"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Абдулла Орипов: Мен муҳаббат тақдиримдан мақтанолмайман…

Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”, Адабиёт | 18/02/2021 01:17-     11990 марта ўқилди

 


Абдулла Орипов,
Ўзбекистон халқ шоири,

Ҳаёт мендан аямади неъматларини,
Не истасам берди доим ҳеч бир тонмайман.
Фақатгина бир ғам ўртар юракларимни,
Мен муҳаббат тақдиримдан мақтанолмайман.
Болаликдан ўтиб мен ҳам, бўй етиб секин,
Гоҳо пинҳон, гоҳо асов дарёдай тошиб.
Бир ёш йигит севганчалик севдиму, лекин
Бошқалардек толе менга бўлмади насиб…
Кўнгил шишам бир сўз билан қолганда дарз еб,
Қаламимдан илк мартаба тўкилди ғамлар.
Сен бўлмасанг дунё ўзи менга недир деб,
Ичдим ҳатто талай талай шеърий қасамлар.
Ўтар экан ҳамма нарса, йўқ экан турғун,
Ҳатто севги неларгадир бўларкан таслим.
Бугун ҳаёт нималиги, севги йўриғи
Бари маълум, ҳаммасига етади ақлим.
Юрагимдан севги изи топилмас асло,
На бир алам, на бир афсус чиқмайди ундан.
Шоир сатрин такрорлайман секин, бепарво
“Қайтмас энди умид қилма кетган тўлқиндан…”
Сокингина бўлиб қолган юрагим шундоқ,
Ўтирмайман у кунларни сўкиб, қоралаб
Энди менга барибирдир дейману шу чоқ,
Ўзга оташ ахтараман ҳаёт оралаб…
Ёлғиз туриб юлдузларга боқаман гоҳи,
Гоҳ ўзимча туш кўришнинг сирин ўйлайман.
Кайфиятим кўтарганда тушса нигоҳим,
Тўғри келган ҳар нарсани шеър деб куйлайман…
Баъзан узоқ қишлоқдаги кекса онамга,
Юбораман маъниси йўқ пала партиш хат.
Ҳамма нарса гоҳо эрмак туюлар менга,
Ҳамма нарса гоҳо осон кўринар фақат.
Баъзан эса ўз ўзимча кетаман тўлиб,
Ҳам титрайман оҳангларни тинглаб жимгина.
Ўртоқларим ўраб олар юпатмоқ бўлиб,
Айтгин ахир, нима сенга етишмас, нима?
Йўқ, йўқ, ҳаёт аямади неъматин мендан,
Тўрт мучам соғ дўстларим бор ҳавас қилгулик.
Нолимайман на келажак, на ўтмишимдан.
Иродам бор келса агар бирор кўргулик…
Фақатгина бир куч бордир, фақат угина
Зор йиғлатар, қилолмайман мен унга тоқат.
Ҳаётимда чақнамадинг фақат сенгина.
Толейимда сен бўлмадинг бахтли муҳаббат…
Кимга шошай, кимни қўмсаб кимга сиғинай,
Фариштам деб оқ ювибу, оқ тарай кимни?
Кимни Лайлим, Шириним деб, бахтим деб атай.
Ҳаётим деб чўққиларга кўтарай кимни?
Йўқ, йўқ, ўтган муҳаббатни қўмсамайман ҳеч,
Нима керак кулни титиш, бўлмаса учқун.
Наҳот қайта севолмасман, наҳот энди кеч,
Наҳот энди кўнгил узсам севгидан бутун?!
О, қалбимга сен ҳам ошно бўлсайдинг, севгим
Айрилиқмас, висол куйлаб қолсайдим ғамда.
Ҳар қандайин аянчни ҳам улуғлар эдим,
Мен ўзимни бахтли дердим ҳар қандай дамда.
Йиғласам-да, кулар эдим мағрур ва осон,
Севгим билан зарб берардим ҳар қандай ҳамга.
Яна қайта севрманми, о, гар севолсам,
Майли, ҳаёт, бор йўғингни ташла елкамга.
Ромеодай ўлимга ҳам тайёрман у кез,
Қотиллик ҳам қилай майли Отелло монанд.
Фақат сен кел, юрагимда армон бўлган ҳис,
Сенсиз ҳаёт пуч бир нарса, эрмак, омонат…
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан

Ўхшаш мақолалар:

  1. Абдулла Орипов: ТИРИКЛИК НАФАСИ — БЕТАКРОР ЧОҒЛАР
  2. Дўстларим қутловга қўл чўзди, бироқ, Рақиблар тепадан отиб турди тош…
  3. Абдулла Орипов: Марҳум жўраларим, Эслайман сизни, Энди айлангансиз тушга, рўёга…
  4. Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг энг янги шеърлари: Бойқаро ва Капалак…
  5. Рухсора ОРИПОВА: “МИТТИ ЮЛДУЗ” ШЕЪРИНИНГ ТАҲРИР ВАРИАНТЛАРИ
  6. Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (28)
  7. Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (41)
  8. Абдулла Орипов: Мен ёпиқ қўрғонда яшадим қўрқиб…
  9. Абдулла ОРИПОВ: ҲАМШИРА ҚИЗИМ БАРНОНИНГ ШЕЪРИ
  10. Абдулла Орипов ёди: «Жаннатга йўл» драматик достонига киритилган парча…
  11. Абдулла Орипов ижодидан: Мен ёмон кўраман… (Эълон қилинмаган шеърлар)
  12. Абдулла Орипов: Ватан деган сўзни эшитган маҳал. Хоқон сўз демади, оғир тин олди
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.