Норқобил Жалил: ВАТАН ТИЛДА СЕВИЛМАЙДИ 2-мақола
ВАТАН ТИЛДА СЕВИЛМАЙДИ
2-мақола
Баъзан ўқиб, баъзан эшитиб қоламан: тўтиқушдай сайраётган айрим ёшларни кўрсам, энсам қотади, лекин кап-катта одам минбарга чиқволиб, “Ватанни севайлик, уни мадҳ этайлик, у жонимиз, жаҳонимиз, у…” деб сохта овозда ёлғондакам ваъз ўқиб ўтирса, юрагингиз оғримайдими сизнинг? Меники эса оғрийди. Сабаби, ўша маддоҳ ўттиз йил бурун ҳам худди шундай оҳангда артистлик қилиб юрарди-да. Бугун-чи?
Бугун замон анча ўзгарди. Одамлар ҳам даврга мослашяпти, ошкора фикрлаш, тўғри сўзни айтиш, ўз ҳаққини талаб қилиш кучайди. Аслида шундай бўлиши керак эди. Айтилаётган оғриқли муаммо, масалаларни Президент кун тартибига олиб чиққунича кутиб туришимиз тўғри деб ўйлайсизми? Албатта, йўқ! Жамоатчилик муҳокамаларида айнан туризмни ривожлантириш бўйича жиддий эътирозлар бўлаётганига сабаб нима? Бу гапларни ёзаётганимга Туркияда бир ҳафта давом этган сафаримиз мавзуси туртки бўлди.
Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси Маданият ва туризм бўлими ташаббуси билан “Safe Tourism” мавзусида ташкил этилган пресс-турда мамлакатимизда фаолият юритаётган бир қатор оммавий ахборот воситалари вакиллари сафида мен ҳам қатнашдим. 25–31 январь кунларига мўлжалланган ажойиб тадбирдан кўзланган мақсад пандемия шароитида ҳам Туркияда “хавфсиз туризм”нинг мавжудлиги, барча санитар-эпидемиологик чора-тадбирлар кўрилганини тарғиб қилишдан иборатлиги ибратлидир.
Маълумот ўрнида таъкидлаш керак: бугунги кунда Туркия дунёда туризми ривожланаётган ва айнан ана шу тизим ортидан энг кўп даромад топаётган давлатлар орасида олдинги ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Оддий мисол, 2019 йилда бу сеҳрли диёрга 50 миллион сайёҳ келган! Тасаввур қиляпсизми? Аҳолиси 80 миллиондан ошаётган мамлакат иқтисоди нима учун йил сайин кўтарилиб, гуллаб-яшнаётганига биргина шу мисолнинг ўзи кифоя эмасми? Пандемия кучайган 2020 йилда эса меҳмонлар келиши анча камайган ва бу рақам 15 миллион нафарга тушибди…
Биламизки, икки қардош давлат – Ўзбекистон ва Туркия ўртасида кейинги тўрт-беш йил ичида деярли ҳамма соҳада силжиш кузатилди. Айниқса, туризмни янада юқори босқичга олиб чиқиш борасида катта ишлар амалга оширилди. Эътиборли жиҳати, ўтган оғир ва машаққатли йилда мамлакатимиз туризм тармоғи жиддий синовга дуч келди. Бу жараён ҳозир ҳам текис йўлга тушгани йўқ. Ҳамон хатарли вазият сақланиб турибди. Табиийки, карантин шароитида хорижий алоқалар анча чекланди.
Бу жаннатмонанд ўлкада нафақат туркий ёхуд ислом маданиятига оид, балки инсоният тарихига бевосита дахлдор нодир осори атиқалар сақлаб қолингани ҳар қандай зиёратчини ҳайратга солади. Истанбулдаги Аёсофия ёдгорлигини оласизми, Каппадокиядаги ер ости шаҳри ҳамда тошлардан ўйилган сирли уйлар, ибодатхоналарни айтасизми, ҳамма-ҳаммаси, тан оласизми-йўқми, барибир, шу мамлакат халқининг бебаҳо бойлиги саналади. Кўпчилик фақат кўнгилли дам олиш манзилларидан бири деб ўйлайдиган Анталиядаги Белкис, Серик, Перге каби масканларда милоддан аввалги ва кейинги асрларга хос маданий ёдгорликлар қолдиқлари ёхуд Эски шаҳарнинг қадимда қандай бўлса, шундайлигича сақлаб қолингани ақлни шоширади.
Ҳар қадамда бетакрор замонавий бунёдкорлик иншоотларини барпо этаётган қардош турк халқи кўҳна обидалардан битта тошниям олиб кетмагани уларнинг маданий қараши бутунлигига ишора эмасми? Ишонмасангиз, келиб кўринг, Ғарб маданияти намунасими, Ислом тамаддуни осори атиқасими – барчаси кўз қорачиғидек сақлаб келинмоқда. Қаерга борсак, дарров қиёсу солиштириш учун Ўзбекистондаги зиёратгоҳ ва сайёҳлик манзиллари кўз олдимизга келаверди. Очиғини айтаман, биз бу қондош халқдан қадимий шаҳарларимизни туризм учун энг қулай масканларга айлантириб, мамлакат иқтисодиётига улкан ҳисса қўшиши мумкин бўлган ибратли тажрибаларни оғринмасдан ўргансак, фақат ютамиз деб ўйлайман.
Эслайлик, бир пайтлар кўҳна шаҳарларимизнинг шарафли тўйларини нишонлаш муносабати билан савобли ишлар қилинганидан ташқари кўнгилни хира торттирадиган қанча воқеалар рўй берган эди. Биттасини айтаман, салкам уч минг йиллик тарихга гувоҳ Кеш – Шаҳрисабз шаҳри икки марта реконструкция қилиниши оқибатида Оқсаройни ўраб турган асрий деворлар шафқатсизларча бузиб юборилди. Хўш, хароба ҳолида бўлса-да, аслини асраб қолсак, осмон узилиб ерга тушармиди, айтинг! Ҳозир қаранг, “янги” деворни кўрган қайси сайёҳ ҳайратланади?
Ҳайрон қоласан киши, нега биз доим тузиш эмас, бузишдан роҳатланамиз? Самарқанд, Сурхондарё, Оролбўйи, Хоразм ёки Тошкент шаҳридаги баъзи обидалар, девор қолдиқлари ҳар хил баҳоналар билан йўқ қилинди ёки янги эгаларига бирор иншоот қуриш учун тақдим этилди. Оқибатда аслиятдан бутунлай йироқ “замонавий” бинолар пайдо бўлмоқда. Шуларни кўргач, бир таклиф туғилди: ўша бузмоққа иштиёқи баланд амалдор ва қурувчиларни бир ҳафтагина Туркия ё туризм соҳасида бой тажрибага эга давлатларга юборайлик, маданий меросни қай йўсинда сақлашаётганини кўрсин, кўзи очилсин, хулоса қилсин!
Президентимиз яқинда туризм муаммоларига атрофлича тўхталиб, бизда саводли гидлар йўқлигини ҳам жиддий танқид қилганди. Жуда тўғри ва адолатли эътироз бу. Биз кечагина кўрдик туркиялик гид, экскурсавод, кузатувчи мезбонларни, уларга ҳаваси келади одамнинг, жуда саводли ва зиёрат одобини пухта эгаллаган, ўз халқи ва мамлакати тарихини жуда яхши билади. Исталган саволга жавоби тайёр. Бизда эса, афсуски, тескариси. Муомаласидан бошлаб, ўзини тутиши, билими ҳаминқадар, чала-чулпа маълумотларни ёдлаб олганлари қанча.
Сафар баҳона кўнгилдан кечган айрим фикрларнигина сиз билан бўлишдик. Ҳали туризмга оид таклиф ва мулоҳазалар бисёр. Сездингизми, англадингизми, Ватанни севмоқ ўтмишга, аждодлар меросига муносабатда ҳам яққол намоён бўлар экан. Мамлакатдаги ҳар бир осори атиқа, қандай кўринишга эгалиги, қайси даврга хос бўлишидан қатъи назар, шу халқнинг муқаддас бойлигидир. Биз ҳам борини асраб қолишга улгурайлик. Эртага кеч бўлади.
ДАФТАР ЧЕТИГА БИТИЛГАН
АЙРИМ ҚАЙДЛАР
Истанбул
Йўл бошловчимиз Мурад гиднинг изоҳлашича, дунёнинг мегаполис шаҳарларидан бири бўлмиш бу қадим шаҳарда тахминий ҳисоб-китобларга кўра, 20 миллиондан кўпроқ аҳоли яшайди. Келиб-кетувчилар, рўйхатдан ўтиб-ўтмаганлар билан қўшиб ҳисобланса, 23-25 миллионни қоралаб қоларкан. Пандемиягача бир кунда Истанбулга етмиш мингдан ортиқ сайёҳ қадам ранжида қилган. Ҳозир эса 10-15 минг атрофида дейишди.
Икки кунгина шаҳарнинг 3-4 та кўҳна зиёратгоҳини кўришга улгурдик, холос.Тўпқопи, Аёсофия, Бўздағ кино павильони, Истиқлол майдони, Европа ва Осиёни боғлаб турган Босфор кўприги… Булар алоҳида мавзу!
Дўкону бозорлар атрофи гавжум. Кўз илғамайди, кўча тўла машина. Лекин бирор жойда биздагидек айрим фаросатсиз шофёрларнинг қулоқни тешворгудек сигнал босиши, бетиним қоидабузарлик ё дуч келган жойда ўтган-қайтганнинг ҳужжатини сўраб, сумка титкилайдиган полициячи, “хато қилишингни кутарлар”ни ёдлаб олган бирор ЙПХчини кўрмайсиз. Энг қизиғи, сўкиниш ё ёқавайрон бўлиб жанжаллашган, йўлда йиқилиб ётган пиёниста, хира пашшадек ёпишгувчи тиланчининг қорасиям кўринмайди. Исталган дўконга кирсангиз, сермулозамат сотувчи тутқазган кофе ё чойни ичиб, ортга қуруқ қайтишдан уялиб кетади одам.
Норқобил ЖАЛИЛОВ,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист
Тошкент–Истанбул–Каппадокия–
Анталия–Тошкент
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ