"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Президентга «Очиқ хат»: «Адабиёт яшаса, миллат яшайди…» (1-қисм)

Адабиёт, Бош мақола, Демократия сабоқлари | 06/02/2021 16:46-     11691 марта ўқилди

Адабиёт, саньат ва маданият яшаса, миллат ва халқ, бутун инсоният безавол яшайди.

Шавкат Мирзиёев.

Адабиёт яшаса, миллат яшар.

Чўлпон.

ЎЗБЕКИСТОН ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИНИНГ БАЪЗИ АЪЗОЛАРИ ҲАҚИДА ТАНҚИДИЙ ФИКРЛАР

ёхуд республикамизда тобора кўпайиб бораётган сохта шоирлар токайгача

ўртамиёна ва бадиий жиҳатдан бўш асарлар ёзиб, бутун Ўзбекистон

халқини алдаб келишади?

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ

ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧ МИРЗИЁЕВГА

ЎЗБЕКИСТОН ЁЗУВЧИЛАР ВА ЖУРНАЛИСТЛАР

УЮШМАЛАРИ АЬЗОСИ, АДАБИЙ ТАНҚИДЧИ

ВА ЁЗУВЧИ ЖОВЛИ ХУШБОК ТОМОНИДАН

 

ОЧИҚ ХАТ

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Кейинги йилларда Ватанимиз ҳаётида юз бераётган оламшумул ижобий ўзгаришлар ҳамда маьнавиятдаги айрим кемтиклар қўлимга қалам тутқазди.

Аввало шуни мамнуният ва ғурур билан алоҳида таькидлашни истар эдимки, Сиздек доно ва улуғ Инсоннинг ўзбек халқи бахтига Президент этиб сайланганлигингиз ва тўрт йилдан ошиқ вақтдан буён буюк ишларни амалга оширганлигингиз Ватанимиз ва жафокаш халқимизнинг бахтидир!

Фақат сиёсат, иқтисодиёт, халқ хўжалигидагина эмас, маьнавият соҳаларида ҳам зиёлиларни  хурсанд қиладиган улкан ишлар амалга оширилганлигидан ҳар қанча мамнун бўлсак арзийди.

Ўзбекистонда минглаб ижодкорлар- (кўплари уюшмага аьзо эмас) -шоирлар, ёзувчилар, драматурглар, адабиётшунослар ва таржимонлар ҳам анча фаоллашиб қолишди. Илгариги сукунат ўрнини қайноқ ижодий меҳнат эгаллаганлиги қувонарлидир. Бунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, сенатор, мамлакатимиздаги истеьдодли шоирлардан бири Сирожиддин Саййиднинг хизмати катта. У адибларни уюшма атрофида жипслаштириб, ижод билан шуғулланишлари учун рағбатлантириб, ташкилотчилик намунасини кўрсатиб келаётир.

Мен эьтиборингизни бошқа бир мавзуга — ҳақиқий саньат асари билан сохта, қўлбола шеьрлар ўртасидаги фарқ йўқолиб бораётганлиги, макулатура шаклидаги қалбаки китоблар адабиёт мухлисларининг савиясини тушириб юбораётганлиги, бу эса ҳақли равишда 35 миллионга яқин халқимизнинг эьтироз ва норозилигига сабаб бўлаётганлиги ҳақида сўз юритмоқчиман.

Шеьр — нон каби азиз илоҳий неьмат. Алишер Навоий, Усмон Носир, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи, Усмон Азим, Муҳаммад Юсуф, Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзо, Нодир Жонузоқ яратган нодир дурдоналар халқимизнинг маьнавий мулкига айланган.

1985 йилда “Ёшлик” журналида истеьдодли ёш шоир Сирожиддин Саййиднинг “Саксонинчи йиллар” достонини ўқиб, адабиёт қасрига янги, қайноқ нафас кириб келаётганлигини англаган эдим:

Вақтга ҳайкал қўймоқ пайти ҳам етди.

Фасллар юлқинар қучоқларимдан,

                                                                            Йўллар ҳайқирмоқда оёқларимда

Не тақдир бор эди-юракни туртди.

Рамзлар ўқувчини ўйга толдиради, фикрлашга чорлайди. Дарвоқе, ўшандаёқ Сирожиддин Саййид адабиёт майдонига ҳайқириб, ўзгача, ўзига хос овоз билан қадам қўйган эди.

Афсуски, бугунги кунда айрим таниқли ва ёш шоирлар ижодида шеьрга юзаки ёндошиш, одамларнинг хоҳиш ва истагини менсимаслик, саньатдан йироқ сатрларни шеьр деб аташ урф бўлиб қолганлиги ниҳоятда ташвишланарлидир.

Ҳатто «Ўзбекистон халқ шоири» деган юксак унвонига сазовор бўлганлар ҳам бадиий жиҳатдан ниҳоятда бўш, риторикадан иборат ғариб мисраларни шеьр, дея китобхонга тақдим этишдан уялмаяптилар.

Эьтирозлар умумий сўзлардан иборат бўлиб қолмаслиги учун 60 тадан ошиқ “шеьр”ни эьтиборингизга ҳавола этишни маьқул кўрдим.

Кел-ей, тенглик куни, қутлуғ адолат они, Наврўзим!

Адолатли диёримнинг азиз меҳмони, Наврўзим!

Сочиб кел қир-адирларга бойчечак, лолақизғалдоқ,

Яшиллик истаган ернинг ўзинг бўл жони, Наврўзим!

Тақиб олсин товон ўпган сочига толпопукларни

Қоши ўсма сувин ичган элим жонони, Наврўзим!

Сумалак сайри бошлансин шаҳар-қишлоқ аро ёппа,

Ки бирдай қайнасин тўқ ошиён қозони, Наврўзим!

Баҳодир Исо

(“Озод ватан саодати” тўплами, 299-бет )

Ҳаммага маьлум гаплар-ку. Қани асарда сир, сеҳр? “Озод ватан саодати” тўплами, 269-бетда шоир Музаффар Жаҳоннинг ҳам шеьри босилган:

Ватан бу-эьтиқод, Ватан, бу — иймон,

Ватан бу-номус-ор, Ватан бу — виждон.

Ватаннинг гардини муқаддас сана,

Ватан бу — бошпана, Ватан бу — макон.

                                                                          Ватан, ҳа, белинчак, Ватан, ҳа, бешик,

Ватан, ҳа, гўшадир, Ватан, ҳа, эшик.

Она юрт ҳиссидин фарахбахшки қалб-

Тил эмас, бу дилдан тушмас куй—қўшиқ.

Бадиийликдан йироқ бу сўзлар наҳотки шеьр-саньат асари бўлса? Мен-истеьмолчи, шеьрият мухлиси сифатида булар- яроқсиз бадиий маҳсулотлар, дея баҳолагим келди.

Иккинчидан, “Озод ватан саодати” тўпламидаги Ватан мавзусида ёзилган шеьрларнинг кўпчилигида риторика устивор, муаллифлар баланпарвоз гапларга ружу қўйишда бири иккинчисидан қолишмайди.

Хусусан, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аьзоси Зикрилла Неьматнинг “шеьр”и ҳам шу фикримизга мисол бўла олади.

Неча йилки, Эрк нуридан гулламоқда Ватаним,

Неча йилки, Ҳурлик куйин куйламоқда Ватаним.

Неча йилки, овозаси кетиб етти иқлимга,

Эртанги кун умидларин ўйламоқда Ватаним.

Келажакнинг нурга чўмган карвонисан, Истиқлол,

Эзгуликлар карвонининг сарбонисан, Истиқлол!

(Юқоридаги тўпламдан, 323-бет)

Учинчидан, бешта тўпламдан иборат “Озод ватан саодати” китоби неча миллионлаб маблағ ҳисобига нашр этилган бўлишига қарамасдан тўпламга бадиий жиҳатдан ночор асарларга ҳам кўп ўрин ажратилганлигидан ажабландим.

Ўзбекистон халқ шоираси Энахон Сиддиқова эса қуйидаги “шеьр”ни миллионлаб ўқувчиларга тақдим этганлигига ҳайрон бўлдим.

                                                                            Аллома, орифлар қальаси ўзбек,      

Гўзал Шарқнинг гавҳар донаси ўзбек.

Жаҳон узра кетган довруқ, овози,

                                                                             Эрку озодликнинг наьраси ўзбек.

Боболари дунёларни уйғотган,

Тулпорлари Бойчибору Ғиротдан,

Майдонлар-да ўн тўрт ботмон ёй тортган,

Алпомиш, Широқлар онаси ўзбек.

(“Шарқ юлдузи” журналидан).

Энахон Сиддиқова яна бир асарида Ўзбекистонни ҳароратсиз сатрлар билан мадҳ этишдан нарига ўтмаган:

Манглайимиз ярқиратган

эркдир бугун,

Ўзбекистон дунёларга

                                                                                                  кўркдир бугун,

Бу кўнгиллар озодликка

мулкдир бу кун.

Саодатдан сочар ёғду

                                                                                                   Ўзбекистон,

Абадият қадар мангу

                                                                                                   Ўзбекистон.

Сарбонининг ибодати

адолатдур,

Элига бор жони нисор,

ҳимоятдур,

Йўли иқбол, йўли нури

ҳидоятдур.

Шу юрт учун фидо жоним,

жоним қурбон,

                                                                                Дунё ичра тенгсиз жаннат

                                                                                                      Ўзбекистон.

                                                                          (“Китоб дунёси” нашридан).

 

Нега Ҳамид Олимжон, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф ёки бошқа истеьдодли шоирларнинг Ватан мавзуидаги шеьрларини ўқисангиз қалбингиз ларзага келади? Ҳамма ҳам Абдулла Орипов бўлавермайдику, дейишингиз мумкин. Аммо асарда бадиийлик талаби барчага бир хил эмасми?

Ҳақиқий шеьр — аслини олганда олов. Уни мутолаа қилганда юрагингизда чўғ ҳосил бўлмайдими? Истеьдод нури билан яратилган асар қалбингизга ёруғлик олиб кирмайдими?

Яна бир Ўзбекистон халқ шоири, ҳатто Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг шеьрият кенгаши раиси Маҳмуд Тоир ҳам оддий, эҳтироссиз ва рамзларсиз сўзлардан иборат сатрларни шеьр, дея газетхонларни очиқдан очиқ лақиллатиш, алдаш йўлига ўтиб олганлиги инсофданми?

Эл озод, юрт обод, улуғ имкон бу,

Олам ҳавас қилган — Ўзбекистон бу,

Тинчинг — саодатинг, оқил сорбон бу,

Ким эдигу энди ким бўлдик, элим

Тили бор, йўли бор бир миллат бўлдик,

Ҳеч кимдан кам эмас, зўр қудрат бўлдик,

Озод Ватан бўлдик, ҳур давлат бўлдик,

                                                                             Дунё чаманида гул бўлдик, элим,

Халқ бўлдик, юрт бўлдик, эл бўлдик, элим!

Наҳотки шу сатрлар шеьр бўлса? Юқоридаги мисралар сизни ҳаяжонга солдими, қалбингизга олов бахш эта олдими?Албатта, йўқ. Шеьр эмас, худди газета хабарига ўхшаб кетади — баландпарвоз сўзлар!

Маҳмуд Тоирнинг бошқа бир шеьрини ҳам ўқиб, қаноатланмадим.

Аждоди оқилларнинг бошида қуёш ботмас,

Авлоди орда собит, жон берар, Ватан сотмас.

Эл агар обод бўлса нон новвот-миннат тотмас,

                                                                    Баракаси боқий юрт ягонам, Ўзбекистон.

Муқаддассан, мафтункор, таронам, Ўзбекистон.

Кимлигидан ифтихор қилолган халқ ўзингсан,

Ким бўлганин бу олам билолган халқ ўзингсан,

Туғин дунё тоқига илолган халқ ўзингсан,

Тилагида тонг кулган офтобим, Ўзбекистон,

“Ким бўлдинг?” дегувчига жавобим, Ўзбекистон.

Давоми бор

«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан

 

Ўхшаш мақолалар:

  1. Исмат Хушевга очиқ хат – Муҳаммад Алини Президент тўғри танлаган! Сиз ноҳақсиз!
  2. Таниқли ўзбек журналисти Дилмурод Жумабоев бугун туғилган кун. Табриклаймиз!
  3. Яна Зулфия мукофоти ҳақида — Танзила Норбоева ва Сирожжиддин Саййидга
  4. Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййидга ёш ижодкорлар номидан Очиқ хат
  5. Кенжабий: КЎНГЛИМДАГИ ПРЕЗИДЕНТ Янги асар (12)
  6. Кенжабий: КЎНГЛИМДАГИ ПРЕЗИДЕНТ Янги асар (16)
  7. Кенжабий: КЎНГЛИМДАГИ ПРЕЗИДЕНТ Янги асар (19)
  8. Кенжабий: КЎНГЛИМДАГИ ПРЕЗИДЕНТ Янги асар (20)
  9. Кенжабий: КЎНГЛИМДАГИ ПРЕЗИДЕНТ Янги асар (18)
  10. Шерзод Комил Халил: Aрбатда ёзувчи Темур Пўлатов билан чоғроқ суҳбат…
  11. Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим – 70 ёшда!
  12. Иброҳим Ғофуров: Абдулла Орипов сиймоси…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.