"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Норқобил ЖАЛИЛ: ҚЎЙЛИҚ ЙЎЛИДАГИ ЎЙЛАР ёхуд «пробка»дан туғилган саволлар

Бош мақола, Ватандан хабарлар, Муҳокама учун мавзу | 15/02/2021 23:58-     12184 марта ўқилди

ҚЎЙЛИҚ ЙЎЛИДАГИ ЎЙЛАР

ёхуд битта «пробка» баҳонасида туғилган жавобсиз саволлар

 

15 февраль душанба. 8.30.
…Ишга келаётувдим. Қўйлиқ бозори томондан бошланган «пробка»ни кўриб капалагим учди. Мошинани қолдириб, пиёда жўнадим. Қани қаергача давом этдийкин бу тирбандлик деб. Шундоғам деярли ҳар куни 5-6 чақирим яёв юрадиган одамга бу чўт эмасдай туюлди.
«Почта»га бурилишдаги светофордаям шу аҳвол, ит эгасини тан олмайди! Йўл кимники, безбетники! Ҳамма «Кармашка» йўл га ўзини уряпти.
Менга осон бўлди. Мазза қилиб чала-чулпа бўлса-да битган махсус пиёда ва велосипедчилар йўлакчасидан юриб, манзарани борича кузатиб келяпман. Қумариқ ёки Қўйлиқ-5 массивига қайрилиш бундан беш баттар экан. Сўккан ким, бақирган ким. Асабийроқ шекилли, бир шопир ўн метрам қўзғалолмагани боис шу атрофда битган йўлдаги асфальт ва брусчаткаларни қўпориб ётган сариқ кийимлиларни бўралатиб сўка кетди. Ёзолмайман қандай шевада сўкинганини. Фақат «Сенлар давлатти пулини ётиб, бузиб еб ётибсанлар, ёлғончи катталарингнинг уйи куйсин, Президенттиям алдаб, аллақачон Фарғона йўли битганига олти ой бўлди деб рапортам берворгандир, э…»
Шопиримиз қўнғироқ қилиб қолди: «Қаердасиз, мен ҳали пўштагаям етмадим, 200 метр юрдим холос». Мен унга аллақачон Жарқўрғон кўчасига қайрилиш чорраҳаси, яъни «Рисовый» бозори кўпригига етганимни айтсам, қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.
Суратлардан бири ана шу кўприк устидаги пиёдалар йўлакчасидан олинган.
Тасаввур қиляпсизми, сал кам «Қўйлиқ ота» зиёратгоҳи ёнидан бошланган «пробка», яъни минглаб одамлар ишга шошаётган ва албатта уларни соатлаб кечикишга мажбур қилган муаммо қандай пайдо бўлди? Бундай пайтда ҳеч ким жавоб бермайди. Балки «Электроаппарат» ёнида пиёдалар учун қурилаётган ер усти кўпригими ё ўша атрофдаги бошқа қуриш-бузиш билан боғлиқдир, деган ўйда эдим.
Ниҳоят, кўприкдан тушиб, бозор рўпарасидаги светофор олдида энди йўл чеккасига олиб қўйилган бетон тўсиқларни кўргач, ҳаммаси аён бўлди. Демак, қурувчилар «Ислом ота»(собиқ Жўрабек) масжидига ўтувчи йўлни кечасими, саҳардами, ёпган. Қўйлиқдан шаҳар шошган машиналар ё Ашрафий, ёки Аэропорт йўлига буриб юборилаверган. Оқибатда катта «пробка» юзага келган. Йўл ҳаракатини тартибга солиб турган икки ЙПХчи шошиб қолгани кўриниб турибди.
Менинг шаҳар ҳокими Ортиқхўжаевга ҳеч қандай хусуматим ё ғаразим йўқ, бор-йўғи бир йўловчи сифатида у бошлиқ командага эътироз ва аччиқ саволларим бир дунё.
1. Аввало, айтинг-чи, ҳали ярмиям битмаган Фарғона йўли кўчасининг нимасини Президентга тақдимот қилган эдингиз?
2. Биламан, Қўйлиққача қурилган ер усти метроси(буни мақтасак арзийди) баҳонасида ўша кунги «ташриф дастури»га пойтахтни вилоятлар билан боғловчи энг асосий йўл устида чала битган ва лойиҳалаштирилаётган чиройли бинолар акс этган баннерларни намойиш этиб мақтангансиз. Лекин давлат раҳбари ортга қайтгани заҳоти яна ўша йўл устидаги сохталиклар давом этганидан хабарингиз йўқмиди? Бир кунда шу кўчага тўлдириб ташланган минглаб қурувчиларингиз қаёққа йўқолиб қолганди ўшанда? Нега шунча ишлар ярми битган ҳолда ташлаб кетилди?
3. Ҳозирам вақт топиб бир ўтиб кўринг: чала-чулпа битказилган йўлаклар, ҳатто аввал брусчатка ётқизилиб, кейин қайтадан бузиб ташланган(«Почта» бекати) автобекатдаги қўпор-қўпорлар, э, айтсам, адоғи йўқ. Кимни алдаяпмиз ўзи? Бу қурилишлар учун ажратилаётган маблағ сизнинг чўнтагингиздан кетмаётгандир? Бу пуллар халқнинг ризқи, насибаси эмасми? Кейин-чи, қурилиб, тағин бузиш учун сарфланган пуллар-чи, осмондан тушяптими?
4. Дунёда йўллар мамлакатнинг асосий «қон томири» ҳисобланади. Бизда-чи? Мендан кўра сиз кўпроқ жаҳонгашталик қилгансиз, Жаҳонгир ака, тўғрими? Қайси хорижий давлатда кап-катта кўчанинг устида буртиб чиққан «колодец»(қудуқ)ларни кўргансиз. айтинг? СССР замонида бор эди-ку, дерсиз балки. Худди ана шу аҳмоқона лойиҳалар ҳалиям ўзгармагани учун ким айбдор?
Бизда ҳар йили миллиард-миллиард маблағларни ўмарган, ўзлаштирган юзлаб йўлсоз-қурувчилар қамоққа олинади, судланади, лекин аҳвол ўша-ўша, узоғи билан 3-4 ё бир-икки йилда қайтиб келиб, яна ўша ёғлигина мансабга ўтиради. Бутун мамлакатда аҳвол шу, коррупция занжири узилмаяпти. Демак, йўллар ҳам ўзгармаяпти! Президент неча марта куйиб-пишиб, ёниб танқид қиляпти ҳамма соҳалар қатори йўлларимизга масъулларни ҳам. Лекин билганини қиляпти улар, хулоса чиқармаяпти.
Шу баҳонада яна битта даҳшатли муаммони ёзмасам бўлмайди. Бу мавзуни ўнлаб ОАВлар олиб чиқди. Лекин ЙЎЛЛАР ЭГАСИЗлиги ҳамон давом этаётир. Тўғри, давлат тасарруфига қарашли йўллар таъмирланяпти, янгилари қуриляпти, бундан кўз юмолмаймиз. Аммо ички йўлларни ким, қачон назоратга олади? Ўзи мадад, кўмакка муҳтож МФЙларми ёки уларнинг ҳамон ҳокимиятнинг қўғирчоқ ижрочиларига айланган, атрофига таниш-билишларини тўплаб давлатниям, халқниям лақиллатиб юрган айрим лўттибоз раисларими? Бу муаммо биргина Тошкентда эмас, бутун республикани қамраб олган, ҳали-вери ечими топилиши мушкул.
Оддий мисол келтираман: Жаҳонгир ака, марҳамат, бугун пойтахтнинг исталган катта-кичик кўчасига кириб айланинг, ярми асфальт, ярми тошйўл. Энг ёмони, чиройли қилиб асфальтланган кўчаларга ҳам ўзбошимчалик билан сунъий тўсиқ ўрнатиб, яъни бетон қуйиб «бардюр» қилиш модага айланди. Айримлари ҳатто машина моториниям юлиб қолиши мумкин. Нима эмиш, мошинлар секин юрармиш. Қаерда кўргансиз бундай шармандали ҳолатни. Бор чет эллардаям, лекин уларда резинали тўсиқча ўрнатилган. Бизда эса салла деса калла оладиган «маҳалла фаол»лари босиб кетди ҳаммаёқни. Бундайларга бирор маҳалла оқсоқоли танбеҳ беролмайди. Бу масаладаям Президент бирор қарор имзолаши керакми?
Тегишли қонун ҳужжатлари бор-ку!
«Пробка»га яна қайтаман. Фарғона йўли кўчаси бўйлаб 6 чақиримча пиёда юриб шунча муаммоларни ўртага ташладим. Ким билади, балки эрта-индин Тошкентдан водий вилоятлари ё жанубий ҳудудлар бўйлаб азбаройи ўз саломатлигим(йўқ-йўқ, яёв юрганим учун давлатдан пул таъма қилаётганим йўқ) учун қайғуриб, яна пойи-пиёда йўлга отлансам, бошқа раҳбарлар шаънига ҳам айтишим шарт бўлмиш аччиқ-нордон мулоҳазалар туғилар.
Бу қадим йўллар сизданам, бизданам қолади. Қолгандаям текис, равон, хатарсиз, муаммоларсиз қолса дуо оламиз, деган умидим бор!
Норқобил ЖАЛИЛ

  «Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан

Ўхшаш мақолалар:

  1. Бош муҳаррир И.Хушевга: «Муштум»ни йўқ қилишди…
  2. Ёқуб Аҳмедов: – Томошабин нима дейди? Ёки Қўчқорнинг чала туғилган қўзичоғи ҳақида…
  3. Кушербоев фавқулодда ҳолат эълон қилиб, кескин чоралар кўришни таклиф қиляпти
  4. “Оҳангароншифер” АЖ маркетинг ва сотув бўйича директори Ж.Султоновга
  5. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевга Маҳкумларни Афв этиш ҳақида
  6. Соҳиба Муллаева ижоди: САККИЗ ҲАМШИРА ҲИКОЯСИ «Янги Ўзбекистон» нашри
  7. Карим Баҳриев: Солиқ солинмаган фақат ҳаво қолди…
  8. Хўжаободлик депутатлар туман ҳокимининг “жиноий ҳаракатлари” ҳақида…
  9. Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевга Навоий вилоятидан мурожаат
  10. Сабоҳат Тўхтабоева: Ёшлар тарбияси биз учун — ҳаёт ва мамот масаласи демакдир…
  11. Гулзамон Акбар: Қулдор бўлмоқичисиз ёки ўғри? Иштихонга келинг!
  12. Соғлиқни сақлаш вазирлиги диққатига — Тошкент аэропорти: Куласизми, куясизми?
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.