Алишер Айматли: Исматилла ака «Ҳаёт ҳар ерда ҳаёт» туркумидан
Минг тўққиз юз тўқсон биринчи йилнинг бошида ёшгина йигитни бизнинг бўлимга тавсия этишди. Кейинчалик билсам, унинг “танкаси” Анвар Жўрабоев экан. Республика Радиосидан бизга ишга ўтибди. Асли душанбелик ўзбеклардан. Исматилла боис тожикистонлик жуда кўп ижодкорлар билан танишдим.
Шу ўринда айтиб ўтишим керакки, душанбелик ўзбеклар гуррас-гуррас бўлиб юришади. Бизникилар уларни “Ана, тожиклар келишаяпти”, дейишади.
Ваҳоланки, уларнинг кўпчилиги тожик тилини билмайди ҳам. Ўзларининг айтиши бўйича, Тожикистонда уларни “Ана ўзбаклар келишаяпти”, дер экан.
Хуллас, икки олам овораси!
Қизиқ, мусофирчилик одамларни жипслаштирса керакки, Америкадаги ўзбекларда ҳам ана шундай жипслашув бор. Албатта, ёшлар бундан мустасно. Аммо ёшлар ҳам муайян муддатдан кейин ушбу бирликка қўшилади.
Исматилланинг ўша бирликда ҳам ўзининг ўрни, “веси” бор эди. Унинг ортидан эргашиб келган қатор ижодкорларни яхши биламан. Худо раҳматли Асқар Маҳкам билан анча яқин бўлиб қолган эдик. У ўта маданиятли, билимдон инсон эди. Унга буюртма бериб яхши мақолалар ёздирганмиз. Бу мақолалар узоқ муддат шов-шув бўлар, газетанинг нуфузини оширишда муҳим рол ўйнарди. Садриддин Ашур, Алишер Нарзулла, хуллас, уларнинг ҳар бири бир олам эди. Иқтидорли, ҳамиятли йигитлар эди. Кейинчалик уларнинг ҳар бири ўз ўрнини топиб кетишди.
Шуйтиб, десангиз Исматилла ҳам ўзига яраша қалами бор эди. Лекин у ёзиш иқтидоридан кўра, бизнес иқтидорини шакллантириш билан овора эди. Чунки яшаш, оилани боқиш керак! Ўша пайтда ижарада турар, республика Радиосидаги бир гуруҳ йигитлар билан бирга Сергелида қурилаётган кооператив уйга бошланғич тўловни тўлаб қўйган эди. Унинг икки қизи ва бир ўғли бор. Ҳозир у фарзандларидан тинчиган – қизларни чиқарган, ўғилни уйлантирган. Катта бобога айланган ва эндиликда куни фақат хотини Мукаррамга қолган.
Мен нима учун бундай деяпман. Ҳозир бу гапимни исботлаб беришга ҳаракат қиламан.
Исматилла менинг бўлимимда иш бошлаганида жуда мўмин йигит эди. Беш вақт намоз ўқирди. Эски китобларни мутолаа қиларди. Биз ҳам бурнимиздан ошиб, унга бир нарса дея олмасдик. Жума намозига қатнарди. У қатнашган даврада “шайтоннинг боласи”ни чойнакка солиб ёки стол тагига яшириб, ичардик. Унга таассуб қилиб, рўза тутардик. Шундай қилиб, у ўзи билмасдики, ён-атрофидагиларни ҳам тарбияларди.
Билмай қолдим, уни ким бузди, бир-икки йилдан кейин ҳеч тап тортмай бизнинг сафимизга кириб келди – ҳамма стандартларни синдирди. Намозни ташлади, “шайтон боласи”ни беаёв симирди. Барча бемазаликларни қилди, аммо оиласига садоқатини йўқотмади, биз ўзаро ҳазиллашишимиз мумкин, аммо ётган тўшагини булғамади. У фарзандлари ва келин олдида чинакамига кристалдир.
Исматилла яхши шоир эди. Бизнес унинг бокира туйғуларини бозорга олиб кириб кетди. Ҳанузгача ундан чиқишга қийналади. Эринчоқлик қилади, танбаллик қилади.
Унинг шоирларга хос паришонхотирлиги бор. У масала нима бўлди, десангиз, алдамайди, эсимдан чиқиб кетибди, дейди. Ва зудлик билан шу ишга киришади. Айтишларича, кооператив уйга тўланган пул квитанциясини кўйлагининг чўнтагига солади ва кирга ташлайди. Қачонки, уй тайёр бўлиб, кўчиб киришда квитанцияни сўрайдилар. Яхшиямки, бирга пул топширган жўралари гувоҳликка ўтадилар. Бунақа воқеалар унинг ҳаётида жудаям кўп. Яхшиям, қўшнининг уйига адашиб кириб кетмайсиз, деб ҳазиллашамиз.
Исматилла “Ҳуррият”газетасига бош муҳаррир вазифасини бажарувчи бўлиб ишга ўтадиган бўлди. Энг кўп қийналган одам унинг хотини бўлди. “Халқ сўзи”дан кетаяпсиз, энди кунимизни қандай кўрамиз?” деб анча ўйланди, қийналди. Исмат эса нафақат газета чиқаришнинг, яшашнинг ҳам ҳадисини олган эди. Олти ойга етмасдан келин яхшиям “Ҳуррият”га ўтканингиз, дейдиган бўлди.
Кейинчалик “Фидокор”, “Миллий тикланиш” газеталарида бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлади. Ҳар иккала газетанинг халқчил, оммабоп бўлиб чиқишида самарали меҳнат қилди. Айни вақтда у “Янги Ўзбекистон” газетаси масъул котиби лавозимида фаолият юритмоқда.
Кечагина “Халқ сўзи”да иш бошлаган ёшгина йигит бугун республика матбуотининг оқсоқоли, нафақа тараддудини кўрмоқда.
Дарвоқе, бир нарса эсимдан чиқай дебди. Исматилла иродали йигитмасми, дарров ўзини қўлга олди. Яна эски ўзанга тушди. Ҳозир ҳар қандай вазиятда беш вақт номозини канда қилмайди, нопок нарсалардан ўзини асрайди. Шукурки, адашиш қимматга тушмасданоқ, мўминликка қайтди.
Исматилла ҳазилкаш йигит. Бир кулса, етти қаватлик бино бир тебраниб олади. Буни эшитиб, кулмасангиз ҳам бир жилмайиб оласиз. Олдига шикоят билан кирган инсон ҳам бу кулгиларни эшитиб, нимага келгани ҳам эсидан чиқиб, индамай кетаверади. Машинистка қизлар уни айниқса яхши кўрарди. Бошини кўтармай ишлаётган қизларни бир кулдирса, уларга бу энергия кечгача етарди, кейин “Исматжон ака, Исматжон ака” деб, Мукаррам келин айтганидек, “қиқир-қиқир” қилишиб орқасидан эргашиб юрарди.
Ҳамма нарсанинг вақти-соати бўлади. Менинг ҳам ўша дамларда вақтим бўлмаган. Кечга томон чарчаб қолардим, ёзиш мутлақо ёқмасди. Пенсияга чиқиб, ўйлаб қарасам, олдим ҳам, ортим ҳам бўм-бўш. Қўлимдан ёзиш келмаса ҳам бошқа гап. Лекин ўтган кунларимга шукур қиламан. Ҳарқалай, фарзандларим эмин-эркин катта бўлди, ўз йўлини топиб олишди. Улар учун умримни бағишладим. Исматилла ҳам шундай. Фарзандларини оёққа турғазди. Уларни ҳеч нарсага муҳтож қилмади. Ўтган умрини шу йўлга бағишлади.
Бордан йўқ, йўқдан бор бўлмайди. Бу менинг гапим эмас. Исматиллада ёзиш қобилияти бор. Қалами чархланган. Энди ўзи ҳақида, дўстлари ҳақида хотиралар ёзиш муддати келди. Катта ёзувчи Абулқосим Мамарасулов айтганидек, жонли хотиралар бадиий асарданда кучли қизиқиш билан ўқилади.
Сезиб турибман, ўртоқларимиз ушбу хотираларни ўқиб, орамизда бот-бот такрорланадиган қизлар тўғрисидаги ҳангомаларни айтишимни кутишмоқда.
Афсуски, уларнинг ҳаммаси уйдирма, аёллар нима деркин, деган фаразлар. Яна билмадим, эҳтимол, бошқалар бир нарса дер, аммо мен Исматилланинг оиласига садоқатини яхши биламан. Буларнинг барчаси, машҳур ижодкор, Ўзбекистон Халқ шоири Иқбол Мирзо айтганидек, “Мен қизларни алдамоқчи эмас эдим, Қизлар ўзи алданишга мойил эди”.
Оилага меҳр-муҳаббатни Исматулладан ўрганиш керак. У чумолига ўхшайди. Бир дона буғдой бўлса ҳам кўчага ташламайди, уйига олиб келади, фарзандлари билан баҳам кўради. Бу эса, табиийки, оилага барака олиб келади. Барака ўн сўмдами, юз сўмдами, деган гап бор. Тежамкор бўлмасанг, минг сўм ҳам оилага етмайди. Ҳа, қут-барака тежамкорлик фарзандидир.

Исмат Худоёров менинг ҳам яқин дўстим, укам. Ҳеч муболағасиз номи баланд жаранглайдиган ИНСОН. Яқиндан билган, кўнглингдан жой берган киши ҳақида ёзилганларни ўқиш мароқли, албатта. Мақола муаллифининг ҳам, қаҳрамонининг ҳам ижодлари бардавом бўлсин!
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ