Озод Шарафиддинов ёди: Лев Толстой — Иқрорнома
ИҚРОРНОМА
Озод Шарафиддинов таржимаси
Тошкент
«Маънавият» нашриёти
1998
БУЮК АДИБНИНГ ИҚРОРНОМАСИ
Бундан бир неча йил муқаддам биз бир гуруҳ ижодкорлар Қашқадарё вилоятидаги Муборак газни қайта ишлаш заводига бордик. Бизни завод директори Нуриддин Зайниев кутиб олди. У хўжалик ходими бўлса-да, қадди-басти, шинамгина костюм-шими, бўйинбоғи, шляпасига қараганда ростмана зиёлига ўхшарди. Айниқса, кўзларида чақнаб турган теран маънодорлик, чеҳрасидаги нурафшонлик дафъатан одамни ўзига маҳлиё этарди. Унинг раҳнамолигида чўли биёбоннинг қоқ ўртасида эртаклардаги паҳлавонлардек қад кўтарган улкан иншоотни айланиб чиқдик. Зайниев заводни ипидан-игнасигача билар экан – унинг тарихини, қандай ишлашини, нима маҳсулот беришини, республика иқтисодиётида қандай ўрин эгаллашини, бугун қандай муаммолари борлигини чуқур бир ифтихор билан гапириб берди.
Аслини олганда ҳам ҳар қанча ифтихор қилса арзирди – заводнинг қурилиши анча аввал бошланган бўлса-да, Ўзбекистон мустақиллик касб этгандан кейингина қурилиш ниҳоясига етибди, завод тўла куч билан ишлай бошлабди. Буни қарангки, у ўзининг кўлами ва қудратига кўра бутун дунёдаги энг етук ўнта газни қайта ишлаб чиқарувчи заводнинг бири бўлиб қолипти. Суҳбатимиз кечқурун дастурхон теварагида давом этди. Бу гурунгда мен Нуриддин Зайниевни батамом бошқа жиҳатдан кашф этиб, лол қолдим – энди у шунчаки ўз касбини мукаммал билган замонавий инженер сифатидагина эмас, жуда кўп ўқиган, оламшумул фалсафий муаммолар ҳақида ўйлайдиган мутафаккир, донишманд одам сифатида кўринди. У айниқса, улуғ адиб Л.Н.Толстой ҳақида
ҳаяжонланиб гапирарди. Унинг бир асари ички дунёсини ағдар-тўнтар қилиб юборибди. Унда инсон ҳаётининг маъноси ҳақида ибратли гаплар ўртага ташланган экан:
— Ўшандан бери ўйлайман, — деди Нуриддин. Ҳақиқатан ҳам инсон ҳаётининг маъноси нима? Инсон туғилади, улғаяди, берилган муддатни яшаб бўлиб, оламдан ўтиб кетади. Хўш, унинг вафоти билан ҳаётининг маъноси ҳам йўқолиб кетадими?
— Сиз Толстойнинг «Иқрорнома»сини айтяпсиз-да? – деб луқма ташладим мен.
— Ҳа, ҳа, ўқиган экансиз, — Нуриддин тилини ва балки дилини тушунадиган суҳбатдош
топилганидан мамнун бўлди. – Шу китобни бир замонлар ўқиган эдим, шундан бери излайман. Топиб бўлармикин-а?
Китобни излаганча бор эди – китоб Толстой ҳаётлигида черковнинг таъқиқига учраган ва жуда кам босилган эди. Шўро замонида эса бу асар фақат бир марта – 1928 йилда адиб таваллудининг 100 йиллиги билан атиги минг нусхада чоп этилган, «Мукаммал асарлар тўплами»га киритилган эди. Кейин ошкоралик замонлари келиб, 1991 йилда яна бир марта босилган эди. Шу китоб менда бор эди.
— Менга шундан нусха кўчириб жўнатсангиз жуда миннатдор бўлардим. Умуман, нега шунақа асарларни таржима қилиб чиқармайсизлар?
Нуриддин Зайниевдаги буюк адиб ижодига қизиқиш ўткинчи ва тасодифий эмаслигини кўриб, бошим осмонга етди. Бунинг боиси бор, албатта.
Инсоният тарихида ўтган адибу шуарони санаб ҳисобига етиб бўлмайди, аммо уларнинг камдан-ками одамларнинг маънавий ривожида салмоқли из қолдирган. Шундайлардан бири Лев Николаевич Толстойдир. Унинг оламдан ўтганига салкам бир аср бўляпти. Шу муддат мобайнида унинг оламшумул шуҳрати ортса ортдию, сира камайгани йўқ. Бугун бутун ер юзида – ҳамма қитъаларда, ҳамма мамлакатларда унинг асарлари, оташин хитоблари, ўйлари етиб
бормаган жой қолмади, десак хато бўлмайди. Ҳар хил ирқдаги, ҳар хил ижтимоий табақага мансуб, ҳар хил эътиқодларга эга одамлар ўз ҳаётларининг мушкул ва мураккаб дамларида Толстой асарларига, унинг бой ва кўп қиррали ижодига мурожаат қиладилар ва ундан маънавият сабоқларини оладилар. Замонлар айланиб ҳаётидаги жуда кўп нарсалар эскириб кетган бўлса-да, бизни қуршаб олган муҳит, ашёлар дунёси тубдан янгиланган бўлса-да, ҳатто, кўпгина анъанавий қадриятлар ўрнини янги қадриятлар, янги тушунчалар, янги эътиқодлар эгаллаётган бўлса-да, ҳаётлигидаёқ «Инсониятнинг устози» сифатида танилган Толстойнинг маънавий сабоқлари мутлоқ эскиргани йўқ. Ўзбеклар ҳам бу улуғ адибни асарлари билан асримиз бошидаёқ танишган эдилар.
Толстойнинг болалар учун яратган масаллари, эртаклари, жажжи ҳикоялари ўзбек тилидаги илк дарсликларга киритилган. Айрим ўзбек зиёлилари эса
адиб асарларини ўқиш асносида туғилган фикр-мулоҳазаларини бевосита Толстойнинг ўзига ёзиб юборишган ва ундан жавоб ҳам олишган. Ҳозирги кунда деярли ҳамма бадиий асарлари ўзбек тилига ағдарилган ва аллақачон ўзбек китобхонининг кўнгил мулкига айланиб қолган.
Лекин шунга қарамай биз бугун Толстой ҳақида, унинг бой, серқирра ва мураккаб шахсияти тўғрисида тугал тасаввурга эгамиз деб айта олмаймиз. Толстойнинг кўплаб фалсафий, ахлоқий, ижтимоий, сиёсий, адабий-танқидий асарлари ҳали-ҳануз ўзбек китобхонларининг назаридан четда қолиб келмоқда. Бу билан биз ўзимизнинг ҳазрат Толстой шахсиятининг янги қирралари билан танишувдан оладиган жуда катта маънавий бойликдан маҳрум қилиб келмоқдамиз.
Шунинг учун бир замонлар «дод саси» келган Қарши чўлининг қоқ ўртасида қад кўтарган том маънодаги замонавий саноат корхонасининг етакчиси «Иқрорнома»дан баҳс юритар экан, демак, ўзбек зиёлиларининг бугунги тафаккурида муайян силжишлар рўй берган экан-да! Улар ҳам умумжаҳон тафаккурининг орбитасида ўз ўринларини излай бошлабдилар-да! Бутун инсониятни жавоб излашга мажбур қилиб келган, ўйлашга, баҳс юритишга, изланишга ундаган «малъун саволлар» эндиликда ҳамма ўзбек зиёлиларининг бўлмаса ҳам-ку, айримларининг олдида кўндаланг бўла бошлапти-да! Ахир, бунга қувонмасдан бўладими?«Иқрорнома» ҳасби ҳол жанрида ёзилган асар. Жаҳон адабиётида бунақа асарлар унчалик кўп эмас. Энг машҳурлари – Жан Жак Руссо, Оскар Уайльд каби ёзувчиларники. Уларнинг барида муаллифлар ўз ҳаётлари мисолида инсон фаолиятининг энг мураккаб жиҳатларини ёритадилар. Лекин улар биографик ёхуд мемуар асар эмас.
Толстой «Иқронома» сининг энг муҳим фазилати шундаки, у асарда қайси муаммо ҳақида баҳс юритмасин ҳамиша бу муаммоларини ўз ҳаёти мисолида таҳлил қилган ва бирор ўринда самимиятдан чекиниб мақтанчоқликка, манманликка, ўзни пардозлаб кўрсатишга уринган эмас. Мана, қуйидаги парчага эътибор беринг:
«Мен урушда одам ўлдирганман, ўлдирмоқ ниятида дуэлга чақирганман, тасарруфимдаги мужикларни картага бой берганман, уларнинг меҳнати эвазига
яшаганман, уларни қатл этганман. Ёлғончилик, ўғирлик, ҳар хил рангдаги зинокорлик, ичкиликбозлик, зўравонлик, қотиллик… Мен қилмаган жиноят қолган эмас…»
Бу парчани ўқиган ўзбек китобхони, албатта, ёқа ушлайди: «Ё алҳазар! Шу ўзимиз билган, соясига салом бериб келган улуғ адибми? Роса бўлган экан-ку! Вой соқолинг кўксингга тўкилгур – эй!»
Бундай дейишимизга сабаб шуки, биз («биз» деганда ўзим тенги авлодни назарда тутаяпман) юзаки фикрлашга ўрганганмиз, биз учун фақат оқ ва қора рангларгина мавжуд, биз ҳар қандай одамни баҳолаганда ҳам ё уни мақтаб, фариштага айлантириб юборамиз, ёхуд қоралаб қарғаб, қора ерга киритиб ташлаймиз. Ўрталиқни тан олмаймиз, ҳар қандай инсон ҳам, биринчи
навбатда, банда эканини ва банда сифатида адашиш ҳуқуқига эга эканини унутиб қўямиз.
Толстой улуғ эди, лекин у айни чоғда инсон ҳам эди ва айни шу жиҳати билан у бошқа инсонларга яқин туради. Кўринадики, «Иқрорнома» юксак самимияти билан, ўзи ҳақида ўта шафқатсиз қалам тебратиш биланоқ бизга инсон тўғрисида фикр юритганда бир томонламаликка йўл қўймаслик зарурлигини, масаланинг ҳамма қирраларига бирдай эътибор билан қараш кераклигини ўргатади.
«Иқронома»нинг яна бир фазилати муаллиф фикрларининг ғоятда ўткирлигида. У ҳар гал бетакрор бир синчковлик билан масаланинг моҳиятигача етиб боришга ҳаракат қилади ва натижада китобхон илгари кам эътибор берган жиҳатларни очиб, уни янада қизиқтириб, ўз ортидан етаклайди.
«Иқрорнома»ни муаллиф 1879 йилда, яъни 51 ёшида ёза бошлаган, лекин унинг мазмуни ҳақида, асарда қўйилган ахлоқий-маънавий ва фалсафий масалалар тўғрисида камида 20 ёшидан ўйлай бошлаган. Демак, асар дафъатан туғилган, бирдан эсга тушиб қолган, фикрмулоҳазаларга асосланган эмас.
Эҳтимол, шунинг учундирки, у бугунги китобхон учун ҳам ғоятда ардоқли, унинг маънавий янгиланишида ғоятда сезиларли тиргак бўладиган асардир.
Озод Шарафиддинов,
Ўзбекистон Қаҳрамони
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ