"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Абдувоҳид Ҳайит шеърияти: Ёмғир ҳайдаганди боғдан ҳаммани…

Адабиёт, Маданият ва Санъат, Муҳаррир танлови | 25/02/2021 00:37-     11589 марта ўқилди

Abduvohid Hayit
 

 

May be an image of 1 person and outerwear
Hurriyat Gazetasi
 
«HURRIYAT» газетасининг 2020 йил 16 декабрь 47-сонида ўқинг:
#Ёмғир_ҳайдаганди_боғдан_ҳаммани
Муаллиф ҳақида:
Абдувоҳид Ҳайит — 1967 йилда Яккабоғ туманида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган.
Филология фанлари номзоди.
Шоирнинг “Жон қуши” номли шеърий китоби
чоп этилган.
— — — — — — — —
Болалик
Қишлоқ тепасида Ой, ғужғон ўйнар юлдузлар,
Ой ёғдуси кечага ёғилар фавворадек.
Юлдузлардай порлайди ҳайратга тўла кўзлар,
Ўша тун оғушида мени кутар болалик.
Учқур орзулар ҳали армонга айланмаган,
Яхши кимсалар ҳали ёмонга айланмаган,
Туйғулар ҳали оппоқ – гумонга айланмаган,
Мўъжаз ўша ҳовлида мени кутар болалик.
Қайдадир қолиб кетган – мен уни қидираман,
Бекинмачоқ ўйнаган ерлардан қидираман,
Қўй ҳайдаган адирлар, қирлардан қидираман,
Бекинган жойида жим мени кутар болалик.
Юрагим гупиллайди тераклар шивиридан,
Димоғим қиқирлайди тандирнинг ҳовуридан,
Болалик ёди келар онамнинг шууридан,
Онамнинг соғинчида мени кутар болалик.
Эҳ, болажон, олислаб, сендан йироқ кетдим мен,
Минг шаклга кирдим мен ва сени унутдим мен,
Қанчалик улғайсам-да, шуни англаб етдим мен,
Отамнинг қабри узра мени кутар болалик.
Хотира бор ортимда, ҳали ортга қайтиш бор,
Унутилган дамларни ҳали қайта айтиш бор,
Ҳар гуллашнинг сўлиши, ҳар ишда бир тафтиш бор,
Йўлимнинг адоғида мени кутар болалик.
* * *
Ёмғир ҳайдаганди боғдан ҳаммани,
Софликдан энтикиб кетган эди боғ –
Боғни қучиб олган бийдай кечани
Буғмоқ чун ёғдулар ташларди сиртмоқ.
Шовқинлар уйқуга кетган эди жим,
Нигоҳлар узра тун тортганди парда.
Оҳ, бунча муаттар ёмғирдан кейин –
Насимлар кезинар эди шаҳарда.
Нимадир керакдай содир бўлиши
Кўнгил ниманидир қўмсарди муштоқ.
Шу ойдин тун аро ойдай тўлишиб –
Юрак ёрилишга шай эди мутлоқ.
Алқисса, бариси жамулжам эди,
Осмон йиртиғидан боқарди ҳилол.
Фақат кўнгил учун недир кам эди,
Фақат етишмасди биргина висол.
Эртага
Эртага ғам бошқа бўлар,
Шодлигимиз бошқа бўлар.
Ҳукму ҳакам бошқа бўлар,
Тадбиримиз бошқа бўлар.
Эртага кун бизга кулар,
Балки кўнгил дардга тўлар,
Ҳар не келар – Тангри билар,
Эртага кун бошқа бўлар.
Балки қувонч бешта бўлар,
Балки алам ўнта бўлар,
Балки ғаним юзта бўлар,
Эртага дўст ўзга бўлар.
Яхши-ёмон кечди кеча,
Ёндию бир ўчди кеча,
Йўқлик сари кўчди кеча,
Эртага кеч бошқа бўлар.
Неки бугун улги бўлар –
Эрта келиб кулги бўлар,
Ўзга удум, белги бўлар,
Эртага эл бошқа бўлар.
Эртага кун калта бўлар,
Қилгали қўл калта бўлар,
Юргали йўл калта бўлар,
Айтгали тил калта бўлар.
Эртага кун бошқа бўлар.
Мен кулсам
Мен кулсам,
Табассум синдирар чеҳрамни,
Жимгина кузата бошлар деворлар,
Раҳмдил дийдалар ҳайратланишар,
Тушунишар мени телбалар.
Коинот йўқотар мувозанатин,
Бирдан миллион йиллик умр туганар
(Қалбми –
Ўз инидан маъюс телмурар)
Ва яна,
Ва яна ҳар гал мен кулсам,
Кўксимда нимадир кетар узилиб.
* * *
Фақат севиш мумкин сизни!
Севиш мумкинми сизни?!
Ким бор дилингизда сизнинг?!
Ўртарми… дилингизни?
Аҳли ишқ бўйлаб йўлингизни,
Ой тилаб орази гулингизни,
Ваҳ, борми силаган сизнинг –
Сочингиз-сумбулингизни?!
О, кўнгил нетсин энди ўзни,
Ашк нетиб тарк этсин бу кўзни,
Қайдандир келган бир дайди ел –
Ўйнаса кокилингизни?!
Валлоҳ, яратган бу қизни,
Лол этай деб сунъига бизни,
Ҳар чоғ ошиқ этай деб мингни,
Ҳар дам бехуш этай деб юзни.
Бас, бу Аллоҳнинг изми –
Фақат севиш мумкин сизни!
* * *
Ўтди дарё йиллар,
Умр томар чак-чак.
Дилларимиз бўм-бўш,
Елкада юк лак-лак.
Давр юкин тутган
Қўлларимиз толди,
Давр ўтиб кетди,
Юкларимиз қолди.
* * *
Сени кўп тушундим,
ҳаддан ортиқ тушундим.
Нега нафрат билан қарайсан менга.
* * *
Ярим тун алаҳсиб уйғониб кетдим
Олис бир юлдузнинг чинқириғидан.
* * *
Кечагина, ўғлим, биз ҳаёт эдик –
Шеъриятни севган динозаврлар.
50 ёшда
Илгари кўп нарса йўғиди,
Келажак бориди.
Энди кўп нарса бор…
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан

Ўхшаш мақолалар:

  1. Ҳалима Худойбердиева: Ой деб ўйлаганим ёй бўлиб чиқиб, У отган ўқлардан кўксим ярадор…
  2. Ҳалима Худойбердиева: «…Бирдан жудо бўлмоқ истайман…»
  3. Abdulla Matyoqubov. So’nggi kecha.
  4. Эркин Воҳидов: Сизга бахтдин тахт тиларман, Толедин бошизга тож…
  5. Холниса Раҳмонқулова: Башоратчининг бошидан кечирганлари 2-китоб (1)
  6. Тоғай Мурод ижодидан —— Бу дунёда ўлиб бўлмайди (роман)
  7. Оғриган жойингни кўрсатма, айтсанг – Айнан шу жойингга берарлар зарба…
  8. Малика Салимова: Аза очар бева ҳисларим, Оппоқ рўмол ўраб бошига…
  9. Мирзо Кенжабек: Ел бўласан, шамол бўласан, Сен бир бахтли аёл бўласан!
  10. Муҳаммад РАҲМОН: ТАҚВИМ ВАРАҚЛАЁТГАН ОДАМ
  11. Анвар Икром: ВАТАН МУҲАББАТИ БИТИЛГАН БАЙРОҚ
  12. Эркин Воҳидов: Парда ичра офтобим, Ёнида мен нурга зор…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.