"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Абдулла Орипов шеърияти: ШОИР ВА ИЛҲОМ

Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”, Адабиёт | 11/02/2021 01:53-     12077 марта ўқилди

АБДУЛЛА ОРИПОВ
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири
ШОИР ВА ИЛҲОМ
Айни тонг чоғида кўз очди Илҳом,
Боқди атрофига солланиб, кушод.
Порлади чашмида Илҳомий пайғом,
Илҳом кайфияти эди буткул шод.
Адо этмоқ учун эзгу хизматин
Илҳом қалби сўнгсиз шавқ билан тўлди.
Ўша ажиб ҳамда хуш кайфиятин
Таниш шоирига етказмоқ бўлди.
Шуълага чулғади қанотин аввал,
Юлдузлардан осди бўйнига маржон.
Тугиб юрагига ҳисларин тугал
Илҳом замин сари йўл олди шодмон.
Умидвор эди у, заминда бир кун
Бунёд бўлажакдир ажиб бир ижод.
Сатрида юлдузлар сочажак учқун,
Ўқиган ҳар бир дил фаровон, обод.
Илҳом пайдо бўлди таниш кўчада,
Ўшандоқ безанган – қанотлари зар.
Аммо бу гал уни хилват гўшада
Кутиб турар эди осий Иғвогар.
Зарра очирмасдан Илҳом кўзини
Иғвогар ненидир гапириб солди.
Шоир ўгирган деб сендан юзини
Маржонларин бир-бир юлқилаб олди.
Тортиб олди ҳатто зиракларин ҳам,
Илҳомнинг бошига солди қиёмат.
Илҳом нари кетди маъюс, боши ҳам,
Бу қандай кўргилик? Бу не маломат?!
Илҳом шоир томон йўл олди ночор,
Дилида минг шубҳа, бошида минг ўй.
Аммо дарвозанинг тагида бу бор
Кутиб турар эди уни Ҳасадгўй.
Чўлтоқ ҳассасини ўқталиб Ҳасад
Илҳомнинг бошига тушурди чунон:
— Ким қўйибди сенга парвозни, номард,
Бизлар ер юзида юрсак саргардон.
Шундоқ деб Илҳомнинг нозик ва майин
Қанотларин Ҳасад юлиб ташлади.
Бу ҳам етмагандек, шафқат қилмайин,
Илҳомнинг юзига лойлар чаплади.
Ҳайҳот! Не қиларин билмайин Илҳом
Илк бор кўз ёш тўкди шу тонг, аслида.
Беқанот, белибос, дийдираб тамом
Турарди қандайдир махлуқ шаклида.
Илҳом дарвозани чор-ночор қоқди,
Билолмасди шўрлик ҳануз айбини.
Шоир дарвозани очди-ю ёпди:
Танимайман, деди, сендай дайдини.
1979
May be an image of 2 people, including Шоира Орипова and people smiling

«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан

Ўхшаш мақолалар:

  1. Абдулла Орипов: Эгам бордир, эгам бор — Тўзғимас карвон, аё банда…
  2. «Дунё ўзбеклари» тақдим этади — Абдулла Орипов: Ўзбекчилик…
  3. Абдулла Орипов: Уриштиргувчи ҳамда Яраштиргувчи томон…
  4. Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (38)
  5. Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (44)
  6. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов: Ижод…
  7. ЎЗБЕКИСТОН ҚАҲРАМОНИ, ХАЛҚ ШОИРИ АБДУЛЛА ОРИПОВНИНГ ЯНГИ ШЕЪРЛАРИ
  8. ЎЗБЕКИСТОН ҚАҲРАМОНИ, ХАЛҚ ШОИРИ АБДУЛЛА ОРИПОВ ШЕЪРИ: ТАВАЛЛО
  9. Бугун Алишер Навоийдан кейинги буюк ўзбек шоири Абдулла Орипов туғилган кун!
  10. Абдулла Орипов: Биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимовнинг порлоқ хотирасига
  11. Сизгадир илк раҳмат, азиз инсонлар, Мунис муаллимлар, Сизга ташаккур!
  12. Абдулла ОРИПОВ: ХАТОЛАРИНГ КЕРАК УЛАРГА
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.