1-қисм)
  6. Исмат Хушевнинг СНБ раиси ҳақидаги мақоласига Бўз Бўридан келган изоҳлар…
  7. Шокир Саъдуллаев: Қуда-андалар салтанати ёки Давлат ичидаги давлат…
  8. Президентнинг «Нархоз»даги тозалаш ишларини Рустам Қосимов пучга чиқарди!!!
  9. Human.uz Исмат Хушев билан “Юзма-юз” рукнида очиқ мулоқот қилди
  10. Бош муҳаррир И.Хушевга: Конституция ғалабаси учун кечаётган жанг!
  11. Ҳусан Эрматов: Энг ёмон Ватанпарвар… (Мамадали Маҳмудов ҳақида)
  12. Шавкат Мирзиёев: Прокурор деган номга муносиб бўлиш керак!
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.