Илҳом Иброҳим: БУГУН ҚАЛБИНГИЗДАН КЎЧИБ КЕТАМАН…
Шу инсонни ғойибона эшитдиму кӯрмадим. Қизиқ Хӯжандга бир қадам жойдаку аммо узооооқда…

Назм бекати
БУГУН ҚАЛБИНГИЗДАН КЎЧИБ КЕТАМАН…
Илҳом Иброҳим 1976 йилнинг 26 мартида Суғд вилоятининг Истиқлол (собиқ Табошар) шаҳарчасида дунёга келган. 1994-1997 йилларда Бўстон шаҳридаги Ўрта Осиё политехникуми (ҳозирги Тоғ-металлургия олийгоҳи)да таҳсил олган. Битиклари вилоятнинг «Суғд ҳақиқати» ва бошқа нашрияларида чоп этилган.
Севги деб билганим, поёнсиз саҳро,
Ҳамон умид излаб бораётирман.
Сени Тоҳир бўлиб севдим-ку, Зуҳро,
Не сабаб қисмати Қоработирман?
Кимдир нигоҳимни парча муз демиш,
Қалбга учқун тушса, кетаман қайнаб.
Кўнгилнинг қасрида кўрганим Кумуш,
Аммо чимилдиқда топганим Зайнаб…
***
Товонлар тешилди, қон бўлди йўлим,
О, муҳаббат йўли, бунча тикансан?
Гулдек жамолингни кўрдим-у, гулим ,
Чаманзорларга тенг лолам экансан.
Худбинлар ўз ишқин қилишар миннат,
Бизга дунё ҳижрон, висолдир жаннат,
Аллоҳнинг ризоси баридан қиммат,
Фақат Роббим билган нолам экансан.
Сен — тилим ўрганган такрорий дуо,
Сени излаб чиқсам, бир қадам дунё ,
Кўргунча дердимки, у кўкда Зуҳро,
Билсам минг осмонли олам экансан.
***
Сизнинг кўзингизга нафрат ярашмас,
Нафрат-ла боқсангиз чўчиб кетаман.
Дил тўрин бўшат деб: дўқ уриш шартмас,
Бугун қалбингиздан кўчиб кетаман.
Орзу эшикларин оҳиста ёпдим,
Ҳижрон дарбозасин очиб кетаман.
Армон саҳросидан бир кулба топдим,
Бугун қалбингиздан кўчиб кетаман.
Қалбимда қолдирмай бирор дона сир,
Барини осмонга сочиб кетаман.
Фақат айта кўрманг: «ҳамма эркак бир»,
Бугун қалбингиздан кўчиб кетаман.
Иссиқ манзилларни кўзлаган қушлар,
Сиз билан жанубга учиб кетаман.
Музлатса музлатсин қаҳратон қишлар,
Бугун қалбингиздан кўчиб кетаман.
Кетсам изларимни қон билан ювинг,
Мумкин ёдингиздан ўчиб кетаман.
Қатъий қарор қилдим: хотиржам бўлинг,
Бугун қалбингиздан кўчиб кетаман.
Суғд вилояти.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ