САДОҚАТ ВА ВАФО ТИМСОЛИ 1 март – атоқли шоира Зулфия туғилган кун!
САДОҚАТ ВА ВАФО ТИМСОЛИ
Суъратда: Зулфияхоним турмуш ўртоғи Ҳамид Олимжон билан
Ҳар йили баҳорнинг илк куни – ўзбекнинг ардоқли шоираси Зулфияхоним таваллуд айёми кенг нишонланади.
Давлатимиз раҳбарининг 2007 йил 13 сентябрда қабул қилинган “Тошкент шаҳрида Ўзбекистон халқ шоираси Зулфиянинг ҳайкалини ўрнатиш тўғрисида”ги қарори халқимизнинг севимли фарзанди, таниқли жамоат арбоби Зулфиянинг миллий адабиётимизга қўшган улкан ҳиссаси, бетакрор ижодий мероси ва ибратли фаолиятининг яна бир амалий эътирофи бўлди.
2008 йил, 1 март куни пойтахтимизда Ўзбекистон халқ шоираси Зулфиянинг ҳайкали очилди.
Юртбошимизнинг “мунис ва меҳнаткаш, ҳаётнинг ҳар қандай сурон ва тўфонлари қаршисида ўзини йўқотмай, сабр-тоқат ва шукроналик билан яшайдиган ўзбек аёли, ўзбек шоирасининг тимсоли акс этиши керак,” деган ғояси ҳайкалтарош Равшан Миртожиев ишлаган ҳайкалда тўла ифода этилган.
Ҳаёт ва ижод йўли
(1915-1996)
Бу назм боғига киролмас хазон,
Бизни маҳв этолмас завол лашкари,
Мен кетсам мунғаймас умрим ҳеч қачон,
Бу боғлар… бир боғлар бўлади ҳали…
Зулфия Исроилова 1915 йил 1 мартда Тошкентда ҳунарманд-дегрез оиласида туғилди.
Унинг бобосини Муслим дегрез дер эдилар ва у Дегрезлик маҳалласида яшар эди. Олов ва темир билан тобланган отасини шоира шундай хотирлайди: “Отам заҳматкаш темирчи эди. Мен ҳамма вақт уни иш кафтида кўрар эдим. Ўша вақтда болаларини боқиш, рўзғор тебратиш учун одамлар жуда кўп меҳнат қилишлари зарур эканлигига сира ақлим етмасди. Отамнинг ҳамма вақт оловга йўлдош касбидан фақат завқ ва шавқни кўрар эдим.”
Онаси Хадича опа жуда кўп қўшиқ, эртак, афсона ва достонларни билар ва болаларига айтиб берарди.”Бу сеҳрли афсона ва достонлар,-деб ёзади Зулфия,-бизга бениҳоя ҳузур бағишлар, ўзига ром қилиб олар, ҳар сафар янги жилва касб этар эди… сўзга шайдолик ҳиссини менинг қалбимда онам уйғотган”.
1928 йилда бошланғич мактабни тугаллаган Зулфия Тошкент хотин-қизлар педагогика билим юртига ўқишга киради. Ана шу йиллардан бошлаб, Зулфиянинг адабиётга бўлган қизиқиши кучаяди.
У Навоий ва Пашкин, Шекспир ва Байрон, Лутфий ва Фузулий, Некрасов ва Лермонтов асарларини севиб мутолаа қилади.
Х.Ҳакимзода, С.Айний, А.Қодирий ва Ғайратий асарларини ихлос билан ўрганади, адабиётда энди ўз мавқеига эга бўлаётган Ойбек, Ғ.Ғулом, Уйғун, Ҳ.Олимжон, К.Яшин каби ёзувчиларнинг ижодини қизиқиб кузатади.
Ўқиш ва ўрганиш ўз навбатида шоиранинг қўлига қалам олишга илҳомлантиради. Унинг бадиий истеъдоди намоён бўла боради.
1930 йилдан бошлаб “Ишчи”, “Ёш ленинчи” газеталари, “Колхозчи болалар”, “Янги йўл” журналларида ёш шоиранинг дастлабки шеърлари кўринади.
1932 йилда ўн саккиз ёшли шоиранинг биринчи шеърлар тўплами –“Ҳаёт варақлари” босилиб чиққан. Бу тўпламдаги шеърларда шоира мамлакатимизда социалистик қурилиш ғалабаларини жўшқин сатрларда ифодалайди.
Зулфия доимо изланишда, ўқиш –ўрганишда давом этади. У билим юртини тугаллагач(1933), Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтида таҳсил кўради (1933-1935),1935-1938 йилларда эса А.С.Пушкин номидаги Тил ва адабиёт илмий текшириш институти аспирантурасида ўқийди. 1938-1940 йилларда Республика болалар ва ёшлар адабиёти нашриётида редактор бўлиб ишлайди.
1938-1939 йилларда адибанинг иккита шеърлар тўплами: “Шеърлар”ва “Қизлар қўшиғи” чоп этилади. Бу тўпламлардаги шеърлар Зулфиянинг бадиий маҳорати анча юксалганидан далолат беради. “Ҳожар”,”Нишондор”,”Сени севардим”, “Студентка” каби шеърларида хотин-қизлар тушунчасида қарор топашшётган янгиликнинг ғалабасини, уларнинг истиқболга дадил интилишини ёрқин ифодалади.
Зулфия шеърий ижодининг нурланиши “Уни Фарход дер эдилар”(1943), “Ҳижрон кунларида”(1944) ва “Ҳулкар”(1947) тўпламлари билан боғлиқ.
Айниқса, Ҳ. Олимжоннинг бевақт вафотидан кейин(1944) ёзилган, руҳий силсилалар ва қалб изтироблари билан тўла шеърлар шоира ижодида жиддий ўзгаришлар содир бўлганидан дарак берди.
Зулфия шахсий фожеаси тасвири орқали 2-жаҳон урушидан катта талофат ва йўқотишлар билан чиққан халқнинг дард ва аламларини ифодалади.
1940 йиллар охирида эълон қилинган Совет давлатининг санъат ва адабиёт тўғрисидаги қарорлари ўзбек адабиётига ҳам катта зарар келтирди.
Зулфия бадбин кайфиятлар-пессимистик кечинмалар куйчиси сифатида таъна тошлари остида қолди. Шундан кейин у, бошқа қаламкаш биродарлари сингари, “давр ғоялари”ни ифодаловчи шеърлар ёзишга ўтди.
Лекин кўп ўтмай, ўзбек аёллари ҳаётини яхши билувчи шоира ва журналист сифатида дугоналари ҳақидаи шеър ва публицистик мақолалар ёзди, уларни ижтимоий фаолликка чақирди, инсоний ҳақ-ҳуқуқларининг поймол бўлмаслиги учун курашди.
50 йилларнинг 2-ярмида Зулфия Осиё ва Африка ёзувчиларининг тинчлик ва халқаро бирдамлик шиори остида ўтган ҳаракатида фаол қатнашиб, жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида бўлди.
Ҳиндистон, Миср, Япония ва қўшни республикаларга қилган сафари шоира ижодида чуқур из қолдирди. “Мушоира”,”Ўғлим сира бўлмайди уруш”,”Қозоғистон ўланлари” сингари шеърлари шоирага шуҳрат келтирди.
Зулфия ҳаётининг муҳим бир қисмини Ҳ.Олимжоннинг адабий меросини ўрганиш ва нашр этиш ишига бағишлади.
Ана шу жараённинг узвий қисми сифатида у шоирнинг “Семурғ ёки Паризод ва Бунёд” достони асосида қўғирчоқ театри учун “Семурғ” пьесаси ҳамда “Зайнаб ва Омон” операси либреттосини ёзди.
А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов,Н.А.Некрасов, М.Воқиф, Л.Украинка, М.Дилбозий ва б.нинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Зулфия асарлари кўплаб чет тилларда, шунингдек, қардош туркий халқлар тилларида нашр этилган.
Шоира халқаро Ж.Неру (1968),”Нилуфар(1971) мукофотлари ҳамда Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти ( 1970) лауреати. Шунингдек, у Болгариянинг “Кирилл ва Мефодий”(1972) орденига сазовор бўлган.
Ўзбекистон ҳукуматининг 1999 йил 10 июндаги фармонига биноан Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди.
Бу мукофот мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида аъло хулқи, зукколиги, донолиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффаққиятлари билан алоҳида истеъдодини намоён қилиб таълим олаётган, истиқлол ғояларини амалга ошириш йўлида астойдил меҳнат қилаётган 25 ёшгача бўлган иқтидорли қизларга адабиёт, маданият, санъат, фан, таълим соҳаларидаги алоҳида ютуқлари учун берилади.
1 МАРТ – МИЛЛАТИМИЗНИНГ АРДОҚЛИ ШОИРАСИ ЗУЛФИЯХОНИМ ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН
05:12, бугун
Мен туғилган кун
Бугун менинг туғилган куним,
Мени туққан онам, Сиз қайда?
Бедор ўтиб бормоқда туним,
Бир оғриқ бир қон, жонда, пайда.
Туғилганман қайси соатда,
Қанча муддат сиз егансиз дард?
Қиз туғилиш дарди одатда
Бўлган экан Сизда бешафқат.
Бугун менинг туғилган куним,
Тўлғоқдаги ҳолингиз кўзда:
Курси қучиб курашасиз жим,
Қотма жусса гоҳ ўт, гоҳ музда.
Қора терда танҳо бошингиз,
Лабингиз — дашт жўягидай қоқ.
Оғзингизга тиқиб сочингиз,
Танангизга соларлар тўлғоқ.
Беш болангиз дарча ортида
Жонингизни кўриб ўтирган,
Менинг отам қўшни отида
Ким қайлардан доя қидирган?
Бор суякни чок-чокдан сўкиб
Ичингизга сиғмай кетган мен,
Танангизнинг тубида чўкиб,
Чеҳрангизга энтиккан-да мен.
Гоҳ дард тутиб, гоҳи у қочиб
Кўзингиздан сачратган олов.
Фақат азоб эшигин очиб,
Чекинишга қўйган бўлсам ғов.
Томирингиз бўйлаб эзганим,
Тўққиз ою тўққиз кун уйғоқ.
Беш ўғилнинг изиданлигим,
Сизлар интиқ қизча туғилмоқ.
Юзингизни кўришга шошган,
Кўзингизга кирмоқ бўлганим!
Кўксингизга ташна лаб чопган,
Сўзингизга муштоқ бўлганим.
Балки тандан қону ёшликни
Сўрмоқлиқдан ҳижолатлигим?
Юрагангиз бир қуёшликни
Сезиб, жоним роҳатдалигим.
Гўзал қалбнинг тагида ётиб,
Эзгу ҳиссингизда жўшганим.
Ноёб идрок сеҳрига ботиб,
Ухлоқ шеърга шогирд тушганим!
Х,а, қонингиз, жонингиздаги
Бир жаҳонни уқиб олганим,
Барчасидан узилиш дарди
Яқинликдан қўрқиб қолганим —
Бари учун, — жаҳаннамий дард
Тўлғоғига отдим не муддат? —
Мен билмайман!
Самовий бир мард,
Жон туғувчи илоҳий қудрат —
Бўлганингиз онларга таъзим!
Азоб учун умримдай узр…
Барин такрор этдим мен ўзим,
Она бўлмоқ — азобли ҳузур…
ЗУЛФИЯХОНИМ
1972 йил
***
Энг гуллаган ёшлик чоғимда…
Энг гуллаган ёшлик чоғимда,
Сен очилдинг кўнгил боғимда.
Шунда кўрди кўзим баҳорни,
Шунда қалбим таниди ёрни.
Қушлар сайрар жонимга пайваст,
Мен севгининг бўйи билан маст,
Куни билан далада қолдим,
Лолазорлар ичра йўқолдим.
Қучоқ-қучоқ гуллар терганим
Ва келтириб сенга берганим
Кечагидай ҳамон эсимда,
Ҳар сония, ҳар он эсимда.
Шундан бери тилимда отинг,
Шундан бери дилимда отинг…
Энг гуллаган ёшлик чоғимда
Сен очилдинг кўнгил боғимда.
ҲАМИД ОЛИМЖОН
(ТУРМУШ ЎРТОҒИ ЗУЛФИЯХОНИМГА
АТАБ ЁЗИЛГАН)
ЎРИК ГУЛЛАГАНДА
Хамид Олимжон
1909-1944
Деразамнинг олдида бир туп
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади…
Новдаларни безаб ғунчалар,
Тонгда айтди ҳаёт отини
Ва шаббода қурғур илк саҳар
Олиб кетди гулнинг тотини.
Ҳар баҳорда шу бўлар такрор,
Ҳар баҳор ҳам шундай ўтади,
Қанча тиришсам ҳам у беор
Еллар мени алдаб кетади.
Майли, дейман ва қилмайман ғаш,
Хаёлимни гулга ўрайман;
Ҳар баҳорга чиққанда яккаш,
Бахтим борми, дея сўрайман.
Юзларимни силаб, сийпалаб,
Бахтинг бор, деб эсади еллар.
Этган каби гўё бир талаб,
Бахтинг бор, деб қушлар чийиллар…
Ҳамма нарса мени қаршилар,
Ҳар бир куртак менга сўйлар роз,
Мен юрганда боғларга тўлар
Фақат бахтни мақтаган овоз:
«Мана сенга олам-олам гул,
Этагингга сиққанича ол,
Бунда толе ҳар нарсадан мўл,
То ўлгунча шу ўлкада қол.
Умрида ҳеч гул кўрмай, йиғлаб
Ўтганларнинг ҳаққи ҳам сенда,
Ҳар баҳорни йиғлаб қаршилаб
Кетганларнинг ҳаққи ҳам сенда…»
Деразамнинг олдида бир туп
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади…
1937 йил
http://www.darakchi.uz/
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ