Матназар АБДУЛҲАКИМ: Бир жуфт беҳи келтирган эдинг, Бир-биридан хушбўй, муаттар.
Бир жуфт беҳи келтирган эдинг,
Бир-биридан хушбўй, муаттар.
Мен уларни қаттиқ соғиндим
Ва сарғайдим беҳидан бадтар.
Мана, яна беҳилар пишди –
Фироқ фасли, ҳижрон мавсуми.
Меваларнинг энг бир ҳазини,
Меваларнинг энг бир маъсуми.
Кезмакдаман беҳизорларни,
Бир беҳи йўқ бошин эгмаган.
Заъфарон бу мевалар сағир –
Ҳеч бирига қўлинг тегмаган.
Сенсиз бутун дунё бежизим,
Сенсиз бутун дунё беҳудам.
Ҳамуқубат, ҳамдардим билиб,
Ҳол сўрайман ҳар бир беҳидан.
Хаёлимда бошқа мевалар
Минг бор инкор, минг бор рад бўлди.
Дунёда бор ҳикмат якуни
Жуфт беҳидан иборат бўлди.
Келмасанг-да тонглар отмоғи
Ва кунларнинг ботмоғи мумкин.
Лекин менга тинчлик бермайди
Келтирганинг жуфт беҳи тун-кун.
Айланди ул бири қуёшим,
Айланди ул бири ойимга.
Армон билан бошқа беҳилар
Тўкилади бир-бир пойимга.
Матназар АБДУЛҲАКИМ
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан