Аҳли Расул Муҳаммад: Ҳазрат Алишер Навоий бобомизнинг мавлуд кунларига
Ҳазрат Алишер Навоий бобомизнинг мавлуд кунларида ўқимоқчи бўлган шеърларим:
БОР БЎЛСИНЛАР!
Зўр шеърларни сараловчи замон ўтди,
Аралашиб кетди буғдой сомонларга.
Яхшиларнинг ўйи битди, йўли битди,
Давр келди шуҳратпараст ёмонларга.
Ҳаваскор ҳам тузар бўлди сайланмалар,
У йўл топди, топган йўли – айланмалар,
Ҳаттоки у чиққан минбар – байналмилал,
Китоблари сиғмай кетди дўконларга.
Аруз қайда, бармоқсиёқ ёзар ғазал,
Ўзи соғу, ёзганлари ўпкакасал,
Навоий ҳам ортда қолди бўлиб ўсал,
Бармоқ тишлаб боқаркан «чор девон»ларга.
Букри кампир рақс тушгандек танноз бўлиб,
Ўзи ғирт хом-хаталаю, «устоз» бўлиб,
Дарсликларга кириб кетди «мумтоз» бўлиб,
Қуртлар тушгач виждонларга, имонларга.
Бор бўлсинлар сўз чайнаган бу баднафслар,
Баландларни илғаш учун зарур пастлар.
Акс ҳолда, ушбу шеърни қилиб қасдлар
Ёзолмасдим, минг тикилмай осмонларга!..
ЖАВОҲИР
(Ўзимга ўзим)
Ўн йил мактабда,
беш йил дорилфунунда,
демак, ўн беш йил,
қолаверса,
саводинг чиққандан то ҳозиргача –
ўттиз йилдан буён ўқийсану,
лекин Навоийни ўқимабсан-да.
Агар Навоийни ўқиганингда,
унинг буюк шеъриятини
англаб етганингда,
сен ҳам юзлару мингларга ўхшаб назмбозлик қилмас эдинг,
шеър ёзаман демас эдинг.
Ахир, қандоқ қилиб,
юлдузлардек жаранглаган
жавоҳирларни
ушлаб турган халқнинг қўлига
ўзингнинг санглоқдан териб чиққан
сийқа тошларингни
тутқазмоқчи бўласан?!
КИТОББИТАРЛАР
Навоийга қарамас ҳеч ким,
Китобёзар кетди кўпайиб.
Улар раҳм уйғотар ичкин,
Бири бева, бошқаси майиб.
Бойваччадир манов биттаси,
Пули каби юзи ҳам иссиқ.
Амалдорнинг саёқ эркаси
Баёз қилса, бу энди – тансиқ.
Раис бобо ўз хотинининг
Девонини тарқатар элга.
Яна бири туғишган ининг,
Совға қилар тўпламин сенга.
Ўсса, ўссин кўнгли беармон,
Деб улардан юз буролмайсан.
Варақлашга бўлиб андармон,
Навоийга бир қаролмайсан…
– Хўш, ўзинг-чи, шошиб-ютоқиб
Ёзмоқдасан китоблар нечун?
– Совуқ тунда уларни ёқиб,
Навоийни ўқимоқ учун…
2014.
@АҳлиОгоҳ